Галатияликларга 4:1–31

  • Энди қул эмас, ўғилларсиз (1–7)

  • Павлус галатияликлар учун қайғуради (8–20)

  • Ҳожар ва Сора: иккита аҳд (21–31)

    • «Юқоридаги Қуддус озод ва у бизнинг онамиз» (26)

4  Шуни айтмоқчиманки, гарчи меросхўр барча нарсанинг хўжайини бўлса-да, у ҳали болалигида қулдан ҳеч фарқ қилмайди. 2  У отаси белгилаган кунга қадар боқувчилар ва уй бошқарувчилар назорати остида бўлади. 3  Худди шундай биз ҳам бола бўлганимизда, бу дунёнинг қонун-қоидаларига қул эдик+. 4  Лекин белгиланган вақт етиб келганда Худо Ўз Ўғлини юборди. У аёлдан туғилиб+, қонун ҳукми остида бўлди+. 5  Токи у қонун ҳукми остида бўлганларни сотиб олсин+ ва натижада биз ўғилликка қабул қилинайлик+. 6  Сизлар ўғиллар экансиз, Аллоҳ юракларимизга+ муқаддас руҳни солди+. Бу муқаддас руҳ Унинг Ўғлидадир ва ушбу муқаддас руҳ туфайли биз: «Абба*, Ота!»+ — деб чақирамиз. 7  Шундай экан, энди ҳар бирингиз қул эмас, балки ўғилсиз. Ўғил бўлганингиз учун Худо туфайли меросхўрсиз+. 8  Бироқ Аллоҳни билмаганингизда сохта худоларга қул эдингизлар. 9  Энди эса Худони таниб-билганингизда, тўғрироғи, Худо томонидан танилганингизда, сизлар яна ўша беҳуда+, арзимас қонун-қоидаларга қайтиб, уларнинг қулига айланмоқчимисизлар?+ 10  Ахир кунлар, ойлар+, белгиланган вақтлар* ва йилларга синчковлик билан амал қиляпсизлар-ку. 11  Сизлар учун қилган меҳнатим зое кетмасин, деб қўрқяпман. 12  Биродарлар, сизлардан ўтиниб сўрайман, мендай бўлинглар, ахир мен ҳам сизлардай бўлганман-ку+. Сизлар менга ҳеч қандай ёмонлик қилганингиз йўқ. 13  Аммо биринчи марта сизларга хушхабарни айтганимда касал бўлганимни биласизлар. 14  Касаллигим сизлар учун бир синов бўлса-да, мендан ҳазар қилмадингиз ва жирканмадингиз*, балки мени Худонинг фариштасидай, Исо Масиҳдай қабул қилдингиз. 15  Ўша пайтдаги бахтиёрлигингиз қани? Шунга аминманки, ўша вақтда имкон бўлганида кўзларингизни ўйиб менга берардингиз+. 16  Сизларга ҳақиқатни гапирганим учун энди душманингиз бўлиб қолдимми? 17  Ўша одамлар сизларни ўзига жалб қилиш учун ғайрат билан ҳаракат қилишяпти, лекин ниятлари яхши эмас. Аксинча, сизларни мендан айириб, жон-жаҳдингиз билан уларга эргашишингизни исташяпти. 18  Бироқ кимдир сизларни эзгу ниятлар билан жалб қилса, бу яхши. Буни нафақат мен ёнингизда бўлганимда, балки доимо қилсин. 19  Азиз болаларим+, Масиҳ сизларда шаклланишига қадар, мен яна сизлар учун гўё тўлғоқ азобини чекяпман. 20  Ҳозирнинг ўзидаёқ сизлар билан бирга бўлиб бошқача гаплашишни истардим, чунки сизларга нима бўлганига ҳайронман. 21  Қонуннинг ҳукми остида бўлишни истайдиганлар, менга айтинглар-чи, Таврот нима деяётганини наҳот эшитмаётган бўлсангиз? 22  Мисол учун, Муқаддас Ёзувларда айтилганидек, Иброҳим икки ўғилли бўлган. Биринчиси чўридан+, иккинчиси эса озод хотиндан туғилган+. 23  Чўрининг ўғли ҳамма қатори туғилган+, озод хотиннинг ўғли Худонинг ваъдасига биноан туғилган+. 24  Буларнинг ҳаммаси рамзий маънога эга. Боиси, бу иккита аёл икки аҳдни билдиради, бири Синай тоғида+ қилинган бўлиб, болаларни қул бўлиш учун туғаётган Ҳожар кабидир. 25  Шундай экан, Ҳожар Арабистондаги Синай тоғини+ англатади ва ҳозирги Қуддусга тўғри келади, чунки у ўз болалари билан қулликдадир. 26  Лекин юқоридаги Қуддус озод ва у бизнинг онамиздир. 27  Муқаддас Ёзувларда: «Эй бепушт, туғмаётган аёл, шодлангин. Эй, тўлғоқ азобини билмаётган хотин, қувончларга тўлиб хитоб қилгин. Зеро, эрли хотиннинг болаларидан кўра, ташлаб кетилганнинг болалари кўпроқ»+,— деб айтилган. 28  Сизлар эса биродарлар, Исҳоққа ўхшаб ваъданинг болаларисиз+. 29  Аммо ўшанда ҳамма қатори туғилган руҳдан туғилганни таъқиб қилганидек+, ҳозир ҳам шундай ҳолат юз бермоқда+. 30  Бироқ Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? «Чўри билан ўғлини ҳайдаб юборинг. Чунки чўрининг ўғли озод хотиннинг ўғли билан бирга меросхўр бўлолмайди»+. 31  Шундай экан, биродарлар, биз чўрининг эмас, озод хотиннинг болаларимиз.

Изоҳлар

Ибронийча ёки оромийча сўз «Эй Ота!» деган маънога эга.
Яъни байрам вақтлари.
Ёки «тупурмадингиз».