Ота-оналар ва фарзандлар севги ила мулоқот қилинг
Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин. ЁҚБ. 1:19
1, 2. Аксарият пайтларда ота-она ва фарзандлар бир-бирига нисбатан нималарни ҳис қилишади, бироқ баъзида улар қандай қийинчиликларга дуч келадилар?
«МАБОДО ота-онангиз эртага ўлишади деб эшитсангиз, уларга нима дегингиз келарди?» Мана шундай савол билан Қўшма Штатлардаги болаларга мурожаат қилишган. Айни пайтда турли муаммолар ва қийинчиликлар борлигига қарамай, қарийб 95 фоиз болалар ота-онасига шундай сўзларни айтгиси келди: «Сизларни хафа қилган бўлсам кечиринглар» ёки «Сизларни жудаям яхши кўраман» («For Parents Only» by Shaunti Feldhahn and Lisa Rice).
2 Шубҳасизки аксарият пайтларда болалар ота-онасини, ота-она эса фарзандларини яхши кўради. Шу қаторда Худонинг хизматчилари ҳам. Гарчи ота-она ва фарзандлар бир-бирига яқин бўлишга интилса-да, баъзида мулоқот қилиш қийин бўлиши мумкин. Ҳатто очиқ ва самимий суҳбатлар бўлиб турганида ҳам нега улар айрим мавзуларда гапиришни умуман исташмайди? Яхши мулоқотга нималар тўсқинлик қилади? Ва бу тўсиқларни қандай бартараф қилиш мумкин?
«ФУРСАТДАН» ФОЙДАЛАНИБ МУЛОҚОТ ҚИЛИНГ
3. а) Нима сабабдан аксарият оилаларда яхши мулоқот қилиш қийин кечиши мумкин? б) Нега қадимги Исроилда оилалар учун бирга вақт ўтказиш қийинчилик туғдирмаган?
3 Кўпгина оилалар, мазмунли суҳбатлар учун вақт ажратиш қийин деб билишади. Лекин ҳар сафар ҳам бундай бўлмаган. Масалан, Мусо пайғамбар исроиллик оталарга қуйидагича йўл-йўриқ берган: «[Худонинг сўзларини] болаларингизга ҳам ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар» (Қонун. 6:6, 7). Болалар онаси билан уйда ёки отаси билан далада ва иш жойида кун бўйи бирга бўлишган. Шундай қилиб фарзандларда ота-оналари билан бирга суҳбатлашиш учун етарлича вақт бўлган. Бу эса ота-оналарга фарзандларининг эҳтиёжу истакларини билишга ва шахсияти қандай шаклланаётганини кузатиб боришга яхши замин яратган. Ўз ўрнида болаларда ҳам ота-оналари қанақа инсон эканини билиб олишга кўп вақт ва имконият бўлган.
4. Нима учун аксарият оилаларда мулоқот йўқ?
4 Ҳозир замон жуда ўзгариб кетган! Баъзи мамлакатларда болаларни жуда кичиклигида, айрим пайтларда эндигина икки ёшга тўлганида мактабга беришади. Кўпгина ота-оналар, уйдан жуда узоқда ишлашади. Қисқа вақт бирга суҳбатлашиш имкони бўлганида эса, улар вақтларини компьютер, телевизор ва телефон каби нарсаларга сарфлашади. Айрим ҳолларда болалар ва ота-оналар бир-бирига умуман бегонадай бўлиб қолишади. Бундай вазиятда мароқли суҳбатлар бўлиши амри маҳол.
5, 6. Айрим ота-оналар болаларига кўпроқ вақт ажратиш мақсадида фурсатдан қандай фойдаланишяпти?
5 Оилангиз билан бирга вақт ўтказиш учун фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпсизми? (Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг). Баъзи оилалар телевизор кўришга ва компьютердан фойдаланишга камроқ вақт сарфлашга қарор қилишди. Бошқалар эса кунида ҳеч бўлмаса бир марта биргаликда овқатланишни мақсад қилишди. Боз устига оилавий топиниш, ота-она ва фарзандларга бир-бирига яқин бўлиб, маънавий мавзуларда суҳбатлар қуришга яхши имконият яратади. Бу тадбир учун муайян соат ёки ҳафтада қанчадир вақт ажратиш яхши, лекин бунинг ўзи етарли эмас. Сермазмун ва узоқ суҳбатлар учун янада кўпроқ нарса талаб этилади. Чунончи мунтазам ва тез-тез мулоқот қилиб туриш жуда муҳимдир. Масалан, болангиз мактабга боришидан олдин, унга бирон далдали сўз айтинг, кунлик оятни муҳокама қилинг ёки болангиз билан биргаликда ибодат қилинг. Шу йўсин, фарзандингизнинг куни хайрли ўтишига ҳисса қўшасиз.
6 Айрим ота-оналар болаларига кўпроқ вақт ажратиш мақсадида ҳаёт тарзида муайян ўзгаришлар киритишга муваффақ бўлишди. Мисол учун, икки фарзанднинг онаси Лаурани * олайлик. У кичкина болаларини деб кун бўйи вақтини оладиган ишдан бўшади. У шундай деди: «Эрталаб туришимиз билан ҳаммамиз ташқарига, ким ишга, ким мактабга шошиларди. Ишдан қайтиб уйга келганимда, энага аллақачон болаларимни ухлатиб қўйган бўларди. Ишимни ташлаш, камроқ пул билан рўзғор тебратишимиз кераклигини англатса-да, эндиликда мен болаларимнинг фикр-хаёли нима билан бандлигини ҳамда уларнинг муаммоларини биламан. Улар ибодатида нима ҳақда сўраётганини тинглаб, қандай панд-насиҳат, далда ва таълим беришни биламан».
«ТИНГЛАШГА ТАЙЁР» БЎЛИНГ
7. Болалар ҳам, ота-оналар ҳам кўпинча нимадан арз қилишади?
7 Ёшларнинг фикрини ўрганиб чиққач, юқорида айтиб ўтилган китобнинг муаллифлари мулоқотга яна нима тўсқинлик қилишига эътибор қаратишди. Улар шундай дейишди: «Болалар аксарият вазиятларда: “Улар бизни тинглашмайди”,— дея ота-оналаридан арз қилишади». Бу, муаммонинг фақатгина бир томони. Ота-оналар ҳам тез-тез болаларидан худди шу сабабдан арз қилишади. Агар оила аъзолари ораларида очиқ мулоқот бўлишини исташса, улар бир-бирини тинглай билишлари даркор (Ёқуб 1:19 ни ўқинг).
8. Ота-оналар чиндан ҳам болаларини тинглашга ҳаракат қилаётганини қандай билса бўлади?
8 Ота-оналар, сизлар чиндан ҳам болаларингизни тинглашга ҳаракат қиляпсизми? Ишдан чарчаб келганингизда ёки улар гапириб бераётган нарсалар аҳамиятсиз бўлиб туюлганда, буни қилиш қийин кечиши мумкин. Аммо сизнинг назарингизда аҳамиятсиз бўлиб кўринган нарса, улар учун жуда муҳимдир. «Тинглашга тайёр бўлиш» деганда, болангизни нафақат диққат билан эшитишни, балки болангиз буни қандай айтаётганига эътиборли бўлишни англатади. Яъни унинг оҳангига, юз-чеҳрасига қараб, у нималарни ҳис қилаётганини билса бўлади. Бундай пайтда савол бериш ҳам жуда муҳим. Чунки Муқаддас Китобда: «Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир, фаҳмли одам ташқарига чиқара олади»,— деб бежизга айтилмаган (Ҳик. 20:5). Болангиз билан жуда нозик масалаларни муҳокама қилганда фаҳм-идрокни намоён этиш, сиз учун айни муддао бўларди.
9. Нега фарзандлар ота-онасини тинглаши муҳим?
9 Болалар, ота-онангизга итоатли бўлишга ҳаракат қиляпсизми? Худонинг Каломида шундай дейилган: «Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма» (Ҳик. 1:8). Шуни ёдда тутингки, ота-онангиз сизни яхши кўради ва улар доим сизнинг манфаатингизни кўзлашади. Шундай экан, уларга қулоқ солиб, итоатли бўлиш оқилона эмасми? (Эфес. 6:1). Албатта орада яхши мулоқот бўлса ва ота-онангиз сизни севишини ёдда тутсангиз, сиз учун уларга бўйсуниш қийин бўлмайди. Уларга бу масалада ўз фикрингизни айтинг. Сиз ҳам уларнинг вазиятини тушунишга ҳаракат қилинг.
10. Сулаймоннинг ўғли Рахабомдан қандай сабоқ олдингиз?
10 Ёшлар, айниқса тенгдошларингиз сизга маслаҳат бераётганида жуда эҳтиёт бўлишингиз керак. Чунки улар кўпинча қулоғингизга ёқадиган маслаҳатларни беришади. Бундай маслаҳатлар эса сизга фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Катталарнинг тажрибаси ва донолигини назар-писанд қилмайдиган ёшлар, узоқни кўра билмайдилар ва чиқарган қарорлари қандай оқибатларга олиб келишини фаҳмламайдилар. Исроил шоҳи Сулаймоннинг ўғли Рахабомни эслайлик. Тахтга ўтиргач, у катталардан маслаҳат сўрашнинг ўрнига, бирга ўсган дўстларига маслаҳат солади ва уларнинг бемаъни маслаҳатига амал қилади. Оқибатда, фуқароларнинг аксарияти қўзғолон қилиб, унинг шоҳлигига қарши чиқишади (3 Шоҳ. 12:1–17). Сиз эса нодон Рахабомга эргашишдан кўра, ота-онангиз билан доимо очиқ мулоқот қилиб туришга ҳаракат қилинг. Ота-онангиз билан бирга фикр алмашиб туринглар. Уларнинг фойдали маслаҳатига қулоқ солиб, донолигидан сабоқ олинг (Ҳик. 13:20).
11. Фарзандлар ота-онаси билан бемалол гаплаша олмаса, бу қандай оқибатларга олиб келади?
11 Ота-оналар, болангиз тенгдошларидан эмас, сиздан маслаҳат сўрашини истайсизми? Унда улар сиз билан бемалол гаплаша олиши учун шароит яратиб беринг. Ёш бир синглимиз шундай деб ёзди: «Ўғил боланинг исмини тилга олишим биланоқ ота-онам асабийлашиб кетади. Шунда ҳафсалам пир бўлиб, умуман гапиргим келмайди». Бошқа синглимиз эса қуйидагича фикр билдирди: «Аксарият ёшлар ота-онасидан маслаҳат сўрагиси келади, лекин ота-она уларга жиддий муносабатда бўлмагани учун, улар бошқалардан, ҳатто тажрибасиз кишилардан маслаҳат сўрашдан бошқа иложи қолмайди». Фарзандингиз турли мавзуларда сиз билан бўлишаётганида, уни ҳамдардлик ва диққат ила тинглашга ҳаракат қилсангиз, у сизга юрагини очади ва панд-насиҳатингизга бажонидил қулоқ солади.
«СЎЗЛАШГА ШОШИЛМАНГ»
12. Ота-онанинг салбий муносабати, фарзандлари билан мулоқот қилишига қандай халал бериши мумкин?
12 Ота-оналар фарзандлари айтиб бераётган сўзларга салбий муносабат билдириб, ҳис-туйғуга берилишса, бу очиқ мулоқотга тўсқинлик қилади. Художўй ота-оналар болаларини ҳимоя қилишни истаётгани табиий. Чунки ушбу «охирзамонда» маънавийлигимизга путур етказадиган хавф-хатарлар жуда кўп (2 Тим. 3:1–5). Лекин фарзандлар ота-онанинг бундай хавотирларини ортиқча деб билиши мумкин.
13. Нега ота-оналар фикр билдиришга шошилмасликлари керак?
13 Ота-она ўз нуқтаи назарини айтишга шошилмаса оқилона бўлади. Тўғри, болангиз ташвишга соладиган бирон гап айтса, сукут сақлаш қийин. Аммо жавоб беришдан олдин, диққат билан тинглаш жуда муҳим. Доно шоҳ Сулаймон: «Охиригача тингламай жавоб берган — аҳмоқдир, у шарманда бўлади»,— деб ёзган (Ҳик. 18:13). Агар гапни бўлмасдан диққат билан тингласангиз, болангиз ўйламасдан айтаётган гапларнинг сабабини тушуна оласиз (Аюб 6:1–3). Меҳрибон ота-она сифатида болангизни диққат билан тинглаб, тушунишга ҳаракат қилинг. Шундагина сиз уларга амалий маслаҳат бера оласиз.
14. Нима учун фарзандлар сўзлашга шошилмасликлари керак?
14 Болалар, сиз ҳам ота-онангизнинг гапини охиригача тингламасдан туриб, сўзлашга шошилманг. Сизга тарбия беришни Худо уларнинг зиммасига юклаганини унутманг (Ҳик. 22:6). Эҳтимол улар сизнинг вазиятингизга тушиб, муайян тажрибага эга бўлгандир. Ёхуд улар ёшликда қилган бебошликдан афсусланиб, уларнинг хатосини такрорлашдан сизни асраб қолмоқчидир. Шундай экан, уларни душман эмас, балки дўст сифатида қабул қилинг (Ҳикматлар 1:5 ни ўқинг). «Ота-онангизни ҳурмат қилинг» ва улар сизни севгани каби, сиз ҳам уларни севишингизни намоён қилинг. Шунда улар қийналмасдан сизга «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини» пайванд қила олишади (Эфес. 6:2, 4).
«ҒАЗАБЛАНИШГА ШОШИЛМАНГ»
15. Севган инсонимизга нисбатан сабр-тоқатли бўлиб, хотиржамликни сақлашга нима ёрдам беради?
15 Ҳар доим ҳам севган инсонларимизга сабр-тоқат кўрсатолмасмиз. Шу сабабли ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Сиз эрлар, хотинларингизни севинглар ва уларга ғазабланиб, қўпол муомала қилманглар. Сиз оталар, фарзандларингизнинг руҳи тушмаслиги учун, уларнинг ғашини келтирманглар» (Колос. 1:1, 2; 3:19, 21). Шунингдек Павлус Эфесдаги имондошларини шундай деб чорлаган: «Ҳар қандай адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни ҳар қандай ярамаслик билан бирга ўзингиздан соқит қилинглар» (Эфес. 4:31). Узоқ сабрлилик, меҳрибонлик ва ўзини тута билиш каби илоҳий фазилатларни ривожлантириш, ҳатто қийин вазиятларда бизга хотиржамликни сақлашга ёрдам беради (Галат. 5:22, 23).
16. Исо шогирдларини қандай тузатди ва ўзини шундай тутгани нимаси билан аҳамиятли?
16 Ота-оналар, эътиборингизни Исонинг мисолига қаратсак. Ҳаворийлари билан бирга охирги марта кечки овқатни тановул қилиб ўтирганида, у қаттиқ қайғуда бўлганини бир тасаввур қилиб кўрсак бўлади. Исо яқин соатлар ичида, уни давомли ва қийноқли ўлим кутаётганини биларди. Отасининг исми улуғланиши ва бутун инсониятнинг қутқарилиши, унинг содиқ қолишига чамбарчас боғлиқ эди. Айнан мана шундай пайтда «[шогирдлари орасида] ким буюк деб ҳисобланиши кераклиги тўғрисида қаттиқ баҳс-мунозара кўтарилса» борми? Исо жавобан уларга бақириб бергани ва улардан кўнгли қолгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аксинча у хотиржамликни сақлаб, улар билан биргаликда мулоҳаза юрита бошлади. Исо шогирдларига энг қийин дамларда улар унинг ёнида бўлишганини эслатди. Гарчи Шайтон уларни буғдой каби ғалвирдан ўтказишни талаб қилган бўлса-да, Исо шогирдлари садоқатни сақлай олишига ишонган ва ҳатто улар билан аҳд тузган (Луқо 22:24–32).
17. Ёшларга хотиржамликни сақлашга нима ёрдам беради?
17 Болалар, сиз ҳам хотиржамликни сақлашингиз жуда муҳим. Айниқса балоғатга етган ёшлар, ота-онасидан панд-насиҳат эшитганида: «Ота-онам менга ишонмайдилар»,— деган фикрга бориши мумкин. Гарчи баъзида шундай бўлиб туюлса-да, шуни унутмангки, ота-онангиз сизни яхши кўргани учун хавотир оляпти. Уларнинг гапини бўлмасдан тингласангиз ва ён беришга ҳаракат қилсангиз, уларнинг ҳурматини қозониб, сизга ишониш мумкинлигини исботлай оласиз. Боз устига, бу билан ҳаётнинг муайян соҳаларида эркинликка эришган бўласиз. Ўзини тута билиш фазилатини намоён этиш, доноликдан далолат беради. Зеро «нодон бор жаҳлини тўкиб солади, доно эса ичида сақлайди» (Ҳик. 29:11).
18. Яхши мулоқотда севгини намоён этиш қанчалик муҳим?
18 Қадрли ота-оналар ва фарзандлар, мабодо оилангизда сизлар хоҳлагандек очиқ мулоқот бўлмаса, тушкунликка тушманг. Бу соҳада яхшиланишда тўхтаманг ва ҳақиқатда маҳкам туринг (3 Юҳан. 4). Янги дунёда фақат мукаммал инсонларгина ҳеч қандай тўсиқсиз ва тушунмовчиликсиз бир-бири билан мулоқот қила олади. Афсуски, айни пайтда ҳаммамиз хато қилиб турамиз. Лекин бу, кечирим сўрашдан уялиш керак дегани эмас. Бағрикенглик билан кечиринг. Шунингдек, «севги ришталари билан ўзаро бирлашинглар» (Колос. 2:2). Севги бу катта кучдир. У «узоқ сабрли ва меҳрибондир. Севги... аччиқланмайди, хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди... Севги ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди» (1 Кор. 13:4–7). Севгини ривожлантириб, яхши мулоқот қилишни ўрганишдан чарчаманг. Оила аъзоларингизнинг кўнглини хурсанд қилинг ва Яҳовага шараф келтиринг.
^ 6- х.б. Исм ўзгартирилган.