Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

65- БОБ

Исо Қуддусга кетаётганда таълим беради

Исо Қуддусга кетаётганда таълим беради

МАТТО 8:19–22 ЛУҚО 9:51–62 ЮҲАННО 7:2–10

  • ИСОНИНГ УКАЛАРИ УНГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА?

  • ХУДО ШОҲЛИГИНИНГ МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ ХИЗМАТ ҚИЛИШ

Мана бир неча вақт мобайнида Исо асосан Жалилада хизмат қиляпти. Яҳудиядан кўра бу ерда одамлар унинг хабарига қизиқиш кўрсатишяпти. Бундан ташқари, Исо Қуддусда бўлганида Шаббат куни бир кишини соғайтирган эди. Яҳудийлар эса «уни ўлдириш пайига тушишди». (Юҳанно 5:18; 7:1)

Ҳозир мил. 32 йилнинг куз фасли. Чайлалар байрами яқинлашиб қолди. Бу байрам етти кун давом этиб, саккизинчи куни эса тантанали маросим билан тугайди. Деҳқончилик мавсумининг тугаши шарафига уюштириладиган бу байрам катта қувонч ва Худога шукрона билдириш фурсатидир.

Исонинг укалари — Ёқуб, Симун, Юсуф ва Яҳудо унга: «Бу ерда ўтирмай, Яҳудияга боринг»,— деб айтишади. Қуддус бутун юртнинг диний маркази ҳисобланади ва бу ерга йилига уч марта кўплаб одамлар келишади. Исонинг укалари шундай ўйлашади: «Машҳур бўлишни истайдиган киши яширинча иш қилмайди-ку. Бундай ишларни қилаётган экансиз, ўзингизни дунёга танитинг». (Юҳанно 7:3, 4)

Аслини олганда, улар акаси Масиҳ эканига ишонишмайди. Лекин байрамга йиғилганлар унинг мўъжизаларини кўришини хоҳлашади. Исо бунинг хавфлилигини билиб уларга қуйидагича жавоб беради: «Дунё сизлардан нафратланишига ҳеч бир сабаб йўқ, мендан эса нафратланади, чунки мен унинг ишлари ёвуз экани ҳақида шаҳодат беряпман. Сизлар байрамга бора қолинглар, мен эса ҳозирча бу байрамга бормайман чунки менинг вақтим ҳали келмади». (Юҳанно 7:5–8)

Бир неча кундан сўнг Исо шогирдлари билан бирга ўзига эътибор жалб қилмаган ҳолда байрамга яширинча боради. Кўпчилик Қуддусга Иордан дарёси бўйлаб борса, Исо бошқа йўл билан, Самария орқали боради. Исо ҳамроҳлари билан самарияликларнинг қишлоғида тунаб қолмоқчи бўлади. Шу сабабли, зарур нарсаларни тайёрлаб туришлари учун у олдидан хабарчиларни юборади. Аммо самарияликлар Исонинг Қуддусга кетаётганини билгач, уни қабул қилишдан бош тортадилар. Ёқуб ва Юҳанно бундан ғазабланиб, Исога: «Ҳазрат, истайсизми, ҳозир осмондан олов тушиб, уларни гумдон қилсин деймиз?» — дейишади. (Луқо 9:54) Исо бўлса уларга танбеҳ беради ва улар бошқа қишлоққа кетишади.

Йўлда Исонинг олдига бир уламо келиб: «Устоз, сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман»,— деб айтади. «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор,— деб жавоб беради Исо,— Инсон Ўғлининг эса турар жойи ҳам йўқ». (Матто 8:19, 20) Исо бу сўзлар билан, уламо унинг издоши бўлса турли қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини тушунтиради. Ҳойнаҳой уламонинг ғурури бундай ҳаёт тарзини танлашга йўл қўймайди. Ҳар биримиз ўзимиздан: «Исонинг орқасидан эргашишга қанчалик тайёрман?» — деб сўрашимиз мумкин.

Сўнг Исо бошқа бир кишига: «Менинг издошим бўлинг»,— дейди. У эса: «Аввалига бориб отамни кўмиб келишимга ижозат беринг»,— деб жавоб қайтаради. Унинг вазиятини билиб, Исо: «Ўликлар ўз ўликларини кўмсин, сиз эса бориб, ҳамма ёқда Худонинг Шоҳлиги ҳақида эълон қилинг»,— дейди. (Луқо 9:59, 60) Аниқки, ўша кишининг отаси ҳали ўлмаган, акс ҳолда, у бу ерда Исони тинглаб ўтирмаган бўларди. Бу киши ҳаётида Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишга тайёр эмас.

Исо шогирдлари билан Қуддусга кетаётганида, унинг олдига яна бир киши келиб: «Ҳазрат, мен сизга эргашиб юраман, лекин рухсат беринг, аввал бориб уйимдагилар билан хайрлашиб келай»,— дейди. Исо унга шундай дейди: «Қўлини омочда тутиб, ортда қолган нарсаларга қарайдиган одам Худонинг Шоҳлигига киришга лойиқ эмас». (Луқо 9:61, 62)

Кимки Исонинг издоши бўлишни истаса, у бутун диққатини Худо Шоҳлигининг манфаатларини кўзлаб хизмат қилишга қаратиши керак. Агар ер ҳайдовчи олдинга қарамаса, унинг эгати қийшиқ чиқади. Борди-ю, қўлини омочда тутиб ортда қолган нарсаларга қараса, даладаги иш тўхтаб қолади. Шунга ўхшаб ким ортига, сўлиб бораётган ушбу дунёга ўгирилиб қараса, абадий ҳаётга элтувчи йўлдан оғиши ҳеч гап эмас.