Чўпонлик қилиш бахти
Чўпонлик қилиш бахти
Алимбек Бекманов айтиб берди
Уч ёшлигимда қўй боқишни бошлаб, уларга қарашни ёқтириб қолдим. Мен 17 ёшга кирганимда, тажрибали чўпонга айлангандим. Кейинчалик чўпонликнинг бошқа турини, рамзий чўпонликни ўргандим. Келинг, нега бундай чўпонлик менга янада кўпроқ қувонч келтирганини айтиб берай.
МЕН 1972- йилда дунёга келганман. Бизнинг катта қирғиз оиламиз гўзал Иссиқкўл бўйидаги Чирпиқти қишлоғида яшарди. Собиқ Совет Иттифоқидаги республикалардан бири бўлган Қирғизистонга келган сайёҳлар учун Иссиқкўл таниқли дам оладиган жой ҳисобланади. Ҳозирги кунда хотиним Гулмира билан, туғилиб ўсган жойимдан 200 километр нарида жойлашган Қирғизистоннинг пойтахти Бишкекда яшаяпмиз.
Чўпон ва қўйлар
Болалигимда, қўйларимизни баҳорда баланд тоғдаги яйловларга олиб чиқардик. 3 000 метрдан зиёд тепаликка чиқиш учун, бир неча кун кетарди. Бошқа чўпонлар бўлса яқинроқ йўлни танлаб, яйловларга тезроқ етиб боришарди. Лекин улар юрадиган йўл дара ва жарликларга яқин бўлиб, адашиб қолган қўйлар шикастланар ёки ҳатто ҳалок бўларди.
Бу йўлларда, бўрилар қўйларни тумтарақай қилиб, қўрқитар ёки ташланиб, уларни бўғизлаб турарди. Шунинг учун, бир кундан ошиқ ёки унданам кўпроқ вақт кетса ҳам амаким осонроқ ва хавфсизроқ йўлни танларди. Баъзан шошқалоқлик қилсам, амаким тўхтатиб: «Алимбек, сен ўзингни эмас, қўйларни ўйла»,— деб айтарди.
Баланд тоғларнинг гўзал яйловларидаги вақтинчалик қўралар кечалари қўйларни ҳимоя қиларди. Айрим чўпонлар эрта тургиси келмай, қуёш чиқмагунча қўйларни яйловга олиб чиқишмасди. Қўйлар ўтлашни бошлаганда эса, ҳаво исиб кетган бўларди.
Шунда қўйлар бир жойга тўпланиб, бошларини пастга туширганча оғир нафас оларди. Ҳолдан тойиб, сусайиб қолгани учун, қўйлар тузуккина ўтлай олмасди. Амаким бўлса ҳали тонг отмасдан соат тўртларда ўрнидан туриб, қўйларни қуёш чиққунча яхши яйловга олиб бориш ғамини чекарди. У ерда қўйлар тоза тонг ҳавосидан нафас олиб, маза қилиб ўтлашарди. Кўпинча одамлар: «Қўйларга қараб, чўпон қанақалигини билса бўлади»,— дейишади.
Қўйлар ўтлаб бўлиб дам олаётганда, уларга қараб, даволашга имкон яраларди. Сўна
қўйларнинг киндигига тухум қўйса қўйлар роса азоб чекарди. Уларнинг киндиги йиринглаб, яра босиб кетарди. Агар вақтида буни пайқаб қолмасак, оғриқ кучайганидан қўй қочиб кетиши ёки ўлиб қолиши мумкин эди. Биз деярли ҳар куни қўйларимизга қараб, даволашга ҳаракат қилардик. Бунинг учун кўп ҳаракат ва куч кетса ҳам, қўйларимизни соғ-саломат, дўмбиллаб юрганидан хурсанд бўлардик.Ҳар куни кечки пайт яйловдан қўрага қайтганимизда, қўйларни санаб чиқардик. Улар ичкарига тор эшикдан уч ёки тўртта бўлиб киришарди. Юзлаб қўйларимиз бўлса-да, шунчалик маҳоратли бўлиб кетгандикки, қарийб 800 та қўйни 15–20 дақиқа ичида санаб бўлардик. Елиб-югуришимизга тўғри келса ҳам, бунинг уддасидан чиқардик.
Биронта қўй йўқолиб қолгудек бўлса, амаким милтиғи билан таёғини олиб, ҳатто ёмғир ёғаётган ёки қоронғи бўлса ҳам қўйни қидиргани кетарди. У баланд овозда чақирарди. Унинг овозидан йиртқич ҳайвонлар қўрқарди. Қўй эшитганида эса, хоҳ ишонинг хоҳ ишонманг ўзини бехатар ҳис этарди.
Биз ҳар бир қўйнинг кўриниши ва феъл-атворига қараб ном берардик. Лекин сурувда ўзбошимча қўйлар ҳам учраб турарди. Бундай қўйлар чўпонга бўйсунишни исташмасди. Баъзида бошқа қўйлар ҳам шу ўзбошимча қўйга эргашиб кетишарди. Шунда чўпон ўзбошимча қўйнинг таъзирини бериб, тарбиялашга уринарди. Мисол учун бундай қўйни сурувдан ажратиб ёлғиз ўзини қамаб қўярди. Айримлари таъзирини еб, чўпоннинг гапига кирадиган бўларди. Ўзбошимчалигидан қайтмайдиган қўй эса биз учун кечки овқатга айланарди.
Чўпонликнинг бошқа тури
Мен 1989- йилда кураш тушишни ўрганиб, бу соҳада маҳоратга эга бўлдим. Кейинги йиллари совет армиясига чақирилдим. Россияда хизмат қилган вақтимда, кураш тушиш бўйича бир оғайним ўзининг жиноий тўдасини уюштирган эди. Қирғизистонга қайтиб келганимда, агар мен уларга қўшилсам, истаган нарсамга эга бўлишим ҳақида айтишди. Лекин ўша пайтда, мен Яҳованинг Шоҳидлари билан танишиб қолдим.
Яҳованинг Шоҳидлари, болалигимдан мени қийнаб келган нега одамлар ўлиши ҳақидаги саволимга жавоб беришди. Муҳокамамиздан, ўлим Одамато қилган гуноҳнинг оқибати эканини тушуниб етдим (Рим. 5:12). Шунингдек Муқаддас Китобдан, ҳақ Таоло Яҳова Ўғли Исони Нажоткоримиз сифатида юборганини ҳамда Яҳовага ва Исога ишонсак, мерос бўлиб ўтган гуноҳдан фориғ бўлишимизни ва Аллоҳнинг илк нияти бўйича ер юзида бўладиган жаннатда абадий ҳаётга эришишимизни билиб олдим (Заб. 36:11, 29; 82:19; Юҳан. 3:16, 36; 17:1–5; Ваҳ. 21:3, 4).
Яҳова Шоҳидларининг Муқаддас Китоб асосида саволларимга берган жавоблари аниқ ва тушунарли бўлганидан: «Мана, ҳақиқат!» — деб айтдим. Шундан кейин эски оғайним билан шерик бўлиш хоҳишимдан қайтдим. Улар кўп марта уларнинг тўдасига қайтишимга кўндирмоқчи бўлишди. Аммо Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўрганиб, уларни қўллашга бўлган истагим кучли бўлгани учун, тўданинг ўзига жалб этувчи таклифига қарши тура олдим ва кейинчалик мажозий маънодаги чўпонга айландим.
Шу пайтда турар жойимизда таниқли бўлган сеҳр-жоду билан даволовчи бир аёл онамнинг олдига келиб-кетиб турарди. Бир куни уйга келсам, у аёл сеҳр-жодуси билан шуғулланаётган экан. Аёл менда ўзгача қобилият борлигини айтди. Кейин эса мени масжидга бориб, ёрдам берадиган тумор олишга ундади. У мени шифоловчи кучга эга бўласан, дея шундай қилишга кўндиришига сал қолди.
Эртаси куни мен билан Муқаддас Китобни ўрганаётган Яҳова Шоҳидларининг олдига бориб, ўша аёл тўғрисида айтиб бердим. Улар менга Яҳова, ёвуз руҳлар билан боғлиқ бўлган сеҳр-жодунинг ҳар қандай турига қарши эканини оятлар асосида кўрсатишди (Амр. 18:9–13). Бир неча тун, жинлар таъсир қилганидан ухлолмай чиқдим. Яҳованинг Шоҳидлари Тангрининг иродаси бўйича қандай ибодат қилишни ўргатишди. Шундан кейин ёмон тушлардан қутулдим. Мен чинакам Чўпон Яҳовани топганимга амин бўлдим.
Санолар бастакори Довуд ҳам болалигида чўпон бўлганини билиб олдим. У Яҳовани «Чўпоним менинг» деб атаган ва унинг Худога бўлган ҳис-туйғулари мен учун жуда қадрли бўлиб қолди (Заб. 22:1–6). Яҳованинг Ўғли Исога, «Улуғ Чўпонимизга» тақлид қилиш истагим уйғонди (Иброн. 13:20). 1993- йилнинг бошларида Бишкекда бўлиб ўтган анжуманда, ўзимни Яҳовага бағишлаганимнинг рамзи сифатида сувга чўмдим.
Муҳим йиғин
Қариндошларим ва қўшниларимнинг кўпчилиги Муқаддас Китобни муҳокама қилиш учун йиғилмоқчи бўлишди. Қишлоғимиздан 70 киши Иссиқкўл бўйига яқин жойда йиғилишди. Қишлоғимиз раиси бўлмиш қариндошимиз жуда қизиқаётган эди. У, биз янги динимиз ҳақида тушунтириб беришимиз учун катта йиғин уюштиришини айтди. Бироқ маҳаллий дин раҳбарлари атрофдаги одамларни бизнинг воизлик хизматимизга қарши қайрай бошлашди. Улар ушбу йиғиндан одамларни бизга қарши қилиш учун фойдаланмоқчи эдилар.
Белгиланган куни, яқиндаги учта қишлоқдан қарийб мингта одам йиғилди. Яҳованинг Шоҳидларидан бир неча киши келган бўлиб, улардан биттаси Муқаддас Китобга асосланган эътиқодларимизни тушунтира бошлади. Беш дақиқа ўтмай, бир киши ўрнидан туриб, баланд овозда иғволи саволлар беришга тушди. Айбловлар ва дўқ-пўписа кучайиб, оломон бизга зўравонлик қилиш учун ўрнидан қўзғалди.
Шу пайт эндигина Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаган акам бизнинг томонга туриб олди. У маҳоратли курашчи бўлгани учун ҳамма ундан қўрқиб, узоқроқда юрарди. У қўрқмасдан ҳужумчилар билан Шоҳидларнинг ўртасига турди ва биз эсон-омон кетиб қолдик. Келгуси йиллар давомида, ўша йиғинда бўлганларнинг кўпчилиги Яҳованинг Шоҳиди бўлди. Бугунга келиб, қишлоғимиздаги тахминан 1 000 кишидан иборат аҳолидан 50 дан ортиғи Яҳованинг хизматчиси.
Чўпоннинг қизи
Москвада (Россия) 1993- йилнинг июль ойида катта анжуман бўлиб ўтишидан бир неча ой олдин, қирғиз қишлоғидан бўлган Гулмира исмли Яҳованинг Шоҳиди билан
танишиб қолдим. Унинг оиласи ҳам чўпонлик қилар экан. 1988- йили, Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тақиқ остида бўлган Совет Иттифоқи даврида, Аксамай исмли Яҳованинг Шоҳиди Гулмиранинг онаси билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган экан. Аксамай 1970- йилларда ўша ҳудудда биринчи қирғиз забон Яҳованинг Шоҳиди бўлган.Кейин Гулмира ҳам онасига қўшилиб, Аксамай билан Муқаддас Китобни ўргана бошлабди. 1990- йилда онаси билан бирга сувга чўмибди. Гулмиранинг қалби миннатдорчиликка тўлганидан, кашшоф сифатида тўла вақт хизмат қила бошлабди.
Мен 160 километр узоқда яшаганим учун Гулмирани кейинги икки йил ичида ора-сирада бир кўрдим, холос. 1995- йил март кунларининг бирида у билан яқинроқ танишиш мақсадида, эрталаб унинг уйига отландим. У эртаси куни 5 633 километр узоққа, Россиядаги филиалга хизмат қилиш учун кетаётганини эшитиб, нима қиларимни билмай қолдим.
Ўша пайтдан тўла вақт хизмат қилишни бошлаб, қирғиз тилида ҳали адабиёт бўлмагани учун рус тилини ўрганишга киришдим. Уч йил давомида Гулмира билан хат ёзишиб, иккаламиз ҳам Муқаддас Китобнинг бир хил жойларини ўқиб, бир-биримиз билан фикр алмашишга келишиб олдик. Шу билан бир вақтда, мен Балиқчи шаҳридаги биринчи қирғиз забон жамоатда хизмат қилардим.
Гулмира билан биргаликда Яҳовага хизматимиз
1998- йилда Гулмира Қирғизистонга таътилга келганида, тўйимиз бўлди. Мен ҳам Россиядаги филиалда у билан хизмат қилишга таклиф этилдим. Рус тилини ўрганишни бошлаганимдан роса хурсанд эдим! Вақт ўтиб, мен ҳам қирғиз тилида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни тақдим этадиган қирғиз таржимон гуруҳига тайинландим. Мен Яҳовадан донолик ва сабр-тоқат сўраб ибодат қилардим. Шубҳасизки, ҳамкорим Гулмира менга катта ёрдам берди.
2004- йили таржимон гуруҳимиз Бишкекка жўнатилди. Мен эса, Қирғизистондаги Яҳова Шоҳидларининг фаолияти устидан назорат қилаётган қўмитага тайинландим. Ўша пайтда мамлакатда еттита қирғиз забон жамоат, 30 дан ортиқ рус забон жамоатлар бор эди. Ҳозир бўлса 20 дан ортиқ қирғиз забон жамоатлар ва кўплаб гуруҳлар бор бўлиб, Қирғизистондаги 4 800 Яҳова Шоҳидларининг қарийб 40 фоизини ташкил этади.
Гулмира билан бирга инглиз тилини ўрганишга қарор қилдик, чунки бу хизматимиз учун керак эди. Натижада бизни 2008- йилда Яҳова Шоҳидларининг Қўшма Штатлардаги халқаро идора марказига таклиф этишди. У ерда мен, ўз мамлакатларида ваъзгўйлик фаолияти устидан назорат қилаётганлар учун мўлжалланган махсус мактабда ўқидим.
Гулмира билан мен Қирғизистондаги одамларнинг маънавий эҳтиёжларини қондиришда янада қобилиятлироқ бўлдик. Бизнинг ҳаётий тажрибамиз чиндан ҳам Яҳова меҳрибон Чўпон эканини ўз кўзларимиз билан кўришга ёрдам берди. Забурдаги мана бу санонинг амалга ошаётганига шахсан ўзим шоҳид бўлдим: «Худованд — Чўпоним менинг, мен муҳтожлик кўрмайман асло. У мени ям-яшил яйловларда ётқизар, оромбахш сувлар бўйлаб етаклаб борар. Жонимга У тетиклик киритар, Ўз номи учун мени тўғри йўлга бошлар» (Заб. 22:1–3).
[31- саҳифадаги расм]
Яйловдаги қўйларимиз
[31- саҳифадаги расм]
Қўйларимизнинг бирортаси йўқолмаганига амин бўлиш учун ҳар кечки пайт уларни санаб чиқардик
[32- саҳифадаги расм]
Гулмира билан