Қай йўсин чин дўст бўлиш мумкин?
Муаммоларни бир ўзингиз ҳал қилишингизга тўғри келган пайтлар бўлганми? Биз «ниҳоятда оғир вақтлар»да яшаётганимиз туфайли ўзимизни тушкун ва ёлғиз ҳис қилишимиз мумкин. (2 Тим. 3:1) Бироқ қийинчиликларга дуч келганимизда, бизга кўмаклаша оладиган одамлар бор. Муқаддас Китобга кўра, чин дўстлар «оғир дамда» бизга ёрдам бера олади. (Ҳик. 17:17)
ЧИН ДЎСТЛАР ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИ?
Ҳаворий Павлус баъзи дўстлари билан ваъзгўйлик сафарларига чиққанида, улар унга ҳар томонлама ёрдам беришган. (Колос. 4:7–11) Павлус Римда қамоқда бўлганида, ўзи қила олмайдиган ишларни дўстлари бажаришган. Мисол учун, Эпафродит Филиппидаги биродару опа-сингиллар берган баъзи нарсаларни Павлусга етказган. (Филип. 4:18) Тихик эса Павлуснинг мактубларини бошқа жамоатларга олиб борган. (Колос. 4:7) Дўстларининг ёрдами билан Павлус ҳатто уй қамоғида ва кейинроқ қамоқда бўлганида ҳам, жамоатдагиларга далда бера олган. Сиз-чи, қандай қилиб чин дўст бўла оласиз?
Замонавий мисоллардан чин дўст бўлиш қанчалик муҳим эканини кўришимиз мумкин. Испаниядаги доимий кашшоф Элисабет қийин дамларда бир опамиз унга қандай ёрдам берганини айтиб берди. Элисабетнинг онасига саратон ташхиси қўйилганида, ўша опамиз унга Муқаддас Китобга асосланган далдали СМСлар ёзиб турган. Элисабет бу ҳақда шундай деди: «Ушбу СМСлар туфайли ўзимни ёлғиз ҳис қилмай, ҳар бир кунни бошлаш учун куч топа олганман». (Ҳик. 18:24)
Имондошларимизни жамоат ишларида қўллаб-қувватлаш орқали улар билан дўстлигимизни мустаҳкамлай оламиз. Масалан, кекса биродаримиз ёки опамизни йиғилишга ё бўлмасам хизматга олиб бора оласизми? Бундай қилганингизда бир-бирингиздан далда олишингиз мумкин. (Рим. 1:12) Лекин баъзи масиҳийлар уйидан чиқа олмайди. Қандай қилиб улар учун чин дўст бўла оламиз?
УЙИДАН ЧИҚА ОЛМАЙДИГАНЛАР УЧУН ЧИН ДЎСТ БЎЛИНГ
Баъзи имондошларимиз соғлиқ муаммолари ёки бошқа сабаблар туфайли йиғилишга бора олмайди. Саратонга чалинган Дейвиднинг мисолини олайлик. Олти ойдан ошиқ вақт давомида у кимётерапия олган. Бу вақт давомида Дейвид ва хотини Лидия йиғилишларга онлайн қатнашишган.
Жамоатдаги дўстлари уларни қандай қўллаб-қувватлашган? Ҳар бир учрашувдан кейин Йиғилиш залидаги баъзилар видеоконференция орқали Дейвид ва Лидия билан гаплашишга ҳаракат қилишарди. Бундан ташқари, улар шарҳ
беришганида, биродару опа-сингиллар уларга далдали СМСлар юборишарди. Хўш, бу қандай натижа келтирди? Бу туфайли улар ўзларини ёлғиз ҳис қилишмади.Уйидан чиқа олмайдиган имондошларимиз билан хизмат қила оламизми? Режаларимизга кичик ўзгаришлар киритиш орқали уларни унутмаётганимизни кўрсата оламиз. (Ҳик. 3:27) Балки улар билан хат ёзиш ёки телефон орқали хизмат қилиш учун вақт ажратармиз. Эҳтимол, оқсоқоллар уйидан чиқа олмайдиган имондошлари воизлик хизмати учрашувларида видеоконференция орқали қатнашишларига ғамхўрлик қилар. Дейвид ва Лидия бу учун миннатдор бўлишди. Дейвид қуйидагича бўлишди: «Биродару опа-сингилларимиз билан қилинган қисқача муҳокама ва ибодат бизга катта куч берарди». Вазият йўл қўйса ва бу хавфсиз бўлса, тадқиқ ўтиш учун қизиқувчини уйидан чиқа олмайдиган ваъзгўйникига олиб бора оласизми?
Уйидан чиқа олмайдиган биродару опа-сингилларимиз билан ҳамкорлик қилганимизда, уларнинг ажойиб фазилатларини кўрамиз ва улар билан дўстлигимиз қалинлашади. Мисол учун, бундай имондошларимиз билан бирга хизмат қилганимизда ва улар инсонларнинг қалбини забт этиш учун Худонинг Каломидан моҳирлик ила фойдаланганини кўрганимизда, уларга нисбатан ҳурматимиз янада ошади. Имондошларингизни маънавий ишларда қўллаб-қувватласангиз, дўстларингиз давраси янада кенгаяди. (2 Кор. 6:13)
Павлус дўсти Титус у билан бўлганидан тасалли олган. (2 Кор. 7:5–7) Ушбу баёнот шуни кўрсатяптики, инсонга нафақат сўзларимиз, балки унинг ёнида туриш ва қўлдан келганча қўллаб-қувватлаш орқали тасалли бера оламиз. (1 Юҳан. 3:18)
ТАЪҚИБЛАР ПАЙТИДА ЧИН ДЎСТ БЎЛИНГ
Россиядаги биродару опа-сингилларимиз бир-бирини қўллаб-қувватлаш борасида ажойиб ўрнак кўрсатишди. Сергей ва хотини Татьянанинг мисолини олайлик. Полиция уларнинг уйини тинтув қилганидан сўнг уларни сўроқ қилишга олиб кетган. Биринчи Татьянани қўйиб юборишгани учун у уйига қайтган. Сергей шундай деди: «Татьяна уйга етиб борганида, бир жасоратли опамиз тезда уни кўришга келди. Кейинроқ бошқа дўстларимиз ҳам келиб, уйимизни тартибга келтиришга кўмаклашишди».
Сергей шундай қўшиб қўйди: «Ҳикматлар 17:17 даги мана бу сўзлар менга доим ёққан: “Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади”. Таъқиблар пайтида дўстларимнинг ёрдамига жуда муҳтож эдим ва оятдаги сўзлар нақадар чин эканига амин бўлдим. Яҳова менга жасоратли ва ёрдам қўлини чўзадиган дўстларни берди».
Ушбу тобора оғирлашиб бораётган дамларда яшаётган эканмиз, ишончли дўстларга муҳтожмиз. Буюк мусибат пайтида дўстларга бўлган эҳтиёжимиз янада ортади. (1 Бутр. 4:7, 8)