Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Кексалик ва ўлимнинг сабаби

Кексалик ва ўлимнинг сабаби

ЎЛИМ Худонинг инсониятга нисбатан ниятига кирмаган. Илк ота-онамиз бўлмиш Одамато ва Момоҳаво ақлан ва жисмонан мукаммал қилиб яратилган эди; улар ҳозиргача тирик бўлишлари мумкин эди. Бу Яҳованинг Одаматога Адан боғида ўсган бир дарахт ҳақида айтган сўзларидан аниқ кўриниб турибди.

Худо Одаматога: «Ундан [дарахтдан] еган куни ўласан»,— деган. (Ибтидо 2:17) Агар Худо Одаматони қариб, ўладиган қилиб яратганида, бу амрни беришдан ҳеч қандай маъно бўлмасди. Одамато дарахтнинг мевасидан емаса, ўлмаслигини биларди.

ИНСОНЛАРНИНГ ЎЛИШИ ХУДОНИНГ НИЯТИГА КИРМАГАН

Одамато билан Момоҳаво ҳаётини давом эттириш учун бу дарахтнинг мевасидан ейишлари шарт эмасди, чунки боғда бошқа кўплаб мевали дарахтлар бор эди. (Ибтидо 2:9) Бу дарахтнинг мевасидан емай илк жуфтлик уларга ҳаёт ато этган Зотга итоаткор эканлигини кўрсатишарди. Қолаверса, Худо уларга йўл-йўриқ беришга ҳақли эканини тан олаётганини намоён этишарди.

ОДАМАТО ВА МОМОҲАВО НЕГА ЎЛИШГАН?

Одамато билан Момоҳаво нега ўлишганини тушуниш учун, барчамизга ўз таъсирини ўтказган бир суҳбатга эътибор қаратишимиз лозим. Шайтон Иблис зиён етказиш мақсадида илон орқали ёлғон гапирган. Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Худованд Яҳова яратган барча ёввойи жониворлар ичида энг эҳтиёткори илон эди. У аёлдан: “Худо боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтгани ростми?” — дея сўради». (Ибтидо 3:1)

Момоҳаво унга шундай жавоб берган: «Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин. Лекин Худо боғнинг ўртасидаги дарахтнинг меваси ҳақида: “Ундан еманглар, унга тегманглар. Акс ҳолда, ўласизлар”,— деб айтган». Бунга жавобан илон унга шундай деган: «Асло ўлмайсизлар. Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар». Шу тариқа, Шайтон Яҳовани илк ота-онамиздан яхши нарсаларни яширадиган ёлғончига чиқарган. (Ибтидо 3:2–5)

Момоҳаво эшитганларига ишонган. У дарахтга яхшилаб қараганида, унинг меваси кўзга ёқимли кўринган. Шунда у мевани олиб ея бошлаган. Воқеанинг давоми ҳақида Муқаддас Китобда: «Кейин эри унинг ёнига келганида, унга ҳам берди ва эри ҳам еди»,— дейилган. (Ибтидо 3:6)

Худо Одаматога: «Ундан еган куни ўласан»,— деган. (ИБТИДО 2:17)

Болалар қулоқ солмаганида ота хафа бўлгани сингари, Худо ҳам илк жуфтлик била туриб Унга итоат этмаганида ниҳоятда ранжиган. Бу вазиятда У қандай йўл тутган? Яҳова Одаматога: «Сен тупроқдан яралгансан ва тупроққа қайтасан... Чунки сен тупроқдирсан ва тупроққа қайтасан»,— деб айтган. (Ибтидо 3:17–19) Шу боис «Одам ҳаммаси бўлиб 930 йил умр кўрди ва ҳаётдан кўз юмди». (Ибтидо 5:5) Ўлгач, Одамато осмонга ёки нариги дунёга кетмаган. Яҳова уни тупроқдан яратгунига қадар у ҳеч қаерда мавжуд бўлмаган. Шунинг учун ўлганида у ўзи олинган тупроқ каби яна жонсиз бўлиб қолган ва йўқ бўлиб кетган. Қанчалик аянчли!

НЕГА БИЗ МУКАММАЛ ЭМАСМИЗ?

Била туриб итоатсизлик қилишгани учун Одамато ва Момоҳаво мукаммалликдан ва абадий яшаш истиқболидан маҳрум бўлишди. Уларнинг жисмоний ҳолати ўзгарди; улар номукаммал ва гуноҳкор бўлиб қолишди. Худога итоатсизлик қилгани туфайли гуноҳ нафақат уларнинг ўзларига таъсир қилди, балки авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтди. Римликларга 5:12 да шундай дейилган: «Битта одам [Одамато] дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган».

Муқаддас Китобда гуноҳ ва ўлимга «барча халқлар устидаги ёпинчиқ» ва «ҳамма миллатлар устидаги қоплама» деб таъриф берилган. (Ишаё 25:7) Бу ўхшатма инсоният гуноҳ ва ўлимдан қочиб қутула олмаслигини англатади. Дарҳақиқат, «Одамато дастидан ҳамма ўлимга дучор бўлган». (1 Коринфликларга 15:22) Худонинг хизматчиси Павлус кўтарган қуйидаги савол бизни ҳам қизиқтиради: «Ўлимга дучор бўладиган мана шу танамдан мени ким қутқаради?» Бу кимнингдир қўлидан келадими? (Римликларга 7:24)