Закариё 5:1–11

  • Олтинчи ваҳий: учиб кетаётган ўрама битик (1–4)

  • Еттинчи ваҳий: дон ўлчайдиган идиш (5–11)

    • Идиш ичидаги аёл ёвузликни билдиради (8)

    • Идиш Шинар диёрига олиб кетилади (9–11)

5  Мен яна юқорига қарадим ва учиб кетаётган ўрама битикни кўрдим. 2  Фаришта мендан сўради: «Нимани кўряпсан?» «Узунлиги 20 тирсак*, эни 10 тирсак келадиган учиб кетаётган ўрама битикни кўряпман»,— деб жавоб бердим. 3  У эса менга шундай деди: «Бу — бутун ер юзига келаётган қарғиш. Гарчи ўрама битикнинг битта томонида ёзилганларга биноан, ўғрилик қилган кишилар+ лаънати бўлса-да, улар жазосиз қолмоқда. Ўрама битикнинг иккинчи томонида ёзилганларга биноан, ёлғон онт ичганлар+ лаънати бўлса-да, улар ҳам жазосиз қолмоқда. 4  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен қарғиш юбораман. У ўғрининг ҳамда Менинг номим ҳаққи ёлғон онт ичадиган кишининг уйига кириб, ўша ерда қолади. Бу қарғиш уйларни, улардаги ёғочу тошларни ютиб юборади”». 5  Сўнг мен билан гаплашаётган фаришта олдимга келиб: «Юқорига қара-чи, келаётган нарса нима экан»,— деди. 6  Шунда мен: «Бу нима?» — дедим. У: «Яқинлашиб келаётган нарса — дон ўлчайдиган идиш*»,— деди ва давом этиб: «Бу — ер юзида яшовчи инсонларнинг қиёфаси»,— деб айтди. 7  Мен қўрғошиндан ясалган юмалоқ қопқоқ очилганини кўрдим. Идиш ичида бир аёл ўтирган экан. 8  Шунда фаришта: «Бу аёл ёвузликни билдиради»,— деди. Сўнг у аёлни дон ўлчайдиган идишга қайтариб тиқди-да, оғзини қўрғошин қопқоқ билан ёпиб қўйди. 9  Яна юқорига қарадим ва шамол оқими билан учиб келаётган иккита аёлни кўрдим. Уларнинг қанотлари лайлакнинг қанотларидай эди ва улар идишни осмонга кўтариб кетишди. 10  Мен билан гаплашаётган фариштадан: «Улар дон ўлчайдиган идишни қаерга олиб кетишяпти?» — деб сўрадим. 11  Фаришта эса: «Шинар+ диёрига* олиб кетишяпти. Ўша ерда аёлга уй қурилади. Уй қуриб битказилгач, аёлни ўз жойига қўйишади»,— деб жавоб қайтарди.

Изоҳлар

Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «эфа». Тахм. 22 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Яъни Бобил.