2 Халос қилади
Айрим муаммолар йиллар ўтгани сайин чигаллашиб боради. Баъзида улар илдиз отиб кетганини сезмай қолишимиз мумкин. Бундай чигал ва умидсизликка туширадиган муаммоларни енгиш учун Муқаддас Китоб бизга донолик бера оладими? Келинг, айрим мисолларни кўриб чиқайлик.
ҲАДДАН ТАШҚАРИ ТАШВИШЛАНИШ
Роузи исмли бир қиз: «Мен муаммони тасаввуримда шунчалик бўрттириб юборар эдимки, у хаёлимдан кетмай қоларди»,— деб бўлишди. Унга Муқаддас Китобдаги қайси оятлар ёрдам берди? Масалан, Матто 6:34 даги мана бу сўзлар: «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади. Ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари бор». Роузининг айтишича, Исо пайғамбарнинг бу сўзлари унга эртага нима бўлиши ҳақида ташвишланмасликка ёрдам беряпти. У: «Шундоқ ҳам ташвишларим етарли. Ҳали юз бермаган, эҳтимол, умуман юз бермайдиган нарсалар ҳақида хавотирланишнинг нима кераги бор?!» — деб қўшиб қўйди.
Ясмин ҳам ўзини ташвишларга кўмилиб кетгандай ҳис қиларди. У шундай деди: «Ҳафтасига бир неча кунлаб йиғлардим ва баъзан кечалари ухлай олмасдим. Салбий фикрлар мени еб битираётгандай туюларди». Унга қайси оят қўл келган? Унга 1 Бутрус 5:7 даги: «Барча ғам-ташвишларингизни [Худога] ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади»,— деган сўзлар ёрдам берган экан. Ясмин шундай деди: «Яҳовага тинмай ибодат қилардим ва У ибодатларимга жавоб берарди. Шунда елкамдан тоғ ағдарилгандай бўларди. Ҳозир ҳам хаёлимга салбий фикрлар келиб туради, аммо улар билан курашишни ўргандим».
ИШНИ ПАЙСАЛГА СОЛИШ
Изабелла исмли бир қиз шундай деб бўлишди: «Ишни пайсалга солиш менга мерос бўлиб ўтган деб ўйлардим, чунки дадам ҳам шундай қиларди. Муҳим ишларни бажариш ўрнига, шунчаки дам олардим ёки телевизор томоша қилардим. Бу зарарли одат дастидан стресс ортиб боради ва қилган ишингиз сифатли бўлмайди». Унга 2 Тимўтийга 2:15 да ёзилган қуйидаги принцип устида мулоҳаза юритиш ёрдам берди: «Ўзингни Аллоҳга мақбул,.. Унинг ишини бажаришдан уялмайдиган ишчи сифатида тақдим этиш учун имкон борича ҳаракат қил». Изабелла: «Ишни пайсалга солиш одатим дастидан Яҳова уятга қолишини истамасдим»,— деди. Ҳозир у сезиларли даражада ўзгарди.
Келси ҳам шунга ўхшаш муаммога дуч келган. У шундай деди: «Менга бирор ишни топширишса, уни бажаришни охирги сониягача чўзардим. Кейин йиғлардим ва ташвишланиб ухлай олмасдим. Бу эса менга ёмон таъсир қиларди». Ҳикматлар 13:16 даги мана бу сўзлар Келсини ҳаракатга ундади: «Заковатли одам билимига мувофиқ йўл тутади, аҳмоқ эса аҳмоқлигини ошкор қилиб қўяди». Унинг айтишича, бу оят устида мулоҳаза юритиш қуйидаги хулосага келишга ундади: «Омилкор бўлиш ва олдиндан режалаштириш доноликдан далолат беради. Ҳозир бир дафтарга қилинадиган ишларим рўйхатини ёзиб бораман ва уни доим столим устида сақлайман. Бу одат ишларни сўнгги дақиқагача чўзмай, вақтида қилишимга ёрдам беради».
ЁЛҒИЗЛИК ҲИССИ
«Эрим мени тўртта ёш болам билан ташлаб кетди»,— деб бўлишди Кирстен. Унинг вазиятида Муқаддас Китобдаги қайси принцип қўл келди? Ҳикматлар 17:17 да: «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади»,— дейилган. Кирстен ўзи каби Яҳовага топинадиган кишилардан ёрдам сўради. Бунинг натижаси қандай бўлди? У шундай деди: «Дўстларим мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди! Айримлари остонамга озиқ-овқат ва гул ташлаб кетишарди. Биз уч марта бир уйдан бошқасига кўчганимизда, улар кўпчилик бўлиб ёрдамга келишди. Улардан бири иш топишимга ёрдам берди. Дўстларим мени ҳечам ташлаб қўйишмади».
Ўтган мақолаларда тилга олинган София ҳам ёлғизлик ҳисси билан курашган. Ҳамма нарсасидан айрилган пайтларини эслаб, у: «Атрофимда ҳамма биргаликда бахтли яшаётгандай туюларди. Мен эса ўзимни ниҳоятда ёлғиз ҳис қилардим»,— деди. Унга ёрдам берган оятлардан бири Забур 68:6. У ерда: «Ёлғиз инсонларни Тангри уй-жойли қилади»,— деб ёзилган. София шундай тушунтирди: «Бу оятда фақатгина том маънодаги уй назарда тутилмаган. Худо бизга рамзий уйни таклиф қилаётганини тушуниб етдим. У ерда биз Яҳовани яхши кўрадиган одамлар билан яқин муносабатларга эга бўлиб, ўзимизни хавфсиз ҳис этишимиз мумкин. Бироқ шуни биламанки, Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлмай туриб, ўша одамлар билан дўстлаша олмайман. Бу борада менга Забур 37:4 даги: “Тангри Яҳова қувончинг манбаи бўлсин, шунда У дилингдаги орзуларингга етказади”,— деган сўзлар ёрдам берди».
София шундай хулоса қилди: «Худованд Яҳова билан янада яқин муносабатларни ривожлантиришим кераклигини англадим. Чунки У энг яхши Дўст. Кейин мен бошқалар билан биргаликда қила оладиган ишлар рўйхатини туздим. Бу туфайли Яҳовани яхши кўрадиган кишилар билан дўстлашиб олдим. Мен бошқаларнинг яхши фазилатларини кўришни, камчиликларига эса эътибор бермасликни ўргандим».
Тўғри, Худога хизмат қиладиган инсонлар ҳам мукаммал эмас. Яҳованинг Шоҳидлари ҳамма қатори муаммолар билан курашишади. Бироқ Муқаддас Китобдан ўрганган нарсалари уларни имкон қадар бошқаларга ёрдам беришга ундайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш оқилонадир. Аммо бугунги кунда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар, масалан, сурункали касаллик ва яқинини йўқотиш азоби билан курашишда Муқаддас Китоб принциплари ёрдам бера оладими?
Муқаддас Китоб принципларини қўллаш ғамхўр дўстларни топишга ёрдам беради