Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Дунёнинг охири келадими?

Дунёнинг охири келадими?

Эҳтимол, Муқаддас Китобда дунёнинг охири ҳақида айтилганини биларсиз. (1 Юҳанно 2:17) Бу ҳамма одамлар қирилиб кетишини англатадими? Ер юзида ҳаёт тугайдими? Сайёрамиз бутунлай йўқ бўлиб кетадими?

МУҚАДДАС КИТОБДА БУ САВОЛЛАРГА «ЙЎҚ» ДЕБ ЖАВОБ БЕРИЛГАН

Нима йўқ қилинмайди?

ИНСОНИЯТ

Муқаддас Китобда нима дейилган? «Тангри Ерни бекорга эмас, инсонлар яшаши учун барпо этган». (ИШАЁ 45:18)

ЕР САЙЁРАСИ

Муқаддас Китобда нима дейилган? «Бир авлод ўтиб, бошқаси келади, лекин ер абадий туради». (ВОИЗ 1:4)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Аллоҳнинг Каломига кўра, Ер ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди ва унда ҳамиша инсонлар яшайди. Агар шундай бўлса, дунёнинг охири деганда нима назарда тутилади?

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Муқаддас Китобда бу дунёнинг охири яқинлашаётган пайт Нуҳ пайғамбарнинг даври билан солиштирилган. Ўшанда ер «зўравонликка тўлиб кетган» эди. (Ибтидо 6:13) Лекин Нуҳ одил инсон бўлган. Шунга Худо уни ва оиласини сақлаб қолган, ёвуз инсонларни эса тўфон билан йўқ қилган. Бу борада Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: «Ўша қадимги дунё сувлар остида қолиб, йўқ бўлиб кетган». (2 Бутрус 3:6) Шу тариқа ўша дунё охирига етган. Хўш, ўшанда нима йўқ қилинган? Ер эмас, балки ундаги ёвуз одамлар. Демак, Муқаддас Китобда дунёнинг охири ҳақида айтилганида, Ер сайёраси эмас, аксинча, ёвуз инсонлар йўқ қилиниши ва уларнинг ёмон ишларига чек қўйилиши назарда тутилади.

Нима йўқ қилинади?

МУАММОЛАР ВА ЁВУЗЛИК

Муқаддас Китобда нима дейилган? «Яна бир оздан сўнг ёвузлар йўқ бўлади, уларнинг жойига қарайсан-у, аммо уларни топа олмайсан. Камтар кишилар эса ер юзига эгалик қилади, улар тинчлик-хотиржамликда умр кечириб, беҳад шод бўлади». (ЗАБУР 37:10, 11)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Нуҳнинг давридаги Тўфон ёвузликни буткул йўқ қилмаган эди. Тўфондан сўнг ёвуз кимсалар яна одамларга озор бера бошлашди. Лекин яқинда Аллоҳ ёвузликка чек қўяди. Сано бастакори айтганидай, «ёвузлар йўқ бўлади». Худо ёвузликни Ўз Шоҳлиги, яъни одил инсонлар устидан бошқарадиган ягона самовий ҳукумати ёрдамида йўқ қилади.

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Ер юзидаги ҳукмдорлар Худонинг Шоҳлигига бажонидил итоат этишадими? Муқаддас Китобда айтилишича, улар бундай қилишмайди, аксинча, нодонларча Худонинг Шоҳлигига қарши чиқишади. (Забур 2:2) Натижада нима юз беради? Худонинг Шоҳлиги барча инсоний ҳукуматларнинг ўрнини эгаллаб, «ўзи абадий туради». (Дониёр 2:44) Бироқ нега инсоний бошқарувга чек қўйилиши керак?

Инсоний бошқарувга ЧЕК ҚЎЙИЛИШИ КЕРАК

Муқаддас Китобда нима дейилган? «Одамга ҳатто ўз қадамларини йўналтириш ваколати берилмаган». (ЕРЕМИЁ 10:23)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Инсонлар ўзини-ўзи бошқарадиган қилиб яратилмаган. Шунга улар бошқа одамларни бошқаришга ва уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ожиз.

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Бир энциклопедияга кўра, «қашшоқлик, очарчилик, касаллик, табиий офат, уруш ёки бошқа зўравонликларни бартараф этиш» алоҳида ҳукуматларнинг қўлидан келмайдиганга ўхшайди. («Britannica Academic») У ерда яна: «Айримларнинг фикрича, фақатгина дунё устидан ўрнатилган ягона бошқарув бу муаммоларни узил-кесил ҳал қила олади»,— дейилган. Аммо барча инсоний ҳукуматлар бирлашса ҳам, дунёни юқорида тилга олинган муаммоларга чек қўя олмайдиган номукаммал инсонлар бошқарган бўларди. Аслида фақатгина Худонинг Шоҳлиги барча глобал муаммоларни бутунлай бартараф эта оладиган ҳукуматдир.

Муқаддас Ёзувларга биноан, яхши инсонлар бу дунёнинг охиридан, яъни ёмон ишларга чек қўйиладиган пайтдан қўрқмасликлари, аксинча, уни интиқиб кутишлари лозим. Чунки ўшанда ҳозирги ёвуз дунёнинг ўрнини Худо бошқарадиган янги дунё эгаллайди.

Буларнинг бари қачон содир бўлади? Бу ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилганини кейинги мақоладан билиб оламиз.