96- ДАРС
Исо Шоулни танлайди
Шоул Рим фуқароси бўлиб, Тарс шаҳрида туғилган эди. У яҳудийларнинг қонунини яхши биладиган фарзий эди ва масиҳийларни ёмон кўрарди. Шоул масиҳий эркагу аёлларни уйларидан судраб чиқиб, қамоққа ташларди. У ҳатто ғазабга минган одамлар Стефан исмли шогирдни тошбўрон қилиб ўлдирганини бир четда туриб томоша қилганди.
Шоул Қуддусдаги масиҳийларни ҳибсга олиш билан кифояланмади. У олий руҳонийдан уни Дамашқ шаҳрига юборишни сўради. Чунки ўша ердаги масиҳийларни ҳам тутмоқчи эди. У шаҳарга яқинлашганида, тўсатдан атрофини нур ярқиратиб юборди ва у ерга йиқилди. Бир овоз унга: «Шоул, нимага мени таъқиб қиляпсан?» — деди. Шоул эса: «Сиз кимсиз?» — деб сўради. Ўша овоз жавобан: «Мен Исоман. Дамашққа бор, ўша ерда нима қилишинг кераклигини билиб оласан»,— деди. Шу пайт Шоулнинг кўзлари кўрмай қолди ва уни етаклаб Дамашққа олиб боришди.
Дамашқда Ҳанания исмли садоқатли масиҳий яшарди. Исо унга ваҳийда кўриниб: «Тўғри деб номланган кўчадаги Яҳудонинг уйига бориб, Шоул исмли кишини сўра»,— деди. Ҳанания эса: «Ҳазрат, мен бу одам ҳақида кўп эшитганман. У шогирдларингизни қамоққа ташлаяпти!» — деб жавоб берди. Бироқ Исо: «Унинг олдига бор. Мен Шоулни кўп халқларга хушхабарни ваъз қилиш учун танладим»,— деб айтди.
Хуллас, Ҳанания бориб Шоулни топди-да, унга: «Биродарим Шоул, Исо мени кўзларингизни очиш учун юборди»,— деди. Шу заҳотиёқ Шоулнинг кўзлари кўра бошлади. У Исо ҳақида билим олиб, унинг издоши бўлди. Масиҳий сифатида сувга чўмгач, Шоул бошқа имондошлари билан ибодатхоналарда ваъз қила бошлади. Шоул одамларга Исо ҳақида
ўргатаётганини кўриб, яҳудийлар қанчалик ҳайрон қолганини бир тасаввур қилинг! Улар: «Бу Исонинг шогирдларини таъқиб қилиб юрган ўша одам эмасми?» — дейишарди.Шоул Дамашқда яшовчи одамларга уч йил ваъз қилиб юрди. Яҳудийлар Шоулдан нафратланишарди, шу боис уни ўлдирмоқчи бўлишди. Лекин биродарлар бундан хабар топиб, Шоулнинг қочиб кетишига ёрдам беришди. Улар Шоулни саватга ўтқизиб, шаҳар деворидаги тешикдан пастга туширишди.
Қуддусга келиб Шоул биродарларга қўшилмоқчи бўлди, лекин ҳамма ундан қўрқди. Шунда Барнабо исмли меҳрибон масиҳий Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб борди ва у чиндан ҳам ўзгарганига уларни ишонтирди. Шоул Қуддусдаги жамоат билан хушхабарни ғайрат ила ваъз қила бошлади. Кейинчалик у Павлус деб танилди.
«Исо Масиҳ гуноҳкорларни қутқариш учун дунёга келди... Ўша гуноҳкорларнинг биринчиси менман». (1 Тимўтийга 1:15)