Дониёр 9:1–27
9 Халдейлар шоҳлигида шоҳ этиб тайинланган, мидияликлар авлодидан бўлган Ахашверашнинг ўғли Доро+ ҳукмронлигининг+ биринчи йили эди.
2 Шоҳ бошқарувининг биринчи йили мен, Дониёр, китоблардан* Яҳованинг Еремиё пайғамбар орқали айтган сўзларига кўра Қуддус 70 йил+ давомида вайрон бўлиб ётишини+ фаҳмладим.
3 Шунда мен Аллоҳ Яҳовага юз бурдим. Рўза тутиб+, жулга ўрандим, кул устига ўтириб, ибодатда Унга ёлвордим.
4 Гуноҳларимизни тан олиб, Тангрим Яҳовага шундай ибодат қилдим:
«Эй, Аллоҳ Яҳова, Сен буюк ва ҳайбатли, аҳдингни бузмайдиган, Сени севиб амрларингга бўйсунадиганларга меҳр-садоқатингни кўрсатадиган Тангрисан+.
5 Олдингда гуноҳкормиз, биз нотўғри ва ёмон ишлар қилиб Сенга қарши бош кўтардик+, амрларингу қонунларингдан оғиб кетдик.
6 Сенинг номингдан шоҳларимизга, бекларимизга, ота-боболаримизга ҳамда юртимиздаги бутун халққа гапирган хизматкорларинг бўлмиш пайғамбарларга қулоқ солмадик+.
7 Эй Яҳова, Сен одилсан, биз — Яҳудо халқи, Қуддус аҳолиси, шунингдек, Сенга бевафолик қилганлари учун Сен узоқ-яқин юртларга тарқатиб юборган бутун Исроил — бугунгидай иснодга лойиқмиз+.
8 Эй Яҳова, Сенга қарши гуноҳ қилганимиз боис, ҳаммамиз — шоҳларимиз, бекларимиз, ота-боболаримиз иснодга лойиқмиз.
9 Худойимиз Яҳова Сен кечиримли ва меҳрибонсан+, аммо биз Сенга қарши исён кўтардик+.
10 Яҳова Тангримиз, биз Сенга қулоқ солмадик, хизматкорларинг бўлмиш пайғамбарлар орқали берган қонунларингга риоя этмадик+.
11 Бутун Исроил Сенинг овозингга қулоқ солмай Қонунингдан четга чиқди. Шунда Сен, ҳақ Худонинг хизматкори Мусонинг Таврот китобида ёзилган, қасамёд қилинган лаънатларни устимизга ёғдирдинг+. Чунки биз Сенга қарши гуноҳ қилдик.
12 Сен бизга ҳамда бизни бошқарган бошқарувчиларимизга қарши айтганларинг устидан чиқиб+, бизни кулфатга дучор қилдинг. Қуддуснинг бошига тушган бунақанги кулфат, фалак остида ҳали рўй бермаган эди+.
13 Мусонинг Таврот китобида ёзилган барча бу кулфатлар устимизга ёғилганига+ қарамай, марҳамат кўрсатишингни сўраб Сенга ёлвормадик+. Эй, Худойимиз Яҳова, гуноҳларимиздан воз кечмадик, ҳақиқатингни* англаб етмадик.
14 Эй Яҳова, Сен буларнинг барини кўриб, бизни кулфатга дучор қилдинг. Чунки Сенинг ҳамма ишларинг адолатлидир, эй, Тангримиз Яҳова. Лекин биз Сенга қулоқ солмадик+.
15 Эй, Худойимиз Яҳова, Ўз халқини қудратли қўли билан+ Мисрдан олиб чиққан ва бугунгача исмини танитиб келаётган Тангримиз+, биз олдингда гуноҳга ботиб, ёмон ишларга қўл урдик.
16 Эй Яҳова, адолатли барча ишларинг ҳаққи+, ўтиниб сўрайман, Қуддус шаҳрингдан, муқаддас тоғингдан қаҳр-ғазабингни қайтар. Чунки бизнинг гуноҳларимиз, ота-боболаримизнинг гуноҳлари дастидан Қуддус ва Сенинг халқинг атрофимиздаги барчага масхара бўлди+.
17 Эй Худойимиз, хизматкоринг ибодатию илтижоларига қулоқ тут. Исминг ҳаққи, эй Яҳова, вайрон бўлиб ётган муқаддас масканинг+ томон юзингдан нур ёғилсин+.
18 Эй Тангрим, қулоқ тутиб эшит! Кўзларингни оч, исминг билан аталган вайрона шаҳримизга назар сол. Биз одил бўлганимиз учун эмас, Сен меҳридарё Худо бўлганинг учун Сенга илтижо қиляпмиз+.
19 Эй Яҳова, қулоқ сол! Эй Яҳова, бизни кечир!+ Эй Яҳова, бизга назар солиб, ёрдам бер! Эй Худойим, Сенинг исминг билан аталган шаҳринг ва халқинг ҳаққи кечикма»+.
20 Ибодатда ўз гуноҳларимни ва Исроил халқининг гуноҳларини тан олиб, Тангрим Яҳовадан муқаддас тоғига+ илтифот кўрсатишини сўраб тургандим.
21 Ҳали ибодатимни тугатмасимданоқ, мен аввал ваҳийда кўрган+, инсон кўринишидаги Жаброил+ олдимга келди, мен жудаям толиққан эдим. Бу кечки назр тортиқ этиладиган вақт эди.
22 У менга тушунтириб шундай деди:
«Эй Дониёр, сенга фаҳм-фаросат ва заковат ато этиш учун олдингга юборилдим.
23 Сен ибодат қила бошлаганингда, менга бир топшириқ берилди ва буни сенга аён этгани келдим, чунки сен ниҳоятда азиз инсонсан+. Шундай экан, айтадиган гапларимга диққатли бўлиб, ваҳийни тушуниб ол.
24 Жиноятга чек қўйиш, гуноҳни тўхтатиш+, гуноҳдан фориғ этиш+, тоабад адолат ўрнатиш+, ваҳийни ва башоратни муҳрлаш+, шунингдек, Энг муқаддас хонани мойлаш учун халқинг ва муқаддас шаҳрингга+ 70 ҳафта* белгиланди.
25 Сен шуни билиб, тушуниб ол. Қуддуснинг қайта тикланиши+ ва аввалги ҳолатига қайтарилиши ҳақида фармон чиққанидан то Йўлбошчи+ бўлмиш Масиҳ*+ келгунига қадар 7 ҳафта, яна 62 ҳафта ўтади+. Қуддус, унинг майдони ва хандағи тикланиб аввалги ҳолатига қайтарилади. Лекин бу қийин дамларда содир бўлади.
26 Олтмиш икки ҳафтадан сўнг Масиҳ ўлдирилиб+, ҳеч нарсасиз қолади+.
Сўнгра бир йўлбошчи келади, унинг қўшини шаҳар билан муқаддас жойни яксон қилади+. Охири тўфон уриб кетгандай бўлади. Охирига қадар тўхтовсиз жанг бўлади. Тангрининг қарорига кўра у ер вайрона ҳолатда қолади+.
27 У* кўп одамлар учун қилинган аҳдни бир ҳафтага ўз кучида қолдиради. Ҳафтанинг ярмида эса қурбонликлар ва назрлар келтирилиши тўхтатилади+.
Жирканч нарсалар қанотида ҳалокат келтирувчи бўлади+. Яксон бўлиб кетмагунча, Худо қарор қилган нарсалар вайрона ҳолатда ётганнинг устига тўкилади».
Изоҳлар
^ Яъни муқаддас ўрама битиклар.
^ Ёки «садоқатингни».
^ Яъни йиллардан иборат ҳафталар. Жами 490 йил.
^ Ёки «мойланган».
^ Эҳтимол, Масиҳга ишора қилади.