Еремиё 34:1–22
34 Бобил шоҳи Навуходоносор, унинг бутун лашкари, ҳукмронлиги остида бўлган барча шоҳликлар ва жамики халқлар Қуддус ва унинг атрофидаги шаҳарларга қарши жанг қилаётганда+, Еремиёга Яҳованинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
2 «Исроил Тангриси Яҳова шундай демоқда: “Яҳудо шоҳи Зидқиёга+ бориб айт: “Яҳова шундай демоқда: “Мен бу шаҳарни Бобил шоҳининг қўлига бераман. У шаҳарга ўт қўяди+.
3 Сен унинг қўлидан қочиб қутула олмайсан. Сен тутиб олиниб унинг қўлига топшириласан+. Кўзинг Бобил шоҳининг кўзига тушади, у сен билан юзма-юз гаплашади ва сен Бобилга олиб кетиласан”+.
4 Бироқ эй, Яҳудо шоҳи Зидқиё, Яҳованинг сўзини эшит: “Яҳова сен ҳақда шундай демоқда: “Сен қиличдан ҳалок бўлмайсан.
5 Сен ўз ажалинг билан ўласан+. Ота-боболарингга, сендан олдин ўтган шоҳларга қилингандай, сен учун ҳам хушбўй тутатқилар тутатишади, аза тутиб: “Вой хўжайин!” — деб йиғлашади. “Буни Мен айтдим”,— демоқда Яҳова”».
6 Кейин Еремиё пайғамбар бу сўзларнинг ҳаммасини Қуддусда Яҳудо шоҳи Зидқиёга айтиб берди.
7 Бу пайтда Бобил шоҳининг қўшинлари Қуддусга ва Яҳудонинг қолган шаҳарларига+, яъни Лахиш+ билан Озикаҳга+ қарши жанг қилаётган эди. Чунки Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарлари орасида фақат улар ҳали ишғол қилинмаган эди.
8 Шоҳ Зидқиё бутун Қуддус аҳолиси билан аҳд қилиб, қулларни озод этиш ҳақида эълон қилгандан кейин+, Еремиёга Яҳованинг сўзи аён бўлди.
9 Аҳдга кўра ҳар бир киши иброний қулларини — эркак ва аёлни озод қилиши лозим эди. Ҳеч ким яҳудий биродарини қул қилмаслиги керак эди.
10 Ҳамма беклар ва бутун халқ бунга риоя қилди. Улар қул ва чўриларини озод этиб, уларни бошқа қул қилмаслик шартига рози бўлишди. Қулдорлар аҳдга риоя қилиб қул ва чўриларини қўйиб юборишди.
11 Лекин кейинроқ улар озод этган қул ва чўриларини қайтариб олиб келиб, яна уларни қул бўлишга мажбурлашди.
12 Шунда Еремиёга Яҳованинг сўзи аён бўлди. Яҳова шундай деди:
13 «Исроил Худоси Яҳова демоқда: “Ота-боболарингизни Мисрдан, улар қул бўлган юртдан олиб чиққан куним+, улар билан аҳд қилиб+ шундай деган эдим:
14 “Ҳар бирингиз еттинчи йилнинг охирида, ўзини сизга қул қилиб сотган ва сизга олти йил хизмат қилган иброний биродарингизни қўйиб юборинг. Уни озод қилишингиз керак”+. Аммо ота-боболарингиз Менга на қулоқ солдилар, на бўйсундилар.
15 Яқинда сизлар ўзгариб, назаримда тўғри бўлган ишни қилдингизлар, биродарларингизга озодлик эълон этдингизлар. Менинг исмим билан аталган уйда, Менинг олдимда аҳд қилдингизлар.
16 Бироқ кейин айнидингизлар, ўз хоҳишига кўра озод этилган қулу чўриларингизни қайтариб олиб келиб, яна уларни қул бўлишга мажбурладингизлар. Шу тариқа исмимга доғ туширдингизлар”+.
17 Шунинг учун Яҳова демоқда: “Сизлар биродарингиз ва яқинингизга озодлик эълон қилиш борасида Менга бўйсунмадингизлар+. Энди Мен сизларга шундай озодлик эълон қиламанки,— демоқда Яҳова,— сизлар қилич, ўлат ва очарчиликдан+ ўлиб кетасизлар. Сизларни шундай аҳволга соламанки, содир бўлганлардан ер юзидаги барча шоҳликлар даҳшатга тушади+.
18 Бузоқни иккига бўлиб, бўлаклари орасидан ўтган ва Менинг олдимда аҳд қилиб+, аҳд сўзларига риоя қилмай уни бузган кишилар,
19 яъни бузоқ бўлаклари орасидан ўтган Яҳудо ва Қуддус беклари, сарой амалдорлари, руҳонийлар ва бутун юрт аҳолиси мана шундай аҳволга тушади:
20 уларни душманларининг ва уларнинг жонини олиш пайида юрганларнинг қўлига бераман. Жасадлари осмондаги қушларга ва ер юзидаги ҳайвонларга ем бўлади+.
21 Яҳудо шоҳи Зидқиёни ва унинг бекларини душманларининг, уларнинг жонини олиш пайида юрганларнинг ва ортга чекинаётган+ Бобил шоҳининг қўшинлари қўлига бераман”+.
22 “Мен буйруқ бераман,— демоқда Яҳова,— уларни бу шаҳарга қайтариб олиб келаман. Улар шаҳарга қарши жанг қилиб, уни босиб олишади ва унга ўт қўйишади+. Яҳудо шаҳарларини кимсасиз харобазорга айлантираман”»+.