Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

76- БОБ

Фарзийникида тушликда

Фарзийникида тушликда

ЛУҚО 11:37–54

  • ИСО ИККИЮЗЛАМАЧИ ФАРЗИЙЛАРГА ТАНБЕҲ БЕРАДИ

Исо Яҳудияда бўлганида, бир фарзий уни тушликка таклиф қилади ва у рози бўлади. (Луқо 11:37, 38) Овқат ейишдан олдин фарзийлар одат бўйича қўлларини тирсаккача ювишади. Лекин Исо бундай қилмайди. (Матто 15:1, 2) Гарчи қўлларни тирсаккача ювиш одати Тавротга зид бўлмаса-да, Худо буни талаб қилмаган.

Исо бу одатга риоя қилмаётганини кўриб фарзий ҳайрон қолади. Исо буни пайқаб қуйидагича дейди: «Сиз фарзийлар, пиёлаю товоқнинг сиртини тозалайсизлар, лекин ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла. Эй ақлсизлар! Ахир сиртни яратган, ични ҳам яратган эмасми?» (Луқо 11:39, 40)

Гап овқатланишдан олдин қўлни ювиш-ювмасликда эмас, балки иккиюзламачиликда. Фарзийлар ва бошқалар одат бўйича қўлларини ювишади-ю, лекин қалбларини ёвузликдан тозалашмайди. Шунинг учун Исо уларга: «Кўнглингиздан чиқариб хайр-садақа беринглар. Ўшанда бутунлай тоза бўласизлар»,— дея маслаҳат беради. (Луқо 11:41) Ростдан ҳам, хайр-садақа қилишга одиллигини кўрсатиш истаги эмас, балки меҳр-муҳаббатга тўлиб-тошган юрак ундаши лозим.

Бу одамлар хайр-эҳсон қилмасди, деб бўлмайди. Исо шундай деб таъкидлайди: «Сизлар ялпиз, рута ва ҳар хил кўкатлардан ушр берасиз-у, адолат ҳамда Аллоҳни севиш амрига аҳамият бермай қўйгансиз. Уларни бажариш керак бўлганидай, бошқаларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим». (Луқо 11:42) Тавротга биноан даладан йиғиб олинган ҳосилдан ушр, яъни ўндан бир қисмини бериш талаб қилинарди. (Қонунлар 14:22) Бунга шунингдек зиравор сифатида ишлатилган ўсимликлар, яъни ялпиз ҳамда рута кирарди. Фарзийлар шунга ўхшаш ошкўклардан ҳам ўта синчковлик билан ушр тўлашади. Бироқ адолат ила иш тутиш ва камтар бўлиш каби Тавротдаги муҳимроқ талабларга риоя қилишадими? (Михо 6:8)

Исо уларга яна шундай дейди: «Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Чунки сизлар ибодатхоналарда тўрда ўтиришни ва бозор майдонларида алик олишни яхши кўрасиз. Ҳолингизга вой! Негаки сизлар одамлар билмай босиб ўтиб кетадиган қабрларга ўхшайсиз». (Луқо 11:43, 44) Агар одамлар бундай қабрга қоқилиб кетса, одатга кўра у нопок ҳисобланарди. Бу мисол ёрдамида Исо фарзийларнинг нопоклиги бир қарашда кўринмаслигига ишора қилади. (Матто 23:27)

Тавротни яхши биладиган бир киши буни эшитиб: «Устоз, бу сўзларингиз билан бизни хафа қиляпсиз-ку»,— дея арз қилади. Бироқ бу одамлар халққа ёрдам беришмаётганини тушунишмаяпти. Исо шундай дейди: «Эй Таврот тафсирчилари, ҳолингизга вой! Чунки сизлар кўтариб бўлмайдиган юкларни одамларга ташлаб қўясиз-у, ўзларингиз эса бу юкларга ҳатто бармоғингизни ҳам теккизмайсиз. Ҳолингизга вой! Зеро сизлар ота-боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қурасиз». (Луқо 11:45–47)

Исо айтиб ўтган юклар — бу оғзаки урф-одатлар ҳамда фарзийлар Тавротни қандай талқин қилаётганидир. Бу кишилар халқнинг юкини енгил қилмай, аксинча, оғир юкка айланган талабларни бажаришга мажбурлашяпти. Уларнинг ота-боболари Ҳобилдан бошлаб Худонинг пайғамбарларини ўлдиришган. Пайғамбарларга мақбаралар қуриш орқали уларни ҳурмат қилаётганини кўрсатаётган инсонларнинг нуқтаи назари ва ишлари аслида ота-боболариникидан фарқ қилмайди. Улар ҳатто Аллоҳнинг улуғ Пайғамбарини ўлдириш ниятида юришибди. Исонинг айтишича Аллоҳ бу авлодни жавобгарликка тортади. Бу, тахминан 38 йилдан кейин, яъни мил. 70 йилда содир бўлади.

Исо давом этиб шундай дейди: «Эй Таврот тафсирчилари, ҳолингизга вой! Зеро сизлар билимнинг калитини олиб, ўзларингиз ҳам кирмадингиз, кирмоқчи бўлганларга ҳам тўсқинлик қилдингиз». (Луқо 11:52) Таврот тафсирчилари халққа Худонинг Каломини тушунтиришлари шарт эди. Бироқ улар одамларни Худо Каломидан билим олиб, уни тушуниш имконидан маҳрум этишарди.

Исонинг сўзларига фарзийлару уламолар қандай муносабат билдиришади? Уларнинг жаҳли чиқади ва Исо кетмоқчи бўлганида, уни саволларга кўмиб ташлашади. Улар ўрганиш мақсадида эмас, балки Исони сўзидан тузоққа илинтириб, уни ҳибсга олиш ниятида саволлар беришади.