Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

77- ДАРС

Қудуқ ёнидаги аёл

Қудуқ ёнидаги аёл

Фисиҳ байрамидан кейин Исо ва шогирдлари Самариядан ўтиб Жалилага қайтишаётган эди. Исо Сиҳар шаҳри яқинидаги Ёқубнинг қудуғи ёнига келиб тўхтади. У дам олиб ўтирганида, шогирдлари овқат олиб келиш учун шаҳарга кетишди.

Шу пайт бир аёл сув олиш учун қудуқ ёнига келди. Исо унга: «Менга ичгани сув беринг»,— деди. Аёл унга шундай деди: «Нега мен билан гаплашяпсиз? Мен самариялик бўлсам. Яҳудийлар эса самарияликлар билан гаплашмайди-ку!» Исо унга жавобан: «Агар кимлигимни билганингизда, ўзингиз мендан сув сўрар эдингиз ва мен сизга ҳаётбахш сув берардим»,— деди. Аёл эса: «Гапингизни тушунмадим, ахир сизда сув олиш учун идиш ҳам йўқ-ку!» — деб айтди. Исо унга: «Мен берадиган сувдан ичган инсон ҳеч қачон чанқамайди»,— деди. Аёл: «Тақсир, менга шу сувингиздан беринг»,— деди.

Исо аёлга: «Бориб эрингизни бу ерга чақириб келинг»,— деди. Аёл: «Менинг эрим йўқ»,— деб жавоб қайтарди. Исо унга қуйидагиларни айтди: «Тўғрисини айтдингиз. Сиз беш марта турмушга чиққансиз, ҳозир сиз бирга яшаётган киши ҳам эрингиз эмас». Аёл шундай деди: «Тушунишимча, сиз пайғамбарсиз. Менинг халқим Худога мана шу тоғда топиниш кераклигига ишонади, яҳудийлар бўлса, фақат Қуддусда топиниш керак деб айтади. Мен ишонаманки, Масиҳ келганида қандай топиниш кераклигини бизга ўргатади». Шунда Исо: «Масиҳ менман»,— деди. Бу гапни у ҳали ҳеч кимга айтмаган эди.

Аёл шошилганча шаҳарга югуриб кетди ва самарияликларга: «Менимча, Масиҳни топдим. У мен ҳақда ҳамма нарсани биларкан. Юринглар, ўзингиз кўринглар!» — деб айтди. Улар аёлга эргашиб, қудуқ ёнига келишди ва Исо ўргатган нарсаларга қулоқ солишди.

Самарияликлар Исодан уларнинг шаҳрида қолишни сўрашди. Исо у ерда икки кун қолиб, одамларга таълим берди ва кўплар унга ишонди. Одамлар самариялик аёлга: «Бу кишининг гапларини эшитганимиздан кейин, у ҳақиқатан ҳам дунёнинг қутқарувчиси эканини билиб олдик»,— дейишди.

«“Кел!”... Ҳар бир чанқаган келсин ва ҳар бир истаган ҳаёт сувини текинга олсин» (Ваҳий 22:17)