18- БОБ
Раҳмат дейишни унутмаяпсизми?
СИЗ бугун тушлик қилдингизми? ~ Уни ким тайёрлади? ~ Эҳтимол, уни ойингиз ёки бошқаси тайёрлагандир. Лекин нега биз егулик учун Худога раҳмат айтишимиз керак? ~ Сабаби, бизга егулик берадиган ўсимликларни айнан Худо ўстирган. Бундан ташқари, егуликни биз учун тайёрлаган ва дастурхон ёзган кишига ҳам раҳмат дейишимиз лозим.
Баъзида бизга яхшилик қилган кишиларга раҳмат айтиш эсимиздан чиқиб қолади, шундай эмасми? Улуғ Устозимиз ер юзида бўлганида, айрим моховлар унга раҳмат дейишни унутиб юборишган.
Мохов ўзи ким эканини биласизми? ~ Мохов — бу шундай касалликка йўлиққан киши. Бу касаллик дастидан баъзида одам терисининг бир қисми ириб тушади. Исо ер юзида бўлган вақтда, моховлар бошқа инсонлардан алоҳида яшашарди. Мохов бошқа кишининг яқинлашиб келаётганини кўриб қолса, ундан узоқроқ юрсин, дея бақириб огоҳлантирарди. Биров моховга жуда яқин келиб, ундан касалликни юқтирмаслиги учун у шундай қилиши керак эди.
Исо моховларга жудаям меҳрибон эди. Бир куни Исо Қуддусга кетаётиб, кичик бир қишлоққа кирди. У ерда ўнта моховни учратди. Ўша моховлар, Исо Худонинг қудрати билан турли касалликларни даволай олишини эшитишган эди. Шунинг учун улар Исони кўришга чиқишди.
Моховлар Исонинг ёнига яқинлашмай, бир четда тўхтаб туришди. Улар Исонинг шифо беришига ишонишарди. Улуғ
Устозни кўргач, улар: «Эй Устозимиз Исо, бизга ёрдам беринг!» — дейишди.Касал одамларга раҳмингиз келадими? ~ Исонинг ҳам раҳми келган. У моховларга қанчалик қийин бўлганини билган. Шу сабабли, Исо уларга шундай деди: «Бориб, ўзингизни руҳонийларга кўрсатинглар» (Луқо 17:11–14).
Нима учун Исо уларга шундай деди? Қадимда Яҳова Ўз халқига моховларга тегишли бўлган қонунни берган. Руҳоний вақти-вақти билан моховнинг танасини кўриб қўйиши керак эди. Моховнинг касалликдан фориғ бўлганини фақат руҳоний аниқлай оларди. Агар у тузалган бўлса, яна соғлом одамлар ичида яшаши мумкин эди (Левилар 13:16, 17).
Лекин бу моховлар ҳали ҳам касал эдилар. Исо айтганидек, улар руҳонийга боришдими? ~ Ҳа, улар дарҳол руҳонийнинг олдига боришди. Ўша кишилар, Исо уларни соғайтира олишига жудаям қаттиқ ишонишган бўлса керак. Хўш, нима юз берди?
Улар руҳонийнинг олдига кетишаётган пайтда касалликдан қутулишди. Таналари соппа-соғ бўлди. Во ажабо, улар соғайишди! Уларнинг Исога бўлган ишончи тақдирланди. Улар қанчалик хурсанд бўлишганини бир тасаввур қилинг-а! Аммо улар миннатдорлигини қандай изҳор этишлари мумкин эди? Сиз нима қилган бўлардингиз? ~
Моховлардан бири Исонинг олдига қайтди. У Яҳовани мақтаб, Унга шон-шарафлар келтира бошлади. Унинг бундай йўл тутиши тўғри эди, чунки унга шифо берган қудрат Худодан келиб чиққанди. Шунингдек, ўша киши Улуғ Устозимизнинг олдида тиз чўкиб, унга ҳам раҳмат айтди. Исонинг қилган иши учун у жудаям миннатдор эди.
Бироқ қолган тўққизтаси қаерда эди? Исо шундай сўради: «Покланганлар ўн киши эмасмиди? Қолган тўққизтаси қани? Наҳотки Аллоҳни шарафлаш учун битта киши қайтган бўлса?»
Ҳа, айнан шундай бўлди. Ўнтасидан фақат битта киши Исога раҳмат деб, Худога шарафлар ёки мақтовлар айтди. Бу киши ўзи самариялик, яъни бошқа давлатнинг фуқароси эди. Қолган тўққиз киши эса Худога ва Исога раҳмат дейишни ҳаёлига ҳам келтиришмади (Сиз бу кишилардан қайсинисига ўхшамоқчисиз? Ҳаммамиз ўша самариялик кишига ўхшашни истаймиз, тўғрими? ~ Хўш, бирон-бир кимса бизга яхшилик қилса, нима қилишни унутмаслигимиз керак? ~ Тўппа-тўғри, раҳмат айтишни эсдан чиқармайлик. Одатда одамлар раҳмат дейишни унутишади. Аммо раҳмат дейиш яхши. Бундай йўл тутиб, биз Тангри Яҳова ҳамда Унинг Ўғли Исони хурсанд қиламиз.
Агар бу ҳақда ўйласангиз, сиз учун бошқалар қанча яхши ишлар қилишганини унутмайсиз. Қани эсланг-чи, сиз қачон касал бўлгансиз? ~ Тўғри, сиз ҳеч қачон ўша ўнта мохов каби касал бўлмагансиз. Балки қаттиқ шамоллагандирсиз ёки қорнингиз ёмон оғригандир? Ўшанда сизни кимдир даволаганми? ~ Эҳтимол, сизга дори бериб ёки қандайдир бошқа усуллар билан ғамхўрлик қилишган. Соғайиб кетганингиз учун роса хурсанд бўлганмисиз? ~
Самариялик киши шифо топгани учун Исога миннатдорчилик билдирган ва бу Исога жудаям ёққан. Нима деб ўйлайсиз, ота-онангиз сиз учун бирон нарса қилишса ва сиз бу учун уларга раҳмат айтсангиз, улар хурсанд бўлишадими? ~ Албатта!
Шундай одамлар борки, улар сиз учун ҳар куни ёки ҳар ҳафта бирон яхшилик қилишади. Эҳтимол, бу уларнинг ишидир. Бу иш уларга ёқаётгандир. Аммо баъзида сиз раҳмат дейишни унутаётгандирсиз. Бир ўйлаб кўринг, ўқитувчингиз сизга кўп нарсани ўргатиш учун қанча куч сарфлайди. Тўғри, бу унинг иши. Аммо сиз унинг ёрдами учун раҳмат айтсангиз у роса суюнади.
Гоҳида одамлар биз учун арзимаган нарсалар қилишади. Масалан, киришингиз учун кимдир сизга эшик очиб турганми? Ёки тушлик пайтида нон узатиб берганми? Бу арзимаган ишлар учун ҳам раҳмат айтиш яхши одат.
Агар биз одамларга раҳмат дейишни унутмаётган бўлсак, унда самовий Отамизга ҳам раҳмат айтишни эсдан чиқармаслигимиз керак. Ахир Парвардигоримиз Яҳова қанчадан-қанча нарсаларни бизга совға қилган-ку! У бизга ҳаёт ҳамда уни мароқли қиладиган нарсаларни берган. Шундай экан келинг, ҳар куни Худога шарафлар келтириб, У ҳақда яхши нарсаларни гапирайлик.
Раҳмат айтиш кераклиги ҳақида қуйидаги оятлардан ўқисангиз бўлади: Забур 91:2; Эфесликларга 5:20; Колосаликларга 3:17 ва 1 Салоникаликларга 5:18.