МУҚОВАДАГИ МАВЗУ | МУҚАДДАС КИТОБНИНГ САҚЛАНИБ ҚОЛИШ ТАРИХИ
Емирилиш хавфи
ХАВФ. Муқаддас Китоб ёзувчилари ва котиблари ёзиш учун фойдаланган асосий материал папирус ва пергамент бўлган a. (2 Тимўтийга 4:13) Бу материалларга нима хавф туғдирган?
Папирус осон йиртилади, ранги ўчади ва тезда нурайди. «Охир-оқибат варақ толалар ва бир ҳовуч чангга айланиб қолади,— дейишади Ричард Паркинсон ва Стивен Квирки исмли мисршунослар.— Сақланганда ўрама битикни моғор босиши ёки намлик дастидан чириши, кўмилган бўлса кемирувчилар ёки ҳашаротлар, хусусан оқ чумолилар томонидан еб битирилиши мумкин». Айрим папирусларни топгандан кейин қуёш нури кўп тушадиган ва жуда нам жойда сақлашгани учун, уларнинг емирилиши тезлашиб кетган.
Папирусга қараганда пергамент анча пишиқ материал ҳисобланади. Лекин у ҳам пала-партиш ишлатилиши ёки кескин ҳарорат ўзгаришлари, намлик ва ёруғлик таъсирида нурайди b. Ҳашаротлар ҳам унга хавф туғдиради. Қадимий битиклар тўғрисида бир китобда шундай хулоса қилинган эди: «Камдан-кам қадимий битиклар сақланиб қолган». («Everyday Writing in the Graeco-Roman East») Агар Муқаддас Китоб емирилиб кетганида эди, ундаги хабар сақланиб қолмасди.
МУҚАДДАС КИТОБ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ САҚЛАНИБ ҚОЛГАН? Яҳудийларнинг қонунига кўра, ҳар бир шоҳга Муқаддас Китоб таркибига кирувчи илк бешта китобдан — «Қонундан ўзи учун нусха кўчириб, ўрама битикка ёзсин»,— деб амр этилган эди. (Қонунлар 17:18) Милодий биринчи асрга келиб юқори малакали котиблар Муқаддас Ёзувларнинг шунчалик кўп қўлёзмаларини тайёрлашганки, уларни Исроилдаги барча ибодатхоналарда ва ҳатто узоқ Македонияда ҳам топиш мумкин бўлган! (Луқо 4:16, 17; Ҳаворийлар 17:11) Қандай қилиб жуда қадимий қўлёзмалар бизнинг кунларгача сақланиб қолган?
«Маълумки яҳудийлар Муқаддас Ёзувлар битилган ўрама битикларни сақлаб қолиш учун уларни кўзалар ёки хумлар ичига солиб қўйишган»,— деб таъриф беради Янги аҳд мутахассиси Филип Комфорт. Ҳойнаҳой масиҳийлар бу анъанани давом эттиришган. Ана шу сабабли Муқаддас Китобнинг айрим илк қўлёзмалари сопол кўзаларда, қоронғи хоналар ва ғорларда, иқлими ниҳоятда қуруқ ҳудудларда топилган.
НАТИЖАСИ ҚАНАҚА? Муқаддас Китоб қўлёзмаларининг минглаб парчалари — айримларининг ёши 2 000 йилдан ошиқ — бизнинг кунларгача сақланиб қолган. Ҳеч бир қадимий матннинг шунчалик кўп қўлёзмалари кўҳна замонлардан бизгача етиб келгани йўқ.
a Папирус деган материал шу ном билан аталган сувда ўсувчи ўсимликдан тайёрланган. Пергамент ҳайвон терисидан қилинган.
b Мисол учун, Қўшма Штатларнинг имзоланган расмий «Мустақиллик декларацияси» пергаментда ёзилган. Мана, 250 йилдан озроқ вақт ўтгач, матни деярли ўқиб бўлмайдиган даражада хиралашиб кетган.
Ўлик денгиз ўрама битиклари деб танилган қўлёзмалар иқлими қуруқ жойларда, ғорлардаги сопол кўзалар ичида асрлар давомида сақланиб келинган