2- БОБ
Меҳрибон Худодан келган хат
СИЗ қайси китобни кўпроқ яхши кўрасиз? ~ Баъзи болалар ҳайвонлар тўғрисидаги китобларни ёқтиришади. Бошқалари эса расмли китобларни танлашади. Бунақа китобларни ўқиш жуда қизиқарли.
Аммо дунёдаги энг яхши китоблар — Худо тўғрисида ҳақиқатни очиб берадиган китоблардир. Булардан бири энг қимматбаҳо китоб ҳисобланади. Бу қайси китоб эканлигини биласизми? ~ Бу, Муқаддас Китобдир.
Нима учун Муқаддас Китоб шунчалик муҳим экан? ~ Чунки уни бизга Худо берган. Бу китобда Худо ва Унинг биз учун қиладиган яхшиликлари тўғрисида ёзилган. Яна, унда Худони хурсанд қилиш учун ўзимизни қандай тутишимиз кераклиги айтилган. Муқаддас Китобни Худодан келган хат деса бўлади.
Худо хоҳлаганда, Муқаддас Китобни осмонда ёзиб, кейин одамларга юбориши мумкин эди. Лекин У бундай қилмади. Худо Муқаддас Китобни ер юзидаги хизматчиларига ёздирган ва унда нима ёзилишини Ўзи ҳал қилган.
Қизиқ, Худо буни қандай қилган экан? ~ Келинг, бир ўйлаб кўрайлик. Биз радио тинглаганимизда, жуда узоқда бўлган одамларнинг овозларини эшита оламиз. Телевизор томоша қилганимизда эса, ҳатто бошқа ерларда яшовчи одамларни кўриб, уларнинг гапларини ҳам эшитишимиз мумкин.
Одамлар ракетада ойга учиб, осмондан ер юзига хабар юбора олишади. Сиз шуни билармидингиз? ~ Агар буни одамлар эплай олишса, Худо ҳам осмондан хабар юбора олмайдими? ~ Албатта юбора олади! Аслида Худо, одамлар радио ва телевизорни ўйлаб чиқаришларидан анча олдин шундай қилиб бўлган.
Мусо Муқаддас Китобнинг Таврот номли қисмини ёзган. Аммо Муқаддас Китобни ёзишда бошқалар ҳам қатнашган. Худо Муқаддас Китобнинг турли қисмларини 40 тача одамга ёздирган.
Бу одамлар қадим-қадим замонларда яшашган ва Муқаддас Китобнинг ёзилиши тугагунча кўп йиллар ўтган. Ҳа, бунга тахминан 1 600 йил сарфланган. Уни ёзган кишилардан баъзилари бир-бирини ҳеч қачон кўришмаган. Шунга қарамай, уларнинг ёзганлари бир-бирига тўғри келиши бизни қойил қолдиради.Худо Муқаддас Китобни ёздирган кишилардан айримлари жуда таниқли бўлишган. Гарчи Мусо бир вақтлар қўй боқиб юрган бўлса-да, кейинчалик у Исроил халқини бошқарган. Сулаймон шоҳ эди ва у ер юзида ҳаммадан донороқ, бойроқ киши бўлган. Бошқа ёзувчилар эса унчалик таниқли бўлишмаган. Масалан, Амос анжир дарахтларини ўстирарди.
Муқаддас Китобни ёзган кишилардан бири дўхтир эди. Унинг исмини биласизми? ~ Бу Луқо эди. Бошқа ёзувчи солиқ йиғиб юрадиган, яъни одамлардан пул олиб, давлатга топширадиган киши бўлган. Унинг исми Матто эди. Яна бир ёзувчи, Яҳудий динининг қонунларини зўр биладиган ҳуқуқшунос эди. У Муқаддас Китоб ёзилишида ҳаммадан кўпроқ қатнашган. Унинг исмини-чи, биласизми? ~ У Павлус эди. Бундан ташқари, Муқаддас Китоб ёзилишида Бутрус ва Юҳанно исмли Исонинг шогирдлари ҳам қатнашган. Бу иккови балиқчи бўлишган.
Ўша ёзувчилардан кўпчилиги, Худо келажакда нима қилиши тўғрисида ёзишган. Улар бу нарсаларни олдиндан қандай била олишган экан? ~ Буни уларга Худонинг Ўзи билдирган. Ҳа, Худо уларга келажакда юз берадиган воқеаларни айтиб берган.
Улуғ Устоз бўлган Исо ер юзига келгунча, Муқаддас Китобнинг катта қисми ёзилиб бўлган эди. Унутманг, Улуғ Устоз олдин осмонда бўлган. Худо нима қилганини у билар эди. Муқаддас Китоб Худодан эканлигига у ишонганми? ~ Ҳа, ишонган.
Исо одамларга Худо ҳақида гапирганда, Муқаддас Китобдан ўқир эди. Баъзан у оятларни ёддан айтарди. Исо бизга Худодан яна бошқа билимларни ҳам келтирган. Унинг ўзи: «Мен дунёга фақат Ундан эшитганларимни гапиряпман холос»,— деган (Юҳанно 8:26). Исо Худо билан бирга яшагани учун, У ҳақда кўп нарсани айтиб бериши мумкин эди. Қани айтингчи, Исонинг сўзларини қаердан ўқисак бўлади? ~ Балли, Муқаддас Китобдан. Ундаги ҳамма нарса, биз ўқишимиз учун ёзилган.
Худо Муқаддас Китобни ёзиш учун танлаган инсонлар ўз она тилларида ёзишган. Шунинг учун, Муқаддас Китобнинг катта қисми ибронийча, озгинаси оромийча, қолгани эса юнонча ёзилган. Ҳозирги одамларнинг кўпи бу тилларни билмагани учун, Муқаддас Китоб бошқа тилларга таржима қилинган. Бугунги кунда Муқаддас Китобнинг айрим қисмларини 2 260 дан зиёд тилларда ўқиш мумкин. Шунча кўп тилга таржима қилинганини бир тасаввур қилинг-а! Ҳа, Муқаддас Китоб Худонинг ҳамма одамларга юборган хатидир. Лекин қанча тилларга таржима қилинган бўлса ҳам, у Худонинг Каломи бўлиб қолаверади.
Муқаддас Китобда ёзилган барча нарса биз учун
муҳимдир. Қадимда ёзилганига қарамай, бу китобда бугунги воқеалар ҳақида айтилган. Шунингдек унда, Худо яқинда нима қилмоқчи эканлиги тўғрисида ҳам ёзилган. Уни ўқиганда этимиз жимирлаб кетади! Бу китоб бизга ажойиб бир умид бахш этади.Муқаддас Китобда, Худо қандай ҳаёт кечиришимизни хоҳлаётгани айтилган. Яна унда нима тўғри, нима нотўғри эканлиги кўрсатилган. Буни сиз ҳам, мен ҳам билишим керак. Шунингдек, бу китобда ёмонлик қилган одамлар ва уларга нима бўлганлиги ҳақида ёзилган. Бу, уларнинг хатоларини такрорламаслигимиз учун бизга огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади. Ҳа, буларнинг бариси бизнинг фойдамиз учун ёзилган.
Аммо Муқаддас Китоб бизга фойда келтиришини хоҳласак, аввал мана шу саволга жавоб топишимиз керак: Муқаддас Китобни бизга ким берган? Сиз қандай жавоб берган бўлардингиз? ~ Тўппа-тўғри, уни бизга Худо берган. Ундай бўлса, чиндан ҳам доно эканимизни қандай кўрсата оламиз? ~ Худони тинглаб, Унинг айтганларини қилиш орқали.
Хуллас, Муқаддас Китобни биргаликда ўқиш учун вақт ажратишимиз зарур. Биз яхши кўрган одамдан хат олсак, уни қайта-қайта ўқиймиз. Чунки у биз учун жуда азиздир. Муқаддас Китоб эса бизни ҳаммадан кўра кўпроқ севадиган Зотдан келган. У меҳрибон Худойимизнинг хатидир.
Муқаддас Китоб чиндан ҳам бизнинг фойдамизга ёзилганини ва у Худонинг Каломи эканини кўришни истайсизми? У ҳолда мана бу оятларни ўқиб чиқиш учун яна бир неча дақиқа вақт ажратинг: Римликларга 15:4; 2 Тимўтийга 3:16, 17; 2 Бутрус 1:20, 21.