Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8- ҚИСМ

Масиҳнинг пайдо бўлиши

Масиҳнинг пайдо бўлиши

ДОНИЁР ПАЙҒАМБАР башорат қилганидан кейин 500 йилдан зиёд вақт ўтди. Ўшанда фаришта Жаброил ҳазрати Довуднинг авлоди бўлмиш Марям исмли бокира қизга зоҳир бўлди. Фаришта унинг олдига келиб: «Салом, улуғ илтифотга сазовор бўлган қиз, Яҳова сен биландир»,— деди (Луқо 1:28). Марям эса қўрқиб кетди. Қизиқ, Жаброилнинг саломи нимадан дарак берарди?

Жаброил Марямга, у Масиҳнинг онаси бўлиши ҳақида айтди

Жаброил унга қуйидагича тушунтирди: «Қўрқма Марям, сен Аллоҳнинг назарида марҳамат топдинг. Мана, сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан ва исмини Исо қўясан... Тангри Яҳова унга бобокалони Довуднинг тахтини беради... ва шоҳлигининг чеки бўлмайди» (Луқо 1:30–33). Қандай ажойиб хабар-а! Марям ўша узоқ кутилган зотни, яъни Масиҳни дунёга келтирар экан!

Кейинги йили Байтлаҳм шаҳрида Исо таваллуд топди. Ўша кечанинг ўзидаёқ фаришта чўпонларга зоҳир бўлиб, шуларни айтди: «Қўрқманглар! Мен сизларга... чексиз қувонч бахш этадиган хабар келтирдим. Бугун Довуд пайғамбарнинг шаҳрида сизлар учун бир нажоткор — Ҳазратингиз Масиҳ туғилди» (Луқо 2:10, 11). Кейинроқ Исонинг оиласи Носира шаҳрига кўчиб ўтди ва у ўша ерда улғайди.

Милодий 29- йили Исо Аллоҳнинг пайғамбари бўлиб хизмат қила бошлади. Ҳа, айнан ўша йили Масиҳ пайдо бўлиши керак эди. Ўшанда Исо «тахминан ўттиз ёшда эди» (Луқо 3:23). Кўпчилик, уни Аллоҳ юборганлигини тушуниб: «Орамизда улуғ пайғамбар пайдо бўлди»,— дейишарди (Луқо 7:16, 17). Хўш, Исо одамларга нималарни ўргатарди?

Исо одамларга Аллоҳни севиб, Унга топинишни ўргатарди. «Аллоҳимиз Яҳова — ягона Яҳовадир. Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва бутун қувватинг билан сев»,— дея эълон қиларди у (Марк 12:29, 30). Яна, у қуйидагича дерди: «Тангринг Яҳовага сажда қил ва фақат Унга муқаддас хизматни адо эт» (Луқо 4:8).

Исо инсонларни меҳр-оқибатли бўлишга чорларди. «Яқинингни ўзингни севгандай сев»,— дерди у (Марк 12:31). Шунингдек, у қуйидаиларни айтарди: «Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг. Зеро Таврот қонуни ва пайғамбарлар китобларининг моҳияти шундадир» (Матто 7:12).

Исо одамларга ғайрат билан Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирарди. «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман»,— деб айтарди у (Луқо 4:43). Қизиқ, нима сабабдан Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапириш шунчалик муҳим эди?

Муқаддас Китоб таълимотига кўра, Худонинг Шоҳлиги — ер юзи устидан бошқарадиган самовий ҳукуматдир. Исо Масиҳ эса Аллоҳ томонидан тайинланган Шоҳдир. Дониёр пайғамбар, осмонда Масиҳга Аллоҳ «ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик» беришини каромат қилган (Дониёр 7:14). Ўша Шоҳлик ер юзини жаннатга айлантириб, Аллоҳнинг хизматчиларини абадий ҳаёт билан тақдирлайди. Ахир бу энг эзгу хабар эмасми?!