15- БОБ
Яхшилик қилиш ҳақида сабоқ
ТАНИМАГАН киши тўғрисида ёмон ўйлаш яхшими? ~ Йўқ. Бу билан, одамни шунчаки биздан фарқ қилаётгани ёки бошқа тилда гапираётгани учун ёқтирмаслигимизни кўрсатган бўламиз. Шундай экан, инсон билан танишмасдан туриб, у ҳақда ёмон ўйлаш яхши одат эмас.
Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай? ~ Ҳа, бундай ўйлаш нотўғри. Одамни, биздан фарқ қилгани учунгина ёқтирмасак, яхши иш қилмаган бўламиз.
Тана ранги ёки гапириши билан сиздан фарқ қиладиган бирон-бир инсонни танийсизми? ~ Эҳтимол, ногирон ёки касал бўлгани учун сиздан фарқ қилаётган одамни танирсиз. Сиз бундай кишиларга нисбатан меҳрибон бўлиб, уларга яхшилик қиласизми? ~
Агар биз Улуғ Устозимиз бўлмиш Исо Масиҳга қулоқ солсак, ҳаммага яхшилик қиламиз. Инсонни, чет элдан келганлиги ёки тана ранги бошқача бўлганлиги учун ажратмаслигимиз лозим. Биз унга яхши муомалада бўлишимиз керак. Ҳамма ҳам бундай қилавермайди, аммо Исо айнан шундай йўл тутишимиз кераклигини айтган.
Бир куни, бошқалар ҳақида ёмон ўйлайдиган яҳудий киши, Исонинг олдига келиб: «Абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» — деб сўради. Бу киши ўйлаганки, Исо унга: «Фақат ўз ирқимиздан ёки миллатимиздан бўлганларга яхшилик қилишимиз керак»,— деб жавоб беради. Аммо Исо унга жавобан: «Худонинг қонунига кўра, нима қилишимиз керак?» — деб савол берди.
Ўша киши: «Тангринг Яҳовани бутун қалбинг билан сев ва яқинингни ўзингни севгандай сев»,— деб жавоб берди. Шунда Исо унга: «Тўғри жавоб бердинг. Шундай йўл тутсанг, абадий ҳаётга эга бўласан»,— деб айтди.
Лекин бу одам ўзидан фарқ қиладиган инсонларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни хоҳламасди. Шунинг учун, у ўзини оқлаш ниятида Исодан: «Хўп, менинг яқиним ким?» — дея сўради. У ўйлардики, ҳозир Исо унга: «Сизнинг яқинларингиз, дўстларингиздир» ёки «Бу, сизга ўхшаган инсонлардир»,— деб жавоб беради. Аммо Исо унинг саволига яраша бир ҳикоя сўзлаб берди. Бу ҳикоя, бир яҳудий билан самариялик киши ҳақидадир. Энди диққат билан тингланг.
Битта яҳудий киши Қуддусдан Ерихога кетаётган экан. Йўлда уни қароқчилар ушлаб олишибди. Улар бу кишини йиқитиб, пулини ва кийимини олиб қўйишибди. Қароқчилар уни уриб, чала ўлик ҳолда йўл ёқасида ташлаб кетишибди.
Бир оздан кейин, ўша йўлдан руҳоний ўтиб кетаётган экан. У яраланган кишини кўриб қолибди. Унинг ўрнида сиз нима қилган бўлардингиз? ~ Руоҳний эса шунчаки йўлнинг нариги
томонига ўтиб, кетаверибди. У ҳатто тўхтамабди ҳам. У ўша яраланган кишига ҳеч қандай ёрдам бермабди.Кейин бу йўлдан бошқа бир диндор ўтиб кетаётган экан. У Қуддусдаги маъбадда хизмат қиладиган леви эди. Қизиқ, у тўхтаб, ёрдам берармикан? ~ Йўқ. У ҳам руҳоний каби парво қилмай кетибди.
Охири, ўша йўлдан бир самариялик ўтиб кетаётган экан. Унинг бурилишдан чиқиб келаётганини расмда кўряпсизми? ~ У яҳудий кишининг ёмон аҳволда ётганини кўриб қолибди. Аслида самарияликлар билан яҳудийлар бир-бирини жуда ёмон кўришарди (Юҳанно 4:9). Хўш, бу самариялик киши, ўша одамга ёрдам бермай, ташлаб кетармикан? У ўзича: «Нега энди мен яҳудий кишига ёрдам беришим керак? Ахир у менга ёрдам берармиди?» — деб ўйлаганми?
Асло! У, йўл ёқасида ётган одамни кўриб, унга раҳми келибди. Самариялик киши уни ўша аҳволда ташлаб, ўлиб кетишига йўл қўя олмасди. У эшагидан тушиб, ўша кишининг ёнига борибди-да, яраларини кўриб қўйибди. Сўнг, тезроқ тузалсин, деб яраларига мой ва шароб қуйибди-да, латта билан ўраб қўйибди.
Самариялик киши эҳтиёткорлик билан ярадор одамни кўтариб, эшагига миндирибди. Кейин секин юриб, кичкина бир меҳмонхонага олиб борибди. Самариялик киши, ўша бечоранинг меҳмонхонада қолиши учун пул тўлаб, унга яхши ғамхўрлик қилибди.
Гапини тугатгач, Исо ҳалиги яҳудийдан сўради: «Хўш, бу уч кишидан қайси бири яхши иш қилди?» Сиз қандай жавоб берардингиз? Руҳонийми, левими ёки самариялик кишими? ~
Ўша одам Исога жавобан: «Ярадор инсонга ғамхўрлик қилган киши-да!» — деди. Шунда Исо унга: «Тўппа-тўғри. Сен ҳам бориб, шундай қилгин»,— деб айтди (Луқо 10:25–37).
Зўр ҳикоя экан-а? Энди, яқинимиз кимлиги аниқ бўлди. Бу, фақатгина дўстларимиз эмас экан. Шунингдек,
танаси бизникига ўхшаган ва бизнинг тилимизда гаплашадиган одамларгина эмас экан. Исо ўргатганидай, инсоннинг келиб чиқиши, қандай кўриниши ёки қайси тилда гапиришидан қатъи назар, биз унга яхши муомалада бўлишимиз керак.Тангри Яҳова айнан шундай йўл тутади. У ҳаммага бир хил муносабат кўрсатади. Исо айтганки, «Осмондаги Отамиз Ўз қуёшини ёмонлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам чиқаради. Ёмғирини яхшилар устига ҳам, ёмонлар устига ҳам ёғдиради». Шундай экан, биз ҳам Худо каби ҳаммага яхшилик қилишимиз лозим (Матто 5:44–48).
Хўш, энди бировнинг ярадор бўлганини кўрсангиз, нима қиласиз? ~ Агар у чет эллик бўлса ёки танасининг ранги бошқача бўлса-чи? Барибир у сизнинг яқинингиз ва сиз унга ёрдам беришингиз шарт. Агар ўзингизни жуда ёш деб ҳисоблаб, унга ёрдам бера олмаётган бўлсангиз, катталарни ёрдамга чақиринг. Масалан, милиция ёки ўқитувчини чақирсангиз бўлади. Шундай қилиб, сиз бояги самариялик кишидай йўл тутган бўласиз.
Улуғ Устозимиз, бизнинг яхши инсон бўлишимизни хоҳлайди. У, одамлар ким бўлишидан қатъи назар, биз уларга ёрдам беришимизни истайди. Ана шунинг учун у бизга меҳрибон самариялик тўғрисидаги ҳикояни сўзлаб берган.
Одамларнинг миллатига қарамай, ҳаммага яхши муомалада бўлишимиз кераклиги ҳақида Ҳикматлар 19:22; Ҳаворийлар 10:34, 35 ва 17:26- оятларида ўқинг.