Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Аллоҳнинг беназир ҳадясини қадрланг!

Аллоҳнинг беназир ҳадясини қадрланг!

Сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси учун Аллоҳга шукрлар бўлсин! 2 КОР. 9:15

ҚЎШИҚЛАР: 53, 18

1, 2. а) Аллоҳнинг «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси»га нима киради? б) Ушбу мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?

ЯҲОВА ягона Ўғлини ер юзига юбориб, энг қимматбаҳо ҳадяни тақдим этди ва шу орқали бизга бўлган севгисини кўрсатди. (Юҳан. 3:16; 1 Юҳан. 4:9, 10) Ҳаворий Павлус бу совғани Аллоҳнинг «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси», деб атади. (2 Кор. 9:15) Қизиқ, нега у бу иборани қўллади?

2 Худонинг барча ажойиб ваъдалари Масиҳнинг тўлов қурбонлиги орқали амалга ошишини Павлус билганди. (2 Коринфликларга 1:20 ни ўқинг.) Демак, Аллоҳнинг «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси»га Исонинг қурбонлиги ва Яҳова одамзод учун қилаётган барча яхшиликлари ҳамда меҳр-садоқати киради. Дарҳақиқат, бу ҳадя шунчалик бебаҳоки, уни ҳатто сўз билан таърифлаб бўлмайди. Шундай беназир совғани олиш бизга қандай таъсир қилиши керак? 2016 йил 23 март чоршанба куни бўладиган Қутлуғ Кечлик маросимига тайёргарлик кўрар эканмиз, бу ҳадяни қадрлаётганимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?

АЛЛОҲНИНГ ЎЗГАЧА ҲАДЯСИ

3, 4. а) Совға олганингизда, нималарни ҳис қиласиз? б) Қандай қилиб ўзгача бир совға ҳаётингизни ўзгартириши мумкин?

3 Совға олганингизда, қалбингиз қувончга тўлиши шубҳасиз. Шундай совғалар борки, улар сиз учун ўзгача ва қадрли бўлиб, ҳатто ҳаётингизни тубдан ўзгартириши мумкин. Масалан, жиноятга аралашиб қолганингиз сабабли сизни ўлимга маҳкум этишаётганини тасаввур қилинг. Лекин шу пайт одамлар орасидан нотаниш бир кимса олдинга чиқиб, ўрнингизга жазони ўтаб бермоқчи эканини айтади. Бир сўз билан айтганда, у сиз учун ўз ҳаётини қурбон қилмоқчи бўлади! Бундай кутилмаган совға сизга қандай таъсир қилади?

4 Сизга шундай беғараз севгини кўрсатишса, хатти-ҳаракатларингизни қайтадан кўриб чиқиб, ҳатто ҳаёт тарзингизни ўзгартиришингиз турган гап. Эҳтимол бу, сизни сахий бўлиб, атрофдагиларни севишга ва сизга ёмон муносабатда бўлганларни кечиришга ундаши мумкин. Қолаверса, ҳаётини сиз учун қурбон қилишга тайёр бўлган инсон олдида ўзингизни умрбод қарздор ҳис қилишингиз шубҳасиз.

5. Нега Яҳова тақдим этган тўлов қурбонлиги бошқа ҳар қандай совғадан юксакроқ?

5 Бироқ Яҳова тақдим этган тўлов қурбонлиги юқорида тилга олинган совғадан анча юксакроқдир. (1 Бутр. 3:18) Нима деб ўйлайсиз, нега? Сабаби, мерос бўлиб ўтган гуноҳ дастидан барчамиз ўлимга маҳкуммиз. (Рим. 5:12) Лекин Яҳова бизни севгани учун Исони ер юзига юборди ва у ҳар биримиз учун «ўлимга рўбарў бўлди». (Иброн. 2:9) Юқорида тилга олинган олийжаноб киши каби Яҳова ҳам ҳаётимизни сақлаб қолди. Бунинг устига, У келажакда одамзод бутунлайин ўлимдан халос бўлишига ғамхўрлик қилди. (Ишаё 25:7, 8; 1 Кор. 15:22, 26) Осмонда шоҳлик қиладиган ва ер юзида яшашга умидвор бўлганларнинг барчаси Исо бошқаруви остида абадий ҳаётни қўлга киритиб, бахтли ва осуда ҳаёт кечиришади. (Рим. 6:23; Ваҳ. 5:9, 10) Яҳованинг ушбу ҳадяси яна қандай баракалардан иборат?

6. а) Яҳованинг ҳадяси келтирадиган қайси баракаларни интиқиб кутяпсиз? б) Аллоҳнинг севгиси бизни нима қилишга ундаши керак?

6 Яҳованинг ҳадясига барчамизни касалликлардан даволаш, ер юзини жаннатга айлантириш ва ўликларни тирилтириш ҳам киради. (Ишаё 33:24; 35:5, 6; Юҳан. 5:28, 29) Яҳова ва Унинг азиз Ўғли биз учун «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадя»ни тақдим этишгани учун улардан жуда миннатдормиз. Шундай экан, Аллоҳнинг севгиси бизни нима қилишга чорлаши лозим? Келинг, қандай қилиб бу севги 1) Исо Масиҳнинг изидан оғмай юришга, 2) имондошларимизни севишга ва 3) бошқаларни чин қалбдан кечиришга ундашини кўриб чиқамиз.

«БИЗГА ТУРТКИ БЕРГАН КУЧ — МАСИҲНИНГ СЕВГИСИДИР»

7, 8. Масиҳнинг севгисига қандай сазовор бўла оламиз ва у бизни нима қилишга ундайди?

7 Биринчидан, биз Исо учун яшашга интилишимиз керак. Ҳаворий Павлус: «Бизга туртки берган куч — Масиҳнинг севгисидир»,— деб таъкидлаганди. (2 Коринфликларга 5:14, 15 ни ўқинг.) Ҳа, агар Масиҳ учун яшамасак, унинг севгисига сазовор бўла олмаслигимизни Павлус биларди. Яҳова бизга қанчалик кўп яхшилик қилганини тушунганимизда ва Унга бўлган севгимиз ошганида, қалбимизда Исо Масиҳ учун яшаш истаги пайдо бўлади. Хўш, Исо учун яшамоқчи эканимизни амалда қандай кўрсатишимиз мумкин?

8 Яҳовага бўлган севги бизни Масиҳнинг севгисига тақлид қилиб, у каби йўл тутишга ва унинг изидан оғмай юришга ундайди. (1 Бутр. 2:21; 1 Юҳан. 2:6) Аллоҳ ва Масиҳга бўлган севгимизни итоаткорлигимиз орқали намоён эта оламиз. Сабаби Исо: «Амрларимни қабул айлаб, уларга амал қилган киши, мени севади. Мени севганни Отам севади. Мен ҳам уни севиб, ўзимни унга ошкор этаман»,— деб айтганди. (Юҳан. 14:21; 1 Юҳан. 5:3)

9. Биз қандай босимга дуч келяпмиз?

9 Қутлуғ Кечлик мавсумида ҳаёт тарзимиз ҳақида мулоҳаза юритсак, яхши бўларди. Ўзингизга шундай саволлар бериб кўринг: «Ҳаётимнинг қайси соҳаларида Исо Масиҳнинг изидан оғмай юришда муваффақиятлиман? Қайси соҳаларда ҳали яхшиланишим керак?» Ўзимизни бундай текшириб туриш муҳим, чунки биз ҳар куни дунёнинг босимига дуч келяпмиз. (Рим. 12:2) Агар эҳтиёт бўлмасак, биз ушбу дунёнинг файласуфлари, машҳурларию спорт юлдузларининг шогирдларига айланиб қолишимиз ҳеч гап эмас. (Колос. 2:8; 1 Юҳан. 2:15–17) Дунёнинг бундай босимига қандай қарши тура оламиз?

10. Бу йилги Қутлуғ Кечлик мавсумида ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади ва бу бизни нима қилишга ундаши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Қутлуғ Кечлик мавсумида кийим-кечакларимиз, бизда бор кино ва мусиқа тўпламларини, эҳтимол, ҳатто компьютер, телефон ва планшетимиздаги маълумотларни қараб чиқсак, оқилона бўларди. Кийимларингизни қараб чиқаётиб, ўзингизга шундай саволлар беринг: «Агар мен Исо бўладиган жойга борадиган бўлсам, бу кийимни кийиб, унинг олдида ўзимни ноқулай ҳис қилмайманми?» (1 Тимўтийга 2:9, 10 ни ўқинг) «Агар бу кийимни кийсам, Исонинг издоши эканим бошқаларга яққол кўринадими?» Қандай кино ва мусиқани танлаётганимиз масаласида ҳам шунга ўхшаш саволларни ўзимизга бериб кўрсак бўлади: «Агар Исо телефон ёки планшетимни сўраб, уларнинг ичидаги нарсаларни кўриб қолса, унинг олдида уялиб қолмайманми?» Видеоўйинлар борасида эса ўзингизга шундай савол бериб кўринг: «Нима учун бу ўйинни ёқтиришимни Исога тушунтириб бера оламанми?» Яҳовага бўлган севгимиз масиҳийга тўғри келмайдиган, ҳатто қиммат бўлган нарсадан воз кечишга ундаши лозим (Ҳавор. 19:19, 20). Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаганимизда, бошқа ўзимиз учун эмас, балки Исо Масиҳ учун яшашга ваъда берганмиз. Шунинг учун, келинг, Масиҳнинг изидан оғмай юришимизга халақит бериши мумкин бўлган нарсаларга кўнгил бермайлик! (Мат. 5:29, 30; Филип. 4:8)

11. а) Қандай қилиб Яҳовага ва Исога бўлган севгимиз кўпроқ ваъз қилишга туртки беради? б) Қай йўсин имондошларимизга бўлган севги уларга ёрдам беришга ундайди?

11 Шунингдек, Исога бўлган севгимиз бизни ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида жон куйдириб қатнашишга ундайди. (Мат. 28:19, 20; Луқо 4:43) Қутлуғ Кечлик мавсумида биз 30 ёки 50 соат ваъз қилиб, кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қила оламиз. Бундай имкониятни қўлдан бой бермаслик учун шароитларингизни мослаштира оласизми? 84 ёшли бева биродар ёши ва заиф соғлиги туфайли кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қила олишини ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Бироқ маҳаллий кашшофлар ёрдамга келишди. Улар уни ўзларининг транспорт воситаларида олиб юриб, у хизмат қила оладиган ҳудудни танлашди. Натижада, биродар ўша ой 30 соат хизмат қила олди. Сиз ҳам ташаббус кўрсатиб, қайсидир имондошимизга Қутлуғ Кечлик мавсумида кўмакчи кашшоф сифатида хизмат қилишига ёрдамлаша оласизми? Албатта, ҳаммамиз ҳам кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қила олмаймиз. Шунга қарамай, ҳар биримиз вақт ва кучимизни аямасдан Яҳовага ҳамду сано қурбонлигини келтиришимиз мумкин. Бундай йўл тутиб биз, Павлусга ўхшаб, Масиҳнинг севгиси бизга туртки бўлганини кўрсатган бўламиз. Хўш, Аллоҳнинг севгиси бизни яна нима қилишга ундайди?

БИР-БИРИМИЗНИ СЕВИШГА БУРЧЛИМИЗ

12. Аллоҳнинг севгиси бизни нима қилишга ундайди?

12 Иккинчидан, Аллоҳнинг севгиси имондошларимизга бўлган севгини намоён этишга чорлайди. Бу борада ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган: «Қадрдонларим, агар Худо бизни шунчалик севган бўлса, унда биз ҳам бир-биримизни севишга бурчлимиз». (1 Юҳан. 4:7–11) Ҳа, агар имондошларимизни севмасак, Худонинг севгисига сазовор бўла олмаймиз. (1 Юҳан. 3:16) Ундай бўлса, севгимизни қандай намоён эта оламиз?

13. Исо ўзгаларни севишда қандай ўрнак қолдирган?

13 Исонинг мисолини олайлик. У ер юзидаги хизмати давомида бечораҳолларга алоҳида эътибор қаратган. У жисмоний нуқсони бор одамларни: чўлоқ, кўр, кар ва соқовларни даволаган. (Мат. 11:4, 5) Исо яҳудий дин раҳбарлари томонидан «лаънати», деб ҳисобланган маънан чанқоқ одамларга таълим беришдан завқ олган. (Юҳан. 7:49) У бундай бечораҳолларни яхши кўрган ва уларга хизмат қилиш учун жон куйдирган. (Мат. 20:28)

Кексайиб қолган имондошингизга хизматда ёрдам бера оласизми? (14- хатбошига қ.)

14. Имондошларингизга севгингизни намоён этиш учун нима қила оласиз?

14 Қутлуғ Кечлик мавсумида жамоатимиздаги биродару опа-сингилларга қандай ёрдам беришимиз мумкинлиги ҳақида ўйласак, Исога тақлид қила оламиз. Агар шундай қилсангиз, қайси имондошларингиз севгингизга муҳтож эканини албатта кўрасиз. Эҳтимол, кексайган биродару опа-сингиллар ёрдамингизга муҳтождир. Сиз уларни йўқлаб бора оласизми? Балки, уларга овқат олиб бориб, уй ишларида ёрдам берсангиз бўлар. Ёхуд уларни машинангизда йиғилишга олиб борарсиз ва улар билан бирга хизматга чиқарсиз? (Луқо 14:12–14 ни ўқинг.) Аллоҳнинг севгиси бизни имондошларимизга севгини намоён этиб, уларга ёрдам беришга ундаши керак.

ИМОНДОШЛАРГА НИСБАТАН КЕЧИРИМЛИ БЎЛИНГ

15. Ҳар биримиз нимани тан олишимиз керак?

15 Учинчидан, Яҳованинг севгиси имондошларимизни кечиришга ундаши лозим. Илк инсон Одаматонинг авлоди бўлганимиз учун гуноҳ ва ўлим бизга мерос бўлиб ўтди. Шу сабабли, ҳеч биримиз: «Мен тўлов қурбонлигига муҳтож эмасман»,— деб айта олмаймиз. Яҳованинг ҳатто энг содиқ хизматчиси ҳам Унинг Масиҳ орқали кўрсатган меҳр-муҳаббатига муҳтождир. Ҳар биримиз катта қарздан озод қилинганимизни тан олишимиз даркор. Нега? Жавобини Исонинг бир масалидан топсак бўлади.

16, 17. а) Шоҳ ва қуллар ҳақидаги Исонинг масалидан нимани ўрганишимиз мумкин? б) Исонинг ушбу масали устида мулоҳаза юритиб, нима қилишга қарор қилдингиз?

16 Бу масалда Исо, бир шоҳ қулининг 60 миллион динор (10 минг талант) қарзидан кечгани ҳақида айтиб беради. Шоҳ ўша қулнинг шунчалик катта қарзидан кечган бўлса-да, бу қул ўзига атиги 100 динор қарзи бўлган бошқа қулнинг қарзидан кечмайди. Қулнинг қарзидан кечган шоҳ бу қул бағритошлик қилганини эшитганида, ғазабга минади. Шунда шоҳ: «Вой ёвуз қул-ей, сен мендан илтимос қилганингда, бутун қарзингдан кечгандим. Мен сенга раҳм-шафқат қилганимдек, сен ҳам шеригингга раҳм-шафқат кўрсатсанг бўлмасмиди?» — деб айтади. (Мат. 18:23–35, изоҳ) Ҳа, шоҳ ниҳоятда раҳм-шафқатли бўлгани ўша қулни ҳам шеригининг қарзидан кечишга ундаши керак эди. Шоҳ сингари, Яҳова ҳам гуноҳларимизни кечириб, бизни улкан қарздан озод қилди. Хўш, Яҳованинг бундай севгиси ва раҳм-шафқати ­бизни ­нима ­қилишга ­ундаши даркор?

17 Агар биз бирон-бир имондошимизга нисбатан гина сақлаб юраётган бўлсак, унда Қутлуғ Кечлик мавсуми бу ҳақда ўйлаб кўришнинг ва кечиримли Худойимиз Яҳовага тақлид қилишнинг айни вақтидир. (Нахим. 9:17; Заб. 85:5) Улкан қарзимиздан кечиш учун Яҳова нималар қилганини тушунсак, шунда биз ҳам бошқаларни чин дилдан кечиришга тайёр бўламиз. Бошқаларни севиб, уларга нисбатан кечиримли бўлиш, Аллоҳнинг севгиси ва иноятига сазовор бўлишга ёрдам беради. (Мат. 6:14, 15) Тўғри, кечиримли бўлиш ўтмишни ўзгартира олмайди, лекин: «Ўтган ишга салавот»,— деб, ­бошқаларни ­астойдил кечирсак, янада бахтли бўламиз.

18. Қандай қилиб Аллоҳнинг севгиси Лилига Карэлнинг камчиликларига чидамли бўлишга ёрдам берди?

18 Кўпчилигимиз учун имондошларимизга нисбатан «чидамли бўлиш» қийин кечиши мумкин. (Колосаликларга 3:13, 14; Эфесликларга 4:32 ни ўқинг.) Келинг, турмуш қурмаган имондошимиз Лилининг мисолини кўриб чиқайлик. У Карэл * исмли бева опага тайёрлик ила ёрдам бериб, унга керак бўлган жойларга машинасида обориб қўярди, бозор-ўчарига кўмаклашарди ва бошқа ишларини ҳам қилиб берарди. Аммо Лилининг қилган яхшиликларига қарамай, Карэл доим нимадандир норози эди ва у билан тил топишиш қийин кечарди. Лекин шунда ҳам Лили эътиборини Карэлнинг яхши тарафларига қаратган. Карэл қаттиқ касал бўлиб, вафот этганига қадар, Лили бир неча йиллар мобайнида унга ёрдам беришда давом этган. «Шундай бўлса-да, мен Карэлнинг тирилишини интиқиб кутяпман ва у мукаммал бўлганида қандай бўлишини кўрмоқчиман»,— дейди Лили. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг севгиси имондошларимизга чидамли бўлишга ва номукаммаллик батамом йўқ қилинадиган пайтни сабрсизлик билан кутишга ундайди.

19. Аллоҳнинг «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси» сизни нима қилишга ундайди?

19 Яҳова бизга чиндан ҳам «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси»ни тақдим этган экан, келинг, бунга оддий нарсадек қарамайлик. Бунинг ўрнига, Яҳова ҳамда Исо биз учун қилган барча яхшиликлари устида, айниқса, Қутлуғ Кечлик мавсуми давомида мулоҳаза юритиб, миннатдорчилигимизни кўрсатайлик. Илойим, Яҳова ҳамда Исо намоён этган севги бизни Исонинг изидан оғмай юришга, имондошларимизга севгимизни намоён этишга ва уларга нисбатан кечиримли бўлишга ундасин!

^ абз. 18 (18- хатбоши) Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.