Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Заифлигимдан куч топаман

Заифлигимдан куч топаман

Вазним бор-йўғи 29 килограмм ва мен ногиронлар аравачаси ёрдамида ҳаракатланаман. Ҳеч ким мени кучли деб ўйламайди. Гарчи баданим заифлашаётган бўлса-да, ичимдаги куч менга таслим бўлмасликка ёрдам беради. Ижозат берсангиз, заифлигим мени қандай чиниқтиргани ҳақида айтиб берсам.

4 яшарлигимда

Болалигимни эсласам, ота-онам яшаган Франциянинг жанубидаги қишлоқда кечирган бахтли дамларим кўз олдимга келади. Мен боғда ўйнашни ва дадам ясаб берган арғимчоқда учишни яхши кўрардим. 1966 йилда бизникига Яҳованинг Шоҳидлари келишди. Шундан кейин улар тез-тез келиб туришарди ва дадам билан анча гаплашиб ўтиришарди. Етти ойдан сўнг у Яҳованинг Шоҳиди бўлишга қарор қилди. Ойим ҳам унга қўшилди. Улар мени жуда яхши кўришарди ва мен бундай ёқимли муҳитда катта бўлардим.

Муаммоларим ота-онамнинг она юртига, Испанияга кўчиб ўтганимизда бошланди. Мен қўлларимда ва тўпиқларимда қаттиқ оғриқ сезишни бошладим. Икки йил ичида кўп шифокорларга учраб, ниҳоят таниқли бир ревматологнинг қабулига кирдик. У эса бизга жиддий тарзда: «Жуда кеч бўлди»,— деб айтди. Бу хабардан кейин ойим йиғлашни бошлади. Шифокор ота-онамга менда сурункали артрит касаллиги борлиги ҳақида айтди. Бу касалликдан иммун системам соғлом тўқималарни жароҳатлагани сабабли бўғимлар шишиб оғришни бошлар экан. Ўша пайтда мен ўн яшар қизча эдим ва унча-мунча нарсага ақлим етмасди, лекин менда жиддий муаммолар пайдо бўлганини тушундим.

Шифокор мени болалар санаторийсига юборишни тавсия этди. Ўша санаторийнинг хунук биноси мени даҳшатга солгани ҳали ҳануз эсимда. У ердаги тартиб-интизом қаттиқ эди: монах аёллар сочларимни олдириб, бесўнақай кийим кийдиришди. Шунда мен кўз ёшимни ичимга ютиб: «Мен бу ерда қанақа яшар эканман?» — деб ўйладим.

МЕН ТАНГРИ ЯҲОВАНИНГ ҒАМХЎРЛИГИНИ ҲИС ҚИЛДИМ

Ота-онам мени Аллоҳ Яҳовани яхши кўришга ўргатишгани боис, санаторийда ўтказилаётган католик маросимларда иштирок этишни рад этдим. Аммо монах аёлларга нуқтаи назаримни тушуниш қийин бўлган. Шунинг учун Тангри Яҳовадан мени ташлаб кетмасликни ёлвориб сўрардим ва кўп ўтмай У меҳрибон ота каби мени қаттиқ «қучоқлаётганини» сездим.

Ота-онамга ҳар шанба мендан хабар олишга рухсат беришди. Улар имонимни мустаҳкамлайдиган Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни олиб келишарди. Ўша санаторийда болаларга китобларини сақлаш ман этиларди, лекин монах аёллар мен ҳар куни ўқийдиган Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни сақлашга рухсат беришди. Мен бошқа қизларга одамлар касал бўлмай ер юзида  абадий яшаши мумкинлигини айтиб берардим (Ваҳий 21:3, 4). Гарчи баъзида ўзимни ғамгин ва ёлғиз ҳис қилсам-да, кундан-кунга Худованд Яҳовага бўлган ишончим ортиб борганидан қувонардим.

Узоқ чўзилган олти ой ўтгач, шифокорлар уйимга қайтишга рухсат беришди. Касаллигим ўтиб кетмади, лекин ота-онам билан яна бирга бўлганимдан мен ўзимни нақадар бахтли ҳис қилардим-а! Борган сари бўғимларим янада емирилиб, оғриқ кучайиб борарди. Ўсмирликка етгач эса жуда заиф бўлиб қолдим. Шунга қарамай, мен 14 ёшимда ҳаётимни Худога бағишлаганимнинг рамзи сифатида сувга чўмиб, кучим борича Унга хизмат қилишга қарор қилдим. Бироқ, гоҳо мен тушкунликка тушардим. Шунда: «Эй Худо, нега бу нарса мен билан содир бўлди? Илтимос, менга шифо бер. Мен роса қийналиб кетдим-ку, ахир!» — деб ибодат қилардим.

Ёшлик даври мен учун катта синовга айланди. Ҳолатим яхшиланмаслигига кўникишим керак эди. Мен соғлом ва кучга тўлган дўстларим билан ўзимни солиштирардим. Ўзимни нуқсонли ҳис қилиб, одамови бўлиб қолдим. Аммо оилам ва дўстларим мени қўллаб-қувватлашарди. Гарчи мендан 20 ёш катта бўлса-да, мен учун ҳақиқий дўстга айланган Алисияни эслайман. У мени касаллигимга кўп эътибор қаратмасликка ва фақат ўз оғриқларим билан эмас, балки бошқаларга ғамхўрлик қилиб яшашга ўргатди.

ҲАЁТИМНИ МАЗМУНГА ТЎЛДИРИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛЯПМАН

18 ёшимда, касаллигим қайта ўткир тус олгани сабаб, жамоат йиғилишларига қатнаш менга қийин бўлиб қолди. Аммо йиғилишларга бора олмаган бўлсам ҳам, «бўш бўлиб қолган бу вақтимни» Муқаддас Китобни уйда ўрганишга сарфлардим. Аюб пайғамбар ҳақидаги ва Забур санолари китобларини ўқиб, Тангри Яҳова бугунги кунда биринчи навбатда жисмоний соғлигимиз ҳақида эмас, балки маънавий соғлигимиз ҳақида қайғураётганини тушундим. Тез-тез қилиб турган ибодатларим туфайли «инсонларникидан устун турган куч» ва «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги» пайдо бўлганини ҳис қилдим (2 Коринфликларга 4:7; Филиппиликларга 4:6, 7).

22 ёшимда эса бир умр ногиронлар аравачасига михланиб қолишимни тушундим. Энди бошқалар мени одам ўрнида кўрмай, фақат ногиронга қарагандай қарашларидан қўрқардим. Лекин бу «лаънат» баракага айланди: ногиронлар аравачаси қайсидир маънода менга озодликни қайтарди. Ҳаммаси, дугонам Исабель менга у билан бирга бир ой давомида 60 соат ваъз қилишни таклиф этганидан бошланди.

Бошида унинг таклифи менга бемаънидек кўринди. Лекин мен Аллоҳ Яҳовадан ёрдам сўрардим ва оилам ҳамда дўстларим мени қўллаб-қувватлашгани туфайли бунинг уддасидан чиқдим. Мазмунга тўла ўша ой жуда тез ўтди ва менинг қўрқув ҳамда шубҳа-гумонларимдан из ҳам қолмаганини пайқадим. Мен бундан роса қувонганим учун 1996 йилда ойига 90 соат ваъз қилиб, доимий кашшоф бўлишга қарор қилдим. Бу, ҳаётимда қабул қилган қарорларимдан энг зўри эди, чунки мен Худога янада яқинлашиб, ҳатто жисмонан тетиклашдим. Эътиқодим ҳақида кўп одамларга айтиш имконига эга бўлиб, улардан баъзиларига Аллоҳнинг дўсти бўлишга кўмаклашдим.

ТАНГРИ ЯҲОВА МЕНИ ТАРК ЭТМАДИ

2001 йилда мен автоҳалокатга йўлиққаним сабабли иккала оёғим синди. Касалхонанинг каравотида ётиб, оғриқдан қийналганча ичимда: «Илтимос, Яҳова мени қолдирма!» — дея ибодат қилардим. Шу онда қўшни каравотда ётган бир аёл мендан: «Сиз Яҳованинг Шоҳидимисиз?» — деб сўради. Ўша пайтда унга жавоб беришга ҳам кучим етмай, унга шунчаки бошимни силкитиб қўйдим. Аёл сўзида давом этиб, шундай деди: «Мен Яҳованинг Шоҳидларини биламан! Сизларнинг журналларингизни ўқиш менга ёқади». Унинг сўзлари менга тасалли бахш этди. Ҳатто бундай ҳолсиз аҳволда ётиб ҳам, Аллоҳ Яҳова ҳақида шоҳидлик бера олдим. Мен учун бу катта шараф эди!

Ўзимни анча яхши ҳис этганимда, кўпроқ шоҳидлик беришга қарор қилдим. Ойим мени касалхона бўйлаб ногиронлар аравачасида синган иккала оёғим билан айлантириб юрарди. Биз ҳар куни бир неча беморнинг ҳол-аҳволини сўраб улардан хабар олардик ва Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни қолдириб кетардик. Тўғри, бундай ташрифлар мени ҳолдан тойдирарди, аммо Тангри Яҳова менга куч берарди.

Охирги йилларда оғриғим кучайди, устига-устак, дадамнинг вафотидан сўнг ҳиссий оғриқ ҳам қўшилди. Аммо шунга қарамай, мен ижобий нуқтаи назарни сақлашга ҳаракат қиляпман. Қандай қилиб дейсизми? Мен қариндошларим ва дўстларимнинг даврасида бўлиш имконини қўлдан бой бермасликка  ҳаракат қиламан ва бу, муаммолардан чалғишимга ёрдам беради. Ёлғиз қолганимда эса Муқаддас Китобни ўқиб, уни тадқиқ қиламан ёки телефон орқали хушхабар билан бўлишаман.

Кўпинча мен кўзларимни юмиб, Худо ваъда қилган янги дунёга ҳаёлан кўчиб ўтаман

Юзимни силаган майин шабада ва гулларнинг ҳиди каби оддий нарсалардан қувонишга ҳаракат қиламан. Бундай нарсалар қалбимда миннатдорлик ҳиссини уйғотади. Бундан ташқари, ҳазил-мутойиба туйғуси ҳам мўъжизалар яратишга қодир. Бир куни одамларга хушхабар айтиб юрганимизда, мени ногиронлар аравачасида айлантириб юрган дугонам дафтарчасига ёзув қилиш учун йўлда тўхтаб қолди. У ер қияли жой бўлгани учун аравача қандай кетиб қолганини у пайқамай қолди. Охир-оқибат мен тўхтаб турган машинага бориб урилдим. Бошида биз жудаям қўрқиб кетдик, аммо жиддий зарар етмаганини кўриб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбордик.

2003 йили ота-онам билан

Ҳозирги кунда мен қилолмайдиган кўп нарсалар бор. Бу, келажакда ушаладиган орзуларимдир. Кўпинча мен кўзларимни юмиб, Худо ваъда қилган янги дунёга ҳаёлан кўчиб ўтаман (2 Бутрус 3:13). Мен ўзимни соғлом, юра оладиган ва ҳаётдан тўла завқ олаётгандай тасаввур қиламан. Ҳазрати Довуднинг: «Эгамизга умид боғла, дадил бўл, юрагингга далда бер»,— деган сўзлари юрагимга малҳамдир (Забур 26:14). Гарчи баданим кундан-кунга заифлашиб бораётган бўлса, Тангри Яҳова мени қўллаб-қувватлайди ва куч бахш этади. Ҳа, мен заифлигимдан куч топишни давом эттиряпман.