Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Руҳ қалбимиз билан биргаликда шоҳидлик бермоқда

Руҳ қалбимиз билан биргаликда шоҳидлик бермоқда

Ушбу руҳ қалбимиз билан биргаликда, биз Аллоҳнинг фарзандлари эканимиз ҳақида шоҳидлик бермоқда. РИМ. 8:16

ҚЎШИҚЛАР: 5, 14

1–3. Қандай воқеалар милодий 33 йилги Ҳосил байрамини ўзгача бир кунга айлантирди ва бу билан Муқаддас Китобдаги қайси башорат амалга ошди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

ЯКШАНБА, эрталаб соат 9 эди. Бу кун Қуддусда яшовчилар учун ўзгача бўлиб, ҳам байрам, ҳам Шаббат куни эди. Шу пайтга келиб, маъбадда эрталабки қурбонликларни келтириб бўлишганди. Ҳамма хурсанд эди. Олий руҳоний янги буғдойдан ёпилган иккита хамиртурушли нонни юқорига кўтариладиган назр сифатида келтиришга тайёрланаётганди. (Лев. 23:15–20) Бу қурбонлик буғдой йиғими бошланганда келтириларди. Буларнинг ҳаммаси милодий 33 йили, Ҳосил байрами нишонланадиган куни юз берди.

2 Бу воқеалар маъбадда юз бераётган пайтда, Қуддусдаги бир уйнинг болохонасида бундан-да муҳимроқ воқеа рўй бериши керак эди. Болохонада Исонинг 120 та шогирди биргаликда йиғилиб, «тоат-ибодат» қилишаётганди. (Ҳавор. 1:13–15) Ҳар йили Ҳосил байрамида олий руҳоний юқорига кўтариладиган қурбонлик келтириши, ўша шогирдлар билан юз бериши керак бўлган воқеа билан чамбарчас боғлиқ эди. Айнан шу воқеа ҳақида тахминан 800 йил олдин Йўэл пайғамбар башорат қилганди. (Йўэл 2:28–32; Ҳавор. 2:16–21) Қизиқ, қайси воқеа шунчалик катта аҳамиятга эга бўлган экан-а?

3 Ҳаворийлар 2:2–4 ни ўқинг. Ўшанда Болохонада йиғилган 120 та шогирднинг устига муқаддас руҳ тушганди ва улар кўрган ҳамда эшитган ажойиб нарсалари ҳақида башорат қилиб, шоҳидлик беришни бошлашди. (Ҳавор. 1:8) Шунда ҳаворий Бутрус йиғилган одамларга юз берган воқеанинг моҳиятини тушунтириб, шундай деди: «Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи ила сувга чўминглар. Шу тариқа сизлар муқаддас руҳ инъомини оласизлар». Ўша куни жами 3000 га яқин киши бу ундовга қулоқ солиб, сувга чўмишди ҳамда ваъда қилинган муқаддас руҳга эга бўлишди. (Ҳавор. 2:37, 38, 41).

4. а) Нега милодий 33 йилги Ҳосил байрамида юз берган воқеалар бизни қизиқтириши лозим? б) Кўп йиллар олдин айнан шу куни яна қандай муҳим воқеа юз берган бўлиши мумкин? (Изоҳга қ.)

4 Нега милодий 33 йилги Ҳосил байрами биз учун шу қадар аҳамиятли? Бунинг сабаби Қуддус маъбадида бўлиб ўтган воқеаларда эмас, балки Исо Масиҳ Олий руҳоний сифатида башоратни амалга оширганидадир. * Одатда, ўша куни олий руҳоний Худога иккита нонни назр қиларди. Хамиртурушдан тайёрланган бу нонлар биринчи мойланган шогирдларни тасвирлаган. Улар Худонинг ўғиллари сифатида гуноҳкор одамзод орасидан танланишган эди. Шу йўсин, «биринчи ҳосилга» тегишли бўлганларнинг айримлари учун осмонга кўтарилишга йўл очилди. Шунингдек, мойланганлар қолган итоатли одамларга чексиз баракалар келтирадиган Шоҳликка кириш шарафига эга бўлишди. (Ёқб. 1:18; 1 Бутр. 2:9) Хулласи калом, Исо билан бирга осмонда бошқарамизми ёки ер юзида абадий яшаймизми, ҳаётимиз ўша куни рўй берган воқеалар билан чамбарчас боғлиқ!

МОЙЛАНИШ ЖАРАЁНИ ҚАНДАЙ КЕЧАДИ?

5. Ҳамма мойланганлар ҳам бир хил тарзда мойланмаслигини қаердан биламиз?

5 Албатта, сизнинг бошингиз устида ҳам алангаланиб турган тилга ўхшаш олов пайдо бўлганида, ўша кунни эсдан чиқармаган бўлардингиз. Бундан ташқари, сизга мўъжизавий тарзда ўзга тилда гапириш инъоми берилса, муқаддас руҳ ёрдамида мойланганингиздан ҳечам шубҳаланиб ўтирмас эдингиз. (Ҳавор. 2:6–12) Аммо бугунги кунда ҳам, ўша 120 та шогирд билан бўлганидек, мойланганлар шундай мўъжизавий тарзда танланишадими? Йўқ. Масалан, ўша куни Қуддусда бўлганларнинг қолган қисми сувга чўмганида мойланган. (Ҳавор. 2:38) Уларнинг бошлари устида олов пайдо бўлмаган. Қолаверса, ҳамма масиҳийлар ҳам сувга чўмган пайтда мойланишмайди. Мисол учун, самарияликлар сувга чўмганларидан бироз вақт ўтгандан сўнггина мойланишган. (Ҳавор. 8:14–17) Корнилий ва унинг оиласи эса сувга чўмишдан олдин мойланган эдилар. (Ҳавор. 10:44–48)

6. Мойланганда масиҳий нимага эга бўлади ва бу унга қандай таъсир қилади?

6 Билиб олганимиздай, ҳамма танланганлар ҳам бир хил тарзда мойланишмайди. Баъзи мойланганлар Яҳова уларни мойлаганини дарҳол тушунишади, бошқалар мойланган бўлишса-да, буни муайян вақт ўтгандан кейин англаб етишади. Бироқ мойланиш жараёни қандай кечишидан қатъи назар, ҳар бир мойланган Павлуснинг қуйидаги сўзлари унга тегишли эканини билади: «Унга ишонганингиздан сўнг, сизлар ҳам у орқали ваъда қилинган муқаддас руҳнинг муҳри билан белгиландингизлар. Бу руҳ — меросимизнинг гаровидир». (Эфес. 1:13, 14) Муқаддас руҳнинг бундай ўзгача таъсири — бадал ёки келажакдаги баракаларнинг гарови кабидир. Ушбу гаров туфайли мойланган масиҳий осмонда яшаш умидига эга эканига амин бўлади. (2 Коринфликларга 1:21, 22; 5:5 ни ўқинг.)

7. Самовий мукофотни қўлга киритиш учун ҳар бир мойланган масиҳий нима қилиши керак?

7 Масиҳий мойланган бўлса, бу ҳақиқатдан ҳам у осмонга кетади деганими? Йўқ. Бу инсон танланганлар орасида эканига аминдир. Аммо унинг осмонда яшаш-яшамаслиги Яҳовага содиқ қолишига боғлиқдир. Бутрус буни шу тариқа тушунтирган: «Шундай экан, биродарлар, даъват этилганингиз ва танланганингизга содиқ қолиш учун жон куйдиринглар. Шунда ҳеч қачон йўлдан озмайсизлар. Аксинча, сизлар Ҳазратимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг абадий шоҳлигига кириш шарафига эга бўласизлар». (2 Бутр. 1:10, 11) Демак, ҳар бир мойланган масиҳий содиқ қолиши учун курашиши даркор. Йўқса, унинг даъват этилгани ва танлангани ҳеч қандай фойда келтирмайди. (Иброн. 3:1; Ваҳ. 2:10)

МАСИҲИЙ МОЙЛАНГАН ЭКАНИНИ ҚАНДАЙ БИЛИШИ МУМКИН?

8, 9. а) Нега Худонинг аксарият хизматчилари мойланиш жараёнини тушуниш қийин, деб ўйлашлари мумкин? б) Масиҳий осмонда яшаш умидига эга эканини қандай билади?

8 Худонинг аксарият хизматчилари мойланиш жараёнини тушуниш қийин, деб ўйлашлари мумкин ва бу ростдан ҳам шундай. Чунки улар буни ҳис қилиб кўришмаган. Худонинг иродаси бўйича, инсоният ер юзида яшаш учун яратилганди. (Ибт. 1:28; Заб. 36:29) Бундан ташқари, инсонни осмонда шоҳ ёки руҳоний сифатида хизмат қилишга танлаш Худонинг ниятига кирмаганди. Шунинг учун, мойланиш масиҳийнинг фикрлаш тарзини, дунё қарашини ҳамда умидини тубдан ўзгартиради. (Эфесликларга 1:18, 19 ни ўқинг.)

9 Аммо масиҳий осмонда яшаш умидига эга эканини қандай билиши мумкин? Бунинг жавобини Павлуснинг Римдаги «муқаддас бўлишга даъват этилган» мойланганларга ёзган сўзларидан топишимиз мумкин. Павлус уларга шундай деган: «Аллоҳнинг руҳи бизни яна қуллик ва қўрқувга солмайди. Аксинча, ушбу руҳ орқали биз ўғилликка қабул қилиниб, шу руҳ бизни: “Абба, Ота!” — дейишга ундамоқда. Ушбу руҳ қалбимиз билан биргаликда, биз Аллоҳнинг фарзандлари эканимиз ҳақида шоҳидлик бермоқда». (Рим. 1:7; 8:15, 16) Оддий қилиб айтганда, Худо масиҳийга Унинг Шоҳлигида меросхўр бўлишини муқаддас руҳи орқали билдиради. (1 Салон. 2:12)

10. Мойланганлар «кимдандир таълим олишга муҳтож эмас», деган сўзлар остида нима назарда тутилади?

10 Худонинг бундай ўзгача таклифини олганлар, кимдир уларнинг мойланган экани ҳақида гувоҳлик беришига муҳтож эмас. Яҳованинг Ўзи уларни бунга ишонтиради. Ҳаворий Юҳанно мойланган масиҳийларга шундай деган: «Сизлар Муқаддас Худо тарафидан танлангансизлар ва барчангиз билимга эгасизлар». Кейин у қуйидагича давом этган: «Сизларга келсак, Худо сизларни Ўз руҳи орқали танлади, бу руҳ эса ичингиздадир ва кимдандир таълим олишга муҳтож эмассиз. Руҳ ила танланганингиз сохта эмас, ҳақиқий ва у сизларга барча нарсани ўргатади. Шу боис, руҳ сизларга ўргатганидай, сизларни танлаган билан бирликда қолинглар». (1 Юҳан. 2:20, 27) Барча сингари улар ҳам маънавий йўл-йўриққа муҳтож бўлса-да, бироқ кимдир уларнинг мойланган эканини исботлашига муҳтож эмаслар. Сабаби, коинотдаги энг қудратли Шахс уларни бунга ишонтиради!

«ҚАЙТАДАН ТУҒИЛИШ»

11, 12. Мойланган масиҳийни қандай савол безовта қилиши мумкин, лекин у нимага амин?

11 Муқаддас руҳ мойланган масиҳийга таъсир қилгани туфайли, у тубдан ўзгаради. Исо бундай ички жараённи «қайтадан туғилиш», деб тасвирлаган. * (Юҳан. 3:3, 5) У буни чуқурроқ тушунтириб, шундай деган: «Қайтадан туғилишингиз керак, деган гапларимга ҳайрон бўлманг. Шамол истаган жойга эсаверади. Унинг товушини эшитасиз-у, аммо қаердан келганини ва қайси томонга кетишини билмайсиз. Муқаддас руҳдан туғилган ҳар бир киши ҳам шундайдир». (Юҳан. 3:7, 8) Кўриб турганимиздай, мойланиш жараёни қандай кечишини ўзларида ҳис қилмаган инсонларга буни тушунтириш имконсиздир.

12 Мойланганлар: «Нега бошқаси эмас, айнан мен танландим?» — деган савол беришлари мумкин. Баъзилар ҳатто ўзларини бунга нолойиқ, деб билишади. Бироқ улар танланган эканидан шубҳаланишмайди. Уларнинг қалблари қувонч ва миннатдорчилик ҳиссига тўла. Мойланганлар Бутруснинг илоҳий илҳом остида айтган қуйидаги сўзлари уларга тегишли эканини билишади: «Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг Отаси ҳамда Тангрисига ҳамдлар бўлсин. Зеро У буюк раҳм-шафқатига кўра, Исо Масиҳнинг тирилиши орқали янгитдан туғилишимизга сабабчи бўлиб, бизларга мустаҳкам умидни ато этди. Шунингдек, бизларни чиримас, нуқсонсиз ва ўлмас меросга эга қилди. Бу мерос сизлар учун осмонда сақланяпти». (1 Бутр. 1:3, 4) Мойланган масиҳий бу сўзларни ўқиганида, Яҳова шахсан у билан гаплашаётганидан ҳечам шубҳаланмайди.

13. Мойланган масиҳийнинг фикрлаш тарзида қандай ўзгариш юз беради ва бунинг сабаби нимада?

13 Худо бу масиҳийларни мойлашидан олдин, улар ер юзидаги жаннатда яшаш умиди борлигидан хурсанд бўлишган. Эҳтимол, улар Яҳова ерни ёвузликдан тозалашига ҳамда келажакдаги баракалардан завқ олиб яшашга умид қилишгандир. Боз устига, улар янги дунёда тирилган жигарбандларини кутиб олишаётганини ҳам тасаввур қилиб юришгандир. Балки улар ўзлари қурган уйларда яшашни ва эккан дарахтларининг ҳосилидан баҳраманд бўлишни муштоқ бўлиб кутишган. (Ишаё 65:21–23) Нима сабабдан бу масиҳийларнинг фикрлаш тарзи ўзгарди? Албаттаки, улар ер юзида яшаш умидидан безор бўлишмаган ва фикрлаш тарзини қандайдир ҳиссий изтироб ёки ишончсизлик туфайли ўзгартиришмаган. Мойланганлар тезроқ осмонга кўтарилиш ва осмондаги ҳаётни татиб кўриш ниятида: «Ерда абадий яшаш одамни чарчатади ва зериктиради»,— деб айтишмайди. Бу масиҳийларни Худонинг руҳи ўзгартирди ва айнан шу руҳ уларни нафақат чорлади ёки таклиф қилди, балки уларнинг фикрлаш тарзини ва умидини ўзгартирди.

14. Мойланганлар ердаги ҳаётига нисбатан қандай муносабатда?

14 Ундай бўлса, бу мойланганлар ўлишни истаяпти, деган хулосага келишимиз керакми? Павлус шундай деган: «Бу чодир мисоли танамизда яшаб, оғир юк остида оҳ-нола қиляпмиз. Аммо уни ечиб ташламоқчи эмасмиз, аксинча, ўладиган тананинг ўрнига ҳаётга эга бўлайлик, деб бошқасига бурканишни хоҳлаймиз». (2 Кор. 5:4) Мойланганлар ҳаётга бўлган қизиқишни йўқотишмаган ва бу дунёни тезроқ тарк этишни ҳам хоҳлашмайди. Аксинча, улар ҳар бир кунни дўстлари ва қариндошлари билан Яҳовага хизмат қилишга бағишлашади. Лекин нима қилишларидан қатъи назар, улар келажак борасидаги ажойиб умидларини ёдда сақлашади. (1 Кор. 15:53; 2 Бутр. 1:4; 1 Юҳан. 3:2, 3; Ваҳ. 20:6)

СИЗ ҲАМ МОЙЛАНГАНМИСИЗ?

15. Қайси омиллар туфайли масиҳий ўзини мойланган деб ҳисоблаши мумкин, лекин нега бу доим ҳам у мойланган эканидан далолат бермайди?

15 Балки сиз ҳам ўзингизни мойлангандек ҳис қилаётгандирсиз. Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз, қуйидаги муҳим саволлар устида мулоҳаза юритиб кўринг: Хизматда шижоатлимисиз? «Худонинг чуқур донолигини» излаб, Унинг Каломини синчковлик ила ўрганасизми? (1 Кор. 2:10) Хизматингизда Худонинг ўзгача баракасини кўряпсизми? Яҳованинг иродасини бажаришга бўлган иштиёқингиз кучлими? Бошқаларга маънавий ёрдам беришда жон куйдирасизми? Яҳова шахсан Ўзи ҳаётингизда иштирок этаётганини кўряпсизми? Агар юқоридаги ҳамма саволларга иккиланмай «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, бу сизда ҳам самода яшаш умиди борлигини англатадими? Йўқ, ундай эмас. Негаки, бундай туйғулар Яҳованинг барча хизматчиларига хосдир ва уларнинг умиди қандай бўлишидан қатъи назар, Яҳова уларга Ўз руҳини беради. Агар умидингиз борасида иккиланаётган бўлсангиз, бу, мойланмаган эканингиздан далолат беради. Чунки мойланган масиҳий, Яҳова мени таклиф қилганми ё йўқми, деб ўйлаб ўтирмайди. У бунга аминдир!

16. Муқаддас руҳнинг таъсирини ўзларида ҳис қилганларнинг ҳаммаси ҳам осмонда яшаш умидига эга эмаслигини қаердан биламиз?

16 Худонинг Каломида Яҳованинг муқаддас руҳини олган кўплаб имонли одамлар ҳақида ёзилган. Аммо улар осмонда яшаш учун танланишмаган. Улардан бири Яҳё пайғамбардир. Исо уни мақтаган, аммо у Осмон Шоҳлигига кирмаслигини ҳам айтиб ўтган. (Мат. 11:10, 11) Довуд пайғамбарни ҳам муқаддас руҳ бошқарган. (1 Шоҳ. 16:13) Муқаддас руҳ унга Яҳова тўғрисида чуқур ҳақиқатларни тушунишга ёрдам берган ва бу руҳнинг таъсири остида Довуд Муқаддас Китобнинг айрим қисмларини ёзган. (Марк 12:36) Аммо шунга қарамай, Ҳосил байрамида Бутрус: «Довуд осмонга кўтарилмаган»,— деб айтган. (Ҳавор. 2:34) Ҳа, чиндан ҳам, муқаддас руҳ уларга ўзгача таъсир қилган, лекин улар барибир осмонда яшаш умидига эга бўлишмаган. Бироқ бу, улар нолойиқ эканини эмас, балки Яҳова уларни ер юзида абадий ҳаёт учун тирилтиришини билдирган. (Юҳан. 5:28, 29; Ҳавор. 24:15)

17, 18. а) Бугунги кунда Худонинг аксарият хизматчилари нимани сабрсизлик билан кутишяпти? б) Кейинги мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

17 Худонинг аксарият хизматчилари бугунги кунда осмонда яшаш умидига эга эмаслар. Улар Довуд, Яҳё пайғамбар ва бошқа қадимда яшаган содиқ хизматчилар сингари ер юзида абадий яшашга умид қилишади. Иброҳим каби улар ҳам Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлишни сабрсизлик билан кутишяпти. (Иброн. 11:10) Ҳозирги кунда осмонда яшаш учун танланганларнинг фақат оз қисми қолган. (Ваҳ. 12:17) Бу, 144 000 танлаб олинганларнинг кўпчилиги аллақачон садоқатини исботлаб, осмонга кўтарилганини англатади.

18 Ер юзида яшашга умиди борлар ўзини мойланган деб ҳисоблаганларга қандай муносабатда бўлиши даркор? Қутлуғ Кечлик маросими пайтида жамоатингиздан кимдир рамзлардан қабул қилса, бунга қандай қарайсиз? Осмонда яшаш умидига эга бўлганларнинг сони кўпайганидан хавотирга тушасизми? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.

^ абз. 4 (4- хатбоши) Эҳтимол, Ҳосил байрами Синай тоғида Мусога қонун берилган вақтга тўғри келган. (Чиқ. 19:1) Агар шундай бўлса, унда Мусо Исроил халқи билан тузилган аҳдда воситачи бўлганидек, Исо Масиҳ ҳам худди шу куни янги халқ, яъни рамзий Исроил билан аҳд тузилишида воситачилик қилган.

^ абз. 11 (11- хатбоши) Қайтадан туғилиш нимани англатиши ҳақида батафсилроқ билиб олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йилги 1 апрель сонидаги (рус) 3–11- саҳ. қаранг.