Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Ёшлигидан тамаки ва наша чеккан бангига бу одатларни ташлашга нима ёрдамлашди? Каллакесарларга қўшилган, жаҳлдор одам, ўзини қўлда ушлайдиган ва миллатчиликдан озод бўлишига нима туртки бўлди? Келинг, жавобини бу одамларнинг ўзларидан билиб оламиз.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
ИСМИ: ГЕНРИХ МААР
ЁШИ: 38
МАМЛАКАТИ: ҚОЗОҒИСТОН
ЎТМИШДА: ТАМАКИ ВА НАША ЧЕКИБ ЮРАРДИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ: Мен Қозоғистоннинг жанубида, Тошкендан тахминан 120 километр узоқликда туғилганман. У ерлар жуда иссиқ. Ёзда ҳаво ҳарорати 45 даража иссиқ бўлса, қишда энг совуғи 10 даражадан пастроқ тушмасди. Бундай иқлимда нафақат узум, балки наша ўстириш ҳам жуда қўл келади.
Ота-онамнинг миллати немис бўлгани учун христиан эдилар. Улар динга унчалик қизиқишмаса-да, Исонинг «намунали ибодати» деб аталган дуони менга ёдлатишган. 14 га кирганимда онам ва опам Яҳованинг Шоҳидлари билан танишиб қолиб, улар ёрдамида Муқаддас Китобни ўргана бошлашди. Бир куни Яҳованинг Шоҳидлари онамга унинг эски Муқаддас Китобидан Аллоҳнинг шахсий исми Яҳова эканини кўрсатишди. Мен эса бунинг гувоҳи бўлдим. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. Лекин онам Муқаддас Китоб тадқиқини тўхтатганида, менинг қизиқишим ҳам сўниб қолди. Қандай бўлмасин, опам билан бирга Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига бир неча бор борганим учун, доимо уларнинг тарафини олардим. Масалан бир куни мактабда домла Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ёлғон гапирганида, у ноҳақ эканини очиқ айтдим.
Ёшим 15 да бўлганида Ленинградга, ҳозирги Санкт-Петербургга ўқишга бордим. У ердаги янги жўраларимга Яҳова Таоло ҳақида нима билган бўлсам, шуни айтиб юрардим. Бироқ шу вақтда тамаки чекишни ҳам бошладим. Шунинг учун Қозоғистондаги уйимга бориб юрганимда, бу ноқонуний бўлса ҳам, ўзимга бемалол наша сотиб олардим. Мен шунингдек ароқ ва уй шаробини роса ичишга одатландим.
Ўқишим тугаганидан сўнг, мени икки йилга ҳарбий хизматга чақиртиришди. Бу вақт ичида ҳам, Муқаддас Китобдан билиб
олган нарсаларимни унутмадим. Аксинча ҳар имкониятдан фойдаланиб, бошқа аскарларга Аллоҳ Яҳова ва Унинг Шоҳидлари ҳақда айтиб, тарафларини олардим.Хизмат вақтим тугаганидан сўнг мен Германияга кўчиб кетдим. Муҳожирлар яшаган жойда, Яҳова Шоҳидлари нашр этишган китоб қўлимга тушиб қолди. Китобни бир зумда ўқиб чиқиб, унда ҳақиқат ёзилганига амин бўлдим. Лекин тамаки ва наша чекишни ташлаш мен учун катта бир синов бўлди. Кўп ўтмай Карлсруэ шаҳрига яқин бўлган жойга кўчдим. У ерда Яҳованинг бир Шоҳиди билан танишдим ва у мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишни бошлади.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ: Кўп йиллар давомида мен Муқаддас Китобга ишониб келганман. Лекин у чиндан ҳам Аллоҳ Каломи эканига ва мени қизиқтирган барча саволларга айнан бу китоб жавоб беришига, уни тадқиқ қилишни бошлаганимдан кейингина англаб етдим. Шундай бўлса ҳам нотўғри одатларимни енгиш учун менга вақт керак бўлди. Бунда менга Инжилнинг Коринфликларга иккинчи мактуб, 7- боб, 1- оятидаги сўзлар ёрдам берди. Мен «бадан ва руҳимни булғовчи» тамаки ва нашадан озод бўлишга қарор қилдим.
Бундан кейин нашага умуман қўлимни теккизмадим. Аммо тамаки чекишни ташлаш учун, деярли ярим йил чўзиб юрдим. Шунда мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган биродар: «Ҳаёт мақсадингиз нима ўзи?» — деб сўраганида, миям чақди. Тўғри, мен ана ташлайман, мана ташлайман деб юрардим. Энди эса, сигарета олишдан олдин, бу ёмон одатдан мени озод қилгин, деб Худодан мадад сўрардим. 1993- йили мен аниқ кунни белгилаб, ундан кейин чекмасликка қарор қилганим эсимда. Худога шукр, бу қароримда ҳалигача мустаҳкам турибман.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ: Тамаки билан нашани ташлаганимдан бери пулим ҳам бутун, соғлигим ҳам устун. Қолаверса бугун Яҳова Шоҳидларининг Германиядаги филиалида ихтиёрий хизматчиларидан бири бўлганимдан ниҳоятда хурсандман! Муқаддас Китобнинг донолигини билиб олиш ва уни ҳаётда қўллаш мен учун катта барака бўлди! Энди ҳаётим чиндан ҳам мазмунга эга!
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
ИСМИ: ТАТУС ШАНГАДИ
ЁШИ: 43
МАМЛАКАТИ: НАМИБИЯ
ЎТМИШДА: КАЛЛАКЕСАРЛАРГА ҚЎШИЛИБ ЮРГАН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ: Мен Намибиянинг шимолида жойлашган Охангвена вилоятининг бир қишлоғида катта бўлганман. 1980- йилларда эса ўша жойларда уруш кетаётганди. Ўшанда кўп қишлоқдошларимни зўравонларча ўлдиришган. Шунинг учун бирор ким уришишни билгандагина, уни ҳақиқий эркак деб ҳисоблашарди. Мана нега мен ҳам уришишни қойиллатардим.
Мактабни битириб, мен тоғамникига Свакопмунд деган шаҳарга кўчиб бордим. Айнан шу вақт мен давлат тузумига қарши чиқаётган
каллакесарларга қўшилиб қолдим. Биз, қора танлилар кириши ман этилган жойларга, асосан ресторан ва барларга атайин бориб, ошналарим айтгандай «оқ қулоқларни» адабини берардик. Бир неча марта ҳатто посбон ва полициячилар билан уришишимизга тўғри келди. Ҳар оқшомда кўчага чиқаётиб, қўйнимга ўткиргина катта пичоқ солардим ва менга тескари бўлган ҳар кимга ҳужум қилишга тайёр эдим.Бир кечаси бизнинг тўдамиз бошқа қароқчилар билан тортишиб қолиб, уришишни бошлади. Ўшанда ҳаётим қил устида турганди. Сабаби, бир каллакесар орқамдан ўтиб, бошимни танамдан жудо қилиш учун шамширини энди кўтарган пайтда, оғайним уни бир уриб ҳушидан кеткизди. Аммо бундай воқеадан кейин ҳам хулқим ўзгармади. Кимдир билан тортишиб қолсам борми, у эркакми, аёлми демай ҳаммасини солардим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ: Яҳованинг Шоҳидларини илк бор учратганим ҳалигача эсимда. Аёл киши менга Забур китобининг 36- саносидан бир нечта оятни ўқиб бериб, Инжилнинг Ваҳий китобида инсониятнинг ажойиб келажаги ҳақида нима дейилганини айтиб берди. Аммо у Ваҳий китобининг қайси оятларида бу тўғрисида ёзилганини индамади. Шунда мен Инжилни топдим-да, бир кечанинг ўзида Ваҳий китобини ўқиб чиқдим. Менга айниқса 21- бобнинг 3- ва 4- оятларидаги сўзлар ёқди. У ерда: «Ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас»,— деган ваъда ёзилган. Хулласи калом, Яҳованинг Шоҳидлари келаси сафар келишганида улар ёрдамида Муқаддас Китобни ўрганишга тушдим.
Энди қўяверасиз, фикрдаю ишларда ўзгаришим қийин кечди. Муқаддас Китобдан мен, «Худонинг юз-хотир қилмаслигини, балки Ундан қўрққан ва тўғрилик ила иш тутган ҳаммани миллатига қарамай қабул қилишини», шунингдек «агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар» деган сўзларни билиб олиб, бу маслаҳатларни ҳаётимда қўллашга ҳаракат қила бошладим (Ҳаворийлар 10:34, 35; Римликларга 12:18).
Жаҳлимни тийиш ҳали ҳолва, тамаки чекишни ташлаш, мана бу қийин эди. Кўпинча, менга ёрдам бергин, деб кўз ёшларим билан Аллоҳга ибодатлар қилардим. Буни қарангки, мен калтафаҳмлик қилиб, майли «охирги» марта чекаман деб ўзимни юпатардим. Ишни қилиб қўйиб эса Худодан кечиримлар сўрардим. Мен билан тадқиқ ўтказган Яҳованинг Шоҳидига жуда миннатдорман. У менга сигарет қўлимга олишдан олдин ибодат қилишга ўргатди. Мен шунингдек чекаётганлардан узоқроқ юришга урина бошладим. Шу сабаб ишхонадаги ҳамкасбларимга тамаки чекишнинг зиёнини айтиб бердим. Энди «текин» сигаретни менга ҳеч ким таклиф қилмасди.
Барча уринишларим зое кетмади. Охир-оқибат чекишни ташлаб, турмуш тарзимни ўзгартирдим. Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганимдан олти ой ўтиб, ўзимни Яҳова Таолога бағишладим-да, бунинг рамзи сифатида сувга чўмдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ: Яҳованинг Шоҳидлари миллатчиликдан ҳоли ва ораларида ҳақиқий севги борлигини кўриб, уларда ҳақ дин эканини тушундим. Ишонмайсиз, мен имондоши бўлмасам ҳам Яҳованинг бир оқ танли Шоҳиди мени ўзиникига меҳмонга чақирди! Олдинлари бундай одамларникида овқат тановул қилиш у ёқда турсин, уларни кўришга кўзим йўқ эди. Энди эса мен ўзим бундай ажойиб умумжаҳон биродарликка қўшилдим.
Ўтмишда посбон ва полициячилар мени тўғри йўлга солишга уринишган, аммо бу ҳеч қандай натижа бермади. Мени ўзгартириб, бахтли қилган фақат Аллоҳ Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдир.
[21- саҳифадаги матн парчаси]
«Кўпинча, менга ёрдам бергин, деб кўз ёшларим билан Аллоҳга ибодатлар қилардим»