Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ИЛОВА

Нега Исонинг чинакам издошлари хочга сиғинмайди

Нега Исонинг чинакам издошлари хочга сиғинмайди

МИЛЛИОНЛАБ инсонлар хочни эъзозлайди. Ўзбекистон миллий энциклопедияда айтилишича, хоч «христианликнинг асосий тимсолларидан биридир». Бироқ чинакам масиҳийлар хочга сиғинмайди. Сабаби нимада?

Энг муҳим сабаби Исо Масиҳ хочда ўлмаган. Одатда «хоч» деб таржима қилинган юнонча стаурос сўзи остида тик қозиқ ёки устун назарда тутилади. Бир асарда қуйидагича ёзилган: «[Стаурос] ҳеч қачон бир-бирига қадалган икки ходани англатмайди... [Янги аҳд] ёзилган юнон тилида бу иккита хода бўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган». («The Companion Bible»)

Муқаддас Китоб ёзувчилари бошқа бир нечта оятда Исони ўлдиришда ишлатилган воситага нисбатан бошқа сўзни қўллашган. Бу юнонча ксилон сўзи. (Ҳаворийлар 5:30; 10:39; 13:29; Галатияликларга 3:13; 1 Бутрус 2:24) Бу сўз «ёғоч, таёқ ёки дарахт» маъносига эга.

Херман Фульданинг бир асарида нега қатл қилишда оддий устун қўлланилгани тушунтирилган: «Омма олдида қатл қилиш учун ҳамма жойда ҳам дарахт бўлмаган. Шу сабабли ерга оддий ходани ўрнатишган. Жиноятчининг қўлларини тепага кўтарилган ҳолда ходага боғлашган ёки михлашган, шунингдек, одатда оёқларини ҳам ходага боғлашган ёки михлашган». («Das Kreuz und die Kreuzigung»)

Энг ишончли далилни эса Худонинг Каломидан топиш мумкин. Ҳаворий Павлус шундай деган эди: «Масиҳ тўлов бериб Тавротнинг лаънатидан бизни озод қилди ва ўзи бизнинг ўрнимизга лаънати бўлди. Чунки Муқаддас Ёзувларга кўра: “Устунга осилган ҳар қандай киши лаънатидир”». (Галатияликларга 3:13) Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти таржимасида «устун» ўрнига «ёғоч» сўзи қўлланилган. Бу оятда Павлус Қонунлар 21:22, 23 даги сўзларни келтирган. Мазкур оятларда «хоч» эмас, балки айнан «устун» сўзи қўлланилган. Бундай қатл қилинган киши «лаънати» деб ҳисобланган. Шундай экан, масиҳийлар хочга михланган Исо Масиҳнинг тасвирлари ёки ҳайкаллари билан ўз уйларини безамайди.

Масиҳнинг ўлимидан кейинги илк 300 йил давомида ўзини масиҳий деб атаганлар хочга сиғингани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Бироқ тўртинчи асрда бутпараст император Константин муртад бўлиб кетган христианлар динини қабул қилиб, хочни унинг рамзига айлантирган. Константиннинг нияти қандай бўлганидан қатъи назар, хочнинг Исо Масиҳга ҳеч қандай дахли йўқ. Аслини олганда хоч бутпарастликдан келиб чиққан. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Хоч христианликдан аввал мавжуд бўлган ва христиан бўлмаган маданиятларга хос эди». («New Catholic Encyclopedia») Бошқа ишончли манбаларга кўра хоч табиатга сиғиниш ва бутпарастларнинг ахлоқсиз удумлари билан боғлиқ.

Унда нега христианлар бутпарастларнинг бу рамзини қўллай бошлашди? Эҳтимол, улар буни бутпарастларни ўз динига оғдириш ниятида қилгандир. Қандай бўлмасин, Муқаддас Китобда бутпарастларнинг ҳар қандай рамзларини эъзозлаш қораланади. (2 Коринфликларга 6:14–18) Шунингдек, Муқаддас Ёзувларда бутпарастликнинг барча турлари тақиқланади. (Чиқиш 20:4, 5; 1 Коринфликларга 10:14) Айнан шу сабаб чинакам масиҳийлар хочга сиғинмайди *.

^ абз. 4 Бу ҳақда Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китоб асосида музокара» номли китобдаги «Хоч» мавзусида батафсил муҳокама қилинади.