Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худони таниб-билиш сизга қандай фойда келтиради?

Худони таниб-билиш сизга қандай фойда келтиради?

Ушбу мақолалар туркумида биз «Худо аслида қанақа?» деган саволга жавоб топишга ёрдам берадиган турли омилларни бирин-кетин кўриб чиқдик. Биз Муқаддас Китобга кўра Худонинг исми Яҳова эканини ва Унинг асосий фазилати севги эканини кўриб чиқишдан бошладик. Шунингдек, У инсонлар учун нималар қилгани ва келажакда нималар қилмоқчи эканини муҳокама қилдик. Аллоҳ ҳақида билиб олишимиз мумкин бўлган нарсалар жуда кўп, аммо сизни «Бундан менга нима фойда?» деган савол қизиқтириши мумкин.

Яҳова шуни ваъда беряптики, Уни излаганлар албатта топади. (1 Солномалар 28:9) Худони таниб-билганингиз ва излаганингиз сайин, ниҳоятда қимматбаҳо ҳадяга, яъни «У билан яқин дўст бўлиш» имконига эга бўласиз! (Забур 25:14) Бундай дўстлик сизга қандай фойда келтиради?

Ҳақиқий бахтга эришасиз. Яҳова «бахтиёр Тангри» деб аталган. (1 Тимўтийга 1:11) Унга яқинлашсангиз ва Унинг йўлларидан юрсангиз, ҳақиқий бахтга эришасиз. Бу эса сизга ҳиссан, руҳан ва жисмонан яхши таъсир қилади. (Забур 33:12) Зарарли ҳаёт тарзидан қочиб, фойдали одатларни ҳамда бошқалар билан яхши муносабатларни ривожлантирсангиз, бахтли ҳаёт кечирасиз. Шунда сиз ҳам сано бастакорининг мана бу сўзларига қўшилсангиз керак: «Мен учун Худога яқинлашиш қанчалар яхши!» (Забур 73:28)

Худонинг ғамхўрлиги ва эътиборини ўзингизда ҳис қиласиз. Яҳова Ўз хизматчиларига: «Сендан кўзимни узмай, маслаҳат бераман»,— деб ваъда бермоқда. (Забур 32:8) Бу Яҳова ҳар бир хизматчисига алоҳида эътибор бериб, уларнинг ўзгача эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишини англатади. (Забур 139:1, 2) Тангри Яҳова билан яқин муносабатларни ривожлантирсангиз, У доим ёнингизда эканини ҳис қиласиз.

Сизни порлоқ келажак кутади. Худованд Яҳова нафақат ҳозир бахтли ва мазмунли ҳаёт кечиришингизга ёрдам беради, балки сиз учун порлоқ келажакка йўл очмоқда. (Ишаё 48:17, 18) Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3) Ушбу қийин вақтларда Худо тақдим этаётган умид биз учун «лангардек ишончли ва мустаҳкамдир». (Ибронийларга 6:19)

Биз Худони яхшироқ таниб-билиш ва У билан шахсий муносабатларни ривожлантириш кераклигининг муҳим сабабларидан бир нечтасини муҳокама қилдик. Бу борада кўпроқ маълумот олиш учун сиз Яҳова Шоҳидларининг бири билан суҳбатлашишингиз ёки jw.org сайтига киришингиз мумкин.