Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яхши мулоқот орқали никоҳни мустаҳкамланг

Яхши мулоқот орқали никоҳни мустаҳкамланг

Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир. ҲИК. 25:11.

1. Никоҳда яхши мулоқот қанчалик муҳим?

«МЕН бошқалардан кўра, хотиним билан вақт ўтказишни афзал кўраман»,— дейди канадалик битта биродаримиз. «У билан баҳам кўрган қувончим икки баравар кўпаяди, дардим эса икки ҳисса камаяди»,— деб давом этади у. Австралиялик бир имондошимиз қуйидагича фикр билдирди: «11 йилдан бери бирга яшаётган бўлсак, рафиқам билан суҳбатлашмай бир кунимиз ҳам ўтмаган. Тез-тез ва мазмунли суҳбат қилиб тураётганимиз учун у ҳам, мен ҳам никоҳимизга бирор нарса хавф туғдиришидан ташвишланмаймиз». Коста-Рикалик бир синглимиз эса шундай деб бўлишди: «Яхши мулоқот никоҳимизни мустаҳкамлабгина қолмай, балки икковимизни ҳам Яҳовага яқинлаштирди, васвасалардан асради, бир-биримизга жипслаштирди ва ўзаро севгимизни оширди».

2. Қайси омиллар яхши мулоқотга халал бериши мумкин?

2 Сиз умр йўлдошингиз билан суҳбатлашишни яхши кўрасизми ёки мазмунли суҳбатлар қилиш сиз учун бир муаммоми? Муаммолар бўлиб туради, ахир иккалангиз ҳам номукаммал ва ўзига хос феъл-атворли инсонсиз (Рим. 3:23). Сизлар турли маданиятда ўсиб, ҳар хил тарбия олгансизлар. Боз устига, турмуш ўртоқларнинг мулоқот қилиш тарзи фарқли бўлиши мумкин. Никоҳ масалалари бўйича мутахассислар Жон Готтман ва Нан Силвер: «Муносабатларни узоқ давом эттира олиш учун инсон жасур, қатъиятли ва мослашувчан бўлиши даркор»,— деб беҳуда ёзмаганлар.

3. Айрим турмуш ўртоқларга никоҳни мустаҳкамлашга нима ёрдам берган?

3 Муваффақиятли никоҳ оғир меҳнат маҳсулидир. Аммо натижада чексиз мамнуният келтиради. Бир-бирини севган турмуш ўртоқлар биргаликда ҳаётдан завқ олишлари мумкин (Воиз 9:9). Қадимда яшаган эру хотин — Исҳоқ ва Ривқонинг ўзаро муҳаббати бунга яққол мисолдир  (Ибт. 24:67). Улар турмуш қургач, муайян вақт бирга яшаган бўлсалар-да, бир-бирини севмай қўйишгани тўғрисида Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. Ҳозирги кўп оилалар ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Бунинг сири нимада экан? Улар муҳаббат, иззат-икром, камтарлик фазилатларини ривожлантириб, шахсий фикр ва ҳис-туйғуларини ҳурмат ва меҳр ила ифодалашни ўрганиб олишган. Бундай фазилатларни намоён этган оилалар, ҳамиша очиқ мулоқот билан ажралиб туриши қуйидаги мисолларда кўрсатилади.

ИДРОКЛИ БЎЛИНГ

4, 5. Идрокли бўлиш эру хотинга бир-бирини яхши тушунишга қандай ёрдам беради? Мисол келтиринг.

4 Ҳикматлар 16:20 да: «Гапга тушунадиган яхшилик топади»,— деб ёзилган. Худонинг Каломида, никоҳни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган идрок ва донолик бор (Ҳикматлар 24:3 ни ўқинг). Масалан, Ибтидо 2:18 да, Худо аёлни эрига мададкор қилиб берганлиги кўрсатилади. Шу сабабли аёлларнинг мулоқот қилиш услуби эркакларникидан фарқ қилади. Ҳамма ҳам бир хил эмас, лекин аёллар кўпинча ўз ҳис-туйғулари, бошқа кишилар ва муносабатлар ҳақида гапиришни яхши кўришади. Уларни диққат билан тинглашса, улар ўзларини керакли ҳис қилиб, ниҳоятда миннатдор бўлишади. Аксарият эркаклар эса ўз ҳис-туйғуларини ошкор этгиси келмайди, уларга кўпроқ иш, дам олиш, муаммоларни ечиш йўллари ҳақида гапириш ёқади. Албаттаки, эркаклар ҳурматга лойиқ бўлишни жуда хоҳлашади.

5 «Эрим мени охиригача тингламай, тезроқ муаммонинг ечимини топишга киришарди»,— дейди британиялик бир синглимиз. «Бу эса менга оғир ботади, чунки мен учун тинглаб, ҳис-туйғуларимни тушунишга ҳаракат қилишининг ўзи етарли»,— деб давом этади у. Битта эр шундай сўзларни ёзган: «Эндигина турмуш қурган пайтимизда, рафиқам муаммосини айтса, мен дарров ечимини топишга ҳаракат қилардим. Бироқ, кўп ўтмай, шуни тушундимки, у аслида тинглашимни истар экан» (Ҳик. 18:13; Ёқб. 1:19). Идрокли эр, хотинининг ҳис-туйғуларини инобатга олиб, шунга яраша муомала қилишга интилади. Бу билан у, умр йўлдошининг фикри ва ҳис-туйғуларига бефарқ эмаслигини кўрсатади (1 Бутр. 3:7). Ўз навбатида аёл ҳам эрининг нуқтаи назарини тушунишга ҳаракат қилса оқилона бўлади. Турмуш ўртоқлар, Муқаддас Китобда кўрсатилган вазифаларини бажаришса, никоҳлари бахтли бўлиб, биргаликда доно қарорлар чиқара олишади.

6, 7. а) Воиз 3:7 даги принцип эру хотинларга идрокли бўлишга қандай ёрдам беради? б) Хотин идрокли эканини қандай намоён эта олади ва эрдан қандай ҳаракатлар кутилади?

6 Идрокли турмуш ўртоқлар, «сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти борлигини» тан олишади (Воиз 3:1, 7). «Эримга бирор муаммони қайси вақтда айтсам ўринли бўлишини энди тушуниб етдим»,— дейди турмушга чиққанига 10 йил бўлган бир синглимиз. Кейин у давом этиб, шундай дейди: «Эрим ишидан ёки бошқа вазифаларидан толиққан бўлса, мен масалани кўтаришга шошилмай, озгина кутаман. Натижада, суҳбатимиз анча яхши ўтади». Идрокли аёллар, шунингдек хушмуомалалик ила гапиришади. Улар, пухта танланган, «ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши» ва бебаҳо эканини билишади (Ҳикматлар 15:23 ни ўқинг).

Кичик ишлар никоҳда катта ўзгаришларга олиб келади

7 Художўй эр, хотинини тинглабгина қолмай, ўз ҳис-туйғуларини ҳам аниқ ифодалашга интилиши керак. Турмуш қурганига 27 йил бўлган бир оқсоқол: «Қалбимнинг тубида яширин ҳис-туйғуларни хотинимга айтиш мен учун осон кечмайди»,— деб бўлишди. Уйланганига 24 йил бўлган битта биродаримиз эса шундай фикр билдирди: «Мен, бу муаммони хотинимга айтмасам, унутилиб кетар, деган умидда ҳиссиётларимни яшириб юрардим. Аммо кейинчалик, ҳиссиётларимни ошкор этиш заифлик эмаслигини тушундим. Уларни хотиним билан баҳам кўришга интилганимда, тўғри сўзларни танлаб, уларни ўз вақтида айта олиш учун ибодат  қиламан. Кейин чуқур нафас олиб, гапиришни бошлайман». Қулай фурсатни топиш ҳам фойдали бўлади. Масалан эру хотин биргаликда кунлик оятни муҳокама қилаётганда ёки Муқаддас Китобни ўқиётганда гаплашиб олишса бўлади.

8. Никоҳни муваффақиятли қилиш учун художўй турмуш ўртоқларда яна қандай истак бўлиши керак?

8 Эру хотин мулоқот қилишни ўрганишни истаб, иккови ҳам бу ҳақда ибодат қилиши муҳим. Албатта, одат тусига кирган мулоқот тарзини ўзгартириш осон кечмас. Бироқ, турмуш ўртоқлар Яҳовани севиб, Ундан мадад сўрашса ва ўз ришталарини муқаддас деб билишса, уларда камёб истак пайдо бўлади. Эрга текканига 26 йил бўлган бир аёл қуйидагиларни сўзлаб берди: «Эрим ҳам, мен ҳам Яҳованинг никоҳга бўлган муносабатига жиддий қараймиз, шунинг учун айрилишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз ва муаммоларни биргаликда ечишга ҳаракат қиламиз». Бундай вафодорлик ва худотарслик Аллоҳга маъқул бўлиб, мўл-кўл қут-барака келтиради (Заб. 126:1).

СЕВГИНГИЗНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

9, 10. Севги ришталарини мустаҳкамлаш учун эру хотин қандай амалий ҳаракатлар қилиши мумкин?

9 Никоҳда, «инсонларни етук даражада бирлаштирадиган» севги фазилати катта аҳамиятга эга (Колос. 3:14). Вафодор жуфтликлар турмушнинг қувончли ва қайғули дамларини бирга бошдан кечиришганда, орада чин севги ривожланади. Улар ҳатто яқин дўст бўлиб, бирга бўлишдан қувонч топишади. Никоҳда бундай муносабатга эришиш учун, киноларда кўрсатилгандай, бир нечта катта ишлар етарли бўлмас. Балки қучоқлаб қўйиш, кўнгилни кўтарадиган сўзлар айтиш, нозик табассум ёки самимият ила: «Кунингиз яхши ўтдими?» — деб сўраш каби кўпгина кичик ишлар мақсадга мувофиқ бўлади. Бу каби кичик ишлар никоҳда катта ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Турмуш қуриб, 19 йилдан бери бахтли яшаб келаётган бир эру хотин кун мобайнида бир-бирига телефон қилиб ёки СМС ёзиб: «Ишларингиз қалай?» — деб сўраб қўйишар экан.

10 Севги, шунингдек эру хотинни бир-бирини яхшироқ билиб олишга ундайди (Филип. 2:4). Буни билиш эса, улар номукаммал бўлишига қарамай бир-бирини янада кўпроқ севишига ҳисса қўшади. Муваффақиятли никоҳ бир жойда турадиган нарса эмас, у вақт ўтган сайин ўсиб, мустаҳкамланиб боради. Шундай экан, агар турмуш қурган бўлсангиз, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Мен умр йўлдошимни қанчалик яхши биламан? У ёки бу масалада унинг ҳис-туйғулари ва фикри қанақа эканини тушунаманми? Турмуш ўртоғимнинг  мени илк бор ўзига жалб қилган фазилатлари ҳануз эсимдами?»

БИР-БИРИНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

11. Муваффақиятли никоҳда нега ҳурмат катта аҳамият касб этади? Мисол келтиринг.

11 Энг бахтли никоҳда ҳам ришталар мукаммал бўлмайди. Ҳатто бир-бирини севган жуфтликларда ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Иброҳим билан Соранинг доим ҳам гаплари битта жойдан чиқмаган (Ибт. 21:9–11). Лекин улар, бунинг дастидан муносабатлари дарз кетишига йўл қўйишмаган. Сабаби, улар бир-бирини қадрлаб, ҳурмат ила муомала қилишган. Масалан, Иброҳим Сорага мулойим гапирган (Ибт. 12:11, 13). Сора эса Иброҳимни «хўжайин» деб атаб, унга бўйсунган (1 Бутр. 3:6). Турмуш ўртоқлар бир-бирини ҳурмат қилмай қўйишса, бу кўпинча уларнинг гапириш тарзида ёки оҳангида акс этади (Ҳик. 12:18). Агар улар муаммонинг сабабини бартараф қилишмаса, никоҳлари фожиали якун топиши мумкин (Ёқуб 3:7–10, 17, 18 ни ўқинг).

12. Янги турмуш қурганлар ҳурмат ила муомала қилиш учун нега астойдил ҳаракат қилишлари зарур?

12 Айниқса янги турмуш қурганлар бир-бирига меҳр ва ҳурмат ила гапиришлари зарур. Бу билан улар очиқ ва эркин мулоқот учун замин яратадилар. Битта эр шундай фикр билдирди: «Турмушимизнинг илк йиллари қувончли бўлгани билан, баъзан ҳафсаламиз пир бўларди. Бир-биримизнинг ҳис-туйғуларимиз, одатларимиз ва эҳтиёжларимизни тушунмаганимиздан англашмовчиликлар юзага келарди. Бироқ, иккаламиз ҳам бир-биримизга ён бериб, ҳазил қилганимиз туфайли яхши муносабатларни сақлаб қолганмиз. Бизга яна камтарлик, сабр-тоқат ва Яҳовага таяниш ёрдам берди». Қандай яхши ўрнак-а!

ЧИН КАМТАРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

13. Соғлом ва бахтиёр оилада камтарлик нега муҳим аҳамият касб этади?

13 Никоҳда яхши мулоқотни, боғ аро сокин оқиб ўтаётган ариққа ўхшатса бўлади. Ариқнинг оқими тўхтамаслиги учун эса «камтар» бўлиш жуда муҳим (1 Бутр. 3:8). «Камтарлик, тушунмовчиликларни тез ҳал қилишга кўмаклашади, чунки у инсонни: “Кечирасиз”,— дейишга ундайди»,— деб бўлишди уйланганига 11 йил бўлган битта биродаримиз. Турмуш қурганига 20 йил бўлган бир оқсоқол эса шундай фикр билдирди: «Баъзан: “Кечирасиз”,— деб айтиш: “Сизни севаман”,—  дейишдан муҳимроқ бўлади. Камтарликка эришишнинг осон йўли эса ибодатдир. Хотиним билан биргаликда Яҳовага мурожаат қилганимизда, номукаммаллигимизни ва Худонинг инояти чексизлигини ёдда тутамиз. Бу ўзимизга ва муаммога тўғри нуқтаи назар билан қарашга кўмаклашади».

Никоҳингизда яхши мулоқот бўлишига ҳисса қўшинг

14. Мағрурлик никоҳга қандай таъсир қилиши мумкин?

14 Мағрурлик бўлган жойда эса муросага эришиб бўлмайди. Бу иллат мулоқотга тўсқинлик қилади, чунки у кечирим сўраш истагини ҳам, журъатни ҳам сўндиради. Камтарлик ила: «Илтимос, мени кечиринг»,— дейишнинг ўрнига, мағрур инсон ўзини оқлашга тушади. Жасорат билан ўз нуқсонларини тан олмай, у ўзгадан камчилик излайди. Бундай одам хафа бўлса, тинчликка интилишнинг ўрнига, эҳтимол ранжитадиган сўзлар айтиб ёки гаплашмай қўйиб, ўч олади (Воиз 7:9). Ҳа, мағрурлик никоҳни барбод этиши турган гап. Шундай экан, «Аллоҳ мағрурларга қарши, камтарларга эса иноятли» эканини ёдда тутсак яхши бўлади (Ёқб. 4:6).

15. Эфесликларга 4:26, 27 даги насиҳатга амал қилиш, эру хотинга англашмовчиликни енгишга қандай ёрдам бериши мумкин?

15 Мағрурлик никоҳда ҳеч қандай муаммо туғдирмайди, деб ўйласак, ўзимизни алдаган бўламиз. Биз буни тан олиб, дарҳол ўзимиздан соқит қилишимиз керак. Павлус имондошларига: «Қуёш ботгунча ғазабдан қайтинглар. Иблисга имкон берманглар»,— деб насиҳат қилган эди (Эфес. 4:26, 27). Аллоҳнинг Каломига бепарво бўлиш ортиқча ғам-қайғуга олиб келиши мумкин. «Бир марта мен ҳам, эрим ҳам Эфесликларга 4:26, 27 даги насиҳатга амал қилмаган эдик,— деб куйиниб айтди бир синглимиз.— Натижада мен туни билан ухламай чиқдим!» Ундан кўра, масалани дарҳол ҳал қилиб, ярашиб олиш яхшироқ эмасми! Албатта, турмуш ўртоқлар ўзини босиб олиш учун бир-бирига муҳлат беришлари даркор. Бундан бўлак, улар муаммони тўғри ҳал қила олиш учун ибодатда Яҳовадан мадад сўрашлари зарур. Бу, ҳар бирига фақат ўзининг ҳис-туйғулари ҳақида эмас, балки муаммони ҳал қилиш тўғрисида ўйлашга кўмаклашади (Колосаликларга 3:12, 13 ни ўқинг).

16. Мулойимлик эру хотинга бир-бирининг фазилатларига тўғри нуқтаи назар билан қарашга қандай кўмаклашади?

16 Мулойимлик ва камтарлик, турмуш қурган кишига умр йўлдошининг фазилатларига эътибор беришга кўмаклашади. Мисол учун, аёл оиласига фойда келтира оладиган ўзгача бир қобилиятга эга бўлиши мумкин. Агар унинг эри мулойим ва камтар бўлса, ўзини хўрлангандек ҳис қилмайди, аксинча қобилиятини ишга солишга ундаб, уни ардоқлаётганини ва қадрлаётганини кўрсатади (Ҳик. 31:10, 28; Эфес. 5:28, 29). Хотини ҳам, ўз навбатида, бу қобилияти билан мағурланиб, эрини камситмайди. «Иккови бир тан» бўлгани учун, бири ранжиса, иккинчисининг ҳам кўнгли оғрийди (Мат. 19:4, 5).

17. Ҳозирги кунда никоҳ нима туфайли бахтли ва Худога ҳамдлар келтирадиган бўлиши мумкин?

17 Сизнинг ҳам никоҳингиз Иброҳим билан Сораникига ёки Исҳоқ билан Ривқоникига ўхшаб, чинакамига бахтли, узоқ давом этадиган ва Яҳовага ҳамдлар келтирадиган бўлишини истайсизми? Агар шундай бўлса, никоҳга Худонинг нуқтаи назари билан қаранг. Унинг Каломидан идрок ва донолик изланг. Бир-бирингизнинг фазилатларини қадрланг, шунда ўзаро севгингиз ошади (Қўшиқ 8:6). Камтарликни ривожлантиришга ҳаракат қилинг. Умр йўлдошингиз билан ҳурмат ила муомала қилинг. Буларни амалда бажарсангиз, никоҳингиз икковингизга ва Самовий Отангизга ҳам қувонч келтиради (Ҳик. 27:11). Ўшанда сизлар, турмуш қурганига 27 йил бўлган бир эрнинг мана бу фикрига қўшилган бўласиз: «Мен хотинимсиз ҳаётни тасаввур қила олмайман. Бизнинг никоҳимиз кундан-кунга мустаҳкамланиб боряпти. Чунки биз Яҳовани севамиз ва бир-биримиз билан доимо мулоқот қилиб турамиз».