Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- БОБ

Худони севиш нимани англатади?

Худони севиш нимани англатади?

Худони севиш — Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас. 1 ЮҲАННО 5:3

1, 2. Яҳова Таолони севишга сизни нима ундаяпти?

СИЗ Худони севасизми? Агар ҳаётингизни Яҳова Таолога бағишлаган бўлсангиз, унда ҳеч иккиланмай: «Албатта!» — деб жавоб берасиз. Дарҳақиқат, Яҳовани севиш биз учун табиий. Зеро Парвардигоримиз бизга Ўз меҳрини кўрсатган. Муқаддас Китобда бу ҳақда: «Биз Уни севайлик, чунки аввал У бизни севди»,— дейилган (1 Юҳанно 4:19).

2 Ҳа, Яҳова биринчи бўлиб Ўз севгисини намоён этган. Масалан, У гўзал сайёрамизни бизга туҳфа этди. Шунингдек, моддий ва жисмоний эҳтиёжларимиз ҳақида ғамхўрлик қилиб келмоқда (Матто 5:43–48). Энг муҳими эса, Аллоҳ маънавий эҳтиёжларимизни қондирмоқда. Бунинг учун У, каломи бўлмиш Муқаддас Китобни ато этган. Боз устига, У бизни эшитишга ва муқаддас руҳини беришга ишонтириб, ибодат қилишга ундаяпти (Забур 64:3; Луқо 11:13). Қолаверса, бизни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун, биринчи ижоди бўлмиш суюкли Ўғлини — Халоскоримиз Исони юборди. Буларнинг барчаси, Яҳованинг бизга бўлган буюк муҳаббатидан далолат бермаяптими?! (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:8).

3. а) Ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаш, биздан қандай ҳаракатни талаб этади? б) Қайси муҳим саволни кўриб чиқишимиз лозим ва жавобини қаердан топса бўлади?

3 Яҳова, биз Унинг севгисидан абадий баҳра олиб яшашимизни истайди. Лекин Аллоҳнинг бу иноятидан фойдаланиш, ўзимизнинг ихтиёримизда. Шу сабабли Муқаддас Китоб: «Абадий ҳаёт учун... ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар»,— деб даъват этяпти (Яҳудо 21). «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» деган ибора, муайян ҳаракат талаб этилишини кўрсатмоқда. Яъни биз Унинг севгисига муносабатимизни аниқ кўрсатишимиз лозим. Шунга кўра ўзимизга бундай муҳим саволни берайлик: «Худога бўлган севгимни қандай намоён этишим мумкин?» Бу саволга жавобни, Исонинг яқин шогирди, яъни ҳаворий бўлган Юҳанно илоҳий илҳом билан ёзган сўзларидан топса бўлади: «Худони севиш — Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас» (1 Юҳанно 5:3). Келинг, синчковлик билан оятдаги сўзларнинг маъносини ўрганиб, Тангри Таолони қаттиқ севишимизни қандай кўрсата олишимизни билайлик.

«ХУДОНИ СЕВИШ»

4, 5. Яҳовага нисбатан севги, қалбингизда қандай илдиз ота бошлаганини айта оласизми?

4 «Худони севиш» деган сўзларни қаламга олганда, Юҳанно нимани назарда тутган экан, биласизми? Жавобни олишдан аввал, Яҳовага нисбатан севги, қалбингизда қачон илдиз ота бошлаганини бир эсланг-да.

Аллоҳ Яҳовага бағишланиш ва бунинг рамзи сифатида сувга чўмиш, севги ила итоат этишнинг илк қадамларидир

5 Яҳова ҳамда Унинг ниятлари ҳақида илк бор билим ола бошлаганингизда, имонингиз қандай ўсгани ёдингиздами? Гуноҳкор бўлиб туғилганингизга қарамай, Яҳова сизни гуноҳдан халос этиб, абадий ҳаётга эришиш имконини бергани ҳақида билиб олдингиз (Матто 20:28; Римликларга 5:12, 18). Чиндан ҳам, Яҳова Ўз Ўғлини сиз учун қурбон қилганининг қадрига ета бошладингиз. Ўшанда Яҳованинг бу қадар кучли муҳаббатини чин қалбдан ҳис этдингиз (1 Юҳанно 4:9, 10).

6. Худога бўлган чинакам севги қандай ифодаланади ва у сизни нимага ундади?

6 Лекин бундай ҳис-туйғу, Яҳова билан дўстликнинг илк қадамлари эди холос. Ахир севгини фақатгина ҳис-туйғу ва сўзлар билан ифодалаб бўлмайди-ку. Аллоҳга бўлган чинакам севги, шунчаки: «Мен Яҳовани севаман»,— дейишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Имон сингари, самимий муҳаббат ҳам амалда кўринади (Ёқуб 2:26). Айниқса уни, суюкли кишимизга ёқадиган ишларни қилиб, меҳримизни изҳор этганда ифодалаймиз. Бинобарин, Яҳовага бўлган севги ва садоқат қалбингизда илдиз отганда, Унга маъқул тарзда ҳаёт кечиришга ҳаракат қила бошладингиз. Бу фазилатлар ҳаётингизда муҳим қарорни қабул қилишга ундаган. Шунда сиз Яҳованинг иродасини бажариш учун ўзингизни Унга бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмдингиз (Римликларга 14:7, 8). Яҳовага берган ушбу муҳим ваъда, Юҳаннонинг кейинги сўзлари билан чамбарчас боғлиқ.

«УНИНГ АМРЛАРИНИ БАЖО КЕЛТИРИШ»

7. Худонинг айрим амрлари қайсилар ва уларга риоя қилиш нимани англатади?

7 «Худони севиш» деган гапини давом эттириб, Юҳанно бунинг моҳиятини қуйидагича очиб берди: «Унинг амрларини бажо келтириш демакдир». Хўш, бу қандай амрлар экан? Яҳова Ўз каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали бизга аниқ амрларни берган. Мисол учун, У ичкиликбозлик, зино, бутпарастлик, ўғирлик ва ёлғон гапиришни ман этади (1 Коринфликларга 5:11; 6:18; 10:14; Эфесликларга 4:28; Колосаликларга 3:9). Худонинг амр-фармонларига риоя қилиш, Муқаддас Китобда аниқ ифодаланган ахлоқий меъёрларга мувофиқ яшашни англатади.

8, 9. Муқаддас Китобда бирор вазиятга тегишли аниқ қонунлар бўлмаса-да, Яҳовага маъқул тарзда йўл тутаётганимизни қандай билсак бўлади? Мисол келтиринг.

8 Бироқ, Тангри Яҳовага маъқул келиш, нафақат аниқ ёзилган қонунларга бўйсунишдан иборат. Тўғри, Яҳова кундалик ҳаётимизнинг ҳар бир соҳаси учун қонунлар бермаган. Бинобарин, ҳаётимизда шундай вазиятларга дуч келамизки, уларга Муқаддас Китобдан аниқ амрларни топа олмаймиз. Бундай ҳолларда, Худовандга маъқул тарзда йўл тутаётганимизни қандай билишимиз мумкин? Муқаддас Ёзувларда Аллоҳнинг фикрлаш тарзи аниқ ифодаланган. Бу китобни ўрганаётиб, Яҳова нимани ёқтиришини, нимадан эса нафратланишини билиб оламиз (Забур 96:10; Ҳикматлар 6:16–19). У қандай нуқтаи назар ва ишларни қадрлашини фарқлай биламиз. Яҳова ҳамда Унинг йўллари тўғрисида кўпроқ билганимиз сайин, Унинг фикрлаш тарзи бизнинг қарорларимиз ва ишларимизга таъсир қилишига йўл қўямиз. Хуллас, ҳатто Муқаддас Китобда бирор вазиятга тегишли аниқ қонунлар бўлмаса-да, биз кўпинча «Раббимизнинг иродаси қандай эканини англаб оламиз» (Эфесликларга 5:17).

9 Мисол учун, Муқаддас Китобда зўравон ва жинсий ахлоқсиз фильмлар ёки теледастурларни томоша қилмасликка нисбатан аниқ раҳбарлик йўқ. Лекин бундай нарсаларни кўрмаслик учун қонунларга муҳтожмизми? Ахир, бунга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назари бизга маълум-ку! Унинг Каломида лўнда қилиб: «Зўравонлар эса Унинг [Яҳованинг] нафратига йўлиқар»,— деб айтилган (Забур 10:5). Шунингдек у ерда: «Зинокорлару фоҳишларни Худо ҳукм қилади»,— деган сўзлар ёзилган (Ибронийларга 13:4). Ушбу илоҳий сўзларга биноан, Яҳованинг иродаси нимадан иборатлигини фаҳмлаймиз. Бу ўз навбатида, Худо нафратланадиган нарсаларни ўз ичига олган дастурларни томоша қилмасликка ундайди. Ёвуз дунё худди безарардек ҳавола этаётган ахлоқсиз ўйин-кулгилардан қочсак, Яҳовани мамнун этамиз *.

10, 11. Нима учун Яҳовага итоат этишни танладик?

10 Худонинг амрларига риоя этаётганимизнинг асосий сабаби нимада? Ҳар куни Аллоҳнинг фикрлаш тарзига мувофиқ яшашга бизни аввало нима ундамоқда? Бундай ҳаёт тарзини, жазодан қочиш ёки Худонинг иродасини менсимаганларнинг аянчли аҳволига тушишдан қўрққанимиз учунгина танладикми? (Галатияликларга 6:7). Аксинча, Яҳовани севганимиз учун, Унга итоат этяпмиз. Отасини мамнун этишга жон-жаҳди билан интилаётган бола сингари, биз ҳам Яҳованинг розилигини қозонишни истаймиз (Забур 5:13). Самовий Отамиз бўлгани учун, Уни севамиз. Ҳаётимиз «Эгамизнинг марҳаматига сазовор» эканини билишдан кўра, бошқа ҳеч нарса аълороқ қувонч ва мамнуният келтира олмайди (Ҳикматлар 12:2).

11 Худога иложсизлик ёки ночорлик дастидан истар-истамас бўйсунаётганимиз йўқ *. Итоаткорлигимиз муайян вазият ва шароитларга ҳам боғлиқ эмас. Бу, фақат бизга қулай бўлганда ёки қийинчилик туғдирмаганда бўйсунишни ҳам англатмайди. Аксинча, Унга «сидқидилдан» итоат қиламиз (Римликларга 6:17). Биз сано бастакорининг қуйидаги ҳис-туйғуларига қўшиламиз: «Мен амрларингни кўп севаман, улардан ҳузур-ҳаловат топаман» (Забур 118:47). Дарҳақиқат, Яҳовага бўйсуниш жону дилимиз. У тўлиқ итоатли бўлишимизни талаб қилишга ҳақли ва бунга лойиқ эканини тан оламиз (Амрлар 12:32). Яҳова биз ҳақимизда ҳам, Нуҳ пайғамбарга қарата айтган сўзларни такрорлашини хоҳлаймиз. Умр бўйи Худога итоатли бўлиб, Унга ўз севгисини намоён этган ушбу садоқатли хизматчиси ҳақида Тавротда бундай дейилган: «Худо нимаики буюрган бўлса, Нуҳ ҳаммасини худди шундай бажо келтирди» (Ибтидо 6:22).

12. Қачон итоаткорлигимиз Яҳованинг қалбини қувонтиради?

12 Яҳовага бажонидил итоат этсак, У нимани ҳис қилади? Муқаддас Китобга кўра, бу Аллоҳнинг «қалбини қувонтиради» (Ҳикматлар 27:11). Наҳотки итоаткорлигимиз чиндан ҳам Сарвари Оламнинг қалбини қувонтира олса? Шубҳасиз! Парвардигор бизни эркин шахслар сифатида яратган. Бу, танлаш эркинлигига эга эканимизни, яъни Яҳовага бўйсуниш ёки бўйсунмасликни ўзимиз ҳал қилишимизни англатади (Амрлар 30:15, 16, 19, 20). Агар Яҳовани севганимиз учун Унга чин дилдан бўйсунишни танласак, самовий Отамизга чексиз қувонч ва мамнуният бахш этамиз (Ҳикматлар 11:20). Шунингдек ҳаётимизда энг арзигулик қарор чиқарган бўламиз.

«ХУДОНИНГ АМРЛАРИ ЭСА ОҒИР ЭМАС»

13, 14. Нега «Худонинг амрлари оғир эмас», деса бўлади ва буни қандай мисол билан тасвирлаш мумкин?

13 Ҳаворий Юҳанно далда берувчи қуйидаги сўзларни айтган: «Худонинг амрлари эса оғир эмас» (1 Юҳанно 5:3). Яҳова биздан бажариб бўлмайдиган ёки мушкул нарсаларни талаб қилмайди. Ҳар ҳолда Унинг қонунлари номукаммал инсонлар учун имконсиз эмас.

14 Буни қуйидагича тасвирлаш мумкин. Яқин дўстингиз бошқа уйга кўчиб ўтишда сиздан ёрдам сўради, дейлик. Жуда кўп нарсаларни кўчириб ўтиш керак. Улардан айримлари енгил ва кўтаришга қулай, бошқалари эса оғир бўлиб, икки киши кўтаришига тўғри келади. Дўстингиз кўтаришингиз учун бир нечта тугунни ажратиб қўйибди. Сиз учун ҳаддан ортиқ оғирларини кўтаришни илтимос қилган бўлармиди? Йўқ. Ахир, дўстингиз бирор жойингиз шикастланишини истамайди-ку. Шу сингари, бизнинг меҳрибон ва раҳмдил Худойимиз бажариш ўта оғир бўлган амрларни зиммамизга юкламаган (Амрлар 30:11–14). У ҳеч қачон биздан мушкул нарсани сўрамайди. Зеро «бизнинг таркибимизни У [Яҳова] билар, тупроқ эканлигимизни ёдга олар» (Забур 102:14).

15. Яҳова амрларини манфаатимиз учун берганлигига нега аминмиз?

15 Яҳованинг амрларини ҳеч оғир деб бўлмайди; аксинча, улар бизнинг фойдамиз учундир (Ишаё 48:17). Мусо пайғамбар Худонинг қадимги халқига: «Эгамиз Яҳова манфаатимиз учун Ундан қўрқишимизни ва берган барча амрларига бўйсунишимизни буюрди, токи биз шу бугунгидай соғ-омон бўлайлик»,— деган эди (Амрлар 6:24, ЯДТ). Яҳова Ўз қонунларини бизнинг фойдамиз, абадий манфаатимиз учун берганлигига амин бўлишимиз мумкин. Бунинг аксини ақлга сиғдириб бўлмайди! Зеро Яҳова Таоло чексиз донолик Эгасидир (Римликларга 11:33). Шундай экан, У бизга нима фойда келтиришини яхши билади. Боз устига, Яҳова севгининг тимсолидир (1 Юҳанно 4:8). Ушбу фазилат Унга хос бўлиб, ҳар бир сўзи ва ишида акс этади. Хизматчиларига берган барча амрлари ҳам севгига асосланган.

16. Разиллашиб бораётган дунё таъсирига ва гуноҳкор танамиз мойилликларига қарамай, қандай қилиб итоаткор бўлиб қолишимиз мумкин?

16 Лекин Худога бўйсуниш осон кечади, деб ўйламанг. Зеро «ёвуз шайтоннинг ҳукмида» бўлган ушбу разиллашиб бораётган дунёнинг таъсири билан курашишимизга тўғри келмоқда (1 Юҳанно 5:19). Шунингдек, Худонинг қонунларини бузишга оғдираётган гуноҳкор танамизнинг мойилликларига қарши туришимиз даркор (Римликларга 7:21–25). Аммо Аллоҳга бўлган севгимиз бу курашда ғалаба қозонишимизга кўмаклашади. «Худога итоат қилганларга» Яҳова албатта руҳини ато этиб, баракасини беради (Ҳаворийлар 5:32). Муқаддас руҳ ўз навбатида, итоаткор бўлиб қолишимизга кўмаклашадиган ажойиб фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради (Галатияликларга 5:22, 23).

17, 18. а) Китобимизда нималарни кўриб чиқамиз ва қайси нарсаларни ёдда тутишимиз лозим? б) Келгуси бобда нимани муҳокама қиламиз?

17 Китобимизни ўқиганимиз сайин Яҳованинг қонун-қоидалари, ахлоқий меъёрлари ва иродаси яна қандай ифодаланишини кўриб чиқамиз. Лекин буларни муҳокама қилаётиб, келинг, бир қанча муҳим нарсаларни ёдда тутайлик. Яҳова бизни Ўз қонун-қоидаларига риоя қилишга мажбурламайди, балки сидқидилдан бўйсунишимизни истайди. Аллоҳ ҳозир қут-баракалар, келажакда эса абадий ҳаёт келтирадиган йўлдан юришга таклиф этяпти. Чин дилдан итоаткор бўлишни эса, Яҳовани нақадар севишимизни намоён этиш имкони деб билишимиз мумкин.

18 Яхшини ёмондан ажратиш учун, меҳрибон Парвардигоримиз Яҳова бизга виждон ато этган. Бироқ, виждонимиз ишончли раҳбарлик бера олиши учун, уни тарбиялашимиз керак. Келгуси бобда айнан шуни муҳокама қиламиз.

^ абз. 11 Ҳатто ёвуз руҳлар ҳам ночорлик дастидан бўйсунишлари мумкин. Исо баъзи одамлардан жинларни қувиб чиқарганида, ёвуз руҳлар буни хоҳлашмаса-да, Исонинг мавқеини тан олиб, унга итоат қилишга мажбур бўлишди (Марк 1:27; 5:7–13).