МУҚОВАДАГИ МАВЗУ | ҚАЙ ЙЎСИН МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎҚИШДАН ҚЎПРОҚ ФОЙДА ОЛСА БЎЛАДИ?
Нега Муқаддас Китобни ўқиш керак?
«Мен Муқаддас Китобни ўқиш қийин бўлса керак, деб ўйлаганман». (Жови)
«Уни ўқиш менга зерикарли туюлганди». (Квини)
«Муқаддас Китобнинг қалинлигини кўриб уни ўқиш истагим йўқолиб қолди». (Езекил)
Муқаддас Китобни ўқиш фикри келганда сизда ҳам ўхшаш туйғулар пайдо бўлганми? Кўплар уни ўқиш қўлимдан келмайди, деб ўйлайди. Лекин Муқаддас Китоб ҳаётингизни янада ёрқин қилиб, бахтли ҳаёт кечиришингизга кўмаклашишини билганингизда-чи? Уни ўқишга бошқача ёндашилса, бу янада қизиқарли бўлишини билганингизда-чи? Муқаддас Китоб сизга нима таклиф қилишини билишни истармидингиз?
Келинг, Муқаддас Китобни ўқиш ҳаётини қандай бойитганини сўзлаб берган кишиларнинг фикрлари билан танишиб чиқамиз.
Ёши 20 ларда бўлган Езекил шундай деди: «Мен илгари қаёққа кетаётганини билмайдиган ҳайдовчига ўхшардим. Муқаддас Китобни ўқиш ҳаёт мазмунини топишимга кўмаклашди. Бу китобда кундалик ҳаётимга асқатадиган амалий маслаҳатлар ёзилган».
Ёши 20 ларда бўлган Фрида эса қуйидагича тушунтирди: «Жаҳлим тез эди. Муқаддас Китоб туфайли ўзимни қўлга олишни ўргандим. Одамлар билан муроса қилиш осонлашди ва энди кўп дўстларим бор».
Ёши 50 дан ошган Эвника исмли бир аёл эса Муқаддас Китоб ҳақида шундай фикр билдирди: «Бу китоб яхши инсонга айланишимга ва ёмон одатларимни ташлашимга ёрдам берди».
Юқорида тилга олинган кишилар ва миллионлаб бошқа инсонлар каби Муқаддас Китобни ўқиш сизга ҳам ҳаётдан мамнуният топиб яшашга кўмаклашади. (Ишаё 48:17, 18) Бу китоб ёрдамида сиз: 1) тўғри қарорлар чиқара оласиз, 2) чинакам дўстлар топасиз, 3) стрессни енгишни ўрганасиз ва энг муҳими 4) Худо тўғрисида ҳақиқатни билиб оласиз. Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни Худо бергани учун, сиз асло адашмайсиз. Худо ҳеч қачон ёмон маслаҳат бермайди.
Энг муҳими — бошлашдир. Қандай амалий қадамлар ўқишни бошлашни осонлаштириб, бу жараённи қизиқарли қилади?