3- БОБ
Ҳамма нарсани яратган Зот
МЕН зўр нарсани биламан. Сизга ҳам айтайми? ~ Қўлингизга бир қаранг. Бармоқларингизни сиқиб кўринг-да. Энди бирор нарсани ушланг-чи. Сизнинг қўлларингиз яна кўп нарсани қила олади. Уларни ким яратганини биласизми? ~
Албатта, оғиз, бурун ва кўзларни ким яратган бўлса, қўлларни ҳам Ўша яратган. Бу, Улуғ Устозимизнинг Отаси, Худодир. Худо бизга кўз бергани қандай яхши-а? ~ Кўзимиз билан кўп нарсани кўра оламиз. Биз гулларга қарашимиз мумкин. Ям-яшил ўт ва кўм-кўк осмонни томоша қилишимиз мумкин. Яна, расмда кўрсатилганидек, оч қолган қушчаларни ҳам кўра оламиз. Бунақа нарсаларни кўра олишимиз жуда ажойиб, шундай эмасми? ~
Аммо уларни ким яратган? Инсонми? Йўқ. Одамлар уй қура олади. Лекин ҳеч бир инсон тирик ўсимликни ярата олмайди. Одам қушчани, гулни ёки бошқа бирорта жонзотни яратишга қодир эмас. Сиз шуни билармидингиз? ~
Буларнинг ҳаммасини Худо яратган. У осмон билан ерни ва инсонларни ҳам пайдо қилган. Худо биринчи эркак ва аёлга ҳаёт ато этган. Улуғ Устозимиз Исо ҳам шу ҳақда ўргатар эди (Матто 19:4–6).
Эркак билан аёлни Худо яратганини Исо қаердан биларди? Буни ўзи кўрганми? ~ Ҳа, кўрган. Худо эркак билан аёлни яратаётганида, Исо Унинг ёнида эди. Аслида, Худо биринчи бўлиб Исони яратган. Ўшанда Исо фаришта бўлиб, осмонда Отаси билан бирга яшаган.
Муқаддас Китобда айтилишича, Худо: «Энди инсон зотини яратайлик»,— деган экан (Ибтидо 1:26). Буни У кимга айтганини биласизми? ~ Ўғлига, яъни кейинчалик ер юзига келиб, Исо деб танилган шахсга айтган.
Қандай ажойиб-а?! Бир ўйлаб кўринг: Биз Исога қулоқ солсак, ер ва бутун борлиқни яратган Худога яқин бўлган шахсдан ўрганган бўламиз. Исо осмонда Отаси билан бўлганда кўп нарсани ўрганиб олган. Шунинг учун ҳам Исо Улуғ Устоздир!
Сизнингча, Худо ёлғиз яшайвериб, зериккани учун Ўғлини яратганми? ~ Йўқ, Худо зерикиб қолмаган. Хўш, унда нега
У бошқа жонзотларни яратган? ~ Севгани учун. У, бошқалар ҳам маза қилиб яшашсин, деган. Бизга ҳаёт бергани учун Худога раҳмат дейишимиз керак.Худо яратган барча нарсада Унинг севгисини кўриш мумкин. У қуёшни яратган. Қуёш ёруғлик бериб, бизни иситади. Агар қуёш бўлмаганда, ҳамма ёқ совуқ бўлиб, ер юзида ҳеч ким яшай олмасди. Худо қуёшни яратгани учун хурсандмисиз? ~
Худо бизга ёмғирни ҳам берган. Ёмғир ёғаётганда, ўйнагани кўчага чиқа олмаганингиз учун, баъзан ёмғир ёғишини хоҳламассиз. Аммо ёмғир ёғмаса, гуллар ўсмайди. Энди чиройли гулларни кўрсангиз, улар учун кимга раҳмат дейсиз? ~ Худога. Ширин мева ва сабзавотларни еганингизда-чи, кимга раҳмат дейсиз? ~ Балли, Худога. Чунки бу нарсалар, Худо берган қуёш ва ёмғир туфайли ўсмоқда.
Мабодо кимдир сиздан: «Одамлар билан ҳайвонларни ҳам Худо яратганми?» — деб сўраса, нима дейсиз? ~ Бу саволга: «Ҳа, одамлар билан ҳайвонларни Худо яратган»,— деб жавоб берсангиз тўғри бўлади. Борди-ю, биров одамларни Худо яратганига ишонмаса-чи? Агар у киши, одамлар ҳайвонлардан пайдо бўлган, деса-чи? Лекин Муқаддас Китобда бундай дейилмаган. Муқаддас Китобда айтилишича, барча жонзотни Худо яратган (Ибтидо 1:26–31).
Кимдир сизга: «Мен Худога ишонмайман»,— дейиши ҳам мумкин. Хўш, шунда сиз нима қиласиз? ~ Ўша одамга бирон бир уйни кўрсатиб: «Бу уйни ким қурган?» — деб сўранг. Уйни кимдир қурганини ҳамма билади. Ахир, уй ўз-ўзидан пайдо бўлмаган-ку! (Ибронийларга 3:4).
Кейин, у кишини боққа олиб бориб, гулларни кўрсатинг-да: «Бу гулни ким яратган?» — деб сўранг. Буни инсон ярата олмайди. Худди уй ўз-ўзидан
қурилмаганидек, гул ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Уни кимдир пайдо қилган. Ҳа, гулни Худо яратган.Ўша кишига айтинг, у қушларнинг сайрашини эшитиб кўрсин. Кейин ундан сўранг: «Қушларни ким яратган, уларга сайрашни ким ўргатган?» Албатта, Худо. У осмон билан ерни ва барча жонзотни яратган! Худо ҳамма нарсага ҳаёт берган.
Шунга қарамай, биров фақат кўрган нарсасига ишонишини айтиши мумкин. Балки у: «Кўрмагунимча ишонмайман»,— дер. Ҳа, баъзи инсонлар Худони кўришмагани учун, Унга ишонишмайди.
Тўғри, биз Худони кўра олмаймиз. Ахир Муқаддас Китобда ҳам, ҳеч бир инсон Худони кўра олмаслиги айтилган. Ер юзида яшовчи ҳеч бир инсон — эркаклар ҳам, аёллар ҳам, болалар ҳам — Худони кўра олмайди. Шу сабабли, ҳеч ким Худонинг расмини чизишга ёки Унинг ҳайкалини ясашга ҳаракат қилмаслиги керак. Худонинг Ўзи, Унинг шаклини ясамаслигимизни буюрган. Демак, агар уйимизда бунақа нарсалар бўлса, бу Худога ёқмайди (Чиқиш 20:4, 5; 33:20; Юҳанно 1:18).
Аммо Худони кўрмасак, Унинг борлигини қаердан биламиз? Ахир ўйлаб кўринг: сиз шамолни кўра оласизми? ~ Йўқ. Шамолни ҳеч ким кўра олмайди. Лекин шамол нима қилаётганини кўришингиз мумкин. Масалан, дарахтнинг шоҳларини, баргларини тебратаётганини кўра оласиз. Шундай қилиб, шамолнинг борлигига ишонасиз.
Сиз Худонинг қилган ишларини ҳам кўришингиз мумкин. Тирик бир гул ёки қушни кўрганингизда, Худо яратган нарсани кўрган бўласиз. Шундай қилиб, сиз Худонинг борлигига ишонасиз.
Кимдир сиздан: «Қуёш билан ерни ким яратган?» — деб сўраши мумкин. Муқаддас Китобда: «Худо осмон билан ерни яратди»,— дейилган (Ибтидо 1:1). Ҳа, ўша ажойиб нарсаларнинг ҳаммасини Худо яратган! Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз? ~
Яшаш қандай зўр-а? Биз қушларнинг чиройли сайрашини эшита оламиз. Яна, Худо яратган гулларни ва бошқа қизиқарли нарсаларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, Худо берган овқатни ея оламиз.
Барча бу нарсалар учун Худога раҳмат дейишимиз керак. Энг муҳими эса, бизга ҳаёт бергани учун миннатдор бўлишимиз лозим. Агар чиндан ҳам миннатдор эканимизни кўрсатишни хоҳласак, биласизми нима қилишимиз зарур? ~ Худога қулоқ солиб, Унинг Муқаддас Китоб орқали айтган сўзларини бажаришимиз керак. Шундай қилиб биз, ҳамма нарсани яратган Зотни жудаям севишимизни кўрсатамиз.
Бизга қилган барча яхшиликлари учун Худога миннатдорчилик билдиришимиз лозим. Қандай қилиб, дейсизми? Забур 138:14; Юҳанно 4:23, 24; 1 Юҳанно 5:21; Ваҳий 4:11- оятларида нима дейилганини ўқиб чиқинг.