Шоҳлик учун қурбонликлар қилишга тайёрмисиз?
Аллоҳ қувонч билан берганни севади. 2 КОР. 9:7
1. Аксарият одамлар қандай қурбонликлар қилишади ва нима учун?
ОДАМЛАР муҳим деб ҳисоблаган нарсалари учун қурбонлик қилишга тайёр бўлишади. Ота-оналар болаларини деб вақт, пул ва кучларини аяшмайди. Тенгдошлари ўйнаб-кулиб юрган вақтда, ёш спортчилар Олимпиада ўйинларида қатнашиш ниятида кунига бир неча соат вақт сарфлаб, жон-жаҳди билан машқ қилишади. Исо ҳам ўзи муҳим деб ҳисоблаган нарсалар учун фидойилик кўрсатган. У фаровон ҳаёт кечиришга интилмаган ва бола-чақали ҳам бўлмаган. Аксинча, у бутун диққатини Шоҳлик манфаатларини олға суришга қаратган (Мат. 4:17; Луқо 9:58). Исонинг издошлари ҳам Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўп жон куйдиришган. Шоҳлик манфаатларини олға суриш, улар учун ҳар нарсадан муҳимроқ эди. Улар Шоҳликни қўллаб-қувватлашда иложи борича кўпроқ иштирок этиш учун кўп нарсадан воз кечишган (Мат. 4:18–22; 19:27). Шундай экан, биз ҳам: «Ҳаётда мен учун нима муҳим?» — деб ўзимиздан сўрасак бўлади.
2. а) Барча масиҳийлар учун қандай қурбонликлар муҳим? б) Айримлар қандай қўшимча қурбонликлар қила олишади?
2 Баъзи қурбонликлар барча масиҳийлар учун муҳим чунки бу қурбонликлар Яҳова билан муносабатларни ривожлантириб, сақлаб қолишга ёрдам беради. Бундай қурбонликларга ибодат қилиш, Муқаддас Китоб ўқиш, оилавий топиниш ўтказиш, йиғилишларга қатнаш ҳамда ваъзгўйлик хизматида иштирок этишга вақт ва куч сарфлаш киради * (Ёшуа 1:8; Мат. 28:19, 20; Иброн. 10:24, 25). Қилган ҳаракатларимиз ҳамда Яҳованинг баракаси туфайли ваъзгўйлик иши жадаллаб, кўп одамлар «Эгамизнинг уйи турган тоғ» томон дарёдай оқиб келмоқда (Ишаё 2:2). Шоҳлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ниятида кўплар Байтилда хизмат қилиш, Йиғилиш ва Анжуман Заллари қурилишида иштирок этиш ёки табиий офат юз берган ерларда ёрдам беришда фидойилик кўрсатишмоқда. Бу каби қўшимча қурбонликлар ҳаётга эга бўлиш учун зарур эмас, лекин бу Шоҳлик манфаатларини қўллаб-қувватлаш учун ўта муҳим.
3. а) Шоҳлик учун қурбонлик қилиш бизга қандай фойда келтиради? б) Қайси саволларни кўриб чиқишимиз зарур?
3 Ҳозир Шоҳликни астойдил қўллаб-қувватлашга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарурат бор. Кўплар Яҳова учун бажонидил қурбонлик қилишаётганини кўриш қувонарли! (Забур 53:8 ни ўқинг). Бундай сахийлик руҳини кўрсатиб, ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз ва келажакда Худонинг Шоҳлиги келтирадиган баракалардан баҳраманд бўламиз (Қонун. 16:15; Ҳавор. 20:35). Шундай бўлса-да, барчамиз ўзимизни синчковлик билан текшириб кўришимиз лозим. Шоҳлик учун яна қандай қурбонликлар қилишимиз мумкин? Вақт, пул, куч ва қобилиятларимизни ишга соляпмизми? Қандай хавф-хатарларни инобатга олишимиз керак? Келинглар, бундай ихтиёрий қурбонликлар қилиб қувончимизни ошириш учун қайси намунага тақлид қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
ҚАДИМГИ ИСРОИЛДАГИ ҚУРБОНЛИКЛАР
4. Қадимги Исроилда келтирилган қурбонликларнинг айримлари қанақа?
4 Қадимги Исроилда, қурбонликлар келтириш гуноҳлар кечирилиши учун асос бўлган. Яҳованинг марҳаматига эга бўлишдан мамнуният ҳис қилиш учун халқ қурбонликлар келтириши зарур эди. Айрим қурбонликларни келтириш талаб қилинган, бошқалари эса ихтиёрий бўлган (Лев. 23:37, 38). Бундан ташқари, Яҳовага ихтиёрий равишда бутунлай куйдириладиган қурбонликлар ёки назрлар келтирилган. Ихтиёрий қурбонликларга қўшиб, Яҳовага «ёқимли ҳид» бориши учун қурбонгоҳ устига ичимлик назри қуйилган (Саҳ. 15:10). Қурбонликлар келтиришнинг энг ёрқин мисоли, Сулаймон давридаги маъбадни бағишлаш маросими билан боғлиқ (2 Сол. 7:4–6).
5. Имконияти чегараланган инсонлар учун Яҳова қандай тадбир уюштирган эди?
5 Яҳова, ҳамма ҳам бир хил даражада бера олмаслигини тушунгани учун ҳар бир одамдан қурби етганини талаб қиларди. Яҳованинг қонунида, ҳайвоннинг қони тўкилиши талаб қилинган. Бу эса Унинг Ўғли бўлмиш Исо орқали келадиган «баракаларнинг... соясигина» эди холос (Иброн. 10:1–4). Аммо Яҳова, ўша қонуннинг бажарилишини ҳаддан ортиқ талаб қилмаган. Масалан, агар кимдир қўй ёки эчкини қурбон қила олмаса, Худо мусичаларни ҳам қабул қилаверган. Шундай қилиб, ҳатто камбағал инсон ҳам Яҳовага қувонч билан қурбонлик келтира олган (Лев. 1:3, 10, 14; 5:7). Гарчи қурбонликка турли хил жониворлар келтирилиши мумкин бўлган бўлса-да, ихтиёрий қурбонлик қилаётган ҳар бир инсондан иккита нарса талаб қилинарди.
6. Ихтиёрий қурбонлик қилаётган ҳар бир инсондан нима талаб қилинарди ва бу талабларга амал қилиш қанчалик муҳим эди?
6 Биринчидан, инсон ўзидаги энг яхшисини бериши лозим эди. Яҳова халқига, фақат нуқсонсиз «қурбонлиги қабул бўлади» деган эди (Лев. 22:18–20). Агар жониворнинг бирон нуқсони бўлса, у Яҳовага қурбон қилиш учун яроқсиз ҳисобланарди. Иккинчидан эса, қурбонлик қилаётган инсон пок ва ҳалол бўлиши керак эди. Мабодо инсон ҳаром бўлса, у ихтиёрий қурбонлик қилишдан аввал Яҳова билан муносабатларини тиклаш учун гуноҳ қурбонлигини ёки айб қурбонлигини келтириши лозим эди (Лев. 5:5, 6, 15). Бу жиддий масала эди. Яҳованинг қонунига кўра, агар инсон ҳаром бўлиб, ихтиёрий қурбонлик қилса, Худонинг халқи орасидан йўқ қилиниши талаб этиларди (Лев. 7:20, 21). Бошқа тарафдан, агар қурбонлик қилаётган инсон Яҳова билан яхши муносабатда бўлиб, қурбонлиги нуқсонсиз бўлса, у мамнуният ҳис этиб, жуда хурсанд бўларди (1 Солномалар 29:9 ни ўқинг) *.
ҲОЗИРГИ ҚУРБОНЛИКЛАР
7, 8. а) Баъзилар Шоҳлик учун қурбонликлар қилиб, қандай мамнуният топишган? б) Қайси нарсалар бизнинг ихтиёримизда?
7 Ҳозирда ҳам кўплар тайёрлик ила ўзларини Яҳовага хизмат қилишга бағишлайдилар ва бу Яҳовага маъқулдир. Имондошларимизнинг манфаати учун қилинган меҳнат мукофотланади. Йиғилиш Заллари қурилишида ҳамда табиий офатлардан зарар кўрганларга ёрдам беришда иштирок этаётган бир имондошимиз, бундай хизмат турлари унга қанчалик мамнуният келтиришини ифодалаш қийинлигини айтганди. У шундай деган эди: «Янги Йиғилиш Залига кирган ёки табиий офатдан сўнг ёрдам олган маҳаллий биродару опа-сингилларнинг бахтиёр ва миннатдорлигини кўриб, барча қилинган ҳаракатлар зое кетмаганини ҳис қилар экансиз».
8 Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми доим Шоҳлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш имкониятларини излаган. 1904- йилда биродаримиз Ч. Т. Расселл шундай деб ёзган эди: «Ҳар ким ўзини Раббимиз томонидан ўз вақти, кучи, пули ва бошқа нарсалари устидан бошқарувчи сифатида тайинланган, деб ҳисоблаши лозим ва ҳар ким бу инъомларни Раббимизни шарафлаш мақсадида, имкони борича самарали қўллаши даркор». Гарчи Яҳова учун бирор нарсани қурбон қилишимизга тўғри келса-да, бу кўп баракалар келтиради (2 Шоҳ. 24:21–24). Биз ўз ихтиёримиздаги нарсаларни янада самарали қўллай оламизми?
9. Вақтимизни сарфлаш борасида, Луқо 10:2–4 даги Исонинг қайси кўрсатмасига амал қилишимиз мумкин?
9 Вақтимиз. Адабиётларимизни таржима қилиб, нашр этиш, топиниш жойларини қуриш, анжуманларни ташкиллаштириш, табиий офатлардан зарар кўрганларга ёрдам бериш ҳамда бошқа зарурий ишларда қатнашишга кўп вақт ва куч кетади. Бизда кунига 24 соат вақт бор холос. Бу вақтдан унумли фойдалана олишимиз учун Исо яхши кўрсатма берган. У шогирдларини хизматга юбораётиб: «Йўлда ҳар бир киши билан саломлашишга кўп вақт сарфламанглар»,— деган эди (Луқо 10:2–4). Исо нега бундай кўрсатма берган экан? Бир инжилшунос буни шундай тушунтирган: «Шарқда яшовчилар бизлар каби, шунчаки бош эгиб ёки қўл сиқиб сўрашишмасди; улар бир неча маротаба қучоқлашиб, таъзим қилиб ва ҳатто мук тушиб саломлашар эдилар. Бунга эса кўп вақт кетарди». Исо издошларини қўпол бўлишга ундамаган. Аксинча, уларга вақт танг эканини ва бу вақтни муҳимроқ ишларга сарфлаш зарурлигини тушунишга кўмаклашган (Эфес. 5:16). Биз ҳам бу кўрсатмага амал қилиб, Шоҳлик фаолиятини олға суришга кўпроқ вақт ажрата оламизми?
10, 11. а) Умумжаҳон фаолиятга атаган хайр-эҳсонларимиз қайси ишларга сарфланади? б) 1 Коринфликларга 16:1, 2 даги қайси кўрсатма бизга ёрдам бериши мумкин?
10 Пулимиз. Шоҳлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга анчагина пул керак. Кўчма нозирлар, махсус кашшофлар ва тўла вақтли махсус ваъзгўйларнинг харажатларини қоплашга ҳар йили ўн миллионлаб доллар пул сарфланади. 1999- йилдан бошлаб, имкониятлари чегараланган мамлакатларда 24 500 дан ошиқ Йиғилиш Заллари қурилган. Аммо яна 6 400 га яқин Йиғилиш Залларига эҳтиёж бор. Ҳар ой қарийб 100 миллион нусха «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналлари чоп этилмоқда. Буларнинг бари сизнинг хайр-эҳсонларингиз туфайли амалга оширилмоқда.
11 Ҳаворий Павлус хайр-эҳсонлар борасида амалий кўрсатма берган (1 Коринфликларга 16:1, 2). У илоҳий илҳом билан Коринфдаги имондошларини, қанча пуллари қолишини кўриш учун ҳафтанинг охиригача кутмай, имкониятларига қараб ҳафтанинг бошидаёқ пул ажратиб қўйишга ундаган. Биринчи асрда бўлгани каби, бугунги кунда ҳам имондошларимиз ўз шароитларига қараб, сахийликни намоён этишни олдиндан режалаштириб қўйишмоқда (Луқо 21:1–4; Ҳавор. 4:32–35). Яҳова эса бундай сахийликни қадрлайди.
12, 13. Айримларни куч ва қобилиятларини ишга солишдан нима тўхтатиши мумкин ва Яҳова бизга қандай ёрдам беришга қодир?
12 Куч ва қобилиятларимиз. Биз куч ва қобилиятларимизни Шоҳлик фаолиятига ишлатсак, Яҳова бизни қўллаб-қувватлайди. Агар чарчаб қолсак, У бизга мадад беришни ваъда қилмоқда (Ишаё 40:29–31). Бу фаолиятга ҳисса қўшишга ўзимизни қобилиятсиздек ҳис этяпмизми? Бошқалар биздан кўра яхшироқ эплайди, деб ўйлаяпмизми? Шуни унутмангки, Яҳова Базалил ва Охолиёвга қилганидек, ҳар қайси инсоннинг туғма қобилиятларини ривожлантиришга қодир (Чиқ. 31:1–6).
13 Яҳова бизни ўзимиздаги энг яхшисини аямай, Унга беришга ундамоқда (Ҳик. 3:27). Маъбад қайта қурилаётган вақтда Яҳова Қуддусдаги яҳудийларни, қурилишга нисбатан қандай муносабатда эканлари ҳақида ўйлаб кўришга чорлаганди (Хаг. 1:2–5). Улар чалғиб, бошқа ишлар билан овора эдилар. Биз ҳам Яҳова учун муҳим бўлган ишни биринчи ўринга қўйган-қўймаганимизни текшириб кўрсак яхши бўлади. Ҳа, ушбу охирзамон даврида биз Шоҳлик фаолиятини янада кўпроқ қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмизми, деб «яхшилаб ўйлаб кўрсак» бўлади.
ҚЎЛИМИЗДА БОРИГА ҚАРАБ, ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ
14, 15. а) Имкониятлари чегараланган имондошларимизнинг мисоли бизга қандай далда бахш этди? б) Бизда қанақа истак бўлиши керак?
14 Кўплар муҳтожлик ва қашшоқлик оддий ҳолга айланган жойларда яшайди. Ташкилотимиз бундай мамлакатларда яшайдиган имондошларимизнинг эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилади (2 Кор. 8:14). Бироқ, ҳатто имкониятлари чегараланган имондошларимиз ҳам бошқаларга ёрдам бериш фурсатини қадрлашади. Моддий жиҳатдан камбағал кишиларнинг қувонч билан беришаётганини кўриб, Яҳова жуда мамнун бўлади (2 Кор. 9:7).
15 Африканинг жуда қашшоқ бир мамлакатида айрим имондошларимиз ўзларининг боғидан озгина қисмини ажратишибди ва ўша ерда ўсиб чиққан ҳосилни сотиб, тушган пулдан Шоҳлик фаолиятини қўллаб-қувватлашар экан. Ўша мамлакатда Йиғилиш Залига эҳтиёж бўлгани сабабли, унинг қурилиши режалаштирилибди. Маҳаллий биродару опа-сингилларимиз эса бу қурилишда иштирок этишни хоҳлашибди. Лекин қурилиш, айнан улар экин-тикин билан банд бўлган вақтга тўғри келибди. Шунга қарамасдан, улар ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилиб, кундузи Йиғилиш Залининг қурилишида иштирок этишибди, кечки пайт эса экин-тикинларини охирига етказиб қўйиш учун далаларига қайтишибди. Қаранг, қандай фидокорлик! Бу бизга биринчи асрда яшаган македониялик имондошларимизни эслатади. Улар «ғоят қашшоқ бўлишларига қарамай», ёрдам кўрсатиш шарафига лойиқ бўлишни жуда хоҳлашган (2 Кор. 8:1–4). Шунга ўхшаб, илойим ҳар биримиз Яҳова «берган баракага яраша инъом келтирайлик»! (Қонунлар 16:17 ни ўқинг) *.
16. Қурбонликларимиз Яҳовага маъқул бўлишига қандай ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?
16 Аммо бир нарсадан эҳтиёт бўлиш керак. Қадимги Исроил халқида бўлганидек, биз ҳам ихтиёрий қурбонликларимиз Худога маъқул келишига ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Нима сабабли Яҳова қурбонлигимизни қабул қилмаслиги мумкин? Биз оиладаги ва Яҳовага хизмат қилиш билан боғлиқ масъулиятларимизга нисбатан мувозанат сақлашимиз керак. Бордию, оиламизнинг маънавий ва жисмоний эҳтиёжларига бепарво бўлсак, Йиғилиш Заллари қурилишида, табиий офатдан зарар кўрганларга ёрдам беришда ёки бошқа фаолиятларда иштирок этишимиз Унга «маъқул» бўлмайди. Биз гўё ўзимизда йўқ нарсани бергандай бўламиз (2 Коринфликларга 8:12 ни ўқинг). Бундан ташқари, нолойиқ бўлиб қолмаслик учун ўз маънавийлигимизни сақлашимиз зарур (1 Кор. 9:26, 27). Лекин шунга амин бўлишимиз мумкинки, агар Муқаддас Китобдаги меъёрлар бўйича яшасак, қурбонликларимиз ўзимизга катта қувонч ва мамнуният бахш этиб, Яҳовага ҳам «маъқул» бўлади.
ҚУРБОНЛИКЛАРИМИЗ ЖУДА ҲАМ ҚАДРЛИ
17, 18. Шоҳлик учун қурбонликлар қилаётган барча имондошларимиз ҳақида қандай фикрдасиз ва ҳар биримиз нима тўғрисида ўйлаб кўрсак бўлади?
17 Кўп имондошларимиз вақт, куч ва пулларини аямай Шоҳлик фаолиятини қўллаб-қувватламоқдалар (Филип. 2:17). Бундай саховат руҳини намоён этаётганларни биз ниҳоятда қадрлаймиз. Шоҳлик фаолиятида раҳбарлик қилаётган биродарларимизнинг хотин ва болалари, фидокорлик ва сахийлиги учун мақтовга лойиқдир.
18 Шоҳлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳали кўп меҳнат қилиш керак. Келинглар, бу ишда қай йўсин янада кўпроқ қатнаша олишимиз мумкинлиги тўғрисида ибодат қилиб ўйлаб кўрайлик. Агар шундай йўл тутсак, ҳозирнинг ўзида катта мукофотга эга бўламиз, «келажак замонада эса» бундан ҳам кўпроқ баракалар топамиз (Марк 10:28–30).
^ 2- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг 2012- йил, 15- январь сони, 21–25- саҳифаларидаги «Яҳовага бажонидил қурбонлик келтиринг» номли мақолага қ.
^ 6- х.б. 1 Солномалар 29:9: «Одамлар йўлбошчиларнинг берган бу ҳадялари учун севиндилар, чунки улар кўнгилдан чиқариб берган бу назрларини якдиллик билан Эгамизга келтирган эдилар. Шоҳ Довуд ҳам жуда хурсанд бўлди».
^ 15- х.б. Қонунлар 16:17: «Ҳар бирингиз Эгангиз Худо берган баракага яраша инъом келтиринглар».