Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг ҳимматли ва мулоҳазакор эканлигини қадрланг

Яҳованинг ҳимматли ва мулоҳазакор эканлигини қадрланг

Эгамиз ҳар кимсага ҳиммат қилар, яратганларининг ҳар бирига шафқат айлар. ЗАБ. 144:9

1, 2. Яҳованинг дўстларида қандай имконият бор?

МОНИКА исмли бир опамиз шундай деб бўлишди: «Турмуш қурганимизга тахминан 35 йил бўлди. Лекин шунга қарамасдан бир-биримиз ҳақида доим янги нарсаларни билиб оляпмиз!» Орамиздан кўпчилик, ўзининг эри, хотини ёки дўстлари тўғрисида худди шундай сўзларни айта олади.

2 Севган инсонимиз билан янада яқинроқ танишиш, бизга қувонч келтиради. Аммо энг қадрдон дўстимиз Яҳова ҳақида билим олиш, ундан-да кўпроқ хурсандчилик келтиради. Тўғри, биз У ҳақда ҳамма нарсани била олмаймиз (Рим. 11:33). Лекин абадий ҳаёт давомида Яҳованинг фазилатларини ўрганиб, улардан фойда олиш имкониятидан баҳраманд бўлишимиз мумкин (Воиз 3:11).

3. Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз?

3 Ўтган мақоладан биз Яҳованинг кўнгли очиқлиги ва юзхотирчилик қилмаслигини билиб олдик ва шу туфайли Унинг фазилатларини кўпроқ қадрлайдиган бўлдик. Энди эса келинг, Яҳованинг яна иккита ажойиб фазилатини, яъни ҳимматлилиги ва мулоҳазакорлигини кўриб чиқайлик. Бундай таҳлил, сано бастакорининг қуйида айтган сўзларини янада чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради: «Эгамиз ҳар кимсага ҳиммат қилар, яратганларининг ҳар бирига шафқат айлар» (Заб. 144:9).

ЯҲОВА ҲИММАТЛИ ХУДОДИР

4. Ҳақиқий ҳиммат қанақа бўлади?

4 Ҳимматли бўлиш нимани англатади? Бу саволга жавобни Ҳаворийлар 20:35 да айтилган Исонинг сўзларидан топишимиз мумкин. У ерда шундай ёзилган: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». Мана шундай оддий сўзлар билан Устозимиз ҳақиқий ҳиммат қанақа бўлишини аниқ тушунтириб берган. Сахий инсон бошқалар учун ўз вақтини, кучини ва маблағини аямайди ҳамда у буни  бажонидил қилади. Чиндан ҳам ҳақиқий ҳиммат, туҳфа қилинаётган совғанинг катта ёки кичиклиги билан эмас, балки берувчининг ниятлари билан ўлчанади (2 Коринфликларга 9:7 ни ўқинг). Аммо ҳеч ким «бахтиёр Тангри» Яҳова каби сахий бўла олмайди (1 Тим. 1:11).

5. Қай йўсин Яҳова сахий Худо эканини намоён қилди?

5 Яҳова ҳимматли, яъни сахий Худо эканини қандай намоён қилди? У барчанинг, жумладан Унга топинмаётганларнинг ҳам эҳтиёжларини қондирмоқда. Дарҳақиқат, Яҳова «ҳар кимсага ҳиммат қилар». «У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради» (Мат. 5:45). Ҳаворий Павлус, бутпарастларга қуйидаги сўзларни беҳудага айтмаган: «[Яҳова] эзгу ишлари билан Ўзи тўғрисида шоҳидлик бериб келган. Аллоҳ сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, серҳосил мавсумларни тақдим этган. Шунингдек, озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларингизни қувончга тўлдирган» (Ҳавор. 14:17). Кўриб турганимиздек, Яҳова барчага сахийлик қилади (Луқо 6:35).

6, 7. а) Яҳова айниқса кимга ғамхўрлик қилишни яхши кўради? б) Яҳова Ўз хизматчиларининг ғамини ейишини қайси мисол кўрсатиб турибди?

6 Яҳова айниқса Ўзининг садоқатли хизматчиларига ғамхўрлик қилишни яхши кўради. Довуд бунга амин бўлиб, шундай деган: «Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим, солиҳнинг тарк этилганини, уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим» (Заб. 36:25). Кўпгина Худонинг садоқатли хизматчилари Яҳованинг ғамхўрлигини шахсан ҳис қилишган. Келинг бир мисолни кўриб чиқайлик.

7 Тўла вақтли хизматда бўлган Нэнси, бундан бир неча йил олдин жуда мушкул вазиятга тушиб қолган. Нэнси ўша кунларни эслаб, шундай деб бўлишди: «Мен эртаси куни ижара учун 66 доллар пул тўлашим керак эди. Қаердан бунча пулни топаман, дея хавотирланаётган эдим. Бу ҳақда Яҳовага ибодат қилгач, ишга кетдим. Мен ресторанда официантка бўлиб ишлардим. Ўша куни шунча кўп чойчақа олишимни ҳеч ҳам кутмаган эдим. Чунки бу кунлари одатда унча кўп одам келмас эди. Лекин кутилмаганда, ўша оқшомда ресторанга кўп одам келди. Иш вақтим тугагач, берган чойчақалар қанча бўлди экан, дея уларни санашга тушдим. Пул роппа-роса 66 доллар чиқди». Нэнси бу сахий Яҳованинг қўли эканини аниқ сезди. Ҳа, Худованд унинг энг зарурий бўлган эҳтиёжини қондирди (Мат. 6:33).

8. Яҳованинг сахийлик ила берган энг катта совғаси нима?

8 Яҳованинг сахийлик ила берган энг катта совғасини ҳамма олиши мумкин. Бу қандай совға экан? Бу — Ўғлининг тўлов қурбонлигидир. Исо бу ҳақда шундай деган: «Аллоҳ одамзодни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин» (Юҳан. 3:16). Ҳа, кимки сахий Яҳованинг бу совғасини қабул қилса, у учун ажойиб имконият очилади. Исога ишонган барча, абадий ҳаёт мукофотини олади! (Юҳан. 10:10). Ахир, Яҳова сахий Худо эканини тасдиқловчи яна қандай далил бўлиши мумкин?!

 САХИЙ ЯҲОВАГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

Исроилликлар сахий Яҳовадан ўрнак олишга чорланган (9- хатбошига қаранг)

9. Сахий Яҳовага қандай тақлид қилишимиз мумкин?

 9 Қандай қилиб сахий Яҳовага тақлид қилсак бўлади? У «завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл қилиб тақдим этаётган» экан, келинг, биз ҳам бор нарсамизни бошқалар билан «баҳам кўришга шай турайлик» (1 Тим. 6:17–19). Дўстларимиз ва оила аъзоларимизга совғалар бериб, муҳтожликда бўлганларга ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз (Қонунлар 15:7 ни ўқинг) *. Сахий бўлишни унутмаслик учун нима қилсак бўлади? Баъзилар кимдандир совға олса, ўзлари ҳам бошқаларга совға беришга қарор қилишади. Жамоатимизда ҳам сахийликни намоён қилишга интилаётган биродару опа-сингилларимиз кам эмас.

10. Сахийликни намоён этишнинг яна қандай яхши усули бор?

10 Сахийликни намоён этишнинг яна бир яхши усули — сўзларимиз ва ишларимиздир. Буни қандай қилишимиз мумкин? Вақту кучимизни бошқаларга ёрдам ва далда беришга сарфлаш орқали (Галат. 6:10). Бу борада ўзимизни синаб кўрмоқчи бўлсак, қуйидаги саволлар устидан ўйлаб кўрайлик: «Менга кимдир ташвишларини айтиб бермоқчи бўлса, уни тинглашга тайёр эканимни кўрсатаманми? Мабодо мендан ёрдам ёки бирон нарса олиб келишни сўрашса, хўп дея бажонидил қиламанми? Қачон охирги марта оила аъзоларимни ёки имондошларимни чин юракдан мақтаганман?» Ҳа, «бошқаларга бериб турсак», Яҳовага ҳамда дўстларимизга янада яқинроқ бўлишимиз шубҳасиз (Луқо 6:38; Ҳик. 19:17).

11. Яҳовага нисбатан сахийликни намоён этишнинг қандай йўллари бор?

 11 Биз Яҳовага нисбатан ҳам сахийликни намоён этишимиз мумкин. Зеро Ҳикматлар 3:9 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Ўз бойлигинг... билан Эгамизни улуғла». «Бойликка» шунингдек, хизматда бажонидил сарфлаётган вақтимиз, кучимиз ва маблағимиз ҳам киради. Ҳатто ёш болалар Яҳовага нисбатан сахийликни  намоён қилишлари мумкин. Жэйсон исмли бир ота шундай деб бўлишди: «Оиламиз Йиғилиш Залидаги хайр-эҳсон қутисига пул ташламоқчи бўлса, буни ёш болаларимиз қилишига ёрдам берамиз. Улар эса Яҳовага нарса бердик дея хурсандчиликни ҳис қилишади». Ҳозирдан Яҳовага беришдан қувонч ҳис қилаётган болалар, катта бўлганларида ҳам, Унга нисбатан сахийликни намоён этаверадилар (Ҳик. 22:6).

ЯҲОВА МУЛОҲАЗАКОР ХУДОДИР

12. Мулоҳазакор бўлиш нимани англатади?

12 Яҳованинг ажойиб фазилатларидан яна биттаси — мулоҳазакорликдир. Хўш, мулоҳазакор бўлиш деганда нимани тушунамиз? Асл нусхадан «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»га, кўпинча «мулоҳазакор» деб таржима қилинган сўз, том маънода «ён берадиган» деган маънони англатади (Титус. 3:1, 2, изоҳ). Мулоҳазакор инсон ҳеч қачон қонун ҳарфи асосида йўл тутмайди ёки ҳаддан ташқари талабчан ва қаттиққўл бўлмайди. Аксинча у ҳамма билан хушмуомала бўлиб, уларнинг имкониятларини эътиборга олишга интилади. У бошқаларни бажонидил тинглаб, ўрни келганда уларнинг хоҳиш-истакларига ён беради ва талабларини ўзгартиришга тайёр бўлади.

13, 14. а) Яҳова мулоҳазакор Худо эканини қандай намоён этди? б) Худо Лут билан қандай йўл тутганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

13 Яҳова мулоҳазакор Худо эканини қандай намоён қилмоқда? У меҳр ила хизматчиларининг ҳис-туйғуларини эътиборга олади ҳамда уларнинг талабларини кўпинча қондиришга ҳаракат қилади. Масалан, Яҳова худотарс Лут билан қандай йўл тутгани кўриб чиқсак бўлади. Садўм ва Ғамўра шаҳарларини йўқ қилишга қарор қилганида, Яҳова Лутга аниқ йўл-йўриқ бериб, тоғларга қочишни айтади. Аммо қайсидир сабабларга кўра, Лут бошқа жойга қочишни илтимос қилади. Бир тасаввур қилинг, Лут келиб-келиб Яҳовадан йўл-йўриқни ўзгартиришни сўраяпти! (Ибтидо 19:17–20 ни ўқинг).

14 Эҳтимол кимдир ўзича: «Лут қўрқоқ ва итоатсиз бўлган»,— деб ҳам айтар. Ахир Яҳова уни қутқариши тайин эди-ку! Демак Лутнинг қўрқиб ўтиришига ҳеч қандай асоси йўқ эди. Лекин у барибир қўрқаётганди. Шунда Яҳова унинг туйғуларини тушунишга ҳаракат қилди ва Ўзи йўқ қилмоқчи бўлган бошқа шаҳарга қочишга рухсат берди (Ибтидо 19:21, 22 ни ўқинг). Кўриб турганимиздек, Яҳова талабчан ҳам, қаттиққўл ҳам эмас. У ён берадиган ва мулоҳазакордир.

15, 16. Таврот қонунида Яҳованинг мулоҳазакорлиги қандай намоён бўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг)

15 Шунингдек, Яҳова Исроил халқига берган қонунларида, мулоҳазакор Худо эканини намоён этган. Масалан, Исроил халқидан кимдир жуда камбағал бўлиб, қўй ёки эчкини қурбонлик сифатида келтира олмаса, ўрнига иккита каптар ёки мусича келтириши мумкин эди. Лекин шу иккита мусичани ҳам қурбонликка келтиришга қурби етмаса-чи? Бундай вазиятда, Яҳова камбағал исроилликка озгина ун эҳсон қилишга рухсат берган. Аммо битта муҳим нарсага эътибор берсангиз: ҳар қандай ун эмас, балки «уннинг яхшисидан», яъни азиз меҳмонларга ишлатиладиган ундан эҳсон қилиниши керак эди (Ибт. 18:6). Нега бу шунчалик муҳим бўлган? (Левилар 5:11 ни ўқинг) *.

16 Дейлик сиз камбағал исроилликсиз. Мана хайр-эҳсон учун озгина ун олиб муқаддас чодирга келдингиз ва шу пайт бой бир исроиллик мол-қўйлари билан турганига кўзингиз тушди. Шунда қурбонлик учун сиз олиб келган ун назарингизда арзимасдек кўринишни бошлайди. Аммо Яҳованинг назарида сизнинг хайр-эҳсонингиз жуда қадрли эканини унутманг. Нега дейсизми? Агар эсингизда бўлса, Таврот қонуни бўйича, сиздан «уннинг яхшисидан», яъни юқори сифатли ун хайр-эҳсон қилиш кутилган. Буни билган ҳолда Яҳова сизга шундай демоқчи: «Бошқалар қатори Менга қурбонлик келтира олмаслигингни тушуниб турибман, аммо Мен учун энг яхшисини  бераётганингни ҳам кўриб турибман». Дарҳақиқат Яҳова, хизматчиларининг имконият чегараларини ва шароитларини эътиборга олади ва бу билан мулоҳазакор Худо эканини кўрсатади (Заб. 102:14).

17. Яҳова қандай хизматни қабул қилади?

 17 Яҳова Худойимиз чин юракдан қилаётган хизматимизни қабул қилиб, мулоҳазакорликни намоён этаётганини билиш кўнглимизга таскин бахш этади (Колос. 3:23). Ёши анчага бориб қолган италиялик кекса опамиз Констанс шундай деди: «Бошқаларга Отажоним Яҳова ҳақида айтиб беришни жону дилимдан яхши кўраман. Шу сабабли ваъз қилишни ҳамда қизиқувчилар билан тадқиқ ўтказишни канда қилмайман. Баъзида соғлигим дастидан хизматда кўпроқ иштирок эта олмаётганимдан кўнглим чўкади. Аммо шуни биламанки, Яҳова имконият чегараларимни инобатга олиб, мени тушунади, севади ҳамда қўлимдан келганини қилаётганимни қадрлайди».

ЯҲОВАНИНГ МУЛОҲАЗАКОРЛИГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

18. Ота-оналар қайси соҳада Яҳованинг ўрнагига тақлид қилишлари мумкин?

18 Яҳованинг мулоҳазакорлигига қандай тақлид қилсак бўлади? Келинг, яна бир бор Яҳова Лут билан қандай муомала қилганини эслайлик. Лут ўз ҳис-туйғуларини изҳор этганда, Яҳова энг юқори мартабали шахс бўлишига қарамасдан, уни диққат билан тинглаган. Сўнг, Худованд Лутнинг илтимосини эътиборга олган ҳолда иш тутди. Агар сиз ота-она бўлсангиз, бу борада Яҳовага тақлид қила оласизми? Болангизнинг илтимосини диққат билан тинглагач, ўринли бўлганда эса унинг хоҳиш-истагини инобатга олиб, иш тутишга ҳаракат қиляпсизми? Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2007- йил 1- сентябрь сонида, ота-оналар оилада қандайдир қоидани ўрнатмоқчи бўлишса, олдин буни болалари билан муҳокама қилиши мумкинлиги ҳақида айтилган эди. Мисол учун, ота-оналар болалари уйга соат нечада қайтиши кераклигини ҳал қилишяпти дейлик. Улар муайян вақтни белгилаб, болалари бунга риоя этишини талаб қилишлари мумкин. Шундай бўлса-да, художўй ота-оналар болаларидан, ўзлари қайси вақтда уйга қайтишни исташаётганини сўрашса ёмон бўлмасди. Баъзи ҳолларда агар болаларнинг истаги Муқаддас Китобга зид бўлмаса, ота-оналар уларнинг хоҳишини инобатга олишади. Ота-оналар фарзандларига фикр билдириш имконини беришса, болалари бу қоидалар нима учун ўрнатилганини яхши тушуниб, бажонидил риоя қилишини пайқашади.

19. Оқсоқоллар Яҳованинг мулоҳазакорлигига қандай тақлид қилишса бўлади?

19 Жамоат оқсоқоллари Яҳованинг мулоҳазакорлигига тақлид қилиб, имондошларининг имкониятларини инобатга олишга ҳаракат қилишади. Эсингизда бўлса, Яҳова ҳатто камбағал исроилликнинг келтирган қурбонлигини қадрлаган. Шу сингари, баъзи биродару опа-сингилларимиз соғлиги дастидан ёки ёши анчага бориб қолгани учун хизматга оз вақт ажрата олади, холос. Мабодо бу қадрли имондошларимиз кўп хизмат қила олмаётганидан тушкунликка тушган бўлса-чи? Шунда оқсоқоллар уларнинг кўнглини кўтариб, улар Яҳовага энг яхшисини беришаётганини айтишлари мумкин (Марк 12:41–44).

20. Мулоҳазакор бўлиш хизматда кам иштирок этиш мумкинлигини англатадими? Тушунтиринг.

20 Шубҳасизки мулоҳазакорлик, ўзимизга раҳм қилиб, хизматда камроқ иштирок этсам бўлади, дегани эмас (Мат. 16:22). Биз хизматда бўшашиб қолишни истамаймиз ва бундай ҳаракатларимизни оқлаб: «Мен мулоҳазакорликни намоён этяпман»,— деб айтмаймиз. Аксинча, барчамиз Шоҳлик манфаатлари йўлида «жон куйдиришимиз» керак (Луқо 13:24). Ҳа, бунинг учун икки нарсада мувозанатни сақлашга ҳаракат қилишимиз даркор. Бир томондан, хизматда жон куйдириб иштирок этишга интилсак, иккинчи томондан Яҳова ҳеч қачон кучимиздан ортиғини талаб қилмаслигини ёдда тутишимиз лозим. Агар шундай йўл тутсак, Аллоҳ биздан мамнун эканлигидан ҳеч ҳам шубҳаланмасак бўлади. Мана шундай миннатдор ва мулоҳазакор Хўжайинга хизмат қилишдан юрагимиз қувончга тўлади! Кейинги мақолада эса, Яҳованинг яна иккита бебаҳо фазилатини кўриб чиқамиз (Заб. 72:28).

«Ўз бойлигинг... билан Эгамизни улуғла» (Ҳик. 3:9). (11- хатбошига қаранг)

«Нимаики қилсангизлар... бажонидил адо этинглар» (Колос. 3:23).

(17- хатбошига қаранг)

[Изоҳлар]

^ 9- х.б. Қонунлар 15:7: «Эгангиз Худо сизга берадиган юртдаги шаҳарларингизнинг бирида Исроиллик биродарингиздан бирортаси камбағал бўлса, камбағал биродарингизга бағритошлик қилманг, зиқна бўлманг».

^ 15- х.б. Левилар 5:11: «Иккита каптар ёки иккита мусичани қурбонлик қилишга қурбингиз етмаса, қилган гуноҳингиз учун тўрт коса сифатли унни гуноҳ назри учун олиб келинг. Унга зайтун мойидан қўшманг, устига хушбўй тутатқидан ҳам қўйманг, зотан бу гуноҳ учун келтириладиган назрдир».