Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2 Кимга?

2 Кимга?

Ибодат

2 Кимга?

НИМА деб ўйлайсиз, барча айтилган ибодатлар ижобат бўладими? Кўп одамларнинг фикрича шундай. Ҳатто, киши қайси динда бўлмасин ва кимга дуо қилмасин, барчанинг ибодати маъқул деган ғоя ҳам мавжуд. Хўш, бу ғояни тўғри деса бўладими?

Муқаддас Китобдан маълум бўлишича, кўпчиликнинг ибодати ижобат бўлмайди. Ахир, жони йўқ нарсаларга дуо қилишдан нима фойда?! Шунга қарамасдан одамлар қадим замонлардан турли бут ва санамларга ибодат қилиб келишяпти. Лекин Худонинг Каломида шундай ёзилган: «Уларнинг санамлари кумуш ва олтиндир... Қулоқлари бор-у, эшитмайдилар» (Забур 113:12–14).

Муқаддас Китобда баён этилган бир қизиқарли воқеа буни янада яхшироқ тушунишимизга кўмаклашади. Ҳақ Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш Илёс, кимга ибодат қилиш кераклигини халққа кўрсатиш учун, сохта худо Баалга сиғинадиган пайғамбарларни бир учрашувга чақиртиради. Илёснинг сўзларига кўра, Ҳақ Худо ибодатга жавобан аломат кўрсатади. Баалнинг пайғамбарлари узоқ вақт давомида ва баланд овоз билан ўз худосига мурожаат қилишади. Лекин Муқаддас Китобда ўқиганимиздек, «на бирорта аломат, на бир жавоб бўлди» (3 Шоҳлар 18:29). Хўш, Илёс ҳақида нима дейиш мумкин?

Илёснинг ибодатига Худо дарҳол жавоб бериб, келтирилган қурбон устига осмондан олов туширади. Ибодатларнинг фарқини қаранг. Ҳақиқий пайғамбарнинг қилган дуосидан биз ҳам муҳим сабоқ олишимиз мумкин. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида, у ибодатида 30 тача сўз айтган бўлса-да, Аллоҳнинг шахсий исмини уч марта тилга олиб, «Яҳова» деб мурожаат қилган экан (3 Шоҳлар 18:36, 37) *.

Қадим замонда, Канъон деган юртда турли халқлар умумий номи «Баал» бўлган ҳар хил худоларга сиғинишган. Бу сўзнинг «эга» ёки «хўжайин» деган маъноси бор. Аллоҳнинг исмига келадиган бўлсак, у бутун оламда ягонадир. Зеро Унинг Ўзи шундай сўзларни айтган: «Мен Яҳоваман. Бу менинг исмимдир; иззатимни бошқа ҳеч кимга... бермайман» (Ишаё 42:8, ЯДТ).

Илёс пайғамбарнинг ва Баалга сажда қилган пайғамбарларнинг ибодати бирдек маъқул бўлганми? Баалга сиғинганлар саждагоҳларда фоҳишабозлик билан шуғулланишар ва ҳатто одамларни қурбонликка келтиришарди. Бундан фарқли ўлароқ, Яҳова хизматчиларини тўғри йўлга солиб, бундай қабиҳ ишлардан огоҳлантирар эди. Энди тасаввур қилинг, сиз обрў-эътиборли дўстингизга мактуб юбормоқчисиз, аммо хат дўстингизга эмас, разил ва аблаҳ кишининг қўлига тушади. Сизга бу маъқул келармиди? Албатта, йўқ!

Агар сиз Яҳовага ибодат қилсангиз, демак бутун инсониятнинг самовий Отаси бўлмиш Парвардигори Оламга дуо қиляпсиз *. Ишаё пайғамбар ҳам Худойи Таолони самовий Ота деб билган (Ишаё 63:16). Қолаверса, Исо алайҳиссалом шогирдларига қуйидагини айтган эди: «Мен Ўз Отам ва сизларнинг Отангизнинг, Ўз Худойим ва сизларнинг Худойингизнинг ҳузурига чиқиб кетяпман» (Юҳанно 20:17). Кўриб турганимиздек, Исо самовий Отаси Яҳовага ибодат қилар эди. Шундай қилишни шогирдларига ҳам буюрган (Матто 6:9).

Нима деб ўйлайсиз, Яҳовадан бўлак аждодларнинг руҳига ва азиз авлиёларга дуо ўқиш тўғримикин? Йўқ. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчидан, дуо топинишнинг бир қисми бўлиб, фақатгина Тангри Яҳовага қаратилган бўлиши керак (Чиқиш 20:5). Иккинчидан эса, Муқаддас Китобда айнан Яҳова «ибодатни эшитгучи» деб аталган (Забур 64:3). Гарчанд, Аллоҳ сахийлиги билан кўп нарсаларни баҳам кўрган бўлса ҳам, дуоларни эшитишни фақат Ўзига қолдирган. Ҳа, У ибодатларимизни диққат билан тинглашга ваъда берган.

Қиссадан ҳисса шуки, дуоларимиз ижобат бўлишини истасак, ушбу оятни унутмайлик: «Яҳованинг исмини айтиб чақирадиган ҳар бир одам қутқарилади» (Ҳаворийлар 2:21, ЯДТ). Бироқ шундай саволлар туғилмоқда: Яҳова барча ибодатларни қабул қилаверадими? Ёки дуоларимизни тинглаши учун, яна нимадандир хабардор бўлишимиз лозимми?

[Изоҳлар]

^ Тавротнинг Ибтидо китобининг 2- боб 4- оятининг изоҳида, Аллоҳнинг исми Яҳве ёки Яҳво деб ёзилган. Бошқа манбаларга биноан эса Яҳова деб қўлланилади.

^ Баъзи диндаги удумларга биноан, Худонинг исмини хоҳ суҳбатда, хоҳ ибодатда тилга олиш ман этилган. Ваҳоланки, Аллоҳнинг исми Муқаддас Китобнинг асл нусҳасида тахминан 7 000 марта учрайди. Қадимда яшаган художўй кишилар, Яҳова деган исмни ибодат ва Забур саноларида қўллашарди.

[5- саҳифадаги расм]

Илёс пайғамбарнинг ва Баалга сажда қилган пайғамбарларнинг ибодати бирдек маъқул бўлганми?