Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг яқин дўстларига тақлид қилинг

Яҳованинг яқин дўстларига тақлид қилинг

Яҳовадан қўрқадиганлар У билан яқин дўст бўла олади. ЗАБ. 25:14, ЯДТ [24:14]

ҚЎШИҚЛАР: 27, 21

1–3. а) Нега Яҳованинг дўсти бўлишимиз мумкин, деб айта оламиз? б) Ушбу мақолада кимларнинг мисолини кўриб чиқамиз?

МУҚАДДАС КИТОБНИНГ учта оятида Иброҳим Аллоҳнинг дўсти бўлгани ҳақида ёзилган. (2 Сол. 20:7; Ишаё 41:8; Ёқб. 2:23) Аслида, Аллоҳнинг Каломида фақат Иброҳим ҳақида шундай сўзлар ёзилган. Ундай бўлса, фақат Иброҳим Яҳованинг ягона дўсти бўлган, деб хулоса қилсак бўладими? Йўқ, чунки Муқаддас Китобга кўра, ҳар биримиз Худонинг дўсти бўла олишимиз мумкин.

2 Аллоҳнинг Каломида Яҳовадан қўрққан, Унга ишонган ва Унинг яқин дўстларига айланган садоқатли эркагу аёлларнинг мисоллари талайгина. (Забур 25:14 ни ўқинг, ЯДТ, [24:14].) Масалан, ҳаворий Павлус «шоҳидлар оломони» ҳақида ёзган. Бу турли-туман одамларнинг ҳаммаси Худонинг дўстлари бўлишгани шубҳасиздир. (Иброн. 12:1)

3 Келинг, Муқаддас Китобда тилган олинган Яҳованинг учта дўсти билан яқиндан танишайлик. Биз 1) Мўабдан бўлган вафодор ёш бева Рутнинг, 2) Яҳудонинг адолатли шоҳи Ҳизқиёнинг ва 3) Исонинг камтарин онаси Марямнинг мисолларини кўриб чиқамиз. Улар Яҳова билан дўстликни ривожлантиришда кўрсатган ўрнагидан нимани ўрганишимиз мумкин?

У ВАФОДОР ҚОЛДИ

4, 5. Рут қандай қарор олдида турганди ва унинг бу қарори нимаси билан қийин эди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

4 Кийимлари шамолда ҳилпираб, Мўаб текисликлари бўйлаб кетаётган учта бева аёлни кўз олдингизга келтиринг. Бу аёллар — Наима ҳамда унинг келинлари Рут ва Ўрпадир. Расмдан кўриб турганимиздек, Мўабга қайтишга қарор қилган Ўрпа улардан ажралиб, бошқа томонга қараб йўл оляпти. Наима эса она юрти Исроилга боришга ошиқяпти. У билан бирга ҳаётида энг муҳим қарор чиқариш арафасида турган келини Рут кетяпти. Рут ўз диёри Мўабга, қариндошлари олдига қайтиб бориш-бормасликни ёки қайнонаси Наиманинг ёнида қолиб, у билан Байтлаҳмга жўнаш-жўнамасликни танлаши керак. (Рут 1:1–8, 14)

5 Рут Мўабда уни қаноти остига олиб, унга ғамхўрлик қиладиган оиласи, яъни ойиси ва бошқа қариндошлари борлиги ҳақида ўйлаши мумкин эди. Мўаб унинг она юрти бўлиб, у ердаги одамлар, уларнинг маданияти ва тили қалбига яқин эди. Наима эса унга бундай муҳитни Байтлаҳмда яратиб бера олмасди. Шунинг учун, у Рутга Мўабга қайтишни маслаҳат беради. Наима келинига турмуш ўртоқ ва уй топиб бера олмаслигидан ташвишланганди. Қизиқ, Рут қандай қарорга келар экан? Нима деб ўйлайсиз, Рут унинг халқи сиғинадиган худоларга қайтишни хоҳладими? Йўқ, чунки у «ўз халқи орасига, ўз худоларига сиғинадиган юртга қайтиб кетган» овсини Ўрпадан фарқли ўлароқ, қайнонаси билан қолишга қарор қилди. (Рут 1:9–15)

6. а) Рут қандай қарор чиқарган? б) Нима учун Бўаз: «Рут Яҳовадан паноҳ излаган»,— деб айтган?

6 Рут Яҳова ҳақида, эҳтимол, раҳматли эри ёки Наимадан эшитган бўлиши мумкин. Шунда Рут, Яҳова мўаблик худоларга ҳечам ўхшамаслигини билиб олганди. Шунинг учун у Ҳақ Таоло Яҳовани севиб, Унга топиниш арзигулик эканига амин бўлганди. Аммо бунинг, яъни билимнинг ўзи кифоя қилмасди, чунки Рут қарор чиқариши керак эди. Хўш, Рут Яҳовани ўз Худоси деб тан оладими? Ҳа, Рут доно қарор чиқариб, Наимага шундай деб айтади: «Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман». (Рут 1:16) Рутнинг Наимага ва, энг муҳими, Яҳовага бўлган севгиси қалбимизга таъсир қилмай қолмайди. Бўаз исмли бадавлат киши ҳам Рутни Яҳовадан паноҳ излагани учун мақтагани ажабланарли эмас. (Рут 2:12 ни ўқинг.) Рутнинг бундай хатти-ҳаракатлари бизга ғамхўр ва кучли ота-онасининг қанотлари остида паноҳ топган палапонни эслатиши мумкин. (Заб. 35:8; 90:1–4) Рут учун Яҳова ана шундай ота-она каби бўлган ва уни имони учун мукофотлаган. Шу боис, Рут чиқарган қароридан сира ҳам афсусланмаган.

7. Ҳаётини Яҳовага бағишлашга иккиланаётган инсонга нима ёрдам бериши мумкин?

7 Кўплар Яҳова ҳақида билим олишса ҳам, Ундан паноҳ излашга иккиланишади. Улар Яҳовага ўз ҳаётларини бағишлаб, сувга чўмишга имиллашади. Агар сиз ҳам ҳаётингизни Яҳовага бағишлашга иккиланаётган бўлсангиз, ўзингизга: «Нима учун иккиланяпман?» — деган саволни бериб кўрганмисиз? Маълумки, ҳар бир инсон у ёки бу худога сиғинади. (Ёшуа 24:15) Ундай бўлса, топинишимизга арзийдиган Танҳо Аллоҳдан паноҳ излаш оқилона эмасми? Ахир Яҳовага ҳаётни бағишлаш — Унга бўлган имонни намоён этишнинг энг аъло йўлидир! Бундан ташқари, У сизга ушбу қарорингизга мувофиқ ҳаёт кечиришга ва пайдо бўлиши мумкин бўлган қийинчиликларни енгишингизга ёрдам беради. Ана шундай ёрдамни Яҳова Рутга ҳам тақдим этган.

ОИЛАСИДАГИ МУҲИТГА ҚАРАМАЙ, «ҲИЗҚИЁ ЭГАМИЗГА НИҲОЯТДА СОДИҚ» ҚОЛДИ

8. Ҳизқиёнинг оиласидаги муҳитни тасвирлаб беринг.

8 Ҳизқиё Рутдан фарқли равишда, Яҳовага бағишланган Исроил халқи орасида дунёга келган. Лекин ҳамма исроилликлар ҳам бағишловига яраша ҳаёт кечиришмаган. Ҳизқиёнинг отаси шоҳ Охоз — бунинг яққол мисолидир. Бу ёвуз шоҳ Қуддусдаги Яҳованинг маъбадини ҳаром қилиб, Яҳудо халқини бутпарастликка бошлади. Ҳизқиёнинг болалик даврини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Нега деганда, унинг кўз ўнгида ака-укаларидан баъзиларини сохта худога тириклайин қурбонликка келтириб, даҳшатли ўлимга мубтало қилишган. (4 Шоҳ. 16:2–4, 10–17; 2 Сол. 28:1–3)

9, 10. а)Нима учун Ҳизқиё осонгина жаҳлдор бўлиб қолиши мумкин эди? б) Нега Яҳовадан жаҳлимиз чиқмаслиги керак? в) Нима сабабдан оиламиздаги муҳит қандай инсон бўлишимизни белгилайди, деб ўйламаслигимиз лозим?

9 Ҳизқиё осонгина Худодан юз ўгириб, шафқатсиз ва жаҳлдор бўлиб етишиши мумкин эди, аммо у бундай инсон бўлмади. Бугунги кунда эса, Ҳизқиёдан анча камроқ қийинчиликларни бошдан кечирган баъзилар Яҳованинг ташкилотига қарши бўлишяпти ва Яҳовадан «жаҳли чиқиб», бунга ҳаққим бор, деб ўйлашяпти. (Ҳик. 19:3) Айримлар эса, оиламдаги зарарли муҳит мени шундай ҳаётга олиб келиб, ота-онамнинг хатоларини қайтаришга мажбур қилди, деб ўзларини оқлашади. (Ҳиз. 18:2, 3) Лекин баҳона топиш тўғрими?

10 Ҳизқиёнинг ҳаёти бу нотўғри эканини кўрсатяпти. Дарҳақиқат, Яҳовадан жаҳлимиз чиқишига ҳеч қандай сабаб бўлиши мумкин эмас, зеро, ушбу ёвуз дунёда одамзоднинг бошига тушаётган кулфатларга Яҳованинг умуман дахли йўқ. (Аюб 34:10) Тўғри, «қуш уясида кўрганини қилади», деганларидек, ота-оналар фарзандига яхши ёки ёмон таъсир ўтказишлари мумкин. (Ҳик. 22:6; Колос. 3:21) Лекин бу, оиладаги муҳит инсоннинг ҳаёт тарзини белгилайди, дегани эмас. Ваҳоланки, Яҳова ҳар биримизга қимматбаҳо ҳадя, яъни қандай ҳаёт кечиришимиз ва ким бўлишимизни танлаш имкониятини берган. (Қонун. 30:19) Қизиқ, Ҳизқиё ушбу ҳадядан қандай фойдаланган?

Кўп ёшлар оиласидаги муҳитга қарамай, ҳақиқатни қабул қилишяпти (9-, 10- хатбошиларига қ.)

11. Нима учун Ҳизқиё Яҳудода бошқарган энг яхши шоҳлардан бири бўлган?

11 Гарчи Ҳизқиёнинг отаси Яҳудода ҳукм сурган энг ёвуз шоҳлардан бири бўлган бўлса-да, унинг ўғли Ҳизқиё энг яхши шоҳлардан бири бўлиб улғайди. (4 Шоҳлар 18:5, 6 ни ўқинг.) Тўғри, отаси унга ёмон таъсир қилган, бироқ Ҳизқиё яхши инсонларга тақлид қилишни танлаган. Мисол учун, Ҳизқиё яшаган даврда Ишаё, Михо ва Ҳўшея пайғамбар бўлиб хизмат қилишган. Шоҳ Ҳизқиё бу содиқ кишиларнинг Яҳова томонидан илҳомлантирилган сўзларига ғарқ бўлган ва шу йўсин Яҳованинг маслаҳатларию танбеҳлари қалбига жо бўлишига йўл қўйган. Шунинг учун Ҳизқиё отаси қилган қинғир-қийшиқ ишларни тўғрилашни бошлаган. У маъбадни тозалаган, одамларнинг гуноҳлари ювилишини Худодан сўраган ва бутларга бағишланган қурбонгоҳларни кенг кўламда ва ғайрат ила вайрон қилган. (2 Сол. 29:1–11, 18–24; 31:1) Ҳизқиё даҳшатли қийинчиликларни бошдан кечирганида, масалан, оссуриялик шоҳ Санхарив Қуддусга ҳужум қилмоқчи бўлиб, хавф туғдирганида, у улкан жасорат ва имонни намоён этган. У Яҳовага таянган ва халқни сўзларию ишлари билан мустаҳкамлаган. (2 Сол. 32:7, 8) Бир сафар Ҳизқиё мағрурланиб кетганида, Яҳова уни тўғрилаган ва Ҳизқиё бу танбеҳни камтарлик ила қабул қилган. (2 Сол. 32:24–26) Кўриниб турганидек, Ҳизқиё оиласидаги муҳит унинг ҳаётига таъсир қилиб, келажагидан маҳрум этишига йўл қўймаган. Аксинча, у Яҳованинг дўсти бўлиб, тақлид қилишга арзигулик ўрнак кўрсатган.

12. Қай йўсин бугунги кунда кўп масиҳийлар Ҳизқиё каби Яҳованинг дўстлари эканини кўрсатишяпти?

12 Ёвуз ва шафқатсиз дунёда яшар эканмиз, кўп фарзандлар ҳимоясиз, меҳрга зор бўлиб катта бўлаётганининг ҳеч таажжубланарли жойи йўқ. (2 Тим. 3:1–5) Бугунги кундаги кўплаб масиҳийлар ёмон муҳитда улғайишган, лекин кейинчалик Яҳова билан яқин дўст бўлиб қолишган. Ҳизқиё сингари улар инсоннинг ўтмиши унинг келажагини белгиламаслигини ўз ҳаётлари билан намоён этишяпти. Аллоҳ бизга ирода эркинлиги каби инъомни тақдим этган экан, бу инъомдан Яҳовага янада яқинлашиш ва Ҳизқиё каби, Унга шон-шараф келтириш мақсадида фойдалансак, оқилона бўлади.

У: «МЕН ЯҲОВАНИНГ БАНДАСИМАН!» — ДЕБ АЙТДИ

13, 14. а) Нега Марямга берилган вазифа қийин бўлган, деб айтиш мумкин? б) Марям Жаброилга нима деб жавоб берган?

13 Ҳизқиё яшаган даврдан асрлар ўтгач, Носирадан бўлган камтарин ва яҳудий бир қиз Яҳова билан ўзгача дўстлик муносабатларини ривожлантирган. Гап шундаки, у ҳомиладор бўлиши ва Аллоҳнинг Ўғлини дунёга келтириб, уни вояга етказиши керак эди. Тарихда ҳали ҳеч бир инсон шунга ўхшаш вазифани олмаганди! Яҳова Элининг қизи бўлмиш Марямга шундай вазифани ишониб топшириб, уни нечоғлик юқори баҳолаганини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Қизиқ, Марям шундай вазифа ҳақида илк бор эшитганида, бу, унга қандай таъсир қилган бўлиши мумкин?

«Мен Яҳованинг бандасиман!» (13-, 14- хатбошиларига қ.)

14 Одатда, Марямга шундай вазифа берилгани ҳақида ўйлаганимизда, хаёлимизга дарҳол: «Оҳ, бу нақадар шараф-а!?» — деган фикр келади. Аммо бу топшириқни бажаришнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлганини ҳатто ўйламаймиз ҳам. Масалан, Жаброил исмли фаришта Марямнинг олдига келиб, у мўъжизавий тарзда, яъни эркак кишининг иштирокисиз ҳомиладор бўлишини айтади. Аммо Марямнинг оила аъзолари ва қўни-қўшнилариникига бориб, уларга у қандай ҳомиладор бўлганини тушунтириб беришни таклиф қилмайди. Қизиқ, энди улар Марям ҳақида қандай фикрга боришади? Қолаверса, Марям бўлажак турмуш ўртоғи Юсуф ҳақида ҳам хавотирланган бўлиши мумкин. Чунки Марям ҳомиладор бўлса ҳам, бевафолик қилмаганига Юсуфни ишонтириши керак эди-да! Устига-устак, Сарвари Оламнинг Ўғлини катта қилиш, ғамхўрлик қилиш ва тарбиялаш унга катта масъулият юклашини биларди! Хуллас, Жаброил Марямга гапирган пайтда, унинг хаёлида қандай ўй-ташвишлар кечганини билмасак-да, Жаброилга нима деб жавоб берганини биламиз. У: «Мен Яҳованинг бандасиман! Илоё айтганингиз келсин»,— дейди. (Луқо 1:26–38)

15. Нима сабабдан Марямнинг имони мақтовга сазовор?

15 Ҳа, Марямнинг имони чиндан ҳам таҳсинга сазовор! Сабаби, Яҳованинг бу бандаси доимо Яратганнинг хизматига мунтазир эди! Шу тариқа у, Яҳова унга ғамхўрлик қилиб, уни ҳимоялашига бутунлайин ишонаётганини ва ундан Ўз ниятига кўра хизматда фойдаланишини хоҳлаётганини кўрсатди. Ажабо, қандай қилиб Марям бундай имонга эга бўлган? Имон — бу туғма бир ҳис эмасдирки, ўз-ўзидан пайдо бўлса, имон — бу, инсоннинг хатти-ҳаракатлари ва Аллоҳ баракасининг самарасидир. (Галат. 5:22; Эфес. 2:8) Ундай бўлса, Марям имонини мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилгани ҳақида бирон-бир далил борми ўзи? Албатта! Масалан, у қандай тинглагани ва гапирганини кўриб чиқайлик.

16. Марям диққат ила тинглаганини нимадан кўрса бўлади?

16 Марям қандай тинглаган? Муқаддас Китобда: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... эса шошилмасин»,— деб маслаҳат берилган. (Ёқб. 1:19) Марям яхши тингловчи бўлганми? Ҳа, албатта. Мисол учун, Луқо ўз баёнотида Марям, айниқса, чуқур маъноли илоҳий сўзларни диққат ила тинглагани ва эшитганлари устида мулоҳаза юритишга вақт ажратгани ҳақида икки маротаба ёзиб ўтган. Исо туғилган пайтда, чўпонлар Марямга фариштадан олган хабарни етказиб беришади. Тахминан 12 йилдан кейин Исо, ҳали ёш бўлса ҳам, катта аҳамиятга эга бўлган сўзларни айтади. Иккала вазиятда ҳам Марям эшитганларига диққатли бўлиб, бу сўзларни эсида сақлаган ва улар устида атрофлича фикр юритган. (Луқо 2:16–19, 49, 51 ни ўқинг.)

17. Марямнинг гапларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

17 Марям қандай гапирган? Муқаддас Китобда Марямнинг ҳамма сўзлари ҳам қайд этилмаган. Унинг энг кўп сўзлари Луқо 1:46–55 да учрайди. Ушбу сўзлардан Марям Муқаддас Ёзувларни яхши билгани кўриниб турибди. Унинг бу сўзлари Шомуил пайғамбарнинг онаси Ханнанинг ибодатидаги сўзларни эслатади. (1 Шоҳ. 2:1–10) Луқонинг баёнотидаги ушбу парчада Марям қарийб 20 маротаба Муқаддас Ёзувларга ишора қилганга ўхшайди. Шубҳасизки, Марям маънавий нарсалар ҳақида гапиришни яхши кўрган. У сахийлик ила қалб хазинасидаги бойлиги, яъни энг яқин Дўсти — Тангри Яҳовадан ўрганган бебаҳо ҳақиқатлар билан бўлишган.

18. Қай йўсин Марямнинг имонига тақлид қила оламиз?

18 Яҳовадан олган топшириқларимиз баъзида, Марямнинг вазиятида бўлганидек, бизга ҳам қийиндек туюлиши мумкин. Келинглар, Яҳова бизнинг фойдамизни кўзлашига ишониб, ўзимизни камтарлик ила Унинг қўлига топширайлик. Агар Яҳова ва Унинг нияти борасида билиб олаётганларимизга диққатли бўлиб, маънавий ҳақиқатлар устида мулоҳаза юритсак ва билиб олганларимизни қувонч ила бошқалар билан баҳам кўрсак, Марямнинг имонига тақлид қила оламиз. (Заб. 76:12, 13; Луқо 8:18; Рим. 10:15)

19. Муқаддас Китобдаги имонли одамларнинг беқиёс ўрнагига тақлид қилсак, нимага эга бўламиз?

19 Ҳа, чиндан ҳам, Рут, Ҳизқиё ва Марям Иброҳим каби Яҳованинг дўстлари бўлишган. Улар ҳам «шоҳидлар оломони» ва Аллоҳнинг барча содиқ хизматчилари қаторида Яҳова билан дўст тутинишдек шарафга муяссар бўлишган. Келинг, шундай художўй одамларнинг имонига тақлид қилишда давом этайлик! (Иброн. 6:11, 12) Агар шундай йўл тутсак, Яҳованинг абадий дўсти бўлиш каби улкан мукофотни қўлга киритамиз!