Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17- БОБ

Худонинг меҳр-муҳаббатида қолинг

Худонинг меҳр-муҳаббатида қолинг

Ўзингизни азизу муқаддас имонингиз асосида мустаҳкамлаб... Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланглар. ЯҲУДО 20, 21

1, 2. Ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақлаш учун нима қилсак бўлади?

 БАРЧАМИЗ кучли ва соғлом бўлишни истаймиз. Шунинг учун яхши овқатланишга, мунтазам жисмоний машқлар қилишга ҳамда баданимизни парваришлашга интиламиз. Гарчи булар ҳаракат талаб этса-да, таслим бўлмаймиз. Чунки бу яхши натижа келтиришини биламиз. Аммо биз бошқа бир соҳада ҳам кучли ва соғлом бўлишни хоҳлаймиз.

2 Ҳатто бошида Яҳовани таниб-билишда муваффақиятга эришган бўлсак-да, бу муносабатларни мустаҳкамлаб боришимиз муҳим. Яҳудо масиҳийларни: «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланглар»,— деб ундаганида, буни қандай қилиш мумкинлигини тушунтириб берган. У шундай деган: «Ўзингизни азизу муқаддас имонингиз асосида мустаҳкамланг». (Яҳудо 20, 21) Хўш, қандай қилиб имонимизни мустаҳкамласак бўлади?

ИМОНИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАБ БОРИНГ

3–5. а) Шайтон Яҳованинг меъёрлари ҳақида қандай фикрда бўлишингизни истайди? б) Яҳованинг қонунлари ва принциплари борасида нима деб ўйлайсиз?

3 Шахсан ўзингиз Яҳованинг меъёрлари энг аълоси эканига амин бўлишингиз муҳимдир. Шайтон Худонинг меъёрлари бўйича яшаш жуда қийин, агар ўзингиз нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилсангиз, бахтлироқ бўласиз деган фикрни сингдирмоқчи. Шайтон Адан боғида юз берган воқеадан бери одамларни бунга ишонтирмоқчи бўляпти. (Ибтидо 3:1–6) Бугунги кунда ҳам у худди шундай қилишдан тинмаяпти.

4 Шайтон ҳақми? Яҳованинг меъёрлари инсонни чеклаб қўядими? Йўқ. Фараз қилинг, сиз истироҳат боғида айланиб юрибсиз. Қарасангиз боғнинг муайян ҳудуди баланд панжара билан тўсиб қўйилган. Эҳтимол, «Нима учун бу панжара йўлимни тўсиб турибди?» деб ўйларсиз. Аммо шу пайт панжаранинг у томонида шер бўкираётганини эшитасиз. Энди панжара ҳақида қандай фикрдасиз? Панжара сизни шернинг кейинги ўлжасига айланишдан асраб қолгани учун миннатдор бўласиз! Яҳованинг принциплари мана шундай панжарага, Иблис эса шерга ўхшайди. Худонинг Каломи бизни: «Ҳушёр ва сергак бўлинглар, боиси душманингиз Иблис шердай бўкириб, бирор кимни ютиб юбориш учун излаб юрибди»,— дея огоҳлантирмоқда. (1 Бутрус 5:8)

5 Яҳова бизга энг яхши ҳаётни раво кўради. У Шайтонга алданиб қолишимизни истамайди. Шу сабабли У бизни ҳимоя ҳамда бахтли қиладиган қонун ва принципларни берган. (Эфесликларга 6:11) Ёқуб шундай деб ёзган: «Ким эркинлик бахш этувчи мукаммал қонунга диққат билан қараб, унга амал қилишни давом эттирса,.. қилган ишидан бахтиёр бўлади». (Ёқуб 1:25)

6. Худонинг йўл-йўриқлари энг аълоси эканига қандай ишонч ҳосил қила оламиз?

6 Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилсак, ҳаётимиз яхшиланади ва ўзаро дўстлигимиз мустаҳкамланиб боради. Масалан, Худонинг Унга тез-тез ибодат қилиш таклифини қабул қилганимизда, фойдасини ўзимизда ҳис қилдик. (Матто 6:5–8; 1 Салоникаликларга 5:17) Унга топиниш учун бирга йиғилиш ва имондошларга далда беришга оид йўл-йўриққа бўйсунганимизда ҳамда ваъзгўйлик ва таълим бериш ишида ғайрат билан иштирок этганимизда бахтни туямиз. (Матто 28:19, 20; Галатияликларга 6:2; Ибронийларга 10:24, 25) Буларнинг бари бизга фойда келтираётгани борасида мулоҳаза юритганимиз сайин, имонимиз мустаҳкамланади ва Яҳованинг йўл-йўриқлари энг аълоси эканига бўлган ишончимиз ошиб бораверади.

7, 8. Келажакдаги синовлар ҳақида ташвишланмасликка нима ёрдам беради?

7 Эҳтимол, келажакда имонимиз синалганида дош бера оламизми дея хавотирланишимиз мумкин. Агар ўзингизни шундай ҳис қилсангиз, Яҳованинг мана бу сўзларини ёдда тутинг: «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман, юришинг керак бўлган йўлдан етаклайман. Қанийди амрларимга диққатли бўлганингда эди! Хотиржамлигинг гўё дарёдай, одиллигинг денгиз тўлқинларидай бўларди». (Ишаё 48:17, 18)

8 Яҳовага итоат этсак, тинчлигимиз қуримайдиган дарё сингари, одиллигимиз эса доимо соҳилга урилиб турадиган денгиз тўлқинлари каби бўлади. Ҳаётимизда нимаики бўлмасин, биз садоқатли қола оламиз. Муқаддас Китобда шундай ваъда бор: «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. Одил кишининг йиқилишига У асло йўл қўймайди». (Забур 55:22)

«КАМОЛОТ САРИ ИНТИЛАЙЛИК»

9, 10. Етук инсон бўлиш нимани англатади?

9 Яҳова билан муносабатингизни мустаҳкамлаб борганингиз сайин, «камолот сари интиласиз». (Ибронийларга 6:1) Камолотга интилиш ёки етук бўлиш нимани англатади?

10 Шунчаки ёшимиз улғайгани сайин етук масиҳий бўлиб қолмаймиз. Етук бўлишни истасак, Яҳова қалин дўстимиз бўлишига ҳамда барча нарсага Унинг нуқтаи назари билан қарашга ҳаракат қилишимиз керак. (Юҳанно 4:23) Павлус шундай деб ёзган: «Тана истакларига мувофиқ яшайдиганлар танага оид нарсалар тўғрисида, муқаддас руҳга мувофиқ яшайдиганлар эса маънавий нарсалар ҳақида фикр юритишади». (Римликларга 8:5) Етук инсоннинг ҳаётида вақтичоғлик қилиш ёки моддий нарсалар биринчи ўринда турмайди. Аксинча, у бутун диққатини Яҳовага хизмат қилишга қаратади ва ҳаётида доно қарорлар чиқаради. (Ҳикматлар 27:11; Ёқуб 1:2, 3 ни ўқинг.) У ёмон таъсирга берилиб, нотўғри ишлар қилмайди. Етук инсон нима яхши эканини билади ва шундай йўл тутишга қатъий қарор қилади.

11, 12. а) Павлус масиҳийнинг «зеҳнини ишга солиш» қобилияти ҳақида нима деган? б) Етук масиҳий бўлиш билан спортчи бўлиш ўртасида қандай ўхшашлик бор?

11 Етук бўлиш ҳаракат талаб этади. Ҳаворий Павлус шундай ёзган: «Қаттиқ озуқа зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга ўрганган етук кишилар учундир». (Ибронийларга 5:14) Асл матндан «ўрганган» деб таржима қилинган сўз, шунингдек, «машқ қилиш» деган маънони ҳам билдиради. Бу иборани эшитганда машқ қилаётган спортчи кўз олдимизга келади.

12 Эпчиллик билан ҳаракат қилаётган спортчини кузатганимизда, бундай маҳоратни ривожлантириш учун вақт ҳамда кўп машқ талаб этилганини тушунамиз. Ахир у спортчи бўлиб туғилмаган-ку! Янги туғилган чақалоқ оёқ ва қўлларидан қандай фойдаланишни билмайди. Аммо вақт ўтиб у нарсаларни ушлашни ва юришни ўрганади. Машқ қилса у спортчи бўла олади. Шу сингари етук масиҳий бўлишимиз учун ҳам вақт ва машқ қилиш талаб этилади.

13. Яҳова сингари мулоҳаза юритишимизга нима ёрдам беради?

13 Мазкур адабиётда биз қандай қилиб Яҳова сингари мулоҳаза юритишни ҳамда нарсаларга Унинг кўзи билан қарашни кўриб чиқдик. Шунингдек, Яҳованинг меъёрларини қадрлаб, уларни севишни ўргандик. Қарор қабул қилаётганимизда ўзимиздан шундай деб сўраймиз: «Бу вазиятга Муқаддас Китобдаги қайси қонун ёки принциплар мос келади? Уларни қандай қўлласам бўлади? Яҳова мендан нима қилишимни кутади?» (Ҳикматлар 3:5, 6; Ёқуб 1:5 ни ўқинг.)

14. Имонимизни мустаҳкамламоқчи бўлсак, нима қилишимиз мумкин?

14 Биз Яҳовага бўлган имонимизни мустаҳкамлашдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз керак. Фойдали овқатлар танамизни бақувват қилгани каби, Яҳова ҳақида билим олиш ҳам имонимизни мустаҳкам қилади. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганимизда, Яҳова ҳақида асосий ҳақиқатларни ҳамда Унинг фикрлаш тарзини билиб олдик. Аммо вақт ўтгач, чуқурроқ нарсаларни тушунишимиз муҳим. Павлус: «Қаттиқ озуқа... етук кишилар учундир»,— деб айтганида айнан шуни назарда тутган эди. Билиб олганларимизни ҳаётга татбиқ этсак, доноликка эга бўламиз. Муқаддас Китобга кўра эса: «Энг муҳими — донолик». (Ҳикматлар 4:5–7; 1 Бутрус 2:2)

15. Яҳовани ҳамда имондошларимизни чин дилдан севиш қанчалик муҳим?

15 Киши кучли ва соғлом бўлиши мумкин, аммо у бундай ҳолатни сақлаши учун ўзига қараши кераклигини билади. Шу сингари етук масиҳий Яҳова билан муносабатларини мустаҳкам сақлаб қолиши учун жон куйдириши керак. Павлус бизга: «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни синаб, қандай инсон эканингизни текшириб туринглар»,— дея эслатма бермоқда. (2 Коринфликларга 13:5) Шунда ҳам мустаҳкам имоннинг ўзи етарли эмас. Яҳовага ҳамда имондошларга нисбатан севгимиз доимо ўсиши лозим. Павлус шундай деган: «Агар... билимларни билсам, тоғларни кўчира оладиган имоним бўлса-ю, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч ким эмасман». (1 Коринфликларга 13:1–3)

ДИҚҚАТИНГИЗНИ УМИДИНГИЗГА ҚАРАТИНГ

16. Шайтон ўзимизни қандай ҳис қилишимизни хоҳлайди?

16 Шайтон қанчалик ҳаракат қилмайлик, Яҳовани мамнун қила олмаймиз деган фикрни бизга сингдирмоқчи бўлади. У тушкунликка тушишимизни ҳамда муаммоларимизнинг ечими йўқ деб ўйлашимизни истайди. У имондошларимизга ишонишимизни ҳамда бахтли бўлишимизни хоҳламайди. (Эфесликларга 2:2) Шайтон салбий фикрлар нафақат бизга, балки Худо билан муносабатларимизга зарар етказишини билади. Аммо Яҳова бу салбий туйғулар билан курашишимиз учун ёрдам тақдим этмоқда. У бизга умид бермоқда.

17. Умид қанчалик муҳим?

17 1 Салоникаликларга 5:8 да умидимиз жангдаги аскарнинг бошини ҳимоя қилувчи дубулға билан солиштирилган ва «нажот умиди» деб аталган. Яҳованинг ваъдалари амалга ошишига бўлган умид онгимизни ҳимоя қилади ва салбий фикрлар билан курашишга ёрдам беради.

18, 19. Қай йўсин умид Исога куч берган?

18 Умид Исога ҳам куч берган. Ўлими арафасидаги кечада у бирин-кетин қийинчиликларга дуч келган. Битта яқин дўсти унга хиёнат қилди. Яна бошқаси ундан тонди. Қолганлари эса Исони ташлаб қочиб кетишди. Ватандошлари унга қарши чиқиб, уни устунда михлаб ўлдиришни талаб қилишди. Бу азобларга чидашга унга нима ёрдам берди? «У олдинда кутаётган шодлик учун шарманда бўлишига қарамай, азоб устунидаги ўлимга чидаб, Худо тахтининг ўнг томонига ўтирди». (Ибронийларга 12:2)

19 Исо шуни билганки, садоқатли қолса Отасига шараф келтиради, Шайтоннинг эса ёлғончи эканини исботлайди. Бу умид унга беқиёс хурсандчилик бахш этган. Шунингдек, у яқинда осмонда Отаси билан бирга бўлишини биларди. Бу умид унга чидамли бўлишга ёрдам берган. Биз ҳам Исо сингари назаримизни умидимизга қаратишимиз керак. Нима юз беришидан қатъи назар умид бизга чидамли бўлишга кўмаклашади.

20. Ижобий бўлишингизга нима ёрдам бериши мумкин?

20 Яҳова имонингизни ва сабр-бардошингизни кўриб турибди. (Ишаё 30:18; Малаки 3:10 ни ўқинг.) Тангри Яҳова дилингиздаги орзуларингизга етказишни ваъда бермоқда. (Забур 37:4) Шундай экан, бутун эътиборингизни умидингизга қаратинг. Шайтон умидингиз сўниб, Яҳованинг ваъдалари ҳеч қачон амалга ошмайди деб ўйлашингизни истайди. Аммо салбий фикрларга таслим бўлманг! Мабодо умидингиз аста-секин сўниб бораётганини сезсангиз, Яҳовадан мадад сўранг. Филиппиликларга 4:6, 7 даги мана бу сўзларни эсда сақланг: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилади».

21, 22. а) Яҳова ер учун нимани ният қилган? б) Сиз нима қилишга қарор қилдингиз?

21 Ҳар куни келажакда кутаётган ажойиб ҳаёт ҳақида мулоҳаза юритишга вақт ажратинг. Яқинда бутун тирик мавжудот Яҳовага топинади. (Ваҳий 7:9, 14) Янги дунёдаги ҳаётни кўз олдингизга келтиринг. Ўшанда ҳаёт биз ўйлагандан ҳам зўр бўлади! Шайтон, унинг жинлари ҳамда бутун ёвузлик йўқ қилинади. Ўшанда касаллик ва ўлим нималигини билмайсиз. Аксинча, ҳар куни кучга тўлиб уйғонасиз ва ҳаёт эканингиздан бахтиёр бўласиз. Барча одамлар ер юзини жаннатга айлантиришда иштирок этишади. Ҳамманинг ризқи бут бўлади ва тинчлик-хотиржамликда яшайди. Ёвуз ва зўравон одамлар бўлмайди, аксинча, ҳамма бир-бирига меҳрибон бўлади. Ўшанда ер юзидаги барча инсонлар «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади». (Римликларга 8:21)

22 Яҳова сиз билан яқин дўст бўлмоқчи. Шундай экан, Унга қулоқ солишга ва кундан-кунга Унга яқинлашишга ҳаракат қилинг. Илойим, барчамиз Худонинг меҳр-муҳаббатида абадий қолайлик! (Яҳудо 21)