Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- БОБ

«Зинодан қочинглар!»

«Зинодан қочинглар!»

Ерга хос нафсингизни тийиб, фаҳшбозлик, нопоклик, ёмон ҳирсу ҳаваслар ҳамда бутпарастлик билан тенг бўлган тамагирликни ўлдиринглар. КОЛОСАЛИКЛАРГА 3:5

1, 2. Яҳованинг халқига зарар етказиш учун, Балом қандай айёрликни қўллади?

БАЛИҚЧИ яхши ов бўладиган жойга кетяпти. Унинг орзуси муайян турдаги балиқни овлаш. Мана у хўракни қармоққа илиб сувга ташлади. Кўп ўтмай ип тортилиб, қармоқ эгилади-да, балиқ қармоққа илинади. Балиқчи хурсанд, чунки олдиндан танлаган хўраги балиқ овлашига ёрдам берди.

2 Бу мисол, қадимда юз берган бир воқеани эсимизга солади. Милоддан аввалги 1473- йилда Балом деган киши, Аллоҳнинг халқига қарши қандай айёрлик ишлатсам экан, деб кўп ўйлади. Ўшанда бу халқ, ваъда қилинган юртга чегарадош Мўаб текислигида қароргоҳ қурган эди. Балом ўзини Аллоҳ Яҳованинг пайғамбариман деб таъкидлар эди, аслида эса у Исроилни лаънатлашга ёлланган хасис одам бўлган. Бироқ, Яҳованинг аралашиши туфайли, Балом Исроил халқини лаънат эмас, фақатгина дуо қила олди. Лекин у, нима қилиб бўлса ҳам мукофот олишни истарди. Шунинг учун, Худонинг Ўзи исроилликларни лаънатласин деб, уларни гуноҳга оғдиришга қарор қилди. Шу мақсадда у, қармоқдаги хўрак сифатида, жозибали ёш Мўаб аёлларини жўнатиш режасини тузди (Саҳрода 22:1–7; 31:15, 16; Ваҳий 2:14).

3. Қайси жиҳатдан Баломнинг ҳийласи муваффақиятли бўлди?

3 Унинг ҳийласи иш бердими? Қайсидир жиҳатдан, ҳа. Ўн минглаб исроиллик эркаклар бу тузоққа тушиб, «Мўаб аёллари билан зино қила бошлашди». Улар ҳатто Мўаб худоларига, шу қаторда Пиёрдаги ҳосилдорлик ёки шаҳвоният худоси Баалга топина бошладилар. Оқибатда ваъда қилинган ернинг шундоққина остонасида 24 000 исроиллик ҳалок бўлди. Нақадар фожиали воқеа! (Саҳрода 25:1–9).

4. Нега минглаб исроилликлар ахлоқсизлик қурбонига айланишди?

4 Фожиага нима сабаб бўлди? Одамларнинг кўпчилиги, уларни Мисрдан озод этиб, саҳрода боққан ва эсон-омон ваъда қилинган юртгача олиб келган Тангри Яҳовадан юз ўгиришди (Ибронийларга 3:12). Ушбу воқеа ҳақида ҳаворий Павлус бундай деб ёзган: «Зинокорлик ҳам қилмайлик, чунки улардан баъзилари зинокорлик қилдилар ва бир кунда улардан йигирма уч минг киши нобуд бўлди» (1 Коринфликларга 10:8) *.

5, 6. Саҳрода китобида ҳикоя қилинган воқеа, бизни нимага ўргатади?

5 Саҳрода китобида ҳикоя қилинган воқеа, биз учун ҳам муҳим сабоқдир. Зеро, ваъда қилинган буюкроқ юртнинг остонасида турибмиз (1 Коринфликларга 10:11). Масалан, бу дунёнинг жинсий ахлоқсизлиги, қадимги Мўабникидан ҳам ўтиб тушяпти. Боз устига, ҳар йили минглаб имонлилар исроилликлар каби ахлоқсизликнинг қурбонига айланишяпти (2 Коринфликларга 2:11). Ҳамманинг кўз ўнгида чодирига мидиёнлик аёлни бошлаб келган Зимри каби, Худонинг халқи орасидаги айримлар жамоатдагиларга ҳалокатли таъсир кўрсатишмоқда (Саҳрода 25:6, 14; Яҳудо 4).

6 Айни пайтда рамзий Мўаб текислигида турганингизни тушуняпсизми? Шунингдек, орзиқиб кутилган янги дунёнинг остонасида эканингизни ҳис этяпсизми? Агар шундай бўлса, ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашга жон куйдириб: «Зинодан қочинглар!» — деган амрга риоя қилинг (1 Коринфликларга 6:18).

Мўаб текислигининг кўриниши

ЗИНО ДЕГАНИ НИМА?

7, 8. Зино дегани нима ва у қандай оқибатларга олиб келади?

7 Муқаддас Китобга биноан «зино» (юнонча порни́а) — Аллоҳнинг қонунларига зид бўлган, никоҳдан ташқари жинсий алоқадир. Зинога бевафолик, фоҳишалик ва турмуш қурмай жинсий муносабатда бўлиш, жумладан жинсий аъзолар вазифасини оғиз бўшлиғи ва орт тешик ёрдамида уддалаш ҳамда кишининг жинсий аъзоларини эркалаш киради. Бу шунингдек, жинсдош ёки ҳайвон билан бундай муносабатда бўлишни назарда тутади *.

8 Хуллас, Муқаддас Китоб аниқ кўрсатяптики, зино қиладиганлар Худонинг халқи ичида қола олмайдилар ва абадий ҳаётга эга бўлмайдилар (1 Коринфликларга 6:9; Ваҳий 22:15). Бундан ташқари ушбу кишилар ўз қадр-қимматини йўқотиш, оилавий нифоқ, виждон азоби, исталмаган ҳомиладорлик, касаллик ва ҳатто ўлимга дуч келишяпти (Галатияликларга 6:7, 8). Шунча азоб-уқубат келтирадиган йўлдан юриш нақадар ақлсизликдир! Афсуски, кўплар порнографияни томоша қилиб, ёмон йўлга илк қадам босганларида, оқибатини ҳеч ўйлашмайди.

ПОРНОГРАФИЯ — ИЛК ҚАДАМ

9. Баъзиларнинг таъкидлашича, порнографияни хавфсиз деса бўладими? Тушунтириб беринг.

9 Кўп мамлакатларда порнографияни * газета киоскаларида, теледастурларда ва қўшиқлар матнида учратса бўлади. Интернет эса унга тўлиб тошган. Баъзиларнинг таъкидлашича, буни хавфсиз деса бўладими? Асло! Порнографияни томоша қилганларда онанизм (мастурбация) одат тусига кириши мумкин, бу эса «беҳаё эҳтиросларни» уйғотиб, оқибатда жинсий ахлоқсизликка мойил қилади *. Шунингдек, пайдо бўлган жирканч истакнинг дастидан, ҳатто оила бузилиши эҳтимолдан йироқ эмас (Римликларга 1:24–27; Эфесликларга 4:19). Бир тадқиқотчи, жинсий ахлоқсизликни саратон касаллигига ўхшатиб шундай деган: «Мойиллик тобора ортиб боради. У деярли ҳеч қачон камаймайди, уни даволаш ҳам ўта қийин».

Ота-оналар фарзандлари нимани томоша қилишаётганидан хабардор бўлиб туришлари оқилонадир

10. Инжилнинг Ёқуб 1:14-, 15- оятларида ёзилган меъёрни қандай қўллаш мумкин? (Шунингдек,  101- саҳифадаги рамкага қаранг.)

10 Келинг, Инжилда ёзилган қуйидаги сўзларга эътибор қаратайлик: «Ҳар ким ўзининг эҳтиросига берилиб, алданиб васвасага дучор бўлади. Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга сабаб бўлади» (Ёқуб 1:14, 15). Борди-ю бундай истаклар хаёлингизни чулғаб олса, дарҳол уни йўқотишга чора кўринг! Масалан, беҳаё тасвирларни бехос кўриб қолсангиз, дарҳол кўзингизни олиб қочинг. Улар компьютер ёки телевизорда пайдо бўлганда эса, шу заҳоти уни ўчиринг ёки бошқа каналга ўзгартиринг. Ахлоқсиз истаклар ўзига қарам қилиб олмаслиги учун, ундан қочишнинг барча чораларини кўринг! (Матто 5:29, 30).

11. Ёмон истаклар билан курашаётиб, Яҳовага таянаётганимизни қай тарзда кўрсата оламиз?

11 Ҳолбуки, бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ биладиган Шахс бундай деб даъват этмоқда: «Шундай қилиб, ерга хос нафсингизни тийиб, фаҳшбозлик, нопоклик, ёмон ҳирсу ҳаваслар ҳамда бутпарастлик билан тенг бўлган тамагирликни ўлдиринглар» (Колосаликларга 3:5). Тўғри, бу осон кечмайди. Бироқ, меҳрибон ва сабрли самовий Отамиздан ёрдам сўраб, мурожаат қилиш мумкинлигини унутманг (Забур 67:20). Ёмон фикрлар хаёлингизни чулғашни бошлаган заҳотиёқ, Худога ибодат қилинг. Ундан «олий қудрат» сўраб, бошқа нарсалар ҳақида ўйланг (2 Коринфликларга 4:7; 1 Коринфликларга 9:27; 104- саҳифадаги « Ёмон одатлардан қандай қутулса бўлади?» номли рамкага қаранг).

12. «Қалбимиз», деганда нима назарда тутилади ва нега уни асрашимиз лозим?

12 Доно шоҳ Сулаймон бундай деб ёзган: «Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир» (Ҳикматлар 4:23). «Қалбимиз» — ички шахсиятимизни, яъни Худонинг нигоҳида қандай инсон эканимизни назарда тутади. Чиндан ҳам, абадий ҳаётга эга бўлишимиз, бошқалар биз ҳақимизда қандай фикрда бўлишига эмас, Аллоҳ «қалбимизга» қандай баҳо беришига боғлиқ. Гарчи бу оддий кўринса-да, лекин бунга жиддий муносабатда бўлиш лозим. Аёл кишига ноўрин қарамаслик учун, Аюб пайғамбар ҳатто ўз кўзлари билан аҳд тузган эди (Аюб 31:1). Биз учун нақадар ажойиб ўрнак! Сано бастакори ҳам шундай нуқтаи назарга эга бўлгани, унинг қуйидаги ибодатидан кўринади: «Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим» (Забур 118:37).

ДИНАНИНГ ЕНГИЛТАКЛИГИ

13. Дина ким ва у дўст танлашда қандай енгилтакликка йўл қўйди?

13 Шу китобнинг 3- бобидан билиб олганимиздек, дўстларимиз бизга яхши ёки ёмон таъсир ўтказадилар (Ҳикматлар 13:20; 1 Коринфликларга 15:33). Келинг, Ёқуб пайғамбарнинг қизи Динанинг мисолини кўриб чиқайлик (Ибтидо 34:1). Дина яхши тарбия кўрганига қарамай, енгилтаклик қилиб канъонлик қизлар билан дўстлашди. Мўабликлар сингари канъонликлар ҳам ахлоқсизликлари билан таниқли эдилар (Левилар 18:6–25). Канъонлик эркаклар, шу ҳисобда «отасининг хонадонида ҳаммадан эътиборли» бўлган Шакам ҳам, ноқонуний жинсий алоқада бўлишни қоралашмаган (Ибтидо 34:18, 19).

14. Қандай қилиб Динанинг дўст танлаши, фалокат келтирди?

14 Эҳтимол, Дина Шакамни кўрганида, у билан зино қилишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмагандир. Аммо Шакам, жинсий истаги пайдо бўлганида, кўпчилик канъонликлар оддий деб билган ишни қилди. Дина қанча қаршилик кўрсатишига қарамай, «уни ушлади, зўрлаб у билан ётди». Кейинчалик Шакам ҳойнаҳой Динани «жуда севиб қолган», лекин бу унинг қилмишини ўзгартира олмас эди (Ибтидо 34:1–4). Оқибатда нафақат Дина азоб чекди, балки бутун оиласига доғ туширди. Бунинг барчасига эса, Динанинг енгилтаклик билан дўст танлаши сабаб бўлди (Ибтидо 34:7, 25–31; Галатияликларга 6:7, 8).

15, 16. Сизнингча ҳақиқий доноликка қай йўсин эришса бўлади? (Шунингдек  109- саҳифадаги рамкага қаранг.)

15 Дина бўлиб ўтган воқеадан муҳим сабоқ олган бўлса-да, бу унга қимматга тушди. Яҳовани севиб, Унга итоат қиладиганлар, ҳаётий сабоқларни бу усул билан олишни исташмайди. Негаки улар Аллоҳга бўйсуниб, донолар билан дўстлашадилар (Ҳикматлар 13:20а). Шу тариқа улар «тўғри йўл нима эканлигини тушуниб», кераксиз муаммо ва қайғулардан ҳимояланишади (Ҳикматлар 2:6–9; Забур 1:1–3).

16 Аллоҳнинг донолигига, доимо Унга ибодат қилиб, Муқаддас Китоб ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» томонидан тақдим этилаётган адабиётларни ўрганган барча инсон эга бўла олади (Матто 24:45; Ёқуб 1:5). Аллоҳнинг насиҳатларини қабул қилиш учун эса, камтарин бўлиш муҳим (4 Шоҳлар 22:18, 19). Масалан, Худонинг хизматчиси қалби маккор ва ишончсиз эканини тан олиши мумкин (Еремиё 17:9). Лекин, ножўя иш қилиб қўйганда, севги ила берилган маслаҳат ва ёрдамни камтаринлик билан қабул қила оладими?

17. Ота ва қизи орасида келиб чиқиши мумкин бўлган вазиятни тасвирлаб беринг.

17 Шундай вазиятни тасаввур қилинг. Ота, қизининг имондош йигит билан бирор киши ҳамроҳлигисиз учрашувга боришига рухсат бермаяпти. Аммо қизи эътироз билдириб: «Дадажон, наҳотки менга ишонмасангиз? Ахир ҳеч қандай ёмон иш қилмоқчи эмасмиз-ку!» — деди. Эҳтимол, у Яҳовани севар ва ниятлари ҳам софдир, лекин уни «ақл билан юрибди» деса бўладими? У «зинодан қочяптими»? Ёки «ўзигагина ишоняптими»? (Ҳикматлар 28:26). Балки сиз, бу вазиятда ота ва қизига қўл келадиган бошқа меъёрларни биларсиз (Ҳикматлар 22:3; Матто 6:13; 26:41).

ЮСУФ ЗИНОДАН ҚОЧГАН

18, 19. Юсуф қанақа васвасага дуч келди ва бу вазиятда нима қилди?

18 Динанинг туғишган укаси Юсуф биз учун ажойиб ўрнакдир. Зеро у Худони севган ва зинодан қочган (Ибтидо 30:20–24). У ҳали кичик пайтида, Динанинг ақлсизлиги нимага олиб келганини кўрган эди. Йиллар ўтиб Мисрда хўжайинининг хотини «кундан-кун» уни йўлдан оздиришга уринганида, болаликдаги ушбу хотираси ҳамда Худонинг меҳр-муҳаббати соясида қолиш истаги, уни ҳимоялагани шубҳасиз. Албатта, Юсуф қул бўлганлиги сабабли, шунчаки ишдан бўшаб кета олмасди. Бу вазиятда унга донолик ва қатъиятлик керак бўлган. У Пўтифарнинг хотинига доим рад жавобини бериб, охир-оқибат қочиб қолди (Ибтидо 39:7–12).

19 Бир ўйлаб кўринг, агар Юсуф бу аёл тўғрисида хаёл суриб, у билан зино қилишни доим ўйлаб юрганида, покдомонликни сақлаб қолган бўлармиди? Қайдам. Юсуф гуноҳли фикрларга берилмасдан, Яҳова билан ўзаро муносабатини қадрлагани, у Пўтифарнинг хотинига айтган сўзларидан кўринади: «Хўжайиним мендан ҳеч нарсани аямай, биргина сени бермаган. Сен унинг хотинисан-ку. Мен қандай қилиб бундай қабиҳликка бориб, Худога қарши гуноҳ қиламан?» (Ибтидо 39:8, 9).

20. Яҳова Юсуфнинг вазиятини қандай ўзгартирди?

20 Оиласидан йироқда бўлган ёш Юсуф кундан-кунга покликни сақлаётганини кузатиб, Яҳова қанчалар қувонганини бир тасаввур қилинг-а! (Ҳикматлар 27:11). Кейинчалик Яҳова вазиятни ўзгартиргани натижасида, Юсуф нафақат зиндондан озод этилди, балки Миср юртида амалдор ва озиқ-овқат устидан назоратчи қилиб тайинланди (Ибтидо 41:39–49). Забур 96:10- оятидаги сўзлар нақадар ҳақ: «Эй сизлар, Худовандни севганлар, ёвузликдан нафратланинг! Азизларининг жонини У сақлар, бетавфиқлар қўлидан халос этар».

21. Африкалик ёш биродаримиз ахлоқий покликни қандай сақлаб қолди?

21 Худди шундай Аллоҳнинг бугунги хизматчилари ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни севишларини кўрсатмоқдалар (Амос 5:15). Африкалик ёш биродаримиз математикадан тест бажарганида, синфидаги бир қиз ундан ёрдам сўраб, эвазига у билан ётишни таклиф қилди. «Мен ўйлаб ўтирмай таклифини рад этдим,— дейди у. — Чунки покликни сақлаб, қадр-қимматим ва ҳурматимни асраб қолдим». Тўғри, гуноҳ «вақтинчалик ҳузур» бахш этиши мумкин, лекин бундай кўнгилхушлик кўп дард-алам келтиради (Ибронийларга 11:25). Бундан ташқари, Яҳовага итоатли бўлиш эвазига туҳфа этиладиган абадий бахтнинг олдида бу арзимас нарсадир (Ҳикматлар 10:22).

МАРҲАМАТЛИ АЛЛОҲНИНГ ЁРДАМИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГ

22, 23. а) Аллоҳнинг хизматчиси жиддий гуноҳ қилиб қўйса, нега аҳволини чорасиз деб бўлмайди? б) Гуноҳ қилган кишига қандай ёрдам кўрсатилади?

22 Барчамиз номукаммал эканмиз, тана истакларимизни жиловлаш ва Худонинг назарида тўғри йўл тутиш учун курашишга мажбурмиз (Римликларга 7:21–25). Яҳова буни тушунади, зеро У «тупроқ эканлигимизни ёдга олар» (Забур 102:14). Баъзида Аллоҳнинг хизматчиси жиддий гуноҳ қилиб қўйиши мумкин. Унинг аҳволини чорасиз деса бўладими? Албатта йўқ! Гуноҳ қилган киши Довуд каби, қилмишининг аччиқ мевасини татиши турган гап. Аммо бунга қарамай, гуноҳини «тан олиб», тавба қилганларга нисбатан Худо «кечиримлидир» (Забур 85:5; Ёқуб 5:16; Ҳикматлар 28:13).

23 Боз устига, Худо меҳрибонлик ила имонлилар жамоатига қобилиятли ва ёрдам беришга қодир биродарларни тайинлаган (Эфесликларга 4:8, 12; Ёқуб 5:14, 15). Уларнинг мақсади, гуноҳ қилган киши Аллоҳ билан муносабатини тиклаб, қайта гуноҳ қилмайдиган «идрокли бўлишига» кўмаклашишдан иборат (Ҳикматлар 15:32).

«ДОНОЛИККА ЭРИШИНГ»

24, 25. а) Ҳикматлар 7:6–23- оятлардаги йигитнинг «ақлсиз» экани нимадан кўринади? б) Қандай қилиб доноликка эриша оламиз?

24 Муқаддас Китобда «ақлсиз» ҳамда «доно» кишилар тўғрисида айтилган (Ҳикматлар 7:7). Баъзилар маънан суст ва Худонинг хизматида тажрибасиз бўлишгани учун, «ақлсиз» киши сингари уларга фарқлаш ҳамда мулоҳазакорлик қобилияти етишмайди. Бундайлар, Тавротдаги Ҳикматлар 7:6–23- оятларда тасвирланган йигит каби, жиддий гуноҳ қилишга мойил бўладилар. «Доноликка эришган» инсон эса, ибодат ва Аллоҳнинг Каломини мунтазам ўрганиш орқали қалбини синчковлик ила таҳлил қилади. Сўнг иложи борича ўз фикрлари, истаклари, ҳис-туйғулари ва ҳаётий мақсадларини Худонинг иродасига мувофиқлаштиради. Шу тариқа у «ўз жонини севади», яъни ёмонликдан йироқлашиб, «яхшилик топади» (Ҳикматлар 19:8).

25 Ўзингиздан бундай деб сўранг: «Худонинг меъёрлари тўғрилигига чиндан ҳам ишонаманми? Уларга риоя қилиш чексиз бахт келтиришига аминманми?» (Забур 18:8–11; Ишаё 48:17, 18). Мабодо заррача шубҳангиз бор бўлса, уни ҳал қилишга киришинг. Тангри Таолонинг қонунларига амал қилмаслик нимага олиб келиши устидан мулоҳаза юритинг. Бундан ташқари, онгингизни ҳақиқий, тўғри, соф, ёқимли ва фахрли фикрларга тўлдириб, мана бу даъватга риоя қилинг: «Худованддан лаззат олиб кўринг-чи, У қанчалик мурувватли экан!» (Забур 33:9; Филиппиликларга 4:8, 9). Бундай йўл тутганингиз сайин, Парвардигорга ва У севган нарсаларга меҳрингиз ортиб, У жирканган ишларга эса нафратингиз кучаяди. Юсуф ҳам номукаммал эди. Бироқ, йиллар давомида Яҳова уни шакллантиришига йўл қўйиб қалбини Унга топширгани сабабли, зинодан қочишга муваффақ бўлган. У биз учун ажойиб ўрнак эмасми?! (Ишаё 64:8).

26. Қайси муҳим мавзу, кейинги бобларда муҳокама қилинади?

26 Парвардигоримиз жинсий аъзоларимизни эрмак учун эмас, балки фарзанд кўриш ва никоҳдаги яқинликдан лаззатланиш учун яратган (Ҳикматлар 5:18). Аллоҳнинг никоҳга бўлган нуқтаи назари, кейинги иккита бобда муҳокама қилинади.

^ абз. 4 Саҳрода китобида келтирилган 24 000 киши қаторига нафақат Яҳова томонидан жазоланганлар, балки ҳакамлар ўлдирган тахминан 1 000 нафар «халқнинг бошлиқлари» ҳам киришган (Саҳрода 25:4, 5).

^ абз. 7 Нопоклик ва бузуқликка нима кириши ҳақида, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган рус тилидаги «Қўриқчи минораси» журналининг 2006- йил 15- июль сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» мақоласида муҳокама қилинган.

^ абз. 9 Бу ерда «порнография» сўзи остида, шаҳвоний эҳтиросни қўзғатувчи тасвирлар, овоз ёки ёзма маълумотлар назарда тутилади. Порнография, масалан бир номуссиз одамнинг шаҳвоний ҳолатларининг тасвирини, шунингдек икки ёки бир неча кишининг жирканчли жинсий алоқасини ўз ичига олади.

^ абз. 9 Онанизм нималиги 218-, 219- саҳифалардаги Иловада муҳокама қилинади.