Умид. Чиндан ҳам ёрдам берадими?
Умид. Чиндан ҳам ёрдам берадими?
ДЭНИЕЛ атиги ўн ёшда эди. Бироқ бир йилдан бери саратон касаллиги билан курашаётганди. Ҳам шифокорлар, ҳам яқинлари умидини узганди. Дэниел эса йўқ. У бир кун келиб тадқиқотчи бўлмоқчи эди ва саратон касаллигининг давосини топишга кўмаклашмоқчи эди. Дэниел, айниқса, у чалинган саратон турини даволайдиган шифокор ташрифини интиқиб кутаётганди. Ўша кун келди, аммо шифокор ёмон об-ҳаво дастидан Дэниелникига кела олмади. Дэниелнинг кўнгли чўкди. У илк маротаба тушкунликка тушиб қолди. Дэниел бир неча кундан кейин ҳаётдан кўз юмди.
Дэниел ҳақидаги бу воқеани умид ва умидсизлик соғлиқ билан қандай боғлиқлиги борасида тадқиқ олиб борган бир мутахассис айтиб берди. Балки сиз ҳам шунга ўхшаш ҳикояларни эшитгандирсиз. Масалан, ўлим тўшагида бўлган қария бир киши у учун муҳим бир нарсани — яқин кишининг ташрифини ёки ўзгача бир воқеанинг юз беришини орзиқиб кутяпти. Кутгани амалга ошганидан кейин, кўп ўтмай у вафот этади. Хўш, бунга нима таъсир қилган? Қизиқ, баъзилар ўйлаётганидай, умид чиндан ҳам кучга эгами?
Борган сайин кўп тадқиқотчилар шуни таъкидлаяптики, ижобий нуқтаи назар, умид ва бошқа ёқимли ҳис-туйғулар ҳақиқатан ҳам инсоннинг соғлиғига кучли таъсир қилади. Аммо ҳамма ҳам бунга қўшилмайди. Баъзи тадқиқотчилар бу фикрни сафсата, деб айтади. Улар жисмоний касалликларнинг жиддий жисмоний сабаблари бор, деб ўйлашни афзал кўради.
Албатта, умид муҳим экани борасидаги шубҳалар янгилик эмас. Минг йиллар олдин юнон файласуфи Аристотелдан умидга таъриф беришни сўрашганда, у: «Умид ўнгдаги туш»,— деб жавоб берган. Бундан муайян вақт олдин америкалик давлат арбоби Бенжамин Франклин пичинг қилиб шундай деган: «Умид билан яшайдиган киши оч қолиб ўлади».
Унда аслида умид нима? Бу одамлар ўзини юпатиш ниятида пуч хаёлларга берилишни англатадими? Ёки умид хомхаёллардан кўпроғини — соғлиғимиз ва бахтимизга асқатадиган кўпроқ нарсаларни ўз ичига оладими?