Юҳанно олган ваҳий 9:1–21
9 Бешинчи фаришта карнайини чалди+. Мен осмондан ерга тушган юлдузни кўрдим. Ушбу юлдузга тубсизлик қаърининг калити+ берилган эди.
2 Юлдуз тубсизликни очганида, ундан худди катта ўчоқдан чиқаётгандай тутун кўтарилиб, қуёш+ ва ҳавони қоронғилаштириб юборди.
3 Тутундан ер юзига чигирткалар чиқиб келди+ ва ер юзидаги чаёнлар эга бўлган қудрат уларга ҳам берилди.
4 Чигирткаларга ер юзидаги ҳеч бир ўт-ўлан, ўсимлик ва дарахтга зиён келтирмаслик, фақат пешонасида тамғаси йўқ одамларга зарар етказиш айтилди+.
5 Чигирткаларга уларни ўлдиришга эмас, аксинча беш ой азоблашга рухсат берилганди. Улар берган азоб, инсонни чаён чаққан пайтдаги азобга ўхшарди+.
6 Ўша кунларда одамлар ўлимни қидиришади-ю, аммо топа олишмайди. Ўлишни хоҳлашади-ю, лекин ўлим улардан қочади.
7 Чигирткаларнинг кўриниши жангга тайёрланган отларни эслатарди+. Уларнинг бошида гўё олтиндан ясалган тожлари бор эди. Юзлари худди инсонникига,
8 сочлари аёлларникига, тишлари эса арслонникига ўхшарди+.
9 Худди темирдан ясалгандай совутлари бор эди. Қанотларининг шовқини, жангга чопиб кетаётган от-араваларникидай эди+.
10 Думлари ва нишлари чаёнларникига ўхшаш бўлиб, ўша думларида одамларга беш ой азоб бериш қудрати бор эди+.
11 Тубсизлик фариштаси+ уларга шоҳлик қиларди. Унинг исми иброний тилида Абаддўн*, юнон тилида эса Аполлион* эди.
12 Биринчи кулфат ўтиб кетди, орқасидан яна иккита кулфат+ келмоқда.
13 Олтинчи фаришта+ карнайини чалди+. Шунда Худонинг ҳузуридаги олтин қурбонгоҳнинг+ шохларидан чиқаётган бир овозни эшитдим.
14 У карнайини ушлаб турган фариштага шундай деди: «Буюк Фурот дарёси бўйида боғлаб қўйилган тўртта фариштани ечиб юбор»+.
15 Ўша соат, ўша кун, ўша ой ва ўша йил учун тайёрланган бу тўртта фаришта, одамларнинг учдан бир қисмини ўлдириш учун қўйиб юборилди.
16 Отлиқ қўшиннинг сони икки юз миллион* чавандоз эканини эшитдим.
17 Ваҳийдаги отлару чавандозлар бундай кўринишда эди: оташин қизил, тўқ кўк ва сариқ рангли совутлари бор эди. Отларнинг бошлари арслоннинг боши каби бўлиб+, оғизларидан олов, тутун ва олтингугурт чиқиб турарди.
18 Уларнинг оғзидан чиқаётган ушбу учта балодан — олов, тутун ва олтингугуртдан инсониятнинг учдан бир қисми ҳалок бўлди.
19 Отларнинг қудрати оғизларида ва думларидадир. Думлари илонга ўхшаш бўлиб, уларнинг бошлари ҳам бор. Улар думлари билан инсонларга зарар етказадилар.
20 Ушбу балолардан омон қолган одамлар ўз қилмишларидан тавба қилмадилар. Улар жинларга, олтиндан, кумушдан, мисдан, тошдан ҳамда ёғочдан ясалган, кўролмайдиган, эшитолмайдиган ва юролмайдиган бутларга сажда қилишдан воз кечмадилар+.
21 Улар на қотилликларидан, на сеҳр-жодуларидан*, на зиноларидан* ва на ўғриликларидан тавба қилдилар.