Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Аллоҳнинг ҳукмларида бераҳмлик намоён бўлганми?

Аллоҳнинг ҳукмларида бераҳмлик намоён бўлганми?

УШБУ саволга жавоб топиш учун келинг, Муқаддас Китобда баён этилган Аллоҳнинг ҳукмларини — Нуҳ пайғамбар даврида юз берган Тўфонни ва канъонликларнинг йўқ қилинишини қисқача кўриб чиқамиз.

НУҲ ПАЙҒАМБАР ДАВРИДАГИ ТЎФОН

БАЪЗИ ОДАМЛАРНИНГ ФИКРИ: «Ер юзига Тўфон келтирганда, Худо Нуҳдан ва унинг оиласидан ташқари ҳаммани йўқ қилиб, бераҳм эканини кўрсатди».

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН: Худованд шундай демоқда: «Фосиқнинг ҳалокатидан севинмайман. Аксинча, фосиқлар ёмон йўлидан қайтиб, яшашини хоҳлайман» (Ҳизқиё 33:11). Шундай экан, Нуҳ даврида ёвузларни йўқ қилишдан Аллоҳ завқ олмаган. Унда нега У шундай йўл тутди?

Муқаддас Китобда ёзилишича, ёвуз одамларни илгари ҳукм қилганда, Худо «шу билан бетавфиқларга келажакда нима юз беришини кўрсатган» эди (2 Бутрус 2:5, 6). Қайси маънода?

Биринчидан, Тангри одамларни йўқ қилишдан завқ олмайди. Шундай бўлса ҳам, уларнинг бераҳмлигига ва бошқаларга азоб келтиришаётганига У қараб турмайди ва уларни қилмишлари учун жавобгар деб билади. Вақти келиб, Аллоҳ бор ноҳақликка ва азоб-уқубатларга нуқта қўяди.

Иккинчидан, Худонинг ўтмишда қилган ишлари шуни кўрсатяптики, бирор ҳукм чиқаришдан аввал, У меҳр ила одамларни огоҳлантиради. Нуҳ пайғамбар адолат йўлини хабарлаб юрган эди, лекин кўп одамлар унинг гапларини эътиборга олишмаган. Инжилда қуйидагиларни ўқиймиз: «Тўфон келиб, барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган» (Матто 24:39).

Аллоҳнинг муносабати ўзгардими? Йўқ. Мисол учун, У Исроил халқини шунда огоҳлантирдики, агар улар атрофдаги қўшни халқларнинг ёвуз ишларига эргашишса, душманлари ерларини босиб олишларига, Қуддус пойтахтини вайрон этиб, уларни эса сургун қилишларига У йўл қўяди. Афсуски, исроилликлар Худонинг гапларига қулоқ солмай, ҳатто болаларини қурбонликка келтиришни бошлашди. Хўш, Тангри Яҳова уларни жазоладими? Ҳа. Лекин халқи ҳали кеч бўлмасдан олдин ёмон йўлдан қайтсин, дея уларни огоҳлантириш ниятида У такрор-батакрор пайғамбарларни юборган. Тавротда бу ҳақда шундай ёзилган: «Эгамиз Раббий Ўз сирини пайғамбарларига аён қилади, сирини ўша хизматкорларига аён қилмай туриб, У ҳеч нарса қилмайди» (Амос 3:7).

БУ СИЗГА ҚАНДАЙ ТЕГИШЛИ: Мазкур мисоллардан кўриб чиққанимиздек, Тангри Яҳованинг ўтмишда чиқарган ҳукмлари бизга умид бахш этяпти. Яъни, шафқатсизларча азоб келтираётганларни Худо жазолашига амин бўлишмиз мумкин. Забурда ҳам шундай ёзилган: «Ёвузлар йўқ қилиб ташланади... Беозорлар эса юртга эгалик қилади, мўл бахт-саодатдан баҳраманд бўлади» (Забур 36:9–11). Одамзодни азоб-уқубатлардан озод этадиган Аллоҳнинг ҳукми ҳақида қандай фикрдасиз? У бераҳмми ёки раҳмдилми?

КАНЪОНЛИКЛАРНИНГ ЙЎҚ ҚИЛИНИШИ

БАЪЗИ ОДАМЛАРНИНГ ФИКРИ: «Канъонликларнинг йўқ қилиниши ҳар қандай миллий ва ирқий қирғинчиликдан ҳам шафқатсизроқ эди».

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН: «[Худонинг] ҳамма йўллари адолатлидир. Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ» (Қонунлар 32:4). Аллоҳнинг адолат ила йўл тутишини жанг билан солиштириб бўлмайди. Нимага? Чунки одамлардан фарқли равишда, Тангри қалбни кўра олади, яъни инсон қанақалиги Унга аён.

Масалан, Худо Садўм ва Ғамўра шаҳарларини йўқ қилиш қарорини чиқарганда, Иброҳим Халилуллоҳ Унинг қарори чиндан ҳам адолатли эканини билмоқчи бўлади. Сабаби у, Аллоҳ «гуноҳкорни ҳам бегуноҳни ҳам бирдай қириб» ташлашини тасаввур қила олмаган. Агар Садўмда ҳеч бўлмаса ўнта бегуноҳ одам топилса, ўша шаҳарга раҳм кўрсатишига Худованд сабр ила Иброҳимни ишонтирган (Ибтидо 18:20–33). Аниқ-равшанки, Тангри ўша одамларнинг юракларини текшириб, улар қанчалик ёвуз бўлиб кетганини кўрган (1 Солномалар 28:9).

Шунга ўхшаб, канъонликлар ҳам ёвуз бўлиб кетганини кўриб, Худо уларни йўқ қилиш қарорини чиқаради. Канъонликлар бераҳмлиги билан танилган эдилар. Улар ҳатто фарзандларини оловда куйдириб қурбонликка келтиришган * (4 Шоҳлар 16:2, 3). Шунингдек, улар Тангри Яҳова исроилликларга ваъда қилган юртга эгалик қилишни айтганини билишарди. Худонинг ушбу буйруғига бўйсунмай, уруш қилиш учун қолганлар нафақат исроилликларга, балки ҳар доим халқи билан бирга бўлишни ваъда қилган Яҳованинг Ўзига қарши чиқишган.

Қолаверса, ёмон йўлдан қайтиб, Яҳованинг ахлоқий меъёрлари бўйича йўл тутишни бошлаган канъонликларга нисбатан Яҳова раҳм-шафқат кўрсатди. Масалан, канъонлик фоҳиша Раҳоба оиласи билан бирга қутқарилган. Бундан ташқари, канъонликларнинг шаҳри Гивонда истиқомат қилувчи одамлар раҳм-шафқат кўрсатилишини илтимос қилишган ва натижада улар ҳамда болалари омон қолишган (Ёшуа 6:25; 9:3, 24–26).

БУ СИЗГА ҚАНДАЙ ТЕГИШЛИ: Канъонликларнинг жазоланишидан биз муҳим сабоқ олсак бўлади. Башорат қилинган «бетавфиқ инсонларни ҳалок қиладиган ҳукм» куни тезда яқинлашиб келяпти (2 Бутрус 3:7). Агар Яҳовани севсак ва Унинг назарида тўғри бўлган ишларни қилсак, баракаларга эришамиз. Яъни, Унинг адолатли ҳукмронлигини рад этганлар ер юзидан йўқ қилинади, биз эса азоб-уқубатлардан озод бўламиз.

Канъонликлар бераҳмлиги билан танилган бўлиб, Худога ва Унинг халқига қарши чиқишган

Тангри Яҳова ота-оналарнинг танлови фарзандларига таъсир қилишини севги ила бизларга эслатяпти. Унинг Каломида қуйидагича ёзилган: «Ҳаётни танланг, шунда ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам яшайсизлар. Эгангиз Худони севинг, Унга қулоқ солинг» (Қонунлар 30:19, 20). Ушбу сўзлар бераҳм Худога мансубми ёки одамларни севувчи ва уларнинг манфаатини кўзловчи Худогами?

^ абз. 15 Археологлар ер тагидан қазиб олган қолдиқларга кўра, канъонликларнинг топинишига фарзандларини қурбонликка келтириш кирган.