Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бутун юриш-туришимизда муқаддас бўлайлик!

Бутун юриш-туришимизда муқаддас бўлайлик!

Бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинглар. 1 БУТР. 1:15

1, 2. а) Юриш-туриш борасида гап кетганда, Худонинг халқидан нима кутилади? б) Бу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?

ЯҲОВАНИНГ илоҳий илҳоми остида ҳаворий Бутрус Левилар китобига ишора қилиб, масиҳийлар ҳам исроилликлар сингари юриш-туришда муқаддас бўлиши кераклигини таъкидлаган (1 Бутрус 1:14–16 ни ўқинг). Муқаддас Аллоҳ бўлмиш Яҳова мойланган масиҳийларни ва «бошқа қўйларни» нафақат айрим ишларда, балки бутун юриш-туришда муқаддас бўлиш учун қўлидан келганини қилишга чорлайди (Юҳан. 10:16).

2 Ушбу мақолада Левилар китобидаги маънавий хазиналарни кўриб чиқиб катта фойда оламиз. Билиб олганларимизни амалда қўллаш, бутун юриш-туришимизда муқаддас бўлишимизга кўмаклашади. Шунингдек, қуйидаги саволларга жавоб топамиз: «Ён беришга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? Левилар китобидан Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш ҳақида нимани билиб оламиз? Исроилликлар қурбонликлар келтиришганидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?»

ЁН БЕРИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШ

3, 4. а) Нега масиҳийлар қонун ва меъёрлар масаласида ён бермай, барчасига амал қилишади? б) Нима учун қасос олмаслигимиз ёки кек сақламаслигимиз лозим?

3 Агар Яҳовани қувонтиришни хоҳласак, Унинг барча қонун ва  меъёрларига қатъий амал қилишимиз даркор. Уларнинг ҳар бирини муқаддас билиб, ҳеч бири масаласида ён бермасак яхшидир. Гарчи биз Таврот қонуни остида бўлмасак ҳам, у ердаги талаблар Яҳованинг назарида нима тўғри ёки нотўғри эканлигини тушунишимизга ёрдам беради. Масалан, исроилликларга шундай амр этилган: «Қасос олманг, юртдошингизга қарши кек сақламанг. Аксинча, ўзгани ўзингизни севгандай севинг. Мен Эгангизман» (Лев. 19:18).

4 Яҳова бизни қасос олмасликка ундаб, кек сақлашдан қочишимизни хоҳлайди (Рим. 12:19). Илоҳий қонун ва меъёрларни рад этсак, Иблисга завқ келтирамиз ва Яҳовани шарманда қиламиз. Ҳатто агар кимдир бизни атайлаб хафа қилса ҳам, келинг, ичида кек сақлайдиган идишларга ўхшаб қолмайлик. Муқаддас Китобда биз, ичида хазина сақлаш мумкин бўлган «лойдан ясалган идишлар» билан солиштириляпмиз. Бу хазина бизнинг хизматимиздир (2 Кор. 4:1, 7). Ўша-ўша идиш ичида ҳам хазинани, ҳам кислотага ўхшаш кек туйғусини сақлаб бўлмайди!

5. Ҳорун ва унинг ўлган ўғиллари борасидаги воқеадан қандай сабоқ оляпмиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

5 Левилар 10:1–11 да, Ҳоруннинг оиласида бўлиб ўтган аянчли бир воқеа тўғрисида ёзилган. Унинг ўғиллари Надов билан Абиҳу муқаддас чодир ичида бўлишганда, осмондан олов тушиб, уларни ҳалок қилганда қариндошлари қайғу-алам чекишгандир. Аммо Ҳорун ва унинг оиласи ўлган жигарбандларини деб мотам тутмасликлари керак эди. Бу туфайли уларнинг имони нақадар синалганини тасаввур қилинг! Сиз-чи, жамоатдан четлатилган оила аъзонгиз ёки бошқалар билан мулоқот қилмай муқаддасликни сақлаяпсизми? (1 Коринфликларга 5:11 ни ўқинг).

6, 7. а) Диний урф-одатлар бўйича ўтадиган никоҳ маросимига таклиф қилишса, нима тўғрисида ўйлашимиз керак? (Изоҳга қ.) б) Диний урф-одатлар бўйича ўтадиган тўйга бормаслигимизни қандай тушунтирсак бўлади?

6 Албатта, Ҳорун ва оиласининг бошидан ўтган синовга биз дуч келмасмиз. Лекин агар, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган қариндошимиз бизни диний урф-одатлар бўйича ўтадиган никоҳ маросимига таклиф қилса-чи? Муқаддас Китобда биз у ерга бормаслигимиз кераклиги ҳақида аниқ бир қонун йўқ, аммо қароримизга таъсир қиладиган меъёрлар бор *.

7 Яҳованинг назарида муқаддас бўлиб қолиш қароримиз, имондошимиз бўлмаган қариндошларимизни саросимага солиши ҳеч гап эмас (1 Бутр. 4:3, 4). Шубҳасизки, биз уларни хафа қилмасликка ҳаракат қиламиз, бироқ улар билан ростгўйлик ва шу билан бирга мулойимлик ила гаплашсак, одатда яхши самара келтиради. Иложи бўлса, ўша воқеадан анча олдин бундай йўл тутиш яхшироқ. Уларга миннатдорчилик изҳор этиб, улар бизни тўйга таклиф қилишганидан хурсанд эканимизни айтишимиз мумкин. Сўнг, никоҳ маросими диний урф-одатлар бўйича ўтказилиши туфайли бора олмаслигимизни айтамиз. Урф-одатларда қатнашмай, ўша бахтли тўй кунида уларни ва меҳмонларини ноқулай аҳволга солиб қўйишимиз мумкинлигини тушунтирамиз. Бу, эътиқодимиз ва имонимизга зид иш қилишдан қочишнинг бир йўлидир.

ЯҲОВАНИНГ ҲУКМДОРЛИГИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

8. Қай йўсин Левилар китобида Яҳованинг ҳукмдорлиги таъкидланган?

8 Левилар китобида Яҳованинг ҳукмдорлиги таъкидлаб ўтилган. Бу китобда, қонунларни Яҳова бергани ҳақида 30 мартадан зиёд айтилган. Мусо пайғамбар буни билиб, Яҳова унга буюрган барча нарсани қилган (Лев. 8:4, 5). Шу сингари, биз ҳам Олий Ҳукмдор Яҳова қилишимизни хоҳлаётган ҳамма нарсани бажаришимиз лозим. Бу борада, Аллоҳнинг ташкилоти бизни қўллаб-қувватлайди. Лекин Исо саҳрода бўлганида,  васвасага солингани каби биз ҳам ёлғиз қолганимизда, имонимиз синалиши мумкин (Луқо 4:1–13). Бутун эътиборимизни Худонинг ҳукмдорлигига қаратиб, Унга таянсак, ҳеч ким бизни ён беришга мажбур қилолмайди ва қўрқиш тузоғига илинтира олмайди (Ҳик. 29:25).

9. Нима сабабли Худонинг халқидан бутун дунёда нафратланишади?

9 Масиҳнинг издошлари ва Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, бутун дунёда барчамиз қувғинларга дучор бўляпмиз. Негаки, Исо шогирдларини шундай деб огоҳлантирган: «Одамлар сизларни қийнаб, ўлдиришади. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади» (Мат. 24:9). Бундай нафратга дуч келсак ҳам, Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш фаолиятини давом эттирамиз ва Яҳованинг назарида ўзимизни муқаддас сақлаймиз. Қизиқ, ҳалол бўлиб, тўғри ҳаёт кечирсак ва қонунларга риоя қилаётган фуқаролар бўлсак, нега биздан нафратланишади? (Рим. 13:1–7). Сабаби, биз Яҳовани Олий Ҳукмдор сифатида тан оляпмиз! Илоҳий хизматимизни «биргина Унга» адо этиб, Унинг қонун ва меъёрлари масаласида сира ҳам ён бермаймиз (Мат. 4:10).

10. Бетарафлик масаласида ён берган битта биродаримиз билан нима юз берган?

10 Қолаверса, биз «дунёга тегишли эмасмиз». Шундай экан, урушлар ва сиёсий масалаларда бетараф қолишга интиламиз (Юҳанно 15:18–21; Ишаё 2:4 ни ўқинг). Яҳовага бағишланганларнинг айримлари бетарафлик масаласида ён беришган. Уларнинг кўпчилиги тавба қилиб, раҳмдил самовий Отамиз билан бўлган муносабатларини тиклашган (Заб. 50:19). Баъзилари эса тавба қилишмаган. Мисол учун, Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳукумат Венгриядаги барча қамоқлардан 45 ёшгача бўлган 160 та биродаримизни битта шаҳарга йиғиб олган. Уларни ҳарбий хизматни ўташга мажбурлашган. Аксарияти рози бўлмаган, аммо улардан тўққизтаси бундай хизмат қилиш учун қасам ичишган ва ҳарбий кийим кийишган. Икки йил ўтгач, улардан бири содиқ қолган масиҳийларни қатл қилиш буйруғини олган. Қатл қилинадиганлар орасида эса унинг туғишган акаси бўлган. Бироқ вазият ўзгариб, қатл этиш буйруғи амалга ошмаган.

ЯҲОВАГА АЪЛОСИНИ БЕРИНГ

11, 12. Исроилликлар келтирган қурбонликларидан қандай сабоқ оляпмиз?

11 Таврот қонунига биноан, исроилликлар турли қурбонликлар келтиришарди (Лев. 9:1–4, 15–21). Қурбонликлар бенуқсон бўлиши керак эди, боиси улар Исонинг мукаммал қурбонлигининг рамзи эди. Бироқ исроилликлар ҳар бир қурбонликни келтираётиб, муайян тартибга риоя қилишарди. Келинг, фарзанд кўрган онадан нима талаб қилинганини билиб олайлик. Левилар 12:6 да шундай ёзилган: «Ўғил ёки қиз кўрган аёлнинг тозаланиш муддати тугагач, у куйдириладиган қурбонлик қилишга бир ёшли қўзини ва гуноҳ қурбонлиги қилишга мусичани ёки каптарни Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин». Худонинг талаблари ўзгача эди, лекин Таврот қонунида Унинг севгиси ва донолиги яққол намоён бўлган. Агар аёл қўзини қурбонликка келтира олмаса, иккита мусича ёки каптарни қурбонликка олиб келиши мумкин эди (Лев. 12:8). Ҳатто аёл камбағал бўлса-да, Яҳова уни қимматбаҳо ҳадялар келтирганлар билан бир қаторда севиб, қадрлаган. Бундан нимани билиб оляпмиз?

12 Ҳаворий Павлус имондошларини «Аллоҳга ҳамду сано қурбонлигини» бахшида этишга чорлаган (Иброн. 13:15). Ўзгаларга Яҳованинг исми тўғрисида айтганимизда, бундай қурбонлик бахш этамиз. Эшитмайдиган биродару опа-сингилларимиз Аллоҳга ҳамду сано қурбонлигини имо-ишора тилида келтиришади. Уйдан чиқа олмайдиган имондошларимиз эса, хат ёзиш, телефон орқали ваъз қилиш ва уларникига келганларга  шоҳидлик бериш билан қурбонлик ато этишади. Соғлик ва қобилиятларимиздан келиб чиққан ҳолда, Яҳованинг исмини бошқаларга танитамиз ва хушхабарни эълон қилиб, ҳамду сано қурбонликларини келтирамиз. Асосийси, бу энг аълоси бўлиши керак (Рим. 12:1; 2 Тим. 2:15).

13. Нега хизматда ўтказган вақтимиз ҳақида ҳисобот топширамиз?

13 Аллоҳни севганимиз боис, ҳамду сано қурбонликларини бахшида этишга тайёрмиз (Мат. 22:37, 38). Бироқ ваъзгўйлик хизматимиз ҳақида ҳар ой ҳисобот топширишимиз кераклигига қандай муносабатда бўлишимиз даркор? Тайёрлик ила бундай қилиш художўйлигимиз билан боғлиқ (2 Бутр. 1:7). Албатта, ҳеч биримиз ҳисоботга кўпроқ соат ёзиш босими остида ваъзгўйлик қилмаслигимиз лозим. Дарҳақиқат, агар ваъзгўй соғлиги ёки ёши туфайли кўп хизмат қила олмаётган бўлса, 15 дақиқа вақтни ҳам ҳисоботга ёзиши мумкин. Яҳова бу дақиқаларни ўта қадрлайди! Боиси, Аллоҳнинг хизматчилари Уни севгани ва чиндан ҳам Унинг Шоҳиди бўлишни шараф деб билгани туфайли хизмат қилаётганини намоён этишади. Шароитлари қимматбаҳо қурбонликлар келтиришга йўл қўймаган исроилликлар каби, Яҳованинг назарида имкониятлари чегараланган имондошларимизнинг ҳисоботи ҳам ўта қимматлидир. Ҳар биримизнинг ҳисоботимиз бутун дунёдаги умумий ҳисоботга киритилиб, ташкилотимизга Шоҳлик фаолиятини режалаштиришга кўмаклашади. Бу, хизматда ўтказган вақтимиз ҳақида ҳисобот топширишимизнинг сабабидир.

ТАДҚИҚ ЎТКАЗИШ ОДАТИ ВА ҲАМДУ САНО ҚУРБОНЛИКЛАРИ

14. Тадқиқ ўтказиш одатимиз борасида нега ўзимизни текширишимиз кераклигини тушунтиринг.

14 Левилар китобидан ушбу ажойиб сабоқларни билиб, шундай фикрга боргандирсиз: «Бу китоб, Худонинг илҳомлантирилган Каломи таркибига нега киритилганини энди яхшироқ тушундим» (2 Тим. 3:16). Хўш, муқаддасликни сақлаш қарорингиз янада қатъий бўлдими? Яҳова биздан Унга энг аълосини беришимизни кутади ва У бунга сазовор. Эҳтимол, бу иккита мақоладан Левилар китоби ҳақида билиб олганларингиз Худонинг Каломини янада чуқурроқ тадқиқ қилишингизга ундагандир (Ҳикматлар 2:1–5 ни ўқинг). Тадқиқ ўтказиш одатингиз борасида ибодат ила мулоҳаза юритинг. Шубҳасизки, ҳамду сано қурбонликларингизни Яҳова қабул қилишини хоҳлайсиз. Теледастурлар, видео ўйинлар, спорт машғулотлари ёки қизиқишларингиз сизни чалғитиб, маънан улғайишингизга халақит бермаяптими? Шундай бўлса, Павлуснинг Ибронийларга йўллаган мактубидаги маслаҳатлари борасида фикр юритишингиз фойдалидир.

Оилавий ва шахсий тадқиқни биринчи ўринга қўйяпсизми? (14- хатбошига қ.)

15, 16. Павлус Ибронийларга йўллаган мактубида нега дангал гапирган?

15 Ибронийларга ёзганда, Павлус ҳаммасини тўғридан-тўғри айтган (Ибронийларга 5:7, 11–14 ни ўқинг). Уларга дангал гапириб: «Қулоқларингиз оғирлашиб қолган»,— деган. Нега у шунчалар қатъий ва очиқ-ойдин гапирган? Чунки Яҳова каби, Павлус ҳам уларни севган ва омон қолишга интилаётган масиҳийлар сут, яъни Муқаддас  Китобдаги асосий билимлар билан кифояланаётганидан ташвишлангани учун шундай йўл тутган. Тўғри, асосий таълимотларни билишимиз муҳим, аммо маънан ўсиб-улғайишимиз учун «қаттиқ озуқага» муҳтожмиз.

16 Бошқаларга таълим беришнинг ўрнига, уларнинг ўзи таълим олишга муҳтож эдилар. Нега? Сабаби, улар «қаттиқ озуқани» истеъмол қилишмаган. Ўзингизга шундай саволларни беринг: «Маънавий қаттиқ озуқага нисбатан тўғри нуқтаи назарга эгаманми? Қаттиқ озуқани истеъмол қиляпманми? Ёки ибодат қилиш ва пухта тадқиқ ўтказишдан қочяпманми? Ундай бўлса, менинг муаммом тадқиқ ўтказиш одати билан боғлиқми?» Мақсадимиз, нафақат бошқаларга хушхабарни айтиш, балки уларга таълим бериб, шогирд тайёрлашдан иборат (Мат. 28:19, 20).

17, 18. а) Нега қаттиқ озуқани мунтазам истеъмол қилишимиз керак? б) Йиғилишдан олдин спиртли ичимликларни истеъмол қилишга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз лозим?

17 Кўпларимиз учун тадқиқ ўтказиш осон бўлмаслиги мумкин. Албатта, Яҳова Унинг хизматчилари айбдорлик ҳисси туфайли тадқиқ ўтказишларини хоҳламайди. Шундай бўлса-да, ҳаётимизни Худога бағишлаганимиздан қанча вақт ўтганидан қатъи назар, доим қаттиқ озуқани истеъмол қилишимиз даркор. Муқаддасликни сақламоқчи бўлсак, бу ўта муҳимдир.

18 Муқаддас бўлишимиз учун, Худонинг Каломини синчковлик ила тадқиқ қилишимиз ва Аллоҳ биздан талаб қилаётган барчасини бажаришимиз лозим. Келинг, Ҳоруннинг ўғиллари Надов билан Абиҳунинг мисолини кўриб чиқайлик. Улар эҳтимол маст бўлишгани туфайли «бегона оловни» чодирга олиб киришгандир (Лев. 10:1, 2). Яҳова кейинчалик Ҳорунга нима деб айтганига эътибор беринг (Левилар 10:8–11 ни ўқинг). Бу, йиғилишларимизга боришдан олдин ҳеч қандай спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслигимиз кераклигини англатадими? Қуйидагилар борасида фикр юритинг: Биз Таврот қонуни остида эмасмиз (Рим. 10:4). Масалан, айрим мамлакатларда имондошларимиз йиғилишга боришдан аввал овқатланаётиб, меъёрида спиртли ичимликларни истеъмол қилишади. Фисиҳ байрамида ҳам тўрт коса шароб қўлланилган. Қутлуғ Кечликни ташкил қилаётиб, Исо Масиҳ ҳаворийларига унинг қони рамзи бўлмиш шаробни ичишларини айтган (Мат. 26:27). Муқаддас Китобда ичкиликбозлик ва шаробга ружу қўйиш қораланади (1 Кор. 6:10; 1 Тим. 3:8). Кўп масиҳийлар виждони туфайли, Яҳовага топинишдан олдин умуман спиртли ичимликларни истеъмол қилишмайди. Бироқ ҳар бир мамлакатда шароити турлича бўлгани боис, масиҳийлар учун энг муҳими «муқаддас нарсаларни оддий нарсалардан» ажрата олишдир. Шу йўсин, улар юриш-туришда ўзларини муқаддас сақлаб, Худони мамнун қилишади.

19. а) Қай йўсин оилавий ва шахсий тадқиқни мазмунли қила оламиз? б) Муқаддас бўлиш қарорингиз қатъий эканини қандай кўрсата оласиз?

19 Худонинг Каломини чуқур тадқиқ қилсак, кўпгина ажойиб меъёрларни топа оламиз. Оилавий ва шахсий тадқиқ мазмунли бўлиши учун, сизда бор бўлган барча қўлланмалардан фойдаланинг. Яҳова ҳамда Унинг нияти борасидаги билимларни орттиринг. Унга янада яқинлашинг (Ёқб. 4:8). «Кўзларимни оч, токи кўрайин қонунингдаги ажойиботларни»,— дея куйлаган сано бастакори каби Худога ибодат қилинг (Заб. 118:18). Муқаддас Китобдаги қонун ва меъёрлар масаласида асло ён берманг. Муқаддас Аллоҳ бўлмиш Яҳованинг юксак қонунига тайёрлик ила риоя этинг ва ғайрат билан муқаддас хизматда қатнашиб, «Аллоҳнинг хушхабарини эълон қилинг» (1 Бутр. 1:15; Рим. 15:16). Ушбу нотинч охирзамонда муқаддасликни сақлашимиз ўта муҳим. Илойим, барчамиз юриш-туришда муқаддас бўлиб, муқаддас Тангри Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлайлик!

^ 6- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2002 йил 15 май (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» мақолага қ.