Ёрдам изланг
Ёрдам изланг
«Киши бир ўзи бўлса, уни мағлуб этиш осон, икки киши эса ҳужумга қарши тура олади». (Воиз 4:12)
БОШҚАЛАР бизни қўллаб-қувватлаганда душманни, у ким ёки нима бўлишидан қатъи назар, енгиш осон бўлади. Шунга чекиш одатини енгиш учун оила аъзоларингиз, дўстларингиз ёки сизга чин дилдан ва сабр ила ёрдам берадиган кимгадир мурожаат қилсангиз бўлади.
Масалан, чекишни ташлаганлардан ёрдам сўрарсиз. Сабаби улар сизга нафақат ҳамдард бўлиши, балки амалий ёрдам бериши ҳам мумкин. Даниялик Торбен исмли бир масиҳий: «Бошқаларнинг кўмаги менга жуда асқатди»,— деб бўлишди. Ҳиндистонда яшовчи Абрахам эса шундай деди: «Оилам ва имондошларим кўрсатган самимий севги бу одатдан қутулишимга ёрдам берди». Лекин баъзида ҳатто оила аъзоларимиз ва дўстларимизнинг кўмаги камлик қилиши мумкин.
Бхагвандас исмли бир киши қуйидагича бўлишди: «Мен 27 йил давомида чекканман, лекин Муқаддас Китобда нопок одатлар ҳақида нима дейилганини билиб, чекиш одатини ташлашга қарор қилдим. Аввалига чекишни камайтирдим, эски дўстларим билан алоқани уздим ва бошқалардан маслаҳат сўрадим. Лекин буларнинг ҳеч бири иш бермади. Охири бир куни кечаси Тангри Яҳовага ибодатда дилимдагиларни тўкиб солдим ва Унга илтижо қилиб, бу одатни ташлашимга ёрдам беришини сўрадим. Ўшандан кейин бу одатдан қутула олдим».
Чекишни ташлаш учун дуч келишингиз мумкин бўлган қийинчиликларга тайёргарлик кўриш ҳам муҳим. Қандай қийинчиликлар ҳақида гап кетаётганини навбатдаги мақоладан билиб олсангиз бўлади.
[5- саҳифадаги рамка]
ДОРИ ВОСИТАЛАРИДАН
Тамаки маҳсулотларини ташлаш учун қўлланиладиган дори воситалари, масалан, никотин пластери миллиардлаб доллар келтирадиган бизнесга айланган. Уларни қўллашдан олдин қуйидаги саволлар устида мулоҳаза юритиб кўринг:
Бу дори воситаларининг фойдали томонлари қандай? Айтишларича, ушбу дориларнинг кўпи чекишни ташлаш билан боғлиқ аломатларни камайтиришга ёрдам беради. Лекин бу воситалар узоқ вақт фойда келтириши тўғрисида ҳали баҳс-мунозаралар давом этяпти.
Бу дори воситаларининг хавфли томонлари қандай? Баъзи дориларнинг ножўя таъсири бор. Кўнгил айниши, депрессия, ўз жонига қасд қилиш фикрлари шулар жумласидандир. Шуни ёдда тутингки, никотин ўрнини босувчи воситаларнинг таркибида барибир никотин моддаси бўлади. Шунга бундай воситалар соғликка зарар келтиради ва аслида уларни қўллайдиган инсон тамакига қарам бўлишдан қутулмайди.
Бошқа йўллари борми? Бир сўровга кўра, чекишни тўхтатганларнинг 88 фоизи ҳеч қандай дори воситаларисиз бирданига чекишни ташлаган.