Асосий материалларга ўтиш

Экстремал спорт. Таваккал қилишга арзийдими?

Экстремал спорт. Таваккал қилишга арзийдими?

Муқаддас Китоб нуқтаи назари

Экстремал спорт. Таваккал қилишга арзийдими?

«Бугунги кунда аксарият одамлар экстремал спорт турларини, жумладан, парашют билан сакраш, арқон билан тоғдан тушиш, қайиқда шаршарадан тушиш ёки акула билан сузишни нафақат томоша қилишади, балки шунчаки кўнгилхушлик учун мана шу спорт турлари билан шуғулланишади». («THE WILLOW GLEN RESIDENT NEWSPAPER»)

Мазкур изоҳдан оммалашиб бораётган спорт турларини кўришимиз мумкин. Парашют билан сакраш, музлар бўйлаб кўтарилиш, парапланларда учиш ва баланд жойлардан сакраш * каби спорт турлари кенг тарқалгани инсонлар ўзгача туйғуларни ҳис қилишни истаётганини кўрсатяпти. Инсонлар, шунингдек, мотоцикл, чанғи, сноуборд ва скейтбордларда ўта хавфли ҳаракатларни амалга оширишади. «Таймс» журналида ёзилишича, ушбу спорт турлари жуда оммалашган, боиси инсонлар мураккаб, хавфли нарсаларни бажариш орқали қўрқув ҳиссини енгиб, ҳаётдан кўпроқ завқ олишни истайди.

Одамлар оддий спорт турларини экстремал спорт турларига айлантираётгани туфайли жароҳат олаётганлар сони тобора ошмоқда. Масалан, тез ёрдам хизматининг маълумотларига кўра, Қўшма Штатларда 1997 йил давомида скейтбордда учиш оқибатида жароҳат олганлар сони 33 фоизга, сноубордда учиб жароҳат олганлар сони 31 фоизга, тоғдан арқон билан тушганда жароҳат олганлар сони эса 20 фоизга ошган. Бошқа спорт турларида эса маълумотлар янада даҳшатлироқ. Экстремал спорт билан шуғулланиш оқибатида ўлим сони ортиб бораётгани бунинг яққол исботи. Экстремал спорт билан шуғулланадиганлар аслида бу хавфли эканини билишади. Масалан, тоғ чанғисининг экстремал тури билан шуғулланадиган бир аёл шундай деди: «Мен ўлишим мумкинлигини ҳечам хаёлимдан кетказмайман». Сноуборд билан профессионал тарзда шуғулланадиган бир киши: «Агар жароҳат олмасангиз, демак етарлича ҳаракат қилмаяпсиз»,— деган фикр билдирди.

Юқоридаги фикрларни инобатга олган ҳолда масиҳийлар бундай спорт турларида иштирок этишга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари лозим? Қай йўсин Муқаддас Китоб бизга экстремал спорт тури билан шуғулланиш ё шуғулланмаслик масаласини ҳал қилишга кўмаклашади? Худо ҳаётни муқаддас деб ҳисоблаши устида фикр юритиш ушбу саволларга жавоб топишимизга ёрдам беради.

Худонинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари

Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова — «ҳаёт манбаи»дир. (Забур 36:9) У бизни нафақат яратди, балки ҳаётдан завқланиб яшашимиз учун барча зарурий нарсалар билан таъминлади. (Забур 139:14; Ҳаворийлар 14:16, 17; 17:24–28) Бундан Худо ҳаёт туҳфасини қадрлашимизни истаётганини кўришимиз мумкин. Исроил халқига берилган қонун ва принциплар буни тушунишимизга кўмаклашади.

Мусонинг қонунига кўра, одамлар бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслик учун муайян қонунларга амал қилиши керак эди. Агар у бундай йўл тутмаса ва оқибатда кимдир ҳаётдан кўз юмса, қонунларга амал қилмаган инсон қон тўкишда айбдор ҳисобланган. Мисол учун, Худо Исроил халқидан уйининг томи тепасига ҳимояловчи тўсиқ ўрнатишни талаб қилган. Агар кимдир унинг уйи томидан йиқилиб ўлса, уй эгаси қон тўкишда айбдор ҳисобланган. (Қонунлар 22:8) Агар буқа кимнидир сузиб юборса ва у ҳаётдан кўз юмса, буқанинг эгаси бунга жавобгар ҳисобланмаган. Аммо у буқаси сузонғич эканини билган бўлса ҳамда бу ҳақда олдин ҳам огоҳлантирилганига қарамай, керакли чоралар кўрмаган бўлса, у қон тўкишда айбдор ҳисобланган. Шунинг учун ўша киши ўлдирилиши керак эди. (Чиқиш 21:28, 29) Худо ҳаётни муқаддас деб билгани ва халқи ҳам ҳаётга нисбатан шундай нуқтаи назарда бўлишини истагани учун уларга шундай қонунлар берган.

Яҳованинг садоқатли хизматчилари, муайян қонун-қоида бўлмаса ҳам, ўзларининг ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига солмаслиги лозим эканини тушунишган. Бир Муқаддас Китоб баёнотида Довуд Байтлаҳм дарвозаси ёнидаги сардобадан сув ичмоқчи эканини айтади. Ўша кезлари Байтлаҳм филистимликлар бошқаруви остида эди. Довуднинг илтимосини эшитгач, унинг уч нафар аскари филистимликларнинг қароргоҳига борган ва Байтлаҳм сардобасидан сув тортиб, Довудга олиб келган. Довуд бунга қандай муносабат билдиради? У сувни ичмай ерга тўкиб юборади. У шундай дейди: «Ҳаётини хавф остига қўйиб сув олиб келган бу одамларнинг қонини қандай ичаман?! Худойимнинг олдида бундай қилишни ҳатто ақлимга ҳам сиғдира олмайман! Ахир улар бу сувни олиб келиш учун ҳаётини хавф остига қўйишди-ку!» (1 Солномалар 11:17–19) Довуд ўз истакларини қондириш мақсадида бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйишни ақлига сиғдира олмаган.

Иблис Исога: «Ўзингни пастга ташла-чи... “[Фаришталар] сени қўлларида кўтариб кетади”»,— деб айтганида, Исо ҳаётини хавф остига қўйишдан бош тортиб: «Тангринг Яҳовани синама»,— деб жавоб берган. (Матто 4:5–7) Дарҳақиқат, Исо ҳам, Довуд ҳам ноўрин хатти-ҳаракатлар қилиб, инсон ҳаётини хавф остига қўйиш нотўғри эканини тушунишган.

Бу мисолларни ёдда тутган ҳолда, ўзимиздан шундай сўрашимиз мумкин: қайси спорт тури хавфли ёки экстремал эканини қандай қилиб аниқласам бўлади? Айрим инсонлар оддий спорт турлари билан хавфли тарзда шуғулланади. Шундай экан, спорт билан хавфсиз тарзда шуғулланиш мумкинлигини қай йўсин аниқласа бўлади?

Таваккал қилиш арзийдими?

Тўғри қарор чиқариш учун, биз шуғулланмоқчи бўлган спорт тури ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Ўзимизга шундай саволлар берсак бўлади: «Бу спорт турида одамлар қанчалик тез-тез жароҳат олади? Бу спорт тури билан шуғулланиш учун таълим олганманми? Ҳимояловчи воситаларим борми? Агар йиқилиб тушсам, нотўғри сакрасам ё бўлмаса ҳимояловчи воситалар панд берса, бу қандай оқибатларга олиб келади? Шунчаки енгил шикастланаманми? Ёки жиддий жароҳат оламанми? Ёки ҳатто бу ўлим билан якун топиши мумкинми?»

Агарда масиҳий била туриб хавфли спорт турлари билан шуғулланса, у Яҳовани ранжитиши ва жамоатдаги айрим вазифаларни бажариш учун лаёқатсиз бўлиб қолиши мумкин. (1 Тимўтийга 3:2, 8–10; 4:12; Титусга 2:6–8) Демак, масиҳийлар ҳатто дам олаётган пайтида ҳам, ҳаёт Яратувчининг назарида қанчалик қадрли эканини ёдда тутиши даркор.

[Изоҳ]

^ Бу спорт тури, яъни бир жойда турган объектлардан сакраш, масалан бинолар, кўприклар ва қоялардан сакраш, шу қадар хавфли ҳисобланадики, Қўшма Штатларнинг Миллий парклар хизмати уни тақиқлаб қўйган.