Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Кўп қайғуларга» қарамай, садоқат ила хизмат қилинг

«Кўп қайғуларга» қарамай, садоқат ила хизмат қилинг

Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак. ҲАВОР. 14:22

1. Нима учун қайғулар Худонинг хизматчиларини ҳайрон қолдирмайди?

АБАДИЙ ҳаётга эришишдан олдин «кўп қайғулардан» ўтиш кераклиги сизни ҳайрон қолдирадими? Йўқ. Ҳақиқатни яқинда эшитганмисиз ёки анча йиллардан бери Яҳовага хизмат қиляпсизми, қайғулар Шайтон дунёсининг бир қисми эканини биласиз (Ваҳ. 12:12).

2. а) Барча номукаммал одамларнинг бошига тушаётган муаммолардан ташқари, масиҳийлар яна қандай қайғуларга дуч келишади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Қайғуларимиз ортида ким турибди ва буни қаердан биламиз?

2 Барча номукаммал одамларнинг бошига тушаётган «оддий» муаммолардан ташқари, масиҳийлар қўшимча қайғуларга ҳам дуч келишади (1 Кор. 10:13). Бу қандай қайғулар? Худонинг қонунларига қатъий амал қилганлари учун улар қувғинларга дучор бўлишади. Исо издошларига шундай деган: «Қул ўз хўжайинидан буюк эмас, деганимни эсланглар. Агар мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қилишади» (Юҳан. 15:20). Бу таъқиблар ортида ким турибди? Шубҳасизки, бу Шайтон. Муқаддас Китобда ёзилишича, у «шердай бўкириб», Аллоҳнинг хизматчиларини «ютиб юборай» деб юрибди (1 Бутр. 5:8). Шайтон, Исо шогирдларининг бенуқсонлигини  синдириш учун турли усулларни қўллайди. Келинг, Павлус билан нима содир бўлганини кўриб чиқайлик.

ЛИСТРА ШАҲРИДАГИ ҚАЙҒУЛАР

3–5. а) Павлус Листрада қандай қайғуларга учраган? б) Қандай қилиб қайғулар ҳақидаги унинг хабари далдали бўлган?

3 Павлус имони туфайли кўп маротаба таъқибларга учраган (2 Кор. 11:23–27). Бундай воқеалардан бири Листрада содир бўлган. Туғма шол бўлган бир кишига шифо бергач, Павлус ва унинг ҳамкори Барнабони худолар деб ўйлашган. Улар иккови ялиниб, ҳайратда қолган оломонни сажда қилиш фикридан қайтаришган. Кўп ўтмай, яҳудий таъқибчилар келиб, одамларнинг онгини заҳарлашган. Вазият тезда ўзгача тус олган! Одамлар Павлусни тошбўрон қилиб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб ташлаган (Ҳавор. 14:8–19).

4 Дербега боргандан сўнг, Павлус билан Барнабо «Листра, Икония ва Антиохияга қайтишди. У ердаги шогирдларнинг кўнглини кўтариб, имонини мустаҳкам қилишга ундаётиб: “Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак”,— дейишди» (Ҳавор. 14:21, 22). Бир қарашда, бу сўзлар ғалати эшитилиши мумкин. Чунки «кўп қайғулардан» ўтиш ҳақидаги гап далда берадиган эмас, кўпроқ қайғули туюлади. Унда, қандай қилиб Павлус ва Барнабонинг кўп қайғулар борасидаги гаплари «шогирдларнинг кўнглини кўтариши» мумкин эди?

5 Павлуснинг сўзларига диққат қилсак, ушбу саволнинг жавобини топа оламиз. У шунчаки: «Биз кўп қайғуларга чидашимиз керак»,— демаган. Аксинча, у: «Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак»,— деб айтган. Шундай қилиб, Павлус садоқатли қолганлар қандай ажойиб мукофот олишларини таъкидлаб, шогирдларга далда берган. Мукофот шунчаки сароб бўлмаган. Аксинча, Исо: «Охиригача чидаган нажот топади»,— деган (Мат. 10:22).

6. Охиригача чидаганларни қандай мукофот кутмоқда?

6 Агар қайғуларга чидасак, мукофот оламиз. Мойланган масиҳийлар мукофот сифатида ўлмасликка эга бўлиб, Исо билан бирга самода бошқаришади. «Бошқа қўйлар» эса «адолат ҳукм сурадиган» ер юзида абадий яшашади (Юҳан. 10:16; 2 Бутр. 3:13). Павлус айтиб ўтгандек, мукофот олишдан олдин кўп қайғуларга дуч келамиз. Келинг, улардан иккитасини кўриб чиқайлик.

ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ҲУЖУМ

7. Тўғридан-тўғри ҳужумга нималар кириши мумкин?

7 Исо шундай башорат қилган: «Одамлар менинг номим туфайли сизларни тутиб, маҳаллий маҳкамаларга топширишади. Ибодатхоналарда сизларни калтаклаб, шоҳлару ҳокимлар олдига етаклаб боришади» (Марк 13:9). Бу сўзларга биноан, айрим масиҳийлар дин ёки сиёсий раҳбарлар томонидан уюштирилган тўғридан-тўғри ҳужумларга, масалан қувғинларга дучор бўлишади (Ҳавор. 5:27, 28). Яна Павлуснинг мисолини оладиган бўлсак, бундай қувғинлар ҳақидаги фикрлар уни қўрқитганми? Ҳеч ҳам! (Ҳаворийлар 20:22, 23 ни ўқинг).

8, 9. Павлус чидашга қарор қилганини қандай кўрсатган ва бугунги кунда айримлар қай йўсин шунга ўхшаш қатъийликни намоён этишмоқда?

8 Павлус, Шайтоннинг тўғридан-тўғри ҳужумларига жасорат ила қарши туриб, шундай деган: «Мен сира ҳам жонимни аямайман. Фақат Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш учун, шу масофани югуриб ўтсам ва Ҳазрати Исодан олган хизматимни охиригача етказиб қўйсам бас» (Ҳавор. 20:24). Шуниси аниқки, Павлус олдинда кутаётган таъқиблар ҳақидаги хабардан ваҳимага тушмаган. Бунинг ўрнига у, нима бўлишидан қатъи назар чидашга қарор қилган.  Унинг мақсади, ҳар қандай қайғуларга қарамай «кенг шоҳидлик беришдан» иборат эди.

9 Бугунги кунда аксарият биродару опа-сингилларимиз ҳам шундай қатъийликни намоён этишмоқда. Масалан, бир мамлакатдаги айрим имондошларимиз бетарафликни сақлашгани учун деярли 20 йил мобайнида қамоқхонада ўтиришган. Уларнинг иши судда ҳам кўриб чиқилмаган, чунки бу мамлакатда виждон эркинлиги борасидаги қонунлар қабул қилинмаган. Улар қамоқда бўлганда, ҳатто оила аъзолари билан кўришишга изн берилмаган ва баъзилари калтакланиб, турли қийноқларга солинган.

10. Нима учун тўсатдан пайдо бўлган қайғулардан ваҳимага тушмаслигимиз лозим?

10 Турли жойлардаги имондошларимиз тўсатдан пайдо бўлган қайғуларга чидашмоқда. Агар сиз билан ҳам шундай бўлаётган бўлса, қўрқувга берилманг. Юсуф ҳақида бир эслаб кўринг. У қулликка сотиб юборилган эди, аммо Яҳова Юсуфни «ҳамма балолардан қутқарди» (Ҳавор. 7:9, 10). Яҳова сиз учун ҳам шундай қилишга қодир. «Художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни» Яҳова билишини ҳеч қачон унутманг (2 Бутр. 2:9). У сизни бу ёвуз дунёдан қутқариб, Ўзининг Шоҳлиги бошқаруви остида абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишингизга имкон беради. Шундай экан, сиз ҳам Унга таяняпсизми? Бундай қилишга ва қайғуларни жасорат ила бошдан кечиришга барча сабабларингиз бор (1 Бутр. 5:8, 9).

ЯШИРИН ҲУЖУМ

11. Шайтоннинг тўғридан-тўғри ва яширин ҳужумлари орасида қандай фарқ бор?

11 Шунингдек, биз яширин ҳужумларга дуч келишимиз ҳеч гап эмас. Тўғридан-тўғри ҳужум билан яширин ҳужумнинг орасида қандай фарқ бор? Тўғридан-тўғри ҳужумни худди шаҳарга ёпирилиб, шу заҳоти уйингизни вайрон қилиб юборадиган қуюнга ўхшатиш мумкин. Яширин ҳужум эса, уйингизнинг ёғочларини секин-аста емириб битирадиган термитлар, яъни чумолиларнинг бир тури сингаридир. Гап шундаки, термитлар нима қилганини тушуниб етганингизда жуда ҳам кеч бўлади, сабаби уйингиз қулаш арафасида туради.

12. а) Шайтон қўллайдиган яширин воситалардан бири қандай ва нега у самарали? б) Руҳий тушкунлик Павлусга қанақа таъсир қилган?

12 Тўғридан-тўғри ҳужум ё имонимизни секин-аста емирадиган яширин ҳужум орқалими, Шайтоннинг мақсади Яҳова билан муносабатларимизни бузишдир. У самарали қўллайдиган яширин воситалардан бири — руҳий тушкунлик. Ҳаворий Павлус ҳам баъзан ўзини шундай ҳис қилганини тан олган (Римликларга 7:21–24 ни ўқинг). Аммо нима учун Павлус каби маънавий «паҳлавон», биринчи асрдаги етакчи кенгаш аъзоси ўзини «бахтсиз одамман» деган? Павлус номукаммаллиги туфайли ўзини шундай ҳис қилганини айтган. У тўғри ишларни қилишни жуда хоҳлаган, лекин унга қаршилик қилаётган бошқа кучни ҳис қилиб турган. Агар сиз ҳам бундай ҳиссиётлар билан курашаётган бўлсангиз, унда ҳатто Павлус шунга ўхшаш қийинчиликларни бошдан кечирганини эсланг. Буни билиш наҳотки сизга тасалли бахш этмаса?!

13, 14. а) Аллоҳнинг хизматчиларини тушкунликка туширадиган айрим сабаблар қандай? б) Имонимизни ким барбод қилмоқчи ва нега?

13 Вақти-вақти билан кўпчилик биродару опа-сингилларимиз ўзларини руҳан тушкун, ташвишларга ботган ва ҳатто ҳеч нарсага арзимасдай ҳис қилишади. Масалан, ғайратли кашшоф опамиз исмини Дебора дейлик, шундай бўлишди: «Қилган хатоларим ҳақида қайта-қайта ўйласам, ўзимни ниҳоятда ёмон ҳис қиламан. Ҳамма ишларим ёмон деб ўйлай бошлаганимда, мени ҳеч ким ва ҳатто Яҳова ҳам яхши кўрмайди деган фикр келади».

14 Нима учун Дебора каби Яҳованинг ғайратли хизматчиларининг айримлари тушкунликка  тушади? Бунинг бир нечта сабаби бўлиши мумкин. Айримлар ўзига ва ҳаётидаги вазиятларга ёмон томондан қарашга мойил бўлишади (Ҳик. 15:15). Бошқаларга эса, соғлиқ билан муаммолари ҳис-туйғуларига салбий таъсир қилади. Сабаби қандай бўлмасин, бундай туйғулар пайдо бўлишини ким хоҳлаётганини унутманг. Аслида ким тушкунликка берилиб таслим бўлишимизни хоҳлайди? Ким унга чиқарилган оғир ҳукмга сиз ҳам ўзингизни лойиқ ҳис қилишингизни истайди? (Ваҳ. 20:10). Шубҳасиз, бу Шайтон. Тўғридан-тўғри ё яширин ҳужумдан фойдаланадими, Шайтон учун энг асосийси бизни тушкунликка тушириб, ғайратимизни сўндириш ҳамда ваъз қилишдан тўхтатиш. Худонинг хизматчилари маънавий жангда иштирок этишяпти десак, адашмаган бўламиз!

15. Хўш, 2 Коринфликларга 4:16, 17 га биноан нима қилишга қароримиз қатъий?

15 Жангда таслим бўлмасликка қатъий қарор қилиб, назарингизни мукофотга қаратинг. Павлус Коринфдаги масиҳийларга шуларни ёзган: «Биз таслим бўлмаймиз, гарчи ташқи қиёфамиз сўлиб бораётган бўлса-да, ички дунёмиз кундан-кунга янгиланяпти. Биз дуч келаётган қайғулар енгил ва қисқа муддатлидир, лекин улар бизга абадий ва беқиёс шараф келтиради» (2 Кор. 4:16, 17).

ҚАЙҒУЛАРГА ҲОЗИРДАН ТАЙЁРЛАНИНГ

Ёшу қари масиҳийлар эътиқодини ҳимоялашни машқ қилишади (16- хатбошига қ.)

16. Нима учун қийинчиликларга ҳозирданоқ тайёрланиш жуда муҳим?

16 Билиб олганимиздай, Шайтоннинг кўплаб «ҳийла-найранглари» бор (Эфес. 6:11). Ҳар биримиз 1 Бутрус 5:9 даги мана шу маслаҳатга амал қилишимиз лозим: «Имонда мустаҳкам бўлиб, унга қарши туринглар». Бунинг учун онгимиз ва қалбимизни тайёрлаб, ҳозирданоқ тўғри ишларни қилишга ўрганишимиз лозим. Масалан, одатда аскарлар жангдан анча олдин турли оғир машқларни бажаришади. Бу биз учун ҳам жуда амалийдир. Келажакда бизни қандай жанг  кутаётганини билмаймиз. Шундай экан, ҳозирги нисбатан тинч пайтларда маънавий машқлар қилиш доно иш эмасми? Павлус коринфликларга шундай деб ёзган: «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни синаб, қандай инсон эканингизни текшириб туринглар» (2 Кор. 13:5).

17–19. а) Ўзимизни қандай текширсак бўлади? б) Мактабда ўқийдиган ёшлар ўз эътиқодини ҳимоя қилишга қандай тайёрланиши мумкин?

17 Павлуснинг илоҳий илҳом остида ёзган маслаҳатига амал қилишнинг йўлларидан бири, бу ўзимизни жиддий текшириб кўришдир. Ўзимизга қуйидаги саволларни берайлик: «Мунтазам ибодат қиляпманми? Тенгдошларимнинг босимига дуч келганда, одамлардан кўра Худога кўпроқ бўйсуняпманми? Жамоат учрашувларини қолдирмай боряпманми? Эътиқодим ҳақида жасорат ила гапиряпманми? Имондошларимнинг хатоларини улар мени кечиргандек, мен ҳам кечиришга ҳаракат қиляпманми? Ўз жамоатим ва ташкилотда раҳбарликни зиммасига олаётганларга бўйсуняпманми?»

18 Эътиқодимизни жасорат ила ҳимоялаш ва тенгдошларнинг босимига қарши туриш борасидаги ўша иккита саволни доимо ёдда тутайлик. Мактабда ўқиётган кўпгина ёшларимиз ҳам бундай қилишдан уялишмайди ёки қўрқишмайди. Аксинча улар дадиллик ила гапиришади. Журналларимизда бу борада ёрдам берадиган мақолалар чоп этилади. Масалан, кўп тилларда чоп этиладиган «Уйғонинг!» журналининг 2009 йил июль сонида қуйидаги вазият келтирилган. Агар синфдошлардан бири: «Нима учун эволюцияга ишонмайсан?» — деб сўраса, унга шунчаки: «Нега ишонишим керак? Ахир олимлар ҳам бу борада бир фикрга келишмаган-ку. Биз уларнинг олдида ким бўлибмиз?» — деб жавоб берса бўлади. Шунингдек, ота-оналар ҳам фарзанди мактабда имонини ҳимоя қилишга тайёр бўлиши учун у билан суҳбатлар олиб боришса мақсадга мувофиқ бўларди.

19 Албатта, эътиқодимизни ҳимоя қилиш ёки бошқа нарсаларни Яҳовага маъқул тарзда бажариш доим ҳам осон эмас. Масалан, узун иш кунидан сўнг жамоат учрашувига бориш учун ўзимизни мажбурлашимизга тўғри келар. Ёхуд эрталабдан иссиққина ўрнимиздан туриб, хизматга чиқиш қийин кечар. Аммо шуни ёдда тутингки, келажакда бўладиган кучлироқ синовларга тайёр туришни хоҳласангиз, ҳозир буларни қилишга одатланишингиз керак.

20, 21. а) Қандай қилиб Исонинг тўлови ҳақида мулоҳаза юритиш салбий туйғуларни енгишга кўмаклашади? б) Қайғулар борасида нима қилишга қарорингиз қатъий?

20 Яширин ҳужумлар ҳақида нима деса бўлади? Тушкунлик ҳиссига қай йўсин қарши туришимиз мумкин? Энг самарали йўли — Исонинг тўлови борасида мулоҳаза юритишдир. Ҳаворий Павлус ҳам айнан шундай йўл тутган. У баъзан ўзини бахтсиз ҳис қилган. Бироқ у, Масиҳ мукаммал инсонлар учун эмас, гуноҳкорларни халос этиш ниятида ўлганини биларди. Павлус ўша гуноҳкорлардан бири эди. У шундай деган: «Мени севган ва мен учун ўзини фидо қилган Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшаяпман» (Галат. 2:20). Ҳа, Павлус тўлов қурбонлигини тан олган ва шахсан унга фойда келтиришига ишонган.

21 Тўлов қурбонлигига шахсан сиз учун берилган Яҳованинг ҳадяси сифатида қараш, катта фойда келтиради. Лекин бу, тушкунлик шу заҳоти сизни тарк этади дегани эмас. Айримларимиз ҳатто янги дунёгача яширин ҳужумлар билан курашишимизга тўғри келар. Аммо охиригача чидаган мукофот олишини эсдан чиқарманг. Худонинг Шоҳлиги тинчлик ўрнатиб, барча садоқатли кишиларга мукаммалликни қайтарадиган улуғвор кун арафасида турибмиз. Шундай экан, кўп қайғуларга қарамай, ушбу Шоҳликка киришга қатъий қарор қилинг.