Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худо билан ҳамкорлик — хурсандчилик учун сабаб

Худо билан ҳамкорлик — хурсандчилик учун сабаб

Худо билан бирга меҳнат қилар эканмиз, Унинг иноятини қабул қилиб, бу иноят нима мақсадда кўрсатилганини назардан четда қолдирмасликни сизлардан илтимос қиламиз. 2 КОР. 6:1

ҚЎШИҚЛАР: 28, 44

1. Яҳова Олий Ҳукмдор бўлишига қарамай, бошқаларни нима қилишга таклиф этяпти?

ТАНГРИ ЯҲОВА — Олий Ҳукмдордир. У барча нарсанинг Яратувчиси ҳамда чексиз донолик ва қудрат Соҳибидир. Қадимда яшаган Аюб пайғамбар ҳам буни яхши билган. Яҳова Аюбдан Ўзининг ижодлари ҳақида сўраганида, у шундай жавоб берган: «Ҳа, биламан, Сен ҳамма нарсани қила оласан. Сенинг режаларингни ҳеч ким буза олмайди». (Аюб 42:2) Гарчи Яҳова барча режаларини ҳеч кимнинг ёрдамисиз амалга ошира олса ҳам, У бошқаларни Ўзи билан ҳамкорлик қилишга севги ила таклиф қилиб келяпти.

2. Яҳова Исога қандай муҳим ишни таклиф қилди?

2 Худонинг илк ижоди — Унинг ягона Ўғли Исодир. Яҳова барча нарсаларни, жумладан, руҳий ва жисмоний мавжудотларни яратаётганида, Исо Унга ёрдам берган. (Юҳан. 1:1–3, 18) Ҳаворий Павлус Исо ҳақида шундай деб ёзган: «Осмондаги ва ердаги бор мавжудот, кўринадиган ва кўринмайдиганларнинг бари: хоҳ тахт бўлсин, хоҳ ҳокимлик бўлсин, хоҳ ҳукумат, хоҳ ҳокимият бўлсин, унинг ёрдамида вужудга келди. Бунинг барчаси у орқали ва у учун яратилган». (Колос. 1:15–17) Шу йўсин Яҳова, Исо ҳам яратилиш ишларда иштирок этишига йўл қўйиб ва унинг муҳим ўрни ҳақида бошқаларга айтиб, Ўғлини улкан шарафга лойиқ деб топган!

3. Яҳова Одаматога қандай вазифани топширди ва нега?

3 Яҳова, шунингдек, инсонларни ҳам Ўзи билан ҳамкорлик қилишга таклиф этган. Масалан, У Одаматога ҳайвонларни номлаш вазифасини берган. (Ибт. 2:19, 20) Жонзотларни кузатиш, уларнинг табиатини ўрганиш ва ҳар бирига қандай ном мос келишини танлаш Одаматога улкан қувонч келтирган бўлса керак-а?! Яҳова ҳайвонларни яратгани учун, уларга Ўзи ном бериб чиқиши мумкин эди, аммо бу вазифани Одаматога топширди. Қолаверса, Худо Одаматога бутун ер юзини жаннатга айлантириш вазифасини ҳам берганди. (Ибт. 1:27, 28) Афсуски, вақт ўтиб Одамато Яҳова билан ҳамкорлик қилишдан воз кечди ҳамда ўзи ва авлодларининг бошига бахтсизликлар келтирди. (Ибт. 3:17–19, 23)

4. Инсонлар Худонинг иродасини бажаришда У билан қандай ҳамкорлик қилишган?

4 Кейинчалик Яҳова бошқа инсонларни ҳам У билан ҳамкорлик қилишга таклиф қилган. Масалан, Нуҳ пайғамбар кема қурган. Бу кема Буюк тўфон пайтида унинг ва оила аъзоларининг ҳаётини сақлаб қолган. Мусо Исроил халқини Мисрдан олиб чиқишда қатнашган. Ёшуа эса уларни ваъда қилинган юртга олиб кирган. Сулаймон Қуддусда маъбад қурган. Марям Исонинг онаси бўлган. Шу каби кўплаб садоқатли одамлар Яҳова билан ҳамкорлик қилиб, Унинг иродасини бажаришган.

5. Қандай ишда қатнашишимиз мумкин ва Яҳова бу ишда ёрдамимизга муҳтожми? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

5 Бугунги кунда Яҳова бизни Масиҳий Шоҳликни жон-жаҳдимиз билан қўллаб-қувватлашга таклиф қиляпти. Муқаддас хизматнинг турлари бисёр. Балки уларнинг ҳаммаси ҳам бизга тўғри келмас, аммо хушхабарни эълон қилишда барчамиз иштирок эта оламиз. Албатта, Яҳова бизни бу ишга жалб қилмаслиги мумкин эди. Зеро, У инсонлар билан тўғридан-тўғри осмондан туриб ҳам гаплаша оларди. Қолаверса, Исо айтганидек, Яҳова Масиҳий Шоҳлик ҳақида эълон қилиш учун ҳатто тошларни ҳам гапиртира олади. (Луқо 19:37–40) Лекин шунга қарамай, Яҳова бизга Унинг «хизматдошлари» бўлиш имконини беряпти. (1 Кор. 3:9) Буни ҳаворий Павлус қуйидагича тасдиқлаган: «Худо билан бирга меҳнат қилар эканмиз, Унинг иноятини қабул қилиб, бу иноят нима мақсадда кўрсатилганини назардан четда қолдирмасликни сизлардан илтимос қиламиз». (2 Кор. 6:1) Ҳа, Худо билан ҳамнафас бўлиб меҳнат қилиш — улкан шарафдир! Келинг, нега бу бизга чексиз қувонч келтиришининг айрим сабабларини кўриб чиқайлик.

ХУДО БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ БИЗНИ БАХТИЁР ҚИЛАДИ

6. Исо Отаси билан биргаликда меҳнат қилганини қандай тасвирлаган?

6 Қадим замонлардан бери Яҳованинг хизматчилари У билан ҳамкорлик қилишдан қувонч топишган. Ер юзига келишидан олдин Худонинг тўнғич Ўғли шундай деган: «Эгамиз ишини бошламасидан олдин, Ўз ишларининг бошида Менга эга эди. Мен унинг ёнида мусаввир эдим, қошида кундан-кунга завқланиб, доимо қувонардим». (Ҳик. 8:22, 30) Исо Отаси билан биргаликда хурсандчилик ила меҳнат қилган. У бажарган ишидан ҳамда Яҳова ундан мамнун эканидан қувонган. Биз ҳақимизда нима деса бўлади?

Одамларга ҳақиқатни айтишдан бошқа яна қандай қизиқарлироқ иш бўлиши мумкин? (7- хатбошига қ.)

7. Нега ваъзгўйлик иши бизга қувонч бағишлайди?

7 Исо олишнинг ҳам, беришнинг ҳам бахтиёрлиги бор, деб айтган. (Ҳавор. 20:35) Шубҳасизки, ҳақиқатни қабул қилганимизда, жуда хурсанд бўлганмиз, уни бошқалар билан бўлишиш эса, бизга янада кўпроқ қувонч келтиради. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни бошқалар билан бўлишганимизда, Худони таниб-билиб ҳамда Унинг Каломидаги қимматбаҳо билимларни тушуниб, уларни қадрлашни бошлаган маънан чанқоқ инсонларни кўрамиз. Улар нафақат фикрлаш тарзини, балки ҳаётларини ўзгартирганини кўриш қалбимизни жунбушга келтиради. Хушхабарни ваъз қилиш ҳаёт-мамот масаласи эканини барчамиз яхши тушунамиз. Бу, Худо билан ярашган инсонларга абадий яшаш имкониятини очиб беради. (2 Кор. 5:20) Ахир инсонларни абадий ҳаётга етаклайдиган йўлни топишга ёрдам беришдан бошқа яна қандай қувончли ва мазмунли ишни қилишимиз мумкин?!

8. Баъзилар Яҳова билан ҳамкорлик қилишдан қандай қилиб қувонч топишгани ҳақида айтиб беринг.

8 Тўғри, хушхабарни қабул қилган инсонларни кўриб қувонамиз. Яҳованинг қалбини хушнуд этаётганимизни ва У ҳаракатларимизни қадрлашини билиш бизга ундан-да кўпроқ хурсандчилик келтиради. (1 Коринфликларга 15:58 ни ўқинг.) Италияда яшайдиган Марко ўз ҳис-туйғулари билан бўлишиб, шундай деди: «Ишларимни тезда унутиб юборадиган инсонга эмас, балки Аллоҳ Яҳовага жон-жаҳдим билан хизмат қилаётганимни билишдан ғоят хурсандман». Италияда хизмат қиладиган Франко ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди: «Яҳова маънавий озуқа ва Каломи орқали ҳар куни бизни Ўз севгисига ишонтириб келяпти ва ҳатто назаримизда кичкина бўлиб кўринган ишларни ҳам қадрлашини эслатяпти. Шунинг учун, Худо билан ҳамкорлик қилиш мени бахтиёр қилиб, ҳаётимга маъно бағишлаяпти».

ХУДО БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ БИЗНИ УНГА ВА БОШҚАЛАРГА ЯҚИНЛАШТИРАДИ

9. Яҳова ҳамда Исонинг ўртасидаги муносабат қандай бўлган ва нега?

9 Яхши кўрган инсонларимиз билан ҳамкорлик қилганимизда, улар билан дўстлашиб, уларнинг шахсиятию фазилатларини яхшироқ ўрганамиз. Биз нафақат дўстларимизнинг мақсадларини, балки уларга қандай эришмоқчи эканликларини ҳам билиб оламиз. Исо Отаси билан, эҳтимол, миллиардлаб йиллар мобайнида ҳамкорлик қилган ва шу вақт ичида улар ўртасида яқин дўстона муносабатлар ривожланган. Уларнинг муносабати қанчалик яқин бўлганига ишора қилиб, Исо: «Мен билан Отам — бирмиз»,— деб айта олган. (Юҳан. 10:30) Уларнинг якдиллиги беқиёс ҳамкорликнинг мисоли бўлган.

10. Қандай қилиб ваъзгўйлик фаолияти бизни Худога ва бошқаларга яқинлаштиради?

10 Исо Отасига ибодат қилиб, шогирдларини ҳимоя қилишини сўраган. Нега? Бунинг сабаби ҳақида Исо: «Улар ҳам биз каби бир бўлишлари учун»,— деб айтган. (Юҳан. 17:11) Худонинг меъёрларига риоя қилганимизда ҳамда ваъзгўйлик ишида иштирок этганимизда, Унинг жозибадор фазилатларини янада яхшироқ билиб оламиз. Шунда Унга умид боғлаш ва Унинг йўл-йўриқларига бўйсуниш қанчалар оқилона эканига амин бўламиз. Аллоҳга яқинлашганимизда, У ҳам бизга яқинлашади. (Ёқуб 4:8 ни ўқинг.) Шунингдек, биз имондошларимиз каби қийинчиликлару хурсандчиликларни бошдан кечираётганимиз ва ўхшаш мақсадлар сари интилаётганимиз туфайли, орамиздаги муносабатлар янада мустаҳкамланади. Ҳа, биз бирга ҳамкорлик қиламиз, бирга қувонамиз, қийинчиликларни ҳам биргаликда енгамиз. Британиялик Октавия шундай дейди: «Яҳова билан ҳамкорлик қилиш мени бошқалар билан бирлаштиради, сабаби, энди дўстларим билан юзаки ўхшашлик эмас, балки умумий бир мақсад ва йўл-йўриқ боғлаб туради». Шубҳасизки, бизга ҳам бундай туйғулар таниш. Бошқаларнинг Худони мамнун қилиш учун қилган саъй-ҳаракатларини кўриб, биз чиндан ҳам уларга яқинлашамиз.

11. Қай йўсин янги дунёда Яҳова ҳамда имондошларимизга янада яқинлашамиз?

11 Ҳозир Худо ва имондошларимизга бўлган севгимиз кучли, лекин адолатли янги дунёда ундан-да кучлироқ бўлади. Бизни яқин келажакда кутаётган улкан ишлар ҳақида бир ўйлаб кўринг-а! Ўшанда тирилганларни кутиб олиб, уларга Яҳова ҳақида таълим берамиз. Қолаверса, биз ер юзини жаннатга айлантиришда иштирок этамиз. Жаннатда ишнинг катта-кичиги бўлмайди, сабаби, барчамиз қувониб елкама-елка меҳнат қиламиз ҳамда Масиҳий Шоҳликнинг бошқаруви остида мукаммаллик сари интиламиз! Шунда барча одамлар бир-бирига ҳамда Аллоҳга янада яқинлашишади. У эса, ўз ўрнида, «жамики жонзотнинг истагини қондиради». (Заб. 144:16)

ХУДО БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ — ҲИМОЯДИР

12. Қайси маънода ваъзгўйлик фаолияти бизга ҳимоядир?

12 Биз маънавийлигимизни асрашимиз керак. Шайтон Иблис бошқараётган дунёда яшаётганимиз ва номукаммаллигимиз сабабли, дунёнинг разил фикрлаш тарзию хулқ-атворига тақлид қила бошлашимиз мумкин. Дунёнинг руҳини, биз истамаган томонга олиб кетаётган дарёнинг оқимига ўхшатса бўлади. Дарёнинг суви бизни оқизиб кетмаслиги учун жон-жаҳдимиз билан бу оқимга қарши сузишимиз даркор. Шайтоннинг дунёси бизни ўз домига тортиб кетишини хоҳламасак, биздан худди шундай ҳаракат талаб қилинади. Бошқаларга ваъз қилганимизда, диққатимизни имонимизни емирадиган фикрларга эмас, балки муҳим ва фойдали бўлган маънавий фикрларга қаратамиз. (Филип. 4:8) Ваъзгўйлик фаолияти бизга Аллоҳнинг ваъдалари ва севги ила берилган меъёрлари ҳақида эслатиб, эътиқодимизни мустаҳкамлайди. Бу бизга маънавий қурол-аслаҳаларимизни Шайтон дунёсининг таъсиридан сақлашга ёрдам беради. (Эфесликларга 6:14–17 ни ўқинг.)

13. Австралиялик биродаримиз ваъзгўйлик иши ҳақида қандай фикрда?

13 Агар ваъзгўйлик иши ва бошқа маънавий тадбирлар билан доимо банд бўлсак, шахсий муаммоларимиз ҳақида ташвишланишга вақтимиз қолмайди ва бу бизни ҳимоялайди. Австралиялик Жоэл шундай фикр билдирди: «Ваъзгўйлик иши менга дунёдаги воқеалардан хабардор бўлиб туришга кўмаклашади. Бу, одамлар қандай қийинчиликларга дуч келишаётганини ва Муқаддас Китоб меъёрларини қўллаш менга қандай фойда келтирганини эслатиб туради. Ваъзгўйлик фаолияти камтарин бўлиб қолишимга ёрдам беради ҳамда Яҳовага ва имондошларимга таянишга имкон яратади».

14. Худонинг муқаддас руҳи бизни хизматда қўллаб-қувватлаётганига қандай амин бўляпмиз?

14 Шунингдек, ваъзгўйлик орқали Худонинг руҳи бизни қўллаб-қувватлаётганига бўлган ишончимиз ошиб боради. Фараз қилинг, сизга бир иш таклиф қилишди. Бу иш маҳаллангиздаги одамларга нон тарқатишдан иборат, аммо бу учун сизга на иш ҳақи берилади, на харажатларингиз қопланади. Қолаверса, вақт ўтиб, аксарият одамлар нонни олмаслигини ва нон тарқатиб юришингиз уларнинг аччиғини келтиришини билиб оласиз. Бундай ишда қанчалик узоқ ишлай олардингиз? Одамларнинг бундай салбий муносабати дастидан сизда бу ишни давом эттиришга куч қолмаслиги мумкин. Лекин ношукур одамлар бизни масхара қилиб, менсишмаётганига қарамай, кўпчилигимиз йилдан-йилга ўз ҳисобимиздан ваъзгўйликда қатнашиб келяпмиз. Бу, Худонинг руҳи бизга ёрдам бераётганидан далолат эмасми?!

ХУДО БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ УНГА ВА БОШҚАЛАРГА БЎЛГАН СЕВГИМИЗНИ КЎРСАТАДИ

15. Хушхабарни ваъз қилиш Яҳованинг одамзодга нисбатан нияти билан қандай боғлиқ?

15 Хушхабарни ваъз қилиш Яҳованинг одамзодга нисбатан нияти билан қанчалик чамбарчас боғлиқ экани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Худонинг ниятига кўра, одамлар ер юзида абадий яшашлари керак эди. Гарчи Одамато гуноҳ қилган бўлса-да, Яҳова Ўз ниятидан қайтгани йўқ. (Ишаё 55:11) Аксинча, Аллоҳ инсониятни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод қилиш учун чора кўрди. Исо Отасининг ниятига мувофиқ йўл тутиб, ер юзига келди ва итоаткор инсонлар учун ҳаётини қурбон қилди. Бироқ итоаткор бўлиш учун одамлар Аллоҳ улардан нима талаб қилаётганини билиб олишлари даркор эди. Шунинг учун ҳам Исо Худонинг талабларини одамларга ўргатди ва бу ишни шогирдларига ҳам топширди. Демак, инсонларга Аллоҳ билан ярашишга ёрдам берганимизда, одамзодни гуноҳ ва ўлимдан халос этишда Худо билан ҳамкорлик қилган бўламиз.

16. Ваъзгўйлик иши Худонинг энг муҳим қонун-қоидалари билан қандай боғлиқ?

16 Бошқаларга абадий ҳаётга эришишга ёрдам берсак, уларга ва Яҳовага бўлган севгимизни кўрсатган бўламиз. «Чунки У [Яҳова], ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини истайди». (1 Тим. 2:4) Исодан Исроил халқига берилган амрлардан қайси бири энг муҳим эканини сўрашганларида, у шундай жавоб берган: «“Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев”. Бу биринчи ва энг муҳим амрдир. Иккинчиси эса унга ўхшаш: “Яқинингни ўзингни севгандай сев”». (Мат. 22:37–39) Ваъзгўйлик ишида қатнашсак, ушбу қонун-қоидаларга риоя қилганимизни кўрсатган бўламиз. (Ҳаворийлар 10:42 ни ўқинг.)

17. Хушбахарни ваъз қилиш топшириғи сизда қандай туйғулар уйғотади?

17 Оҳ, нақадар бахтлимиз! Зеро, Яҳова бизга қизиқарли вазифа берган ва бу бизни Унга ва бошқаларга яқинлаштириб, маънавийлигимизни асрашга хизмат қилади. Қолаверса, бу топшириқни бажарганимизда, Аллоҳга ва бошқаларга севгимизни намоён этамиз. Ер юзи бўйлаб Худо хизматчиларининг шароитлари кескин фарқ қилади, аммо миллионлаб хизматчилар ёш ё қари, бой ё камбағал, бақувват ё нимжон бўлишларига қарамай, ҳақиқатни бошқаларга айтиш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишяпти. Францияда яшовчи Чантелнинг қуйидаги сўзларига сиз ҳам қўшилсангиз керак: «Коинотдаги энг қудратли Шахс, бор мавжудотнинг Яратувчиси, бахтиёр Худо менга шундай демоқда: “Бор! Ваъз қил! Мен ҳақимда гапир! Буни астойдил қил! Мен сенга ўз вақтида кучимни, Каломимни, фаришталаримни, ердаги хизматчиларимни, узлуксиз таълимни ва аниқ йўл-йўриқларни бериб, ёрдамга келаман.” Ҳа, Яҳова биздан талаб қилаётган нарсаларни бажариш ва У билан ҳамкорлик қилиш — юксак шарафдир!»