35- БОБ
Машҳур Тоғдаги ваъз
-
ТОҒДАГИ ВАЪЗ
Исо тун бўйи Худога ибодат қилиб, шогирдларидан 12 тасини ҳаворий этиб танлаганидан сўнг чарчаган бўлса керак. Мана кун ёришди, лекин у кучга тўла ва одамларга ёрдам беришни истайди. Исо Жалиладаги бир тоққа, эҳтимол ўзи кўп хизмат қилиб юрган Кафарнаҳум яқинидаги бир жойга боради.
Шунда турли хил жойлардан келган халойиқ Исонинг олдига келади. Улардан баъзилари жанубдан, Қуддус ҳамда Яҳудиядан, бошқалари эса шимоли-ғарбда жойлашган Тир ва Сидондан келишади. Бу одамлар «Исони тинглаб, дардларидан фориғ бўлиш учун келишади» ва Исо уларга шифо беради. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, касалларнинг барчаси тузалиб қолади! Исо «ҳатто жинга чалинган одамларнинг» ичидан Шайтоннинг ёвуз фаришталарини қувиб чиқаради. (Луқо 6:17–19)
Кейин Исо тоғ ёнбағрида бир текисликни топиб ўша ерда ўрнашади ва халойиқ уни ўраб олади. Унинг шогирдлари ҳам, айниқса 12 та ҳаворийси унга яқинроқ ўтириб олишади. Халойиқ бундай ҳайратда қолдирадиган мўъжизаларни ярата оладиган устознинг гапларини сабрсизлик ила кутади. Исо ваъз айтади ва тингловчилар бундан кўп фойда олишади. Кейинчалик ҳам бу ваъз бошқаларга фойдали бўлган. Бу чуқур маънавий ҳақиқатлар содда ва тушунарли айтилгани учун, биз ҳам ундан кўп сабоқ олишимиз мумкин. Исо одамларга таниш бўлган кундалик ишлар ҳақида гапиради. Шунинг учун, Аллоҳга маъқул тарзда яшашга интиладиган кишилар Исонинг фикрларини осонликча англаб олишади. Хўш, Исонинг мазкур ваъзини қайси фикрлар туфайли бебаҳо дейиш мумкин?
КИМЛАР ЧИНАКАМИГА БАХТЛИ?
Ҳар бир инсон бахтли бўлишни истайди. Исо буни яхши тушунади ва шунинг учун ваъзининг бошида кимлар чинакамига бахтли эканини айтади. Бу эса тингловчиларнинг эътиборини тортади. Аммо унинг айрим сўзлари уларни ўйлантириб қўяди.
Исо шундай дейди: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Қайғу-алам чекаётганлар бахтлидир, зеро уларга тасалли берилади. [...] Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, боиси уларнинг бу эҳтиёжи қондирилади. [...] Одиллик учун таъқиб қилинаётганлар бахтлидир, зеро Осмон Шоҳлиги уларникидир. Мен учун одамлар сизларни ҳақоратлаб, қувғун қилишса,.. бахтлисизлар. Шод-хуррам бўлинглар». (Матто 5:3–12)
Бундай одамларни «бахтлидир», деганда Исо нимани назарда тутади? У, одам ўйин-кулги қилгани натижасида ҳис этадиган хурсандчилик ва шодликни назарда тутмайди. Чинакам бахт чуқурроқ маънога эга. Бу, ҳаётдан мамнун бўлиш ва қониқиш ҳиссига эга бўлишни англатади.
Исо айтганидек, маънавий нарсаларга чанқоқ, гуноҳли ҳолатидан қайғураётган ва Худони таниб-билиб Унга хизмат қилаётган кишилар бахтлидир. Ҳатто Аллоҳнинг иродасини бажаришаётгани учун бундай инсонлардан нафратланишса ёки уларни таъқиб қилишса ҳам улар бахтлидир. Зеро улар Тангрига маъқул келишаётганини билишади ва уларга ваъда қилинган мукофот — абадий ҳаёт берилади.
Кўп одамларнинг фикрича, фақат бой ва кўнгилхушлик қилиб яшайдиганларни бахтли деса бўлади. Исо эса умуман бошқача фикрда. У кўп тингловчиларининг фикрига қарама-қарши бўлган қуйидаги сўзларни айтади: «Эй бойлар, ҳолингизга вой, боиси оладиганингизни олиб бўлдингиз. Эй, ҳозир тўқ бўлганлар, ҳолингизга вой, зеро оч қоласиз. Эй, ҳозир кулаётганлар, ҳолингизга вой, чунки қайғу чекиб йиғлайсиз. Луқо 6:24–26)
Қачонки ҳамма одамлар сизлар ҳақингизда яхши гапирса, ҳолингизга вой! Негаки уларнинг ота-боболари ҳам сохта пайғамбарларга шундай муомала қилишган». (Қизиқ, нима учун бой, ўйин-кулгиларни яхши кўрадиган ва инсонлардан мақтов олган кишининг ҳолига вой? Чунки буларнинг барчасига эгалик қилган ва буларни яхши кўрган одамнинг ҳаётида Худога хизмат қилишга жой қолмаслиги мумкин. Ахир айнан бу чинакам бахт келтиради-ку. Бошқа тарафдан Исо инсон қашшоқ, оч бўлсагина бахтли бўлади, деб айтмоқчи эмас. Лекин кўп ҳолларда айнан ҳамма нарсадан маҳрум бўлган кишилар Исонинг таълимотларини қабул қилишади ва бу уларга чинакам бахт келтиради.
Кейин Исо шогирдларига мурожаат қилиб: «Сизлар ернинг тузисизлар»,— дейди. (Матто 5:13) Албаттаки, Исо шогирдларини том маънодаги туз деб айтгани йўқ. Туз бирон нарсани бузилмайдиган ёки чиримайдиган қилиб сақловчи моддадир. Масалан, Тангри Яҳованинг маъбадидаги қурбонгоҳ олдида катта туз уюми турарди ва ундан қурбонликларни тузлаш учун фойдаланишарди. Шунингдек, туз бузилмайдиган ва чиримайдиган нарсаларнинг рамзи бўлган. (Левилар 2:13; Ҳизқиё 43:23, 24) Исонинг шогирдлари одамларнинг орасида сақловчи таъсирга эга бўлишгани боис «ернинг тузи» ҳисобланишади. Улар инсонларга маънавий ва ахлоқий жиҳатдан бузилмасликка ёрдам беришади. Ҳа, улар ваъз этаётган хабар, уни қабул қилган одамларнинг ҳаётини сақлаши мумкин.
Бундан ташқари, Исо шогирдларига: «Сизлар дунёнинг нурисизлар»,— деб айтади. Чироқни ёқишганда, уни саватнинг тагига эмас, балки ёруғлик бериши учун чироқпояга қўйишади. Шунинг учун Исо: «Сизларнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида порлаб турсин, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни шарафлашсин»,— дейди. (Матто 5:14–16)
ИЗДОШЛАРИ УЧУН ЮКСАК МЕЪЁРЛАР
Яҳудий дин раҳбарлари Исони Тавротдаги қонунларни бузганликда айблаб, уни ҳатто ўлдиришга тил бириктиришади. Шунинг учун Исо очиқчасига: «Мени Тавротни ёки пайғамбарларнинг сўзларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Бекор қилгани эмас, амалга оширгани келганман»,— дейди. (Матто 5:17)
Исо Тавротни чуқур ҳурмат қилади ва бошқаларни ҳам бундай йўл тутишга ундайди. У шундай Матто 5:19)
дейди: «Ким бу амрларнинг энг кичигини бузиб, бошқаларга ҳам буни ўргатса, у Осмон Шоҳлигига киришга нолойиқ бўлади». У гапини давом этиб: «Лекин ким бу амрларни бажариб, бошқаларга ҳам шуни ўргатса, Осмон Шоҳлигига киришга лойиқ деб топилади»,— дейди. (Исо ҳатто Тавротдаги бирон-бир қонунни бузишга ундайдиган фикрлаш тарзини қоралайди. Тавротда: «Қотиллик қилманг»,— деб ёзилганини айтгандан сўнг, Исо шундай дейди: «Мен эса сизларга шундай дейман: кимки биродарига ғазабланиб юрса, маҳкама олдида жавоб беради». (Матто 5:21, 22) Кимгадир нисбатан ғазабланиб юриш шунчалик хавфлики, оқибатда бу ҳатто қотилликка олиб келиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, Исо тинчликка эришиш учун қандай ҳаракатлар қилиш кераклиги борасида мисол келтиради: «Агар назрингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, назрингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, назрингизни бахшида этинг». (Матто 5:23, 24)
Тавротдаги бошқа бир амр зинога тегишли. Исо шундай давом этиб: «Сизлар: “Зино қилманг”,— дейилганини эшитгансизлар. Мен эса сизларга шуни айтаманки, аёл кишига эҳтирос билан қараган [қарашни давом эттирган] ҳар ким, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади»,— дейди. (Матто 5:27, 28, изоҳ) Исо бир лаҳзали ахлоқсиз фикр ҳақида эмас, балки «қарашни давом эттириш» дея вазиятнинг жиддийлигига урғу беряпти. Қарашни давом эттириш кўпинча эҳтиросни қўзғатади. Қулай вазият пайдо бўлиши билан зинога ҳам олиб келиши ҳеч гап эмас. Қандай қилиб бунинг олдини олиш мумкин? Бунинг учун қатъий чоралар кўришга тўғри келиши мумкин. Исо буни қуйидагича тушунтиради: «Агар ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни ўйиб ташланг. [...] Шунингдек, ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни чопиб ташланг». (Матто 5:29, 30)
Айрим одамлар ҳаётини сақлаш учун том маънода тананинг касал аъзосидан айрилишга тайёр бўлишади. Лекин Исонинг сўзларидан аён бўлганидек, киши ахлоқсиз фикрлардан ва ҳаракатлардан ўзини ҳимоялаши учун ҳар қандай нарсани, ҳатто азиз бўлиб кўринган кўзини «ўйиб ташлаши» ёки қўлини «чопиб ташлаши» муҳимроқ. Шунинг учун Исо: «Бутун танангиз жаҳаннамга ташланганидан кўра, аъзоларингизнинг биридан ажралганингиз яхшироқдир»,— деб айтади. «Жаҳаннам» (Қуддус деворларининг ташқарисидаги ёниб турган ахлатхона) абадий йўқ бўлишнинг рамзидир.
Шунингдек Исо, бизни ҳақоратлайдиган ёки хафа қиладиган инсонларга муносабатимиз қандай бўлиши кераклиги ҳақида айтади. «Ёмон одамга қаршилик кўрсатманг,— дея маслаҳат беради Исо.— Аксинча, ўнг ёноғингизга тарсаки туширган кишига, чап ёноғингизни ҳам ўгиринг». (Матто 5:39) Аммо бу сўзлар ҳужум пайтида ўзимизни ёки яқинларимизни ҳимоя қилмаслик кераклигини англатмайди. Тарсаки туширишдан мақсад, одамга шикаст етказиш ёки ўлдириш эмас, уни ҳақоратлашдир. Демак, Исонинг сўзларига кўра, агар бизга тарсаки тушириб ёки ҳақоратли сўзлар айтиб баҳслашиш ёки уришишга ундашса, худди шундай жавоб қайтариш нотўғри бўларди.
Яқинини севиш тўғрисидаги Аллоҳнинг қонунига эътибор қаратиб, Исо: «Душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар учун ибодат қилинглар»,— деб ундайди. Кейин эса муҳим сабаб келтиради: «Шунда осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади». (Матто 5:44, 45)
Ваъзининг бу қисмини Исо қуйидаги маслаҳат билан якунлайди: «Осмондаги Отангиз баркамол бўлганидай, сизлар ҳам баркамол бўлинглар». (Матто 5:48) Бу билан Исо инсонлар бутунлай мукаммал бўла олишади, демоқчи эмас. Лекин Тангрига тақлид қилиб, ҳатто душманларимизга ҳам севгимизни кўрсатишимиз мумкин. Исо яна шундай дейди: «Самовий Отангизга ўхшаб, сизлар ҳам доим раҳмдил бўлинглар». (Луқо 6:36)
ИБОДАТ ВА ХУДОГА ТАЯНИШ
Ваъзини давом этиб Исо тингловчиларига: «Одамларга кўриниш учун одиллигингизни кўз-кўз қилишдан эҳтиёт бўлинглар»,— деб айтади. У ёлғондакам художўйликни қоралайди. «Хайр-садақа бераётганингизда,— дейди Исо,— жар солманг. Иккиюзламачилар... бундай қилишади». (Матто 6:1, 2) Хайр-садақа бераётиб эътиборни ўзига жалб қилмаган яхшироқ.
Исо давом этиб: «Ибодат қилаётганингизда ҳам иккиюзламачилардек бўлманглар, чунки улар одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва катта кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўришади»,— дейди. У шундай насиҳат беради: «Сиз эса ибодат қилаётганингизда ўз хонангизга киринг ва эшикни ёпиб, яширин бўлган самовий Отангизга ибодат қилинг». (Матто 6:5, 6) Бу билан Исо омма олдида айтилган ибодатларни қораламайди, ахир ўзи ҳам бошқалар билан бир неча марта бундай ибодат қилган-ку. Лекин у ўзгаларда чуқур таассурот қолдириб, улардан мақтов олиш ниятида қилинган ибодатларни қоралайди, холос.
Кейин Исо халойиққа шундай маслаҳат беради: «Ибодат қилаётганингизда ўзга халқлар сингари ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг». (Матто 6:7) Исо бирор нарсани ибодатда қайта-қайта сўраш нотўғри, демоқчи эмас. Аксинча, ёдлаб олинган «ўша-ўша сўзларни» такрорлашни назарда тутади. Исо еттита тилакдан иборат бўлган намунали ибодатни айтади. Илк уч тилакда Худонинг ҳукмронлиги ва Унинг ниятлари тўғрисида гап кетади. Яъни Аллоҳнинг исми муқаддас бўлиши, Унинг Шоҳлиги келиши ва иродаси бажо бўлиши ҳақида. Ушбу нарсаларни сўрагандан кейингина шахсий тилакларимиз, яъни кундалик ризқимиз, гуноҳларнинг кечирилиши, васвасага берилмаслик ва Шайтондан халос этиши ҳақида сўраб ибодат қилсак яхши бўларди.
Бояги фикрга алоҳида урғу бериш учун Исо қуйидаги мисолни келтиради: «Кўз — тананинг чироғи. Агар кўзингиз фақат бир нарсага қаратилган бўлса, бутун танангиз ёруғ бўлади. Борди-ю, кўзингиз нарсаларга ҳасад билан қарайдиган бўлса, унда бутун танангиз зим-зиё бўлади». (Матто 6:22, 23) Соғлом кўз худди қоронғи жойни ёруғ қиладиган чироқ кабидир. Лекин кўз соғлом бўлиши учун у фақат бир нарсага қаратилган бўлиши керак. Акс ҳолда, кўраётган нарсаларга тўғри баҳо беришнинг иложи бўлмайди. Эътиборимиз Худога хизмат қилишнинг ўрнига моддий нарсаларга қаратилса «бутун тана» зим-зиё бўлади, яъни нотўғри ишларга қўл уришимиз мумкин.
Сўнг Исо ўйлашга ундайдиган ушбу мисолни келтиради: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди. У ё биридан нафратланиб, иккинчисини севади ёки бирига содиқ қолиб, иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар». (Матто 6:24)
Исони тинглаётган айрим кишиларни моддий эҳтиёжларини қондириш масаласи ташвишлантирган бўлиши мумкин. Агар тингловчилари Матто 6:26)
Худога хизмат қилишни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишса, моддий эҳтиёжлари ҳақида ташвишланмаслик кераклигига ишонтириб, Исо шундай дейди: «Қушларни диққат билан кузатинглар: улар на уруғ экади, на ҳосил ўради ва на омборга дон йиғади. Шундай бўлса-да, самовий Отангиз уларнинг ризқини беради». (Кейин Исо тоғ ёнбағридаги лолаларга ишора қилиб дейди: «Ҳатто шоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида уларнинг ҳеч биридай кийинмаган». Қизиқ, бу билан Исо нима демоқчи? «Агар Аллоҳ бугун бор бўлиб, эртага оловга ташланадиган дашт ўтини шундай кийинтириб қўйган бўлса, унда сизларни ҳам кийинтириб қўймасмикин?!» (Матто 6:29, 30) Исо уларга шундай доно маслаҳат беради: «“Нима еймиз, нима ичамиз ёки нима киямиз?” — деб асло ташвишланманглар. [...] Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку. Шундай экан, Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин, ўшандагина буларнинг бари сизларга қўшимча қилиб берилади». (Матто 6:31–33)
ҲАЁТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ
Ҳаворийлар ва бошқа самимий инсонлар Худога маъқул тарзда яшашни исташади, аммо уларнинг вазиятида бундай йўл тутиш осон эмас. Масалан, кўп фарзийлар одамларни танқид қилиб, уларни ҳукм этишади. Шу боис, Исо тингловчиларини огоҳлантиради: «Ҳеч кимни ҳукм қилманглар, шунда ҳукмга дучор бўлмайсизлар. Чунки сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади». (Матто 7:1, 2)
Ниҳоятда танқидчи фарзийларга эргашиш хавфли эканини Исо бир мисол билан кўрсатади: «Кўр кўрни етаклаб юра оладими? Ахир иккови ҳам чуқурга тушиб кетмайдими?» Хўш, бошқаларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак? Бошқаларни танқид қилмаслик керак, чунки бу гуноҳ ҳисобланади. Исо шундай дейди: «Ўз кўзингизда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингизга: “Келинг, кўзингиздаги чўпни чиқариб олай”,— дейсиз? Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингиздаги ходани чиқариб ташланг, ўшандагина биродарингизнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласиз». (Луқо 6:39–42)
Лекин бу, шогирдлар бошқалар ҳақида ҳеч қандай фикр билдириши мумкин эмаслигини англатмайди, чунки Исонинг ўзи шундай дейди: «Муқаддас нарсани итларга берманглар ва марваридларингизни чўчқалар олдига сочманглар». (Матто 7:6) Худонинг Каломидаги ҳақиқатларни марваридлар билан солиштирса бўлади. Борди-ю, кимдир бу ҳақиқатларнинг қадрига етмаса, унда шогирдлар бундай одамларни қолдириб, ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлганларни излашлари даркор.
Исо яна ибодат ҳақида айтиб, тиришқоқ бўлиш қанчалик муҳимлигини таъкидлайди. «Сўраб туринглар,— дейди Исо,— ва сизларга берилади». Аллоҳ ибодатга жавоб беришга тайёр эканини яққол кўрсатиш учун Исо шундай дейди: «Қай бирингиз болангиз нон сўраб келса, унга тош берасиз? [...] Агар сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадяларни бера билсангиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга яхши нарсаларни бериши муқаррар!» (Матто 7:7–11)
Исо, кейинчалик машҳур бўлиб кетадиган қоидани ўрнатади. «Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар Матто 7:12–14)
ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг». Бошқалар билан яхши муносабатларни ривожлантиришга ёрдам берадиган бу ажойиб қоидага амал қилсак яхши бўларди. Лекин бундай йўл тутиш осон эмаслигини Исонинг қуйидаги гапларидан кўрса бўлади: «Тор дарвозадан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл эса энлидир. Кўплар шу йўлдан юради. Ҳаётга олиб борадиган дарвоза эса танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз». (Шогирдларини ҳаёт йўлидан адаштиришга ҳаракат қиладиган инсонлар бор бўлгани учун, Исо шундай деб огоҳлантиради: «Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. Улар ёнингизга қўй қиёфасида келадилар, аслида эса улар ваҳший бўрилардир». (Матто 7:15) Дарахтнинг яхши ёки ёмонлиги меваларидан билинишини Исо таъкидлаб ўтади. Худди шундай, сохта пайғамбарларни ҳам хулқ-атворию таълимотларидан билиб олишимиз мумкин. Исонинг ўзи тушунтирганидек, инсоннинг сўзларигина эмас, балки ишлари ҳам Масиҳнинг шогирди эканидан далолат беради. Баъзилар Исони Ҳазратим деб аташади, аммо улар Худонинг иродасини бажаришмаса-чи? Унда Исо уларга: «Сизларни ҳеч ҳам танимайман! Кетинглар ёнимдан, эй қонунбузарлар!» — дейди. (Матто 7:23)
Исо ваъзига якун ясаб қуйидаги сўзларни айтади: «Сўзларимни тинглаб, уларга амал қилаётган ҳар ким, уйини қоятош устида қурган ақлли кишига ўхшайди. Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шиддатли шамоллар эсганда ҳам уй бузилмабди, чунки у қоятош устида қурилган эди». (Матто 7:24, 25) Нега уй бузилмабди? Чунки «бу киши уй қураётганида ерни чуқурроқ ковлаб, пойдеворини қоятош устига ўрнатган». (Луқо 6:48) Демак, Исонинг сўзларини тинглашнинг ўзи етарли эмас. Биз уларни бажаришга ҳаракат қилишимиз керак.
Исонинг сўзларини «эшитиб, амал қилмаган ҳар бир киши» ҳақида нима деса бўлади? Бу киши «уйини қум устида қурган ақлсиз одамга ўхшаб қолади». (Матто 7:26) Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсганда, унинг уйи бузилиб харобага айланади.
Халойиқ Исонинг таълим бериш усулига қойил қолади. Чунки у дин раҳбарлари каби эмас, балки ваколатга эга бўлган кишига ўхшаб гапиради. Эҳтимол Исони тинглаб ўтирганларнинг кўпчилиги кейинчалик унинг шогирди бўлгандир.