Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг хизматдоши бўлиш шарафини қадрланг!

Яҳованинг хизматдоши бўлиш шарафини қадрланг!

Биз Тангрининг хизматдошларимиз. 1 КОР. 3:9

1. Яҳова меҳнатга қандай муносабатда ва шунга кўра У нима қилган?

ТАНГРИ ЯҲОВА қилган ишидан доим завқ олади (Заб. 134:6; Юҳан. 5:17). У яратган онгли мавжудотлари ҳам ўз ишларидан мамнун бўлишларини хоҳлайди. Шунинг учун, уларга ёқимли ва қониқарли иш топширган. Масалан, яратиш ишида Унга тўнғич Ўғли кўмаклашган (Колосаликларга 1:15, 16 ни ўқинг). Муқаддас Китобда ёзилишича, Исо ер юзига келишдан аввал Аллоҳнинг «ёнида мусаввир эди» (Ҳик. 8:30).

2. Фаришталарга доим муҳим ва қониқарли иш топширилганини қаердан биламиз?

2 Муқаддас Китобнинг бошидан охиригача, Яҳова фаришталарга муайян ишлар топширгани ҳақидаги мисоллар талайгина. Илк жуфтлик гуноҳга қўл ургандан кейин ва жаннатмакон уйидан ҳайдалганда, Худо «ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига қанотли мавжудотлар — карубларни ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди» (Ибт. 3:24). Ваҳий 22:6 га биноан, «Тангри Яҳова фариштасини юбориб, яқинда нима юз бериши кераклигини қулларига кўрсатди».

 ОДАМЛАРГА ТОПШИРИЛГАН ИШ

3. Исо ер юзида бўлганда, Отасининг ўрнагига қай йўсин эргашган?

3 Исо ер юзида мукаммал инсон сифатида бўлганда, Яҳова унга топширган ишни қувонч ила бажарган. Шунингдек, Отасининг ўрнагига эргашиб, Исо шогирдларига муҳим бир вазифани тайинлаган. Уларни, амалга ошириши керак бўлган ишга бефарқ бўлмасликка ундаб, у шундай деган: «Сизларга айтиб қўяй, менга ишонган киши, мен қилаётган ишларни қила олади ва бундан ҳам ортиғини қилади, чунки мен Отамнинг ёнига кетяпман» (Юҳан. 14:12). Исо бу ишни қанчалик зудлик билан бажариш кераклигини тушунтириб, қуйидагича деган: «Ҳануз кундуз экан, биз мени Юборганнинг ишини бажаришимиз лозим. Зеро тун келмоқда, ўшанда бирор киши ҳам ишлай олмайди» (Юҳан. 9:4).

4–6. а) Нега Нуҳ ва Мусо Яҳова топширган ишларни бажаришгани учун миннатдор бўлишимиз мумкин? б) Худо инсонларга топширган ишнинг мақсади нимадан иборат?

4 Исонинг ер юзига келишидан анча олдин, инсониятга бир вазифа топширилган эди. Гарчи, Одамато билан Момоҳаво уларга берилган ишни охиригача етказа олишмаган бўлса-да, Худо уларга топширган вазифани бошқалар бажара олишади (Ибт. 1:28). Нуҳ пайғамбарга ҳам, буюк Тўфонда омон қолиш учун кема қуриш борасида ўзгача вазифа берилган. Яҳова унга айтган барча нарсани у пухта бажарган. У виждонан меҳнат қилгани боис, бугун биз тирикмиз ва бу учун миннатдормиз (Ибт. 6:14–16, 22; 2 Бутр. 2:5).

5 Мусо пайғамбарга эса, чодир ва руҳонийликни қандай ташкил этиш борасида алоҳида йўл-йўриқлар берилган ва уларни у худди Яҳова айтгандай бажарган (Чиқ. 39:32; 40:12–16). Хўш, Мусо бу ишни садоқат ила амалга оширганидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Ҳаворий Павлус тушунтирганидай, чодир ва руҳонийлик «келажакдаги баракаларнинг» рамзидир (Иброн. 9:1–5, 9; 10:1).

6 Аллоҳнинг нияти амалга ошгани сайин, У хизматчиларига топширган иш ҳам вақти-вақти билан ўзгариб турарди. Бироқ улар қилган ишининг мақсади, ҳамиша Яҳовани шарафлаш ва самимий инсониятга фойда келтиришдан иборат. Исонинг, ҳам ер юзига келишдан аввал, ҳам кейинчалик ерда амалга оширган ишлари ҳақида шундай деса бўлади (Юҳан. 4:34; 17:4). Бугун ҳам, бизга топширилган иш Яҳовага шарафлар келтиради (Мат. 5:16; 1 Коринфликларга 15:58 ни ўқинг). Нега бундай дея оламиз?

ТОПШИРИҚЛАРГА ИЖОБИЙ ЁНДАШИШ

7, 8. а) Худонинг барча хизматчилари қандай шарафли ишни бажаришаётганини тушунтиринг. б) Яҳованинг йўл-йўриқларига қандай муносабатда бўлишимиз керак?

7 Яҳова биз номукаммал бандаларни Унинг хизматдошлари сифатида меҳнат қилишга таклиф этгани катта шарафдир (1 Кор. 3:9). Нуҳ ва Мусо каби, баъзилар Анжуман ва Йиғилиш Залларни ҳамда филиалларни қуриш ишида қатнашишади. Маҳаллий Йиғилиш Залини таъмирлашда ёки Уорикдаги (Нью-Йорк) Бош идорамизнинг қурилишида иштирок этишингиздан қатъи назар, буни шараф деб билинг! (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) Бу муқаддас хизматдир! Айримлар шу каби қурилиш ишида қатнашаётган бир пайтда, барча масиҳийлар рамзий қурилиш ишида иштирок этишмоқда. Бу ваъзгўйлик иши бўлиб, Яҳовага шарафлар ва итоатли инсонларга фойда келтиради (Ҳавор. 13:47–49). Ушбу ишни яхши бажаришимиз учун Худонинг ташкилоти керакли йўл-йўриқлар тақдим этиб келмоқда. Бу ишни бажараётиб, гоҳида янги топшириқ олишимиз мумкин.

8 Яҳованинг садоқатли хизматчилари Унинг йўл-йўриқларига доим жон-жаҳди билан  амал қилишади (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг). Аввалига янги топшириқни қандай тўғри бажариш мумкинлигини бутунлайин тушуна олмасмиз. Аммо ҳар қандай ўзгариш Яҳовадан эканини билиб, У билан ҳамкорлик қилсак, яхши натижаларга эришишимиз турган гап.

9. Оқсоқоллар фаолиятимиз борасида имондошларига қандай ибрат кўрсатишмоқда?

9 Оқсоқолларда Яҳованинг иродасини бажаришга хоҳиши борлиги, улар жамоатни қай йўсин бошқараётганидан кўринади (2 Кор. 1:24; 1 Салон. 5:12, 13). Улар жон-жаҳди билан меҳнат қилишга тайёр бўлиб, ўзгаришларга мослашишади. Бу акаларимиз, Худо ўрнатган Шоҳлик амалга оширадиган нарсалар ҳақида шоҳидлик бериш фаолиятимизнинг янги усулларига дарров ўрганишга интилишади. Гарчи, баъзилар бошида телефон орқали, кемалар турадиган ёки одамлар гавжум жойларда ваъз қилиш борасида шубҳаланган бўлишса-да, кейинчалик бу яхши самаралар келтирганини кўришди. Масалан, Германиядаги тўртта кашшоф одамларнинг иш жойларида ваъзгўйлик қилишга иккиланишган. Улардан бири Михаил исмли акамиз шундай деди: «Биз бу хизмат турида бир неча йиллар давомида иштирок этмаганимиз учун ниҳоятда ҳаяжонлангандик. Эҳтимол Яҳова буни билиб, эрталаблари хизмат қилганимиздан қувонч топишимизга кўмаклашган. “Илоҳий хизматимиз”даги йўл-йўриқларга риоя қилганимиздан ва Яҳованинг кўмагига таянганимиздан жуда ҳам бахтиёрмиз!» Сиз-чи, ҳудудингизда ваъз қилишнинг янги усулларини тайёрлик ила қабул қиляпсизми?

10. Яқинда ташкилотимизда қандай ўзгаришлар юз берган?

10 Баъзида, Байтилда ҳам ўзгаришлар юз беради. Мисол учун, яқинда айрим кичик филиаллар ёпилиб, ишлари эса каттароқ филиалларга кўчирилган. У ердаги биродару опа-сингилларимиз ўзгаришлар киритишига тўғри келган бўлса-да, кейинчалик бу уларга катта фойда келтирган (Воиз 7:8). Шай турган ушбу ишчилар, Яҳова халқининг бугунги тарихида ўз ҳиссасини қўшаётганларидан жуда бахтиёр.

11–13. Ташкилотимиздаги ўзгаришлар туфайли айримлар қандай қийинчиликларга дуч келишган?

11 Бирлашган филиалларда хизмат қилаётган имондошларимиздан муҳим сабоқларга ўргансак бўлади. Уларнинг айримлари ўзларининг Байтилида ўнлаб йиллар мобайнида хизмат қилишган. Марказий Америкадаги кичик филиалда хизмат қилган бир жуфтликни, Мексикадаги деярли 30 баробар каттароқ бўлган филиалга кўчиришган. Рогелио: «Оила ва дўстларимизни тарк этиш жудаям қийин кечди»,— деб бўлишди. Мексикага кўчирилган яна бир Жуан исмли акамиз шундай деди: «Буни, иккинчи бор туғилиш билан солиштирса бўлади. Янги ришталар боғлаш керак эди. Бу, янги одатлар ва бошқача фикрлаш тарзига мослашишни талаб этган».

12 Европа мамлакатларидан Германиядаги филиалга кўчган байтилчилар ҳам шу каби қийинчиликларга дуч келишди. Швейцариядан кўчган байтилчиларнинг баъзилари чиройли Альп тоғларини соғинишади. Австриядан кўчган биродару опа-сингилларимизнинг айримлари эса, кичикроқ Байтилнинг аъзоси бўлган чоғларини қумсайди.

13 Ўзга мамлакатдаги филиалларга кўчган байтилчиларга масалан, янги яшаш жойи, янги ҳамкорлар ва балки янги ишга кўникишига тўғри келади. Қолаверса бу, янги жамоат, янги ҳудуд ва эҳтимол ҳатто бошқа тилда ваъз қилишларини англатади. Буларнинг барини қилиш қийинчиликлар туғдириши ҳеч гап эмас. Шундай бўлса-да, кўпгина байтилчилар қийинчиликларни енгиб ўтишди. Қизиқ, нега улар бундай қила олишган?

14, 15. а) Қандай қилиб кўплар Яҳова билан бирга хизмат қилиш шарафини қадрлаётганини намоён этишди? б) Улар биз учун қайси жиҳатдан ўрнак бўла олишади?

 14 Гретел исмли опамиз шундай деб бўлишди: «Мен бу таклифга рози бўлдим. Чунки шу йўсин, бошқа мамлакат ёки бинода хизмат қилиш ё муайян вазифани бажариш орқали Яҳовага бўлган севгимни намоён эта олардим». Дайска: «Кўчиш таклифи Яҳовадан келганини ўйлаганимда, уни бажонидил қабул қилдим»,— деди. Андре ва Габриела эса, қуйидагича деб айтишди: «Биз буни, шахсий истакларимизни четга суриб, Яҳовага хизмат қилиш имкони деб қабул қилдик». Бу жуфтлик, Яҳованинг ташкилоти ўзгаришлар киритганда, уларга қарши бўлмай, аксинча қувонч ила қабул қилиш яхшироқ эканини тушуниб етишди.

Энг шарафлиси, Яҳованинг хизматдоши бўлишдир!

15 Филиаллар бирлаштирилгани учун, айрим байтилчилар кашшофлик хизматига тайинланишган. Масалан, Дания, Норвегия ва Швециядаги филиаллар Скандинавия филиали бўлиб бирлаштирилганда, кўп байтилчилар билан шундай юз берган. Флориян ва Аня исмли бир жуфтлик қуйидагича фикр билдирди: «Бизга топширилган янги вазифани ажойиб бир нарсадек қабул қилдик. Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, Яҳованинг хизматида қатнашиш биз учун қувончли. Бу бизга ажойиб қут-баракалар ёғдирди десак, адашмаган бўламиз». Тўғри, кўпларимиз бу каби ўзгаришларга дуч келмасмиз. Аммо бундай биродару опа-сингилларимиз Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйишга тайёр эканидан, қандай ўрнак олишимиз мумкин? (Ишаё 6:8) Тангри Яҳова, қаерда бўлишдан қатъи назар У билан бирга хизмат қилиш шарафини қадрлаётганларга баракаларини ато этиши шубҳасиздир.

СИЗДА ЯҲОВА БИЛАН ХИЗМАТ ҚИЛИШ ШАРАФИ БОРЛИГИДАН ҚУВОНИНГ!

16. а) Галатияликларга 6:4 га биноан нима қилишимиз даркор? б) Одамлар эга бўлиши мумкин бўлган энг шарафли вазифа нимадан иборат?

16 Номукаммал инсонлар эканмиз, бир-биримизни солиштириш мойиллигига эгамиз. Бироқ Худонинг Каломига кўра, ҳар биримиз шахсан қила оладиган ишга кўз тикишимиз даркор (Галатияликларга 6:4 ни ўқинг). Албатта, барчамиз оқсоқол, кашшоф, тўла вақтли махсус ваъзгўй ёки байтилчи бўла олмаймиз. Шубҳасизки, буларнинг  бари шарафли вазифалардир! Аммо ҳаммамиз, одамлар эга бўлиши мумкин бўлган энг шарафли вазифани бажараётганимизни унутмаслигимиз керак. Бу ҳам бўлса, Яҳованинг хизматдоши бўлиб, хушхабарни ваъз қилиш вазифасидир. Шундай экан, келинг, бу вазифани қадрлайлик!

17. Шайтоннинг дунёсида яшар эканмиз, нима давом этади, лекин нега бу руҳимизни туширишига йўл қўймаслигимиз керак?

17 Шайтоннинг дунёсида яшар эканмиз, Яҳовага ўзимиз хоҳлагандай хизмат қила олмаслигимиз мумкин. Оиламиз олдидаги масъулиятларимизни, соғлигимизни ёки бошқа шароитларимизни назорат қилиш қўлимиздан келмас. Лекин бу, ҳаддан ташқари тушкунликка тушишимизга сабаб бўла олмайди. Қандай муаммомиз бўлмасин, Аллоҳнинг исми ва Унинг Шоҳлиги ҳақида ҳар бир имкониятдан фойдаланиб ваъз қилишимиз мумкинлигини ёдда тутинг. Энг асосийси, қўлимиздан келганча хизмат қилиб, биздан кўпроқ қила оладиган имондошларимизга Яҳова ёрдам бериши ҳақида ибодат қилишдир. Унутмангки, Яҳованинг исмини улуғлаган ҳар бир киши Унинг назарида жудаям қадрли!

18. Нималарни четга суришга тайёр бўлишимиз лозим ва нима учун?

18 Номукаммаллигимиз ва заифлигимизга қарамай, Яҳова бизга Унинг хизматдошлари бўлишимизга изн беряпти. Ушбу охирзамонда Аллоҳимиз билан бирга меҳнат қилиш шарафини қадрласак арзийди! Шундай экан, ўзимизнинг анчагина шахсий истакларимизни четга суришга тайёр бўлайлик. Зеро, Тангри Яҳова янги дунёда «ҳақиқий ҳаёт», яъни бахт ва тинчлик ҳукм сурадиган абадий ҳаётни бизга ато этади (1 Тим. 6:18, 19).

Хизмат қилиш шарафини қадрлаяпсизми? (16–18- хатбошиларига қ.)

19. Яҳова келажак борасида нималарни ваъда қиляпти?

19 Янги дунёнинг остонасида турибмиз экан, Мусо исроилликларга ваъда қилинган юртга киришларидан олдин айтган қуйидаги сўзлари ҳақида ўйлайлик: «Қиладиган ҳар бир ишингизни Эгангиз Худо муваффақиятли қилади» (Қонун. 30:9). Бир кунмас бир кун, Армагеддон ортда қолиб кетганда, Аллоҳ билан бирга меҳнат қилганлар, У ваъда қилган юртга эга бўлишади. Ўшанда, эътиборимизни янги ишга — ер юзини гўзал жаннатга айлантиришга қаратамиз!