Мустаҳкам ва бахтли никоҳ қуринг!
Агарда уйни Эгамиз қурмаса, қурувчиларнинг иши бекор бўлади. ЗАБ. 126:1а
1–3. Эр-хотинлар қандай қийинчиликларга дуч келишяпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
«АГАР никоҳингиз бахтли бўлишини хоҳласангиз, кўп тер тўкишингиз керак. Шунда Яҳовадан мўл-кўл баракалар оласиз»,— дейди 38 йилдан бери бахтли никоҳда бўлган биродаримиз. Эр-хотинлар қийинчиликлар пайтида бир-бирини қўллаб-қувватласагина бахтли ҳаёт кечира олишади (Ҳик. 18:22).
2 Аммо никоҳда «янги қийинчиликлар пайдо бўлиши» табиий ҳол (1 Кор. 7:28). Нега? Чунки кундалик турмуш ташвишлари эр-хотин муносабатларини таранглаштиради. Ҳатто энг мустаҳкам оилаларда ҳам номукаммал тил дастидан хафагарчилик ва тушунмовчиликлар бўлиб туради (Ёқб. 3:2, 5, 8). Шунингдек, кўпчилик эр-хотинлар учун ҳам болаларини тарбиялаш, ҳам ишлаш оғир кечиши мумкин. Стресс ва чарчоқ туфайли айрим жуфтликлар никоҳини мустаҳкамлаш учун бир-бирига вақт ажратиши қийин бўлади. Моддий қийинчиликлар, соғлиқ муаммолари ёки бошқа мушкулотлар уларнинг ўзаро севгиси ва ҳурматига путур етказиши мумкин. Бундан ташқари, зино, ахлоқсиз хулқ, адоват, жанжалкашлик, рашк-ҳасад, дарғазаб бўлиш, талаш-тортиш каби «тана ишлари» сабабли, бир қарашда пойдевори маҳкам кўринган никоҳ ҳам вайрон бўлиши мумкин (Галат. 5:19–21).
3 Буларнинг бари етмаганидек, «охирзамонга» хос худбинлик ва худобехабарлик эр-хотин муносабатларини заҳарламоқда (2 Тим. 3:1–4). Ва ниҳоят, оилалар ёвуз душманнинг шиддатли ҳужумларига ҳам қарши туришлари керак бўляпти. Ҳаворий Бутрус бизни қуйидагича огоҳлантирган: «Душманингиз Иблис бирор кимни ютиб юборай деб, шердай бўкириб юрибди» (1 Бутр. 5:8; Ваҳ. 12:12).
4. Мустаҳкам ва бахтли никоҳга қандай эришиш мумкин?
4 Япониялик бир киши шундай деб тан олди: «Мен моддий муаммолар гирдобида эдим. Хотиним билан мулоқот қилишга вақт ажратмаганим учун, у ҳам анча қийналиб қолди. Устига-устак, яқинда у жиддий касалликка чалинганини билиб қолдик. Баъзан бу қийинчиликларни деб орамизда гап қочиб қолади». Никоҳ айрим муаммолардан мустасно эмас, аммо бу уларни ҳал қилиш имконсиз деганини англатмайди. Яҳованинг ёрдами билан жуфтликлар аҳил бўлиб, никоҳидан қувонч топишлари мумкин (Забур 126:1 ни ўқинг). Келинг, никоҳни узоқ ҳамда мустаҳкам қиладиган рамзий қурилиш блокларини бештасини ва улар қай йўсин севги билан цементлаб қўйилишини кўриб чиқамиз.
НИКОҲДА ЯҲОВАНИНГ ЎРНИ
5, 6. Эр-хотинлар, Аллоҳ уларнинг оиласида муҳим ўринга эга эканини қандай кўрсатишади?
5 Никоҳнинг асосчиси бўлган Шахсга садоқат ила бўйсуниш, мустаҳкам оиланинг негиз тоши ҳисобланади (Воиз 4:12 ни ўқинг) Яҳованинг севги ила берган йўл-йўриқларига амал қилиб, эр-хотинлар Аллоҳ уларнинг оиласида муҳим ўринга эга эканини кўрсатишади. Муқаддас Китобда Худонинг қадимги халқи ҳақида шундай дейилган: «Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар”» (Ишаё 30:20, 21). Бугунги кунда, турмуш ўртоқлар биргаликда Аллоҳнинг Каломини ўқиб, Яҳованинг овозини «эшитадилар» (Заб. 1:1–3). Хурсандчилик ва маънавий тетиклик бағишловчи оилавий топиниш дастури никоҳни барқарор қилишда кўмаклашади. Шунингдек, ҳар куни биргаликда ибодат қилиш орқали турмуш ўртоқлар Шайтон дунёсининг ҳужумларига қарши тура олишади.
6 «Шахсий муаммолар ва тушунмовчиликлар қувончимизга чанг солса ҳам, Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатлар сабр-тоқатли ва кечиримли бўлишга ёрдам беради. Ушбу фазилатларсиз никоҳ муваффақиятли бўлишини тасаввур қилиш қийин»,— дейди германиялик Герхард. Биргаликда маънавий ишлар билан шуғулланиб, жуфтлик Худони никоҳида биринчи ўринга қўйишга жон куйдирса, нафақат Яҳова билан яқинлашади, балки ўзаро муносабатларини ҳам янада мустаҳкамлаб, бахтли бўлади.
ЭРЛАР, СЕВГИ ИЛА БОШЧИЛИК ҚИЛИНГ
7. Эрлар қай йўсин бошчилик қилишлари лозим?
7 Никоҳ мустаҳкам ва бахтли бўлишида, эрлар қай йўсин бошчилик қилиши муҳим аҳамиятга эга. Муқаддас Китобда: «Ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ, аёлнинг боши эркак»,— дейилган (1 Кор. 11:3). Ушбу сўзларнинг матн таркибидан эрлар бошчиликни қандай амалга ошириши кераклиги кўриняпти, яъни Масиҳ шогирдларига қанақа муомала қилган бўлса, эрлар ҳам шундай йўл тутишлари лозим. Исо ҳеч қачон золим ёки шафқатсиз бўлмаган, аксинча у доим меҳрибон, ён берадиган, мулойим ва соддадил бўлган (Мат. 11:28–30).
8. Қай йўсин эрлар хотинининг севгиси ва ҳурматини қозона олишади?
8 Художўй эрлар ҳам хотинларидан ҳадеб ҳурматни талаб қилмасликлари керак. Яхшиси, улар «хотинлари билан олган билимига яраша муомала қилиб», уларни «гўё нафис идишдек эъзозлаши» лозим (1 Бутр. 3:7). Одамлар олдида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам, эрлар ҳурмат ила гапириб ва ҳамдардлик билан муомала қилиб хотинини қадрлаётганини кўрсатади (Ҳик. 31:28). Бундай бошчилик хотинининг меҳри ва ҳурматини қозонишга кўмаклашиб, никоҳда баракалар келтиради.
ХОТИНЛАР, КАМТАРЛИК БИЛАН БЎЙСУНИНГ
9. Камтаринлик ила бўйсунаётганини хотинлар қандай кўрсатишади?
9 Яҳовага бўлган беғараз ва самимий севги барчамизга Унинг қудратли қўли остида ўзимизни камтарин тутишга ёрдам беради (1 Бутр. 5:6). Итоаткор аёллар эрлари билан ҳамкорлик қилиб, уни қўллаб-қувватлаш орқали Яҳованинг ҳокимиятига ҳурматини кўрсатишади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Сиз хотинлар, Ҳазратимизнинг издошларига хос равишда эрларингизга бўйсунинглар» (Колос. 3:18). Албатта, эри чиқарган барча қарорлар ҳам хотинига ёқмаслиги мумкин. Аммо эрининг қарори Худонинг Каломига зид бўлмаса, итоаткор аёл тайёрлик ила бўйсунади (1 Бутр. 3:1).
10. Нега севги ила бўйсуниш муҳим?
10 Аёл эрининг «умр йўлдоши» бўлишдек ҳурматли ўринга эга (Мал. 2:14). У камтаринлик ҳамда ҳурмат ила ўз фикр ва туйғуларини изҳор этиб, оилада чиқариладиган қарорларга салмоқли ҳиссасини қўшади. Доно эр эса хотинининг таклифини диққат билан тинглайди (Ҳик. 31:10–31). Меҳрга тўла бўйсуниш оилада хурсандчилик, тинчлик ва бирлик ҳукм суришига кўмаклашади, эру хотинлар эса Аллоҳнинг иродасини бажараётганидан мамнуният топишади (Эфес. 5:22).
БИР-БИРИНГИЗНИ ЧИН ДИЛДАН КЕЧИРИНГЛАР
11. Нега кечиримли бўлиш муҳим аҳамиятга эга?
11 Никоҳни мустаҳкам қиладиган қурилиш блокларидан бири — кечиримли бўлишдир. Бир-бирига чидамли бўлиш ва чин дилдан кечириш эр-хотиннинг ришталарини янада пишиқ қилади (Колос. 3:13). Ва аксинча, агар турмуш ўртоқлар хафагарчиликни қалбига тугиб қўйиб, бир-бирига қарши қуролдай ишлатаверса, муносабатлари дарз кетади. Ёриқлар бинони вайрон қилгани сингари, дилхиралик ва гина қалбимизда ривожлангани сайин, кечиримли бўлиш ҳам қийин кечади. Бироқ улар Яҳовага тақлид қилиб, бир-бирини кечиришга тайёр бўлишса, оиласи бахтли бўлади (Михо 7:18, 19).
12. Қайси маънода севги «кўпгина гуноҳларни қоплайди»?
12 Ҳақиқий севги «хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди» ва «кўпгина гуноҳларни қоплайди» (1 Кор. 13:4, 5; 1 Бутрус 4:8 ни ўқинг). Бошқача қилиб айтганда, гуноҳни неча марта кечиришни чеклаб қўйиш, севгига хос эмас. Ҳаворий Бутрус неча марта кечириши кераклиги ҳақида сўраганида, Исо: «Етмиш етти марта»,— деб жавоб берган (Мат. 18:21, 22). Бу сўзлар билан Исо, масиҳий неча марта кечиришининг чегараси йўқлигини кўрсатмоқчи бўлган (Ҳик. 10:12) *.
13. Кек сақлаш мойиллигига қарши қандай курашиш мумкин?
13 Анеттанинг айтишича: «Агар турмуш ўртоқлар бир-бирини кечиришга ҳаракат қилмаса, хафагарчилик ва ишончсизлик ўсиб, никоҳни заҳарлайди. Кечиримли бўлиш эса ришталарни мустаҳкамлаб, эр-хотинни бир-бирига жипслаштиради». Кек сақлаш мойиллигига қарши курашиш учун миннатдорлик руҳини ривожлантиринг. Жуфтингизни чин дилдан мақташга ўрганинг (Колос. 3:15). Кечиришга тайёр бўлганларга хотиржамлик, бирлик ва Аллоҳнинг баракаси ёр бўлади (Рим. 14:19).
ОЛТИН ҚОИДАНИ ҚЎЛЛАНГ
14, 15. Олтин қоида нимадан иборат ва уни қўллаш оилага қандай фойда келтиради?
14 Шубҳасизки, ҳурматингизни жойига қўйишса, бу сизга ёқади. Бошқалар фикрингиз ва туйғуларингизни инобатга олишларини қадрлайсиз. Бироқ одамлар: «Саломига яраша алик»,— деганини эшитгандирсиз. Баъзан бундай муносабатни тушунса бўлади. Лекин Муқаддас Китобда шундай огоҳлантириш ёзилган: «“Менга нима қилган бўлса, мен ҳам шундай қиламан”,.. дема» (Ҳик. 24:29). Исо бу каби мушкул вазиятларни ҳал қилишнинг яхшироқ усулини таклиф қилган. Бу усул кўпчиликка таниш олтин қоида бўлиб, қуйидаги сўзларни ўз ичига олади: «Одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга шундай муомала қилинг» (Луқо 6:31). Исо, бизга қандай муомала қилишларини истасак, бошқаларга ҳам шундай муносабатда бўлишимизни ва ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармаслигимизни назарда тутган. Бу, никоҳдан нимани олишни истасак, ўзимиз ҳам шундай йўл тутишимиз кераклигини англатади.
15 Турмуш ўртоқлар бир-бирининг туйғуларига эътиборли бўлишса, муносабатлари
маҳкам бўлади. Жанубий Африкада яшовчи биродаримиз шундай деб бўлишди: «Биз олтин қоидани амалда қўллашга интиламиз. Тўғри, баъзан хафагарчиликлар бўлиб туради, бироқ ҳар биримиз ўзимизга нисбатан қандай муносабатни кутсак, шундай муомала қилишга, яъни ҳурмат кўрсатишга жон куйдирамиз».16. Турмуш ўртоқлар нима қилмасликлари лозим?
16 Бошқалар олдида турмуш ўртоғингизнинг камчилигини кўрсатишдан ва сизга ёқмайдиган одатларини, ҳатто ҳазил тариқасида ҳам айтишдан ўзингизни тийинг. Шуни ёдда тутингки, никоҳ бу ким кучлироқ эканини, ким баландроқ бақира олиши ва ким қаттиқроқ танқид қила олишини кўрсатадиган беллашув эмас. Барчамизда камчиликлар борлиги ва баъзан бошқаларни хафа қилиб қўйишимиз рост. Аммо бу, эр-хотинлар кесатиб, ҳақорат қилишига ёки бундан ҳам баттарроғи бир-бирини турткилаб, уришига сабаб бўла олмайди (Ҳикматлар 17:27; 31:26 ни ўқинг).
17. Эрлар қай йўсин олтин қоидага амал қилишлари мумкин?
17 Айрим маданиятларда хотинига қўпол муомала қиладиган ёки урадиган эрни ҳақиқий эркак деб ҳисоблашса-да, Аллоҳнинг Каломида: «Жаҳлини тийган қудратлидан, ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ»,— деб ёзилган (Ҳик. 16:32). Ер юзида яшаган энг буюк инсон Исо Масиҳга тақлид қилиб, ўзини қўлга олиш учун кучли ирода талаб этилади. Хотинини сўз ёки мушт билан урадиган эрни мард деб бўлмайди. Устига-устак, у Яҳова билан муносабатларини ҳам йўқотади. Кучли ва жасур киши бўлган Довуд қуйидаги сўзларни айтган: «Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманг, тунда ётганингизда ўйланг, сукут сақланг» (Заб. 4:5).
«СЕВГИ ФАЗИЛАТИГА БУРКАНИНГЛАР»
18. Нега севгини ривожлантириш муҳим?
18 1 Коринфликларга 13:4–7 ни ўқинг. Севги фазилати никоҳда муҳим аҳамият касб этади. «Сизлар меҳр-шафқат, меҳрибонлик, ўй-фикрда камтаринлик, мулойимлик ва узоқ сабрлилик каби ёқимли фазилатларга бурканинглар. Буларнинг устига, инсонларни етук даражада бирлаштирадиган севги фазилатига бурканинглар» (Колос. 3:12, 14). Фидойилик ва Масиҳга хос севги, қурилиш блокларини бир-бирига ёпиштирувчи қоришма каби никоҳ ришталарини мустаҳкамлайди. Шунда, асабга тегадиган одатлар, соғлиқ муаммолари, моддий қийинчиликлар ва қариндошлар туфайли келиб чиқадиган келишмовчиликларга қарамай, оила барқарор бўлиб қолаверади.
19, 20. а) Қай йўсин турмуш ўртоқлар муваффақият ила кучли ва бахтли никоҳ қура олишади? б) Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?
19 Чиндан ҳам, садоқат, вафодорлик ва самимий ҳаракатлар никоҳни муваффақиятли қилади. Қийин дамларда таслим бўлишнинг ўрнига, турмуш ўртоқлар нафақат оиласини сақлаб қолишлари, балки муносабатларини янада мустаҳкамлашлари лозим. Яҳовага ва бир-бирига бўлган севгиси туфайли садоқатни сақлайдиган эр-хотинлар, муаммоларни ҳал қилишади. Чунки «севги ҳеч қачон тугамайди» (1 Кор. 13:8; Мат. 19:5, 6; Иброн. 13:4).
20 Биз яшаётган «оғир вақтларда» мустаҳкам ва бахтли никоҳ қуриш осон эмас (2 Тим. 3:1). Бироқ Яҳованинг ёрдами билан бунинг иложи бор. Бунинг учун жуфтликлар ҳам ахлоқан таназзулга учраётган дунёга қарши курашишлари керак. Кейинги мақолада, эру хотинлар никоҳини жинсий ахлоқсизликдан қандай ҳимоя қилишлари мумкинлиги ҳақида гап боради.
^ абз. 12 Гарчи жуфтликлар бир-бирини кечириб, қийинчиликларни енгишга интилса-да, Муқаддас Китоб айбсиз томонга бевафоликни кечиришни ёки ажралишни ўзи ҳал қилиш ҳуқуқини беради (Мат. 19:9). «Худонинг меҳр-муҳаббати» китобининг 219–221- саҳ. «Ажралиш ва алоҳида яшашга нисбатан Муқаддас Китобнинг нуқтаи назари» номли иловасига қ.