Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худонинг Шоҳлиги нималарни амалга оширади?

Худонинг Шоҳлиги нималарни амалга оширади?

Исо пайғамбар шогирдларига Шоҳлик келиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган. У ер юзида содир бўлаётган даҳшатли воқеалар Худонинг ниятига кирмаганини ва Худонинг Шоҳлиги муаммоларни бартараф эта оладиган ягона ҳукумат эканини билган. Хўш, Худонинг Шоҳлиги нималарни амалга оширади?

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ НИМАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРГАН?

Ўтган мақолада Ҳазрати Исо айтиб ўтган белгини кўриб чиқдик. Ушбу белги — Исо Масиҳ бошқаруви остидаги Аллоҳнинг Шоҳлиги осмонда ўрнатилганининг кўзга кўринадиган яққол далилидир.

Муқаддас Китобда Исо тахтга ўтириши билан Шайтон ва жинларни осмондан улоқтириши башорат қилинганди. Энди улар фақатгина ер юзига ўз таъсирини ўтказа олишади. Бу эса 1914 йилдан бери ер юзидаги аҳвол кескин ёмонлашиб кетаётганининг сабабларидан биридир. (Ваҳий 12:7, 9)

Дунёдаги вазият оғирлашиб бораётганига қарамай, Исо алайҳиссалом Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида бутун ер юзидаги инсонларга ёрдамлашиш учун анча меҳнат қиляпти. Исо томонидан каромат қилинган Муқаддас Китоб умумжаҳон маърифат иши туфайли кўплаб одамлар илоҳий принципларни ўрганишяпти ва уларни кундалик ҳаётларида қўллашяпти. (Ишаё 2:2–4) Миллионлаб инсонлар қандай қилиб оилада бахтга эришиш мумкинлигини, шунингдек, иш ёки моддий нарсаларга берилиб кетмасликни ўрганишяпти. Улар бу таълимдан ҳозирнинг ўзида фойда олиш-япти ва Худо Ўз Шоҳлигида кўришни истайдиган фуқаролар бўлишяпти.

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ ЯНА НИМАЛАР ҚИЛАДИ?

Гарчи Ҳазрати Исо самода аллақачон бошқараётган бўлса-да, инсоний ҳукуматлар ер юзи устидан ҳамон ҳокимлик қилиб келмоқда. Аммо Худо Исога: «Бориб душманларинг орасида ҳукмронлик қил»,— деб амр этган. (Забур 110:2) Яқинда Шоҳ Исо барча душманларини батамом йўқ қилади ва Худога тайёрлик билан бўйсунаётган инсонларни жамики муаммолардан халос этади.

Тез орада Худонинг Шоҳлиги қуйидаги ишларни амалга оширади:

  • Сохта динга батамом чек қўяди. Худо ҳақида сохта таълимотлар ўргатиб, одамларнинг ҳаётини қийинлаштираётган динлар йўқ қилинади. Аллоҳнинг Каломи сохта динни фоҳиша сифатида тасвирлайди. Унинг ҳалокати кўпларни ларзага туширади. (Ваҳий 17:15, 16)

  • Инсоний бошқарувга якун ясайди. Худонинг Шоҳлиги барча инсоний ҳукуматларни йўқ қилиш учун амалий чоралар кўради. (Ваҳий 19:15, 17, 18)

  • Ёвуз одамларни йўқ қилади. Қабиҳ ишларга муккасидан кетган ва Худога бўйсунишни истамаётган кишилар билан нима бўлади? «Ёвузлар... ер юзидан қириб ташланади». (Ҳикматлар 2:22)

  • Шайтонни ва жинларни қириб ташлайди. Шайтон ва жинлари бошқа ҳеч қачон «халқларни йўлдан оздира» олишмайди. (Ваҳий 20:3, 10)

Буларнинг бари Худо Шоҳлигининг тарафдори бўлган инсонлар учун нимани англатади?

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ ИНСОНИЯТГА ҚАНДАЙ БАРАКАЛАР ЁҒДИРАДИ?

Ҳазрати Исо осмонда Шоҳ сифатида бошқараётганида ҳеч бир ҳукмдор қила олмаган ишларни амалга оширади. Инсонлар орасидан танланган ва у билан ҳукм сурадиган 144 000 киши унга бу ишда кўмаклашади. (Ваҳий 5:9, 10; 14:1, 3) У Аллоҳнинг иродаси ер юзида бажарилишига ғамхўрлик қилади. Худонинг Шоҳлиги ер аҳлига қандай баракалар ёғдиради?

  • Касалликлар ва ўлимни бартараф қилади. «Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди» ва «ўлим... бошқа бўлмайди». (Ишаё 33:24; Ваҳий 21:4)

  • Ҳақиқий тинчлик ва хавфсизлик ўрнатади. «Уларнинг тинчлиги чексиз бўлади» ва «уларнинг ҳар бири ўзининг токи ва анжир дарахти тагида ўтиради. Уларни ҳеч ким даҳшатга солмайди». (Ишаё 54:13; Михо 4:4)

  • Мазмунли иш билан таъминлайди. «Танлаганларим ўз қўллари меҳнатининг роҳатини кўради. Улар беҳудага меҳнат қилмайди». (Ишаё 65:22, 23)

  • Атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилади. «Саҳро ва қақраган ер қувонади, дашт-биёбон шодланиб, заъфарон каби гуллайди». (Ишаё 35:1)

  • Абадий яшаш учун нима қилиш кераклигини одамларга ўргатади. «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3)

Худо юқорида тилга олинган баракалардан баҳраманд бўлишингизни хоҳлайди. (Ишаё 48:18) Навбатдаги мақолада ушбу ажойиб келажакни қўлга киритиш учун ҳозирдан қандай чоралар кўришингиз мумкинлиги тушунтирилади.