Яҳова бизга қандай яқинлашади?
Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади. ЁҚБ. 4:8
1. Инсонлар нимага муҳтож ва ким бу эҳтиёжни қондира олади?
ХАЛҚИМИЗДА: «Одам одам билан тирик»,— деб бежиз айтилмайди. Айримларнинг фикрича, «агар одамлар бир-бирини севса ва яхши билса, яқин муносабатларнинг иложи бўлади». Бизни яхши кўрадиган, қадрлайдиган ва тушунадиган оиламиз ва дўстларимиз орасидаги муносабатдан гуллаб-яшнашимиз табиий. Бироқ биз яқиндан-яқин муносабатларни ривожлантиришимиз керак бўлган яна бир Шахс, Парвардигоримиздир (Воиз 12:1).
2. Яҳова бизга қандай ваъда беряпти, бироқ нега кўпчилик бунга ишонмайди?
2 Яҳова Каломи орқали бизни Ўзига «яқинлашишга» ундамоқда. Агар бундай қилсак, У ҳам бизга яқинлашишни ваъда беряпти (Ёқб. 4:8). Буни билиш нақадар қувончли, шундай эмасми?! Бироқ кўп одамлар Худога яқинлашишни ақл бовар қилмас иш деб ўйлашади. Сабаби, улар ўзларини бунга нолойиқ ёки Аллоҳга яқинлашиш имконсиз деб ҳисоблашади. Хўш, Яҳовага яқинлашишнинг иложи борми?
3. Яҳова борасида нимага амин бўлишимиз мумкин?
3 Шуниси аниқки, Тангри Яҳова Унга топишни истаётган «ҳар биримизга яқиндир» ва Уни таниб-билишнинг иложи бор (Ҳаворийлар 17:26, 27; Забур 144:18 ни ўқинг). Аллоҳимиз, ҳатто номукаммал бўлсак-да, дўстликни тайёрлик ҳамда хоҳиш ила таклиф этяпти ва бизни яқин дўст сифатида қабул қиляпти (Ишаё 41:8; 55:6). Сано бастакори тажрибасига асосланиб, Яҳова ҳақида шундай деган: «Сенсан ибодатларга жавоб бергувчи, жамики одамзод Сенга келади... Сен Ўзинг танлаб, олиб келган инсон нақадар бахтли!» (Заб. 64:3, 5). Яҳудо шоҳи Осо ҳақидаги Муқаддас Китоб ҳикояси, Худога яқинлашиш мумкинлигининг мисоли бўлиб, Яҳова бунга қандай муносабатда бўлганини кўрсатмоқда *.
ЎТМИШДАГИ МИСОЛЛАРДАН САБОҚЛАР
4. Шоҳ Осо Яҳудо халқига қандай ўрнак кўрсатган?
4 Шоҳ Осо ҳақ топинишда ғайратли бўлиб, ўша пайтда жуда кенг тарқалган маъбаддаги фаҳшбозлик ва бутпарастликни йўқ қилган (3 Шоҳ. 15:9–13). У сўз эркинлиги билан одамларни шундай деб чорлаган: «Ота-боболарингизнинг Худоси — Эгамизга юз буринг, Унинг қонун ва амрларига риоя қилинг». Яҳова, Осо ўн йил давомида бошқарган даврда тинчлик ато этган. Бу тинчлик Яҳовадан эканини билиб, у халққа шундай деган: «Худога итоат қилганимиз учун, бу юрт ҳали ҳам бизники. Худо бизга ҳар тарафдан осойишталик ато қилган» (2 Сол. 14:1–7). Келинг, кейинчалик нима юз берганини кўриб чиқайлик.
5. Осо қайси вазиятда Худога таянаётганини исботлаган ва бунинг натижаси қандай бўлган?
5 Ўзингизни Осонинг ўрнига қўйиб кўринг. Ҳабашистонлик Зерах 1 000 000 лашкар ва 300 жанг араваси билан Яҳудо юртига ҳужум қиляпти (2 Сол. 14:8–10). Шу қадар улкан қўшин шоҳлигингизга бостириб келса, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Қолаверса, лашкарингиз бор-йўғи 580 000 та аскардан иборат. Ахир, тахминан 1 га 2 та аскардан тўғри келяпти-ку! Нега Худо бундай ҳужумга йўл қўймоқда, деб ҳайрон бўларсиз? Ушбу мушкул аҳволда ўз донолигингизга таяниб иш тутасизми? Осонинг ҳаракатларидан, у Яҳова билан яқин муносабатларга эга эканини ва Унга таянганини кўришимиз мумкин. Осо Яҳовага илтижо қилиб, шундай деган: «Бизга ёрдам бер! Биз Сенга таянамиз. Сенинг номинг билан бу беҳисоб лашкарга қарши жангга отландик. Эй Эгамиз! Сен бизнинг Худойимизсан. Инсон зоти Сени мағлуб қилишига йўл қўйма!» Худо унинг илтижосига қулоқ солганми? Ҳа, «Эгамиз Ҳабашистонликларни мағлуб қилган». Душманларнинг ҳеч бири жангда тирик қолмаган (2 Сол. 14:11–13).
6. Осога қандай тақлид қилишимиз мумкин?
6 Нима учун Осо, Аллоҳ йўл-йўриқ бериб, ҳимоя қилишига тўла ишонган? Муқаддас Китобга биноан, Осо «Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди» ва «Эгамизга чин кўнгилдан боғланди» (3 Шоҳ. 15:11, 14). Биз ҳам Яҳовага чин кўнгилдан хизмат қилишимиз керак. Бу ниҳоятда муҳим, токи ҳозир ва келажакда Худо билан яқин муносабатлардан қувониб яшаймиз. Яҳова биз билан дўст бўлиш учун илк қадам ташлагани ва бу, ришталарни мустаҳкамлашга ёрдам бераётгани учун қанчалар миннатдормиз! Худо қайси иккита йўл орқали буни амалга оширишини кўриб чиқайлик.
ЯҲОВА ТЎЛОВ ОРҚАЛИ ЖАЛБ ҚИЛМОҚДА
7. а) Яҳова, У билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз учун нима қилган? б) Худо қайси аъло йўл орқали бизни Ўзига яқинлаштиряпти?
7 Яҳова инсоният учун ер юзидек гўзал уйни яратиб, Ўз севгисини кўрсатган. Ҳозирга қадар, У яшашимиз учун барча нарса билан таъминлаб, бизни яхши кўришини намоён этяпти (Ҳавор. 17:28; Ваҳ. 4:11). Энг асосийси эса, Яҳова маънавий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қиляпти (Луқо 12:42). Шунингдек, У ибодатларимизни шахсан Ўзи тинглашига ишонтиряпти (1 Юҳан. 5:14). Аммо тўлов — Аллоҳ бизни Ўзига яқинлаштириб, севгисини намоён этганининг аъло йўлидир (1 Юҳанно 4:9, 10, 19 ни ўқинг). Биз гуноҳ ва ўлимдан халос бўлишимиз учун Яҳова «ягона Ўғлини» ер юзига юборган (Юҳан. 3:16).
8, 9. Яҳованинг ниятида Исо қандай ўринга эга?
8 Яҳова, ҳатто Масиҳдан олдин яшаган инсонлар ҳам тўловдан фойда олишларига имконият яратган. Унинг назарида, келажакда Нажоткор келиши ҳақида башорат қилганидан бери тўлов тақдим этилгандек эди. Чунки Яҳова, нияти албатта амалга ошишини билган (Ибт. 3:15). Асрлар ўтгач, ҳаворий Павлус «Исо Масиҳ берган тўлов асосида озодликка чиқиш» имконияти учун Худога миннатдорчилик билдириб, шундай деган: «Аллоҳ сабр қилиб, ўтмишда қилинган гуноҳларни кечириб келган» (Рим. 3:21–26). Ҳа, Худога яқинлашишимизда Исо беқиёс ўринга эга!
9 Камтарин кишилар фақатгина Исо орқали Яҳова ҳақида билим олиб, У билан дўстона муносабатлардан завқланиши мумкин. Бу борада Муқаддас Китобда нима дейилган? Павлус шундай ёзган: «Аллоҳ бизга Ўз севгисини биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ биз учун вафот этгани билан кўрсатди» (Рим. 5:6–8). Тўлов қурбонлигига сазовор бўлганимиз учун эмас, балки Яҳова ва Исо бизни ниҳоятда севишгани учун тақдим этилган. Исо: «Агар мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди»,— деб айтган. Бошқа сафар эса у: «Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди»,— деган (Юҳан. 6:44; 14:6). Муқаддас руҳ ёрдамида Яҳова ҳар бир кишига Исо орқали Унга яқинлашиб, Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақланишига кўмаклашмоқда. Шу йўсин, инсон абадий ҳаётга эриша олади (Яҳудо 20, 21 ни ўқинг). Яҳова Ўзига жалб қилишининг яна бир йўлни муҳокама қилайлик.
ЯҲОВА КАЛОМИ ОРҚАЛИ ЖАЛБ ҚИЛМОҚДА
10. Муқаддас Китобдаги қайси билимлар Худога яқинлашишга кўмаклашади?
10 Юқорида, Муқаддас Ёзувларнинг 14 та турли китобидан оятлар келтирилди ёки ҳавола қилинди. Муқаддас Китоб бўлмаганида, Яратувчимизга яқинлашиш мумкинлиги, тўлов ҳамда Исо орқали бизни жалб қилаётгани ҳақида қаердан билардик? Яҳова Ўзининг ажойиб фазилатлари билан бир қаторда, улуғвор ниятлари ҳақида ҳам билиб олишимиз учун Муқаддас Китоб илоҳий илҳом остида ёзилишига ғамхўрлик қилган. Масалан, Чиқиш 34:6, 7 да Яҳова Мусога Ўзини шундай деб таърифлаган: «Раҳмдил ва меҳрибон, сабр-тоқатли Худоман, собит севгим ва садоқатим мўлдир. Минг-минг авлодларга собит севгимни кўрсатавераман. Фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечираман». Ким ҳам шу каби Шахсга яқинлашишни хоҳламайди? Яҳова биладики, Муқаддас Китобдан қанчалик кўп билим орттирсак, У биз учун шунчалик мавжуд Шахс бўлиб, яқин Дўстга айланади.
11. Нима сабабдан Худо ҳақида кўпроқ билим олишга интилишимиз лозим? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
11 Кўп тилларда нашр этилган «Яҳова Таолога яқинлашинг» номли китобнинг кириш сўзларида, Худо билан яқин дўст бўлиш учун нима қилишимиз кераклиги қуйидагича тушунтирилган: «Ҳар қандай дўстона муносабатлар, киши билан танишиб, унинг ўзига хос фазилатларини қадрлашимизга ва улардан завқланишимизга боғлиқ. Шунинг учун, Муқаддас Китобдан Худонинг фазилатлари ва йўллари ҳақида билиб олишимиз ўта муҳим». Муқаддас Китоб инсонларга тушунарли тарзда ёзилишига ғамхўрлик қилгани учун Яҳовадан миннатдор бўлсак арзийди.
12. Нима учун Яҳова Муқаддас Китоб ёзилишида инсонлардан фойдаланган?
12 Яҳова Муқаддас Китоб ёзилишида фаришталардан фойдаланиши мумкин эди. Нега деганда улар, шахсиятимиз ҳамда фаолиятимиз билан жуда қизиқишади (1 Бутр. 1:12). Шубҳасизки, фаришталар Худонинг хабарини инсониятга етказиб беришлари мумкин эди. Бироқ улар нарсаларга инсоний нуқтаи назар билан қарай олишадими? Эҳтиёжларимиз, камчиликларимиз ҳамда хоҳиш-истакларимизни ўзларида ҳис қилишга қодирми? Йўқ, Яҳова эса фаришталар буни қила олмаслигини яхши билади. Муқаддас Китоб бизга тушунарли бўлиши учун, Яҳова унинг ёзилишида инсонлардан фойдаланган. Шу сабабли, Худо Каломининг ёзувчилари ҳамда унда тилга олинган бошқа одамларнинг фикри ва ҳис-туйғуларини тушуна оламиз. Уларнинг кўнгил қолиш, иккиланиш ва қўрқиш каби туйғуларию камчиликлари ҳақида ўқиганимизда, дардига шерик бўла оламиз. Бахтли онлари тўғрисида ўқиганимизда эса, қувончини ҳис қила оламиз. Илёс пайғамбар сингари, Муқаддас Китоб ёзувчиларининг барчаси «биз каби инсон» бўлишган (Ёқб. 5:17).
13. Юнуснинг ибодати сизда қандай туйғуларни уйғотмоқда?
13 Масалан, Юнус пайғамбар илоҳий топшириқдан қочиб кетаётганда, фаришта унинг туйғуларини тўлалигича изҳор қила олармиди? Содир бўлган воқеаларни ҳамда денгиз тубида чин юракдан қилган ибодатини ёзиши учун Яҳова Юнусни танлагани қанчалар яхши бўлган! Пайғамбар шундай деган: «Ҳаётим онлари тугай деганда, мен Эгамни эсладим» (Юнус 1:3, 10; 2:2-10).
14. Нега биз Ишаё ўзи ҳақида айтганларини тушуна оламиз?
14 Келинг, Яҳова Ишаёни ўзи ҳақида нима деб ёзишга ундаганини кўриб чиқайлик. Пайғамбар ваҳийда Аллоҳнинг улуғворлигини кўргач, гуноҳкорлигини тан олиб, қуйидагиларни ёзган: «Шўрим қурсин! Ўлдим энди! Ўз кўзларим билан ўша Шоҳни, Сарвари Оламни кўрдим. Ахир, мен оғзи нопок бир одамман, оғзи нопок халқ орасида яшайман!» (Ишаё 6:5). Фаришта бундай туйғуларни изҳор эта олармиди? Аммо Ишаё буни қила олган ва биз ҳам унинг ҳис-туйғуларига шерик бўла оламиз.
15, 16. а) Нима учун бошқа одамларнинг туйғуларини тушуна оламиз? Мисол келтиринг. б) Яҳовага яқинлашишга нима ёрдам беради?
15 Фаришталар ўзи ҳақида Ёқуб сингари «лойиқ эмасман» ёки Бутрус каби «гуноҳкорман», деб айта олишмайди (Ибт. 32:10; Луқо 5:8). Исонинг издошлари каби «даҳшатга тушиш» ҳисси уларга бегона. Фаришталар Павлус ва бошқа хизматчиларга ўхшаб, қувғинлар пайтида хушхабарни ваъз қилиш учун жасоратга муҳтожлик ҳис қилишмайди (Юҳан. 6:19; 1 Салон. 2:2). Зеро улар ҳар томонлама мукаммал ва инсонлардан анча қудратлироқ. Номукаммал одамлар шу каби туйғуларни изҳор қилишса, биз уларни тезда тушунамиз, чунки ўзимиз ҳам оддий одаммиз. Шу сабабли, Аллоҳнинг Каломини ўқиганимизда, чиндан ҳам севинаётганлар билан севинамиз, йиғлаётганлар билан йиғлаймиз (Рим. 12:15).
16 Агар Яҳова ўтмишдаги садоқатли хизматчилари билан қандай муносабатда бўлгани борасида мулоҳаза юритсак, Унинг ажойиб фазилатлари ҳақида кўп нарсани билиб оламиз. Масалан, Худо сабр-тоқат ва севги ила номукаммал одамларни Ўзига жалб қиляпти. Яҳовани яхшироқ таниб-билсак, Уни қаттиқроқ сева оламиз ва Унга янада яқинлашамиз (Ҳикматлар 3:32 ни ўқинг).
ЯҲОВА БИЛАН МУСТАҲКАМ РИШТАЛАРНИ БОҒЛАНГ
17. а) Озариё Осога қандай яхши маслаҳат берган? б) Қай йўсин Осо бу маслаҳатни рад этган ва оқибати қандай бўлган?
17 Шоҳ Осо ҳабашистонликларнинг лашкари устидан буюк ғалаба қозонгач, Озариё пайғамбар унга ва халққа доно маслаҳат берган. Озариё шундай деган: «Сизлар Эгамиз билан бўлар экансиз, У ҳам сизлар билан бирга бўлади. Агар сизлар Эгамизни изласангизлар, Уни топасизлар. Агар Уни тарк этсангизлар, У ҳам сизларни тарк этади» (2 Сол. 15:1, 2). Вақт ўтиб, Осо бу маслаҳатга амал қилмай қўйган. Шимолий Исроил шоҳлиги хавф солганда, у ёрдам сўраб сурияликларга мурожаат қилган. Яҳовадан ёрдам сўрашнинг ўрнига, Осо бутпарастлар билан битим тузган. Шу боис, Яҳова унга қуйидаги сўзларни айтган: «Сен ақлсизларча иш тутдинг. Бундан буён сенинг бошинг урушдан чиқмайди». Осо бошқарувининг қолган йилларида тўхтовсиз урушлар бўлган (2 Сол. 16:1–9). Биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
18, 19. а) Яҳовадан узоқлашаётганимизни ҳис қилсак, қандай йўл тутишимиз даркор? б) Қай йўсин Яҳова билан янада яқин дўст бўлишимиз мумкин?
18 Яҳовага доимо яқинлашайлик. Мабодо, узоқлашаётганимизни ҳис қилсак, Ҳўшея 12:6 да ёзилган мана бу сўзларга амал қилишимиз даркор: «Худойингизга қайтинг. Севги ва адолатга интилинг, сабр-тоқат ила Худодан умид қилинг». Келинг, тўлов ҳақида мулоҳаза юритиш ва Муқаддас Китобни диққат билан тадқиқ қилиш орқали Яҳовага янада яқинлашайлик (Қонунлар 13:4 ни ўқинг).
19 Сано бастакори: «Эй Худо, Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир»,— деб ёзган (Заб. 72:28). Келинг, бундан буён ҳам Яҳова ҳақида янги нарсаларни ўрганайлик. Шунда, Уни севиш учун янада кўпроқ сабабларимиз бўлади. Агар Яҳовага яқинлашсак, У ҳам биз билан абадий дўст бўлиб қолади!
^ 3- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 август сонидаги «Сизлар қилган ишларингиз учун мукофот оласизлар» номли Осо ҳақидаги мақолага қ.