Еремиё 32:1–44

  • Еремиё дала сотиб олади (1-15)

  • Еремиёнинг ибодати (16-25)

  • Яҳованинг жавоби (26-44)

32  Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг 10- йили, Бобил шоҳи Навуходоносор+ ҳукмронлигининг 18- йили Яҳова Еремиёга Ўз сўзини аён қилди. 2  Бу пайтда Бобил шоҳининг қўшини Қуддусни қамал қилаётган эди. Еремиё пайғамбар эса Яҳудо шоҳининг саройидаги Соқчилар ҳовлисига+ қамаб қўйилган эди. 3  Чунки Яҳудо шоҳи Зидқиё унга қуйидаги сўзларни айтиб, қамаб қўйган эди+: «Нега бундай башорат қиляпсан? Сен шундай деб юрибсан: “Яҳова демоқда: “Мен бу шаҳарни Бобил шоҳининг қўлига бераман, у шаҳарни босиб олади+. 4  Яҳудо шоҳи Зидқиё халдейлардан қочиб қутула олмайди, у Бобил шоҳининг қўлига топширилади. У шоҳ билан юзма-юз гаплашади, кўзи кўзига тушади”+. 5  “Шоҳ уни Бобилга олиб кетади. Мен Зидқиёга назар солмагунимча, у ўша ерда қолади”,— демоқда Яҳова.— Сен халдейларга қарши жанг қилганинг билан уларни енга олмайсан”»+. 6  Еремиё шундай деди: «Яҳованинг қуйидаги сўзи менга аён бўлди: 7  “Амакинг Шаллумнинг ўғли Ханомил ёнингга келиб: “Онотўтдаги+ даламни ўзинг учун сотиб ол, чунки уни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлганлар+ қаторида сен биринчисан”,— деб айтади”». 8  Яҳова айтганидай, амакимнинг ўғли Ханомил ёнимга, Соқчилар ҳовлисига келди ва менга: «Илтимос, Бенямин ҳудудидаги, Онотўтдаги даламни сотиб ол, чунки сен унга эгалик қилиш ва уни сотиб олиш ҳуқуқига эгасан. Уни ўзинг учун сотиб ол»,— деди. Шунда, буни Яҳова хоҳлаётганини тушундим. 9  Шундай қилиб амакимнинг ўғли Ханомилдан Онотўтдаги далани сотиб олдим. Унга етти шекел* ва ўн шекел кумуш тортиб бердим+. 10  Сўнг мен олди-сотди ҳақида ҳужжат тузиб+ муҳр босдим, гувоҳларни чақирдим+ ва пулни тарозида тортдим. 11  Мен қонун-қоидага мувофиқ муҳрланган олди-сотди ҳақидаги ҳужжатни ҳамда унинг муҳр босилмаган нусхасини олдим. 12  Амакимнинг ўғли Ханомил, олди-сотди ҳужжатига имзо қўйган гувоҳлар ва Соқчилар ҳовлисида+ ўтирган барча яҳудийлар кўз олдида олди-сотди ҳақидаги ҳужжатни Махсияҳ невараси, Нерияҳнинг+ ўғли Борухга+ бердим. 13  Мен уларнинг олдида Борухга шундай деб буюрдим: 14  «Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Ушбу олди-сотди ҳақидаги ҳужжатларни — муҳр босилган ва босилмаганини олиб, узоқ вақт сақланиши учун уларни сопол идишга солиб қўй”. 15  Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Бу юртда уйлар, далалар ва узумзорлар яна сотиб олинади”»+. 16  Олди-сотди ҳақидаги ҳужжатни Нерияҳ ўғли Борухга бергач, Яҳовага шундай деб ибодат қилдим: 17  «Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова! Сен осмону ерни буюк кучинг+ ва қудратли қўлинг билан яратгансан. Сен учун имконсиз нарса йўқ. 18  Сен минглаб одамларга меҳр-садоқат намоён этасан, бироқ оталари қилган гуноҳнинг оқибатларини ўғиллари бошдан кечиришига йўл қўясан+. Сен ҳақ Худосан, буюк ва қудратли Аллоҳсан. Исминг Қўшинлар Сарвари Яҳовадир. 19  Сенинг ниятларинг буюк, ишларинг қудратли+. Сен ҳар бир кишига тутган йўллари ва қилган ишларига яраша қайтариш учун+, инсонларнинг барча йўлларини кузатасан+. 20  Сен Миср юртида бугунги кунгача маълум бўлган аломатлару мўъжизалар кўрсатиб, бугунги кунда бўлганидек, Исроил ва барча халқлар орасида номингни машҳур қилдинг+. 21  Халқинг Исроилни аломатлару мўъжизалар кўрсатиб, кучли билагингу қудратли қўлинг билан қўрқинчли ишлар яратиб Миср юртидан олиб чиқдинг+. 22  Вақти келиб Сен уларга бу юртни — ота-боболарига қасам ичиб бераман деган+, сут ва асал оқиб ётган юртни бердинг+. 23  Улар келиб юртни мулк қилиб олишди, аммо Сенга қулоқ солишмади ва қонунингга риоя қилишмади. Улар айтганларингнинг бирортасини бажаришмагани учун, Сен бу барча мусибатларни уларнинг бошига солдинг+. 24  Мана энди, одамлар қиялатиб тупроқ уйиб, бу шаҳарни босиб олиш учун келишди+. Қилич+, очарчилик ва ўлат+ туфайли шаҳар унга қарши жанг қилаётган халдейлар қўлига берилади. Ўзинг кўриб турганингдек, айтганларингнинг бари бажо бўляпти. 25  Аммо Сен, эй Олий Ҳукмдор Яҳова, шаҳар халдейларнинг қўлига берилиши аниқ бўлса ҳам менга: “Ўзинг учун дала сотиб ол, гувоҳларни чақир”,— дединг». 26  Шунда Яҳованинг қуйидаги сўзи Еремиёга аён бўлди: 27  «Мен бутун одамзоднинг Худоси Яҳоваман. Мен учун иложсиз нарса борми? 28  Шу боис Яҳова демоқда: “Мен бу шаҳарни халдейларга, Бобил шоҳи Навуходоносор қўлига топшираман ва у шаҳарни босиб олади+. 29  Бу шаҳарга қарши жанг қилаётган халдейлар шаҳарга кириб унга ўт қўйишади+. Шаҳар билан бирга Мени ранжитиш учун томларида Баалга қурбонликлар келтирилган, бошқа худоларга ичимлик назрлари қуйилган ҳамма уйларни ёқиб юборишади”+. 30  “Исроил ва Яҳудо халқи ёшлигидан Менинг назаримда фақат ёмон бўлган ишларни қилиб келди+. Улар қилмишлари билан Мени ранжитишяпти,— демоқда Яҳова. 31  — Бу шаҳар қурилган кунидан то бугунгача қаҳр-ғазабимни келтиришдан бошқа нарсага ярамади+. Шу сабабли у кўз олдимдан йўқ қилиниши лозим+. 32  Чунки бутун Исроил ва Яҳудо халқи — шоҳлари+, беклари+, руҳонийлари, пайғамбарлари+, Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси ёвуз ишлар қилиб Мени ранжитишди. 33  Улар Менга юз бурмай, орқа ўгираверишди+. Мен қайта-қайта уларга таълим бермоқчи бўлдим, лекин ҳеч бири насиҳатимга қулоқ солмади+. 34  Улар Менинг исмим билан аталган уйни булғаш учун, у ерга жирканч бутларини қўйишди+. 35  Бу ҳам етмагандек, улар ўғилу қизларини Мўлахга қурбонлик қилиб оловда куйдириш+ учун Ҳинном ўғлининг водийсида*+ Баалга атаб тепаликлар барпо этишди. Улар Яҳудони гуноҳга ботириб Мен буюрмаган+, ҳатто ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган жирканч иш қилишди”. 36  Сизлар: “Бу шаҳар қилич, очарчилик ва ўлатга дучор бўлиб, Бобил шоҳининг қўлига берилади”,— дедингиз. Аммо Исроил Тангриси Яҳова шундай демоқда: 37  “Мен уларни қаҳр-ғазаб ва кучли нафрат билан барча юртларга тумтарақай қилган эдим. Энди уларни йиғиб оламан+. Уларни шу ерга олиб келиб, хавфсизликда яшашларига изн бераман+. 38  Улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан+. 39  Доим Мендан қўрқишлари учун уларга бир юрак+ ва бир йўл бераман. Шунда уларга ва улардан кейин болаларига яхши бўлади+. 40  Мен улар билан абадий аҳд қиламан+ ва унга кўра уларга яхшилик қилишдан қайтмайман+. Мендан юз ўгирмасликлари учун уларнинг қалбига Мендан қўрқиш туйғусини солиб қўяман+. 41  Уларга яхшилик қилишдан қувонаман+ ва жону* дилим билан уларни бу юртга маҳкам экиб қўяман”»+. 42  «Яҳова шундай демоқда: “Мен барча мусибатларни бу халқнинг бошига келтирганимдай, энди Ўзим ваъда берган барча яхшиликларни ҳам келтираман+. 43  Сизлар: “Бу ташландиқ юртда на одамлар, на ҳайвонлар бор. У халдейлар қўлига берилган”,— десангиз ҳам, бу юртда яна далалар сотиб олинади”+. 44  Бенямин ҳудудида, Қуддус атрофидаги ҳудудларда, Яҳудо шаҳарларида+, тоғли ҳудудлардаги шаҳарларда, водийдаги шаҳарларда+ ва жанубдаги шаҳарларда пулга далалар сотиб олинади, олди-сотди ҳақидаги ҳужжатлар тузилиб муҳрланади ва гувоҳлар чақирилади+. Чунки Мен уларнинг асирликда бўлганларини қайтариб олиб келаман”+,— демоқда Яҳова».

Изоҳлар

Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Луғатдаги «жаҳаннам» сўзига қ.