Сизни «яхши ишларга ғайратли» деса бўладими?
Масиҳ бизни... яъни яхши ишларга ғайратли бир халқни пок қилиш учун ўзини фидо қилди. ТИТУС. 2:13, 14
1, 2. Яҳованинг Шоҳидлари қандай шарафли вазифага эга ва сиз бунга қандай муносабатдасиз?
КЎПЧИЛИК бирон соҳада катта ютуққа эришгани учун мукофотга сазовор бўлса, буни шараф деб билади. Масалан, баъзилар ўзаро адовати бўлган томонларни яраштириш йўлида ғайрат кўрсатгани учун Нобел мукофотини олган. Аммо одамларни Парвардигор билан яраштириш учун Худо томонидан элчи сифатида юборилиш бундан-да катта шарафдир!
2 Яҳованинг Шоҳидлари сифатида бизга айнан шундай шарафли вазифа ишониб топширилган. Аллоҳ ва Масиҳнинг бошчилиги остида биз одамларга: «Тангри билан ярашиб олинглар»,— деб ёлворяпмиз (2 Кор. 5:20). Яҳова инсонларни ўзига жалб қилиш учун биздан фойдаланмоқда. Натижада 235 дан ошиқ мамлакат ва ҳудудларда миллионлаб инсонлар Худонинг дўсти бўлиб, абадий ҳаёт умидига эга бўлишмоқда (Титус. 2:11). Биз чин юракдан одамларни: «Ҳар бир истаган ҳаёт сувини текинга олсин»,— деб чорламоқдамиз (Ваҳ. 22:17). Бу шарафли вазифани қадрлаб, уни қунт билан бажаришга интилаётган эканмиз, бизни «яхши ишларга ғайратли» халқ деса бўлади (Титус. 2:14). Келинг, энди савоб ишлар қилишга жон куйдириб, одамларни Яҳовага қандай жалб қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Бунинг усулларидан бири ваъзгўйлик фаолиятидир.
ЯҲОВА ҲАМДА ИСОНИНГ ҒАЙРАТИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ
3. «Сарвари Олам жон куйдираётганини» билиш бизни нимага ундамоқда?
3 Аллоҳ Ўғлининг ҳукмронлиги қандай ишларни амалга ошириши ҳақида Ишаё 9:7 да шундай ёзилган: «Сарвари Олам жон куйдириб, буни бажо айлайди». Ушбу сўзлардан самовий Отамиз инсониятни қутқаришни жуда истаётганини кўрса бўлади. Демак, Яҳованинг бундай ғайрати бизни ҳам ваъзгўйлик ишида шижоатли ва ғайратли бўлишга ундайди. Одамларга Худони таниб-билишга жон куйдириб ёрдам бераётганимиз билан, Яҳованинг ғайратини намоён этяпмиз. Худонинг хизматдошлари эканмиз, хушхабарни ваъз қилиш ишида имкон қадар кўпроқ иштирок этишга қароримиз қатъийми? (1 Кор. 3:9).
4. Исо хизматда саботли бўлиб бизга қандай ўрнак қолдирди?
4 Энди келинг, Исонинг ғайратини кўриб чиқайлик. У хизматда саботли бўлиб бизга аъло ўрнак қолдирган. Шиддатли қаршиликларга қарамай ва ҳатто азобли ўлимига қадар унинг хушхабарни ваъз қилишга бўлган ғайрати сўнмаган (Юҳан. 18:36, 37). Жонини фидо қилиш вақти яқинлашаётган сайин, Исонинг одамларга Яҳовани таниб-билишга кўмаклашиш истаги янада кучайиб борган.
5. Қандай қилиб Исо ўзи келтирган масалдаги боғбон сингари йўл тутган?
5 Милодий 32- йилнинг кузида, Исо бир киши ҳақида масал келтирган эди. Унинг узумзорида уч йил ҳосил бермаган анжир дарахти бўлган. Гарчи у киши бу дарахтни чопиб ташлашни буюрган бўлса-да, боғбон унинг тагини юмшатиб, гўнг солиб кўришни сўрайди (Луқо 13:6–9 ни ўқинг). Исо бу масални айтган пайтда, унинг ваъзгўйлик иши туфайли фақат саноқли кишилар унга шогирд бўлишган. Лекин Исо ўзи келтирган масалдаги боғбон сингари йўл тутиб, қолган вақтини, яъни тахминан олти ойни Яҳудия ва Переяда янада ғайрат билан ваъз қилишга сарфлаган. Ўлими арафасида эса, у ваъз қилган хушхабарни қабул қилмаган юртдошлари учун йиғлаган (Мат. 13:15; Луқо 19:41).
6. Хизматда янада ғайратли бўлиш нима учун муҳим?
6 Бу дунёнинг сўнги яқинлигини инобатга олган ҳолда, хизматда янада ғайратли бўлишимиз муҳим эмасми? (Дониёр 2:41–45 ни ўқинг). Дарҳақиқат Яҳованинг Шоҳиди бўлиш катта шараф! Ер юзида фақатгина биз, барча муаммолар ечилиши ҳақида инсониятга умид бахш этяпмиз. Яқинда бир газета шарҳловчиси, «нега бахтсизликлар яхши инсонларнинг бошига тушади?» деган саволнинг жавобсиз қолаётганини таъкидлаган эди. Хушхабарни эшитишни истовчи инсонларга Муқаддас Китоб ёрдамида бундай саволларга жавоб бериш, биз учун ҳам шараф, ҳам бурч. Муқаддас хизматни бажараётган эканмиз, «илоҳий руҳ таъсирида ғайратли бўлишга» барча асосларимиз бор (Рим. 12:11). Худо ваъзгўйликда кўрсатаётган ғайратимизга барака бераётгани учун бошқалар Яҳовани таниб-билиб, Уни севишмоқда.
ФИДОЙИЛИК РУҲИ ЯҲОВАГА ШАРАФ КЕЛТИРАДИ
7, 8. Фидойилик руҳи қандай қилиб Яҳовага шараф келтиради?
7 Ҳаворий Павлус каби биз ҳам хизматни деб «уйқусиз тунлар» ва «овқатсиз қолган вақтлар»ни бошдан кечиришимиз мумкин (2 Кор. 6:5). Мазкур иборалар фидойилик руҳи нималигини яққол тасвирлаб, кашшофларимизни эслатади. Гарчи улар ўзларини боқиш учун ишлашса-да, хизматни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишади. Шунингдек, чет мамлакатларда хизмат қилаётган садоқатли махсус ваъзгўйларнинг меҳнати ҳам эътиборга лойиқ. Улар қуйилаётган «ичимлик назри»га ўхшайдилар (Филип. 2:17). Яҳованинг сурувини боқаман дея овқатланишга вақти қолмаган ва уйқусиз тунларни бошдан кечирган жонкуяр оқсоқолларимиз ҳақида нима дейсиз? Боз устига, қария ва соғлиги заиф бўлган имондошларимиз учрашувларга келиб, уларда иштирок этиш учун қанча жон куйдиришади. Аллоҳга хизмат қилаётган бундай фидокор имондошларимиз ҳақида ўйласак, юрагимиз миннатдорлик руҳига тўлади. Бу каби урунишларимиз бошқаларнинг хизматга бўлган муносабатига таъсир қилмай қўймайди.
8 Линкольншир графлигида (Буюк Британия) нашр этиладиган бир газета таҳририятига Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган киши шундай сўзларни ёзган эди: «Одамлар динга ишонмай қўйишган... Черковлардаги руҳонийлар кун бўйи нима иш билан банд бўлишади? Албаттаки, улар Исо сингари кўчаларга чиқиб одамлар билан суҳбатлашишмайди... Одамларга ғамхўрлик қиладиган ягона дин — Яҳованинг Шоҳидларидир. Улар кўча-кўйда одамларни тўхтатиб, ҳақиқат тўғрисидаги хушхабарни баҳам кўришади» («Boston Target»). Худбинлик руҳига чўмган бу дунёда, бизнинг фидокорлигимиз Яҳовага катта шараф келтирмоқда (Рим. 12:1).
9. Хизматда ғайратли бўлишга бизни нима ундайди?
9 Хизматдаги ғайратимиз сўнаётганини сезсак, нима қилишимиз мумкин? Яҳова ваъзгўйлик иши орқали нималарни амалга ошираётгани ҳақида ўйлаш, жуда фойдали бўлади (Римликларга 10:13–15 ни ўқинг). Инсонларнинг нажот топиши, Яҳованинг исмини чақириб, Унга ишонишларига боғлиқ. Лекин бунинг учун биз уларга ваъз қилишимиз керак. Буни тушуниш эса бизни яхши ишларга ғайратли бўлиб, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни астойдил ваъз қилишга ундайди.
ЧИРОЙЛИ ХУЛҚ-АТВОРИМИЗ ОДАМЛАРНИ ЯҲОВАГА ЖАЛБ ҚИЛАДИ
10. Нега намунали юриш-туришимиз инсонларни Яҳовага жалб қилиши мумкин, дея оламиз?
10 Гарчи хизматда ғайратли бўлиш муҳим бўлса-да, одамларни Худога яқинлаштириш учун бунинг ўзи етарли эмас. Яхши ишларга ғайратли бўлиб, инсонларни Худога жалб қилишнинг яна бир муҳим омили — бизнинг хулқ-атворимиздир. Павлус қуйидаги сўзлар билан юриш-туришимизнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтган: «Хизматимиз нуқсонсиз бўлиши учун, бирор нарсада бошқаларнинг қоқинишига сабабчи бўлмаяпмиз» (2 Кор. 6:3). Хушмуомалали нутқимиз ва намунали хулқ-атворимиз, «Худонинг таълимотини безайди» ва одамларни Яҳовага жалб қилади (Титус. 2:10). Шу сабабли, инсонлар чиройли хулқ-атворимизни кузатиб, ҳақиқатни қабул қилганини тез-тез эшитиб турамиз.
11. Хулқ-атворимизнинг бошқаларга таъсири ҳақида нега ибодат ила мулоҳаза қилишимиз керак?
11 Бизнинг хулқ-атворимиз инсонларга ижобий таъсир қилса-да, бунинг акси бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шундай экан, ишхонада, уйда ёки мактабда бўламизми, келинг на хизматимиз, на хулқ-атворимиз билан бошқаларнинг қоқинишига сабабчи бўлмайлик. Атайлаб гуноҳ қилаверсак, бунинг оқибати жуда аянчли бўлади (Иброн. 10:26, 27). Бу эса, ишларимиз ва ҳаёт тарзимиз бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги устидан ибодат ила мулоҳаза юритишга ундайди. Бу дунёдаги ахлоқий меъёрлар пасайиб бораётгани сайин, самимий кишилар Худога «хизмат қиладигану [Унга] хизмат қилмайдиганнинг» фарқини яққол кўришмоқда (Мал. 3:18). Ҳа, бизнинг чиройли хулқ-атворимиз одамларни Худо билан яраштиришда муҳим аҳамият касб этади.
12–14. Синовларда чидамли бўлсак, бу бошқаларга қандай таъсир қилади? Мисол келтиринг.
12 Павлус Коринф жамоатига мактуб ёзаётиб, ғам-қайғуларда, қийинчиликларда, калтакланганда ва қамоқхоналарда азоб чеккани ҳақида айтиб ўтган эди (2 Коринфликларга 6:4, 5 ни ўқинг). Имонимиз синалганда чидамли бўлсак, бизни кузатаётганлар ҳақиқатни қабул қилишига ҳисса қўша оламиз. Мисол учун, бундан бир неча йил олдин Анголадаги Яҳованинг Шоҳидларини қириб ташламоқчи бўлишган. Иккита сувга чўмган ваъзгўй ва 30 нафар қизиқувчилар учрашувга боришаётган эди. Шу пайт уларни ёмон кўрган инсонлар қуршаб олиб, роса уриб қонга булашди. Маҳаллий аҳоли эса буни томоша қилиш учун йиғилган эди. Душманлар ҳеч кимни — аёлларни ҳам, болаларни ҳам аяб ўтиришмади. Бу тадбир халқни қўрқитиш мақсадида, яъни Яҳованинг Шоҳидларини бошқа тинглашмасин деб уюштирилган эди. Бироқ омма олдида уларни калтаклашгандан кейин, маҳаллий аҳолининг кўпчилиги Яҳова Шоҳидларининг ёнига бориб, улар билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни сўрашди! Натижада у ерда ваъзгўйлик фаолияти кенг қулоч ёзди ва кўп баракалар келтирди.
13 Бу мисолдан шуни кўрса бўладики, агар биз Муқаддас Китобдаги меъёрларга амал қилишда қатъиятли бўлсак, бу атрофдагиларга кучли таъсир қилади. Бутрус ҳамда бошқа ҳаворийларнинг жасорати туфайли қанча инсонлар Худо билан ярашгани ҳақида ўқиб қойил қоламиз (Ҳавор. 5:17–29). Бизнинг вазиятда ҳам, синфдошлар, ҳамкасблар ёки оила аъзоларимиз, Худонинг меъёрларига қатъий амал қилаётганимизни кўриб, ҳақиқатни қабул қилишлари ҳеч гап эмас.
14 Ҳозирги пайтда ҳам қувғинларга дучор бўлаётган биродарларимиз йўқ эмас. Масалан, Армениядаги биродарларимиздан тахминан 40 таси ҳарбий хизматдан бош тортгани учун қамоқда ётишибди. Яқин ойларда ҳали яна кўпгинаси қамоққа олиниш эҳтимоли бор. Эритреяда 55 та Яҳованинг Шоҳиди қамоқда ўтирибди. Улардан баъзиларининг ёши 60 дан ошган. Жанубий Кореяда қарийб 700 та Яҳованинг Шоҳиди имони учун қамоқда ўтирибди. Бундай вазият у ерда 60 йилдан бери давом этмоқда. Шундай экан келинг, турли мамлакатларда қувғинларга дучор бўлаётган биродарларимиз учун ибодат қилиб турайлик, токи уларнинг садоқати Худога шараф келтириб, одилликни яхши кўрувчи инсонларни ҳақ топинишга жалб қилсин! (Заб. 75:9–11).
15. Ҳалол ҳаёт кечираётганимиз бошқаларни ҳақиқатга жалб қилиши борасида мисол келтиринг.
15 Ҳалол ҳаёт кечираётганимиз ҳам бошқаларни ҳақиқатга жалб қилиши мумкин (2 Коринфликларга 6:4, 7 ни ўқинг). Масалан, битта синглимиз автобусда йўл кира ҳақини тўламоқчи эди, аммо масофа узоқ бўлмагани учун бир таниши унга тўламасликни айтибди. Синглимиз эса ҳатто бир бекат учун ҳам пул тўлаш керак, дебди. Таниши автобусдан тушиб кетганидан кейин, ҳайдовчи синглимиздан: «Сиз Яҳованинг Шоҳидимиз?» — деб сўрабди. Синглимиз: «Ҳа. Нимага сўраяпсиз?» — деб жавоб берибди. Шунда ҳайдовчи қуйидагича тушунтирибди: «Йўл ҳақини тўлаш тўғрисидаги суҳбатингизни эшитдим. Мен Яҳованинг Шоҳидларини биламан. Сизлардай барча нарсани ҳалоллик билан бажарадиган инсонлар жуда кам учрайди». Бир неча ой ўтгач, йиғилишда бир киши ўша синглимизнинг олдига келиб: «Мени танидингизми? — деб сўрабди. — Мен, сиз билан йўл ҳақини тўлаш тўғрисида гаплашган автобус ҳайдовчисиман. Сизнинг хулқ-атворингизни кўриб, Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга қарор қилдим». Чиндан ҳам, одамлар ҳалол инсон эканлигимизни кўриб, биз ваъз қилаётган хушхабарга ишонишади.
ХУДОГА ШАРАФ КЕЛТИРАДИГАН ФАЗИЛАТЛАР
16. Нега сабр-тоқат, севги ҳамда меҳру оқибат каби фазилатлар, инсонларнинг қалбини ром этади? Мисол келтиринг.
16 Инсонларни Яҳовага жалб қилишда шунингдек сабр-тоқат, севги ҳамда меҳру оқибат каби фазилатларни намоён қилаётганимиз айни муддаодир. Агар бизни кузатаётганлардан кимдир Яҳова ҳақида, Унинг мақсадлари ҳамда Унинг халқи тўғрисида билим олишни истаб қолса, ҳеч ҳам ҳайрон бўлмаймиз. Масиҳийларнинг муносабатию хулқ-атвори, ўзини художўй қилиб кўрсатаётган иккиюзламачиларникидан кескин фарқ қилади. Айрим черков раҳбарлари ўз қавмини шилиб, уларнинг пули эвазига бойлик орттиришган. Улар ҳашаматли уйлару қимматбаҳо автомобиллар сотиб олган. Биттаси ҳатто итига кондиционерли уйча ясаттирган! Кўриб турибмизки, улар Масиҳнинг «текинга беринглар» деган амрига риоя қилишмаяпти (Мат. 10:8). Қайтанга, улар қадимги Исроил халқининг қайсар руҳонийлари сингари «пора олиб ҳукм қилишади» ва Муқаддас Китобга зид таълимотларни ўргатишади (Михо 3:11). Бундай иккиюзламачилик ҳеч кимни Худога яқинлаштирмайди.
17, 18. а) Яҳованинг фазилатларини намоён этиб, Унга қандай шараф келтирамиз? б) Бундан буён ҳам яхши ишларда ғайратли бўлишга бизни нима ундамоқда?
17 Боз устига, Худо тўғрисида ҳақиқатни ўргатиш ва қўни-қўшниларга яхшилик қилиш орқали ҳам одамларнинг юрагини забт этишимиз мумкин. Масалан, бир кашшоф биродаримиз уйма-уй ваъз қилаётганида, ёши анчага бориб қолган бева аёл тезда эшикни ёпиб хайрлашмоқчи бўлибди. Бу аёлнинг сўзлари бўйича, биродаримиз эшикни тақиллатганида, у нарвонда туриб ошхонадаги лампочкани алмаштирмаётган экан. Шунда биродаримиз: «Бу сиз учун хавфли эмасми?» — деб айтибди-да, ўзи кириб лампочкани алмаштириб берибди. Сўнг у яна хизматини давом этибди. Бу воқеадан хабар топган аёлнинг ўғли қойил қолибди ва биродаримизни топиб, унга ўз миннатдорчилигини билдирмоқчи бўлибди. Натижада у Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлибди.
18 Нега сиз бундай буён ҳам савоб ишлар қилмоқчисиз? Хизматда ғайрат кўрсатиб, Худонинг иродасини бажаришга интилсак, Яҳовага шараф келтирамиз ва бошқалар нажот топишига кўмаклашган бўламиз (1 Коринфликларга 10:31–33 ни ўқинг). Худога ҳамда ўзгаларга севгимизни намоён қилиш истаги кучли бўлгани учун хушхабарни ғайрат билан ваъз қиляпмиз ва Худога маъқул бўлган хулқ-атворни кўрсатяпмиз (Мат. 22:37–39). Агар биз яхши ишларга ғайратли бўлсак, қувонч ва қониқиш каби баракаларга эга бўламиз. Қолаверса, келажакда барча инсонлар Яратувчимиз Яҳовага топинишда ғайратли бўлиб, Унга шараф келтирадиган пайтни кўришга муяссар бўламиз.